Мақолалар

Фарзандлар  салоҳияти гўзал  оқибат

“Ўғлим, бизнинг сен­дан бошқа умид ни­шонамиз, ҳаёт қу­вончимиз йўқ. Дунёда кўриб ўтатурғон барча орзу-ҳавасимиз фақатгина сенга қараб қолган. Биз Аллоҳга минг шукрлар айтамизки, сен бошқаларнинг фарзандидек эсли-ҳушли бўлдинг, кишилардек сен билан ифтихор қилолмасак-да, сен орқали хижолат чекмаслигимизга ишондик…”

Абдулла Қоди­рий­нинг “Ўткан кунлар” романида Юсуфбек ҳожи тилидан айтилган бу сўзлар замирида отанинг ички дунёси, умидлари, орзу-ҳаваслари, шунингдек, фарзандидан мамнунияти, “Отангга раҳмат” деган улуғ дуоси содда тил билан баён қилинган.

Кўзларни қувонтирадиган фарзанди улғайиб, солиҳ инсон бўлишини истаган ота-онадан қаттиқ меҳнат талаб қилинади. Бир ниҳолни умид билан эккан киши катта дарахт бўлиши учун уни астойдил парваришлайди. Ёввойи шохчаларини олиб ташлайди, тагини юмшатади, сув қуяди, ўғит беради. Шундагина мақсадига етиши мумкин.

Оилада инсон ҳаёти, эзгу анъаналар  давомийлигини таъминловчи шахслар шаклланади. Маданият, урф-одат, диний, ахлоқий, миллий қадриятлар сақланади ва ривожланади. Бўлажак ота-онанинг соғ-саломатлиги, дину диёнати, насл-насаби, ахлоқ-одоби, моддий ва маънавий даражасининг кафолати, турмуш қуришга ҳар томонлама тайёр бўлиши, фарзанд кўриш ва унинг тарбия­сини тўғри ташкил эта оладиган қобилиятга эга бўлиши эса мустаҳкам оила қуриш учун муҳим асосдир.

Фарзанд Яратганнинг улуғ неъмати, дунё ҳаётининг зийнати, қалб райҳонидир. Ёшлик чоғларида уларни эркалаб, кўнглимиз ҳузур топса, катта бўлганларида ғамхўрлигидан кўнглимиз яйрайди. Болага нисбатан бағрикенглик, меҳридарёлик, фидойилик халқимизга хос фазилат. Ота-она қанча меҳр-муҳаббат билан ардоқлаб улғайтирса-да, гоҳида ота-онага мусибат келтирадиган фарзандлар ҳам учрайди. Бунга ота-онанинг тарбияда эҳтиётсизлик, бепарволик қилгани сабабдир. Боғбон ниҳолни яхши ривожланмагани учун кесиб, ўрнига бошқасини экиши мумкин. Аммо ноқобил фарзандни алмаштириб бўлмайди, фақат парваришига зўр бериш керак.

Ҳикоя қилишларича, қадимда икки мамлакат ўртасида қаттиқ тўқнашув бўлиб, бири зафар қозонади. Бир қанча асирлар билан юртига қайтиб келган ғолиб шоҳ элга зиёфат беради. Асирларни ўлимга ҳукм этади. Шунда улардан бири:

– Шоҳим, бизни ўлдириб нима фойда кўрасиз, ундан кўра бизлардан фойдаланиб қолинг, – дейди.

– Сендан қандай фойдаланаман? – деб сўрайди шоҳ.

– Шоҳим, ҳар биримизнинг ҳунаримиз бор. Масалан, мен ҳар қанча отларингиз орасидан бир кўз югуртириб, энг зўр тулпорни ажратиб бера оламан, – дейди асир.

Шоҳнинг амри билан минглаб от яйловга қўйиб юборилади. Шунда асир йигит шоҳнинг энг яхши кўрган отини узоқдан кўрсатиб: “Мана бу тулпор сигир сути билан ўсмаганида етти иқлимга номи кетарди”, дейди.

Шоҳ ҳайратланиб, отбоқарни чақиртиради ва бу отни туққан бия касалланиб ўлгани, эмизишга бошқа от топилмагани, бир сигирни эмиб катта бўлганини билиб олади.

Шоҳ йигитдан буни қандай аниқлаганини сўрайди:

– Бошқа отлар сувдан кечиб, тўғри кетишди. Бу эса ариқдан ўтганидан сўнг тўхтаб, орқа оёғини бир силкитиб қўйди. Бу иши сигирларга хосдир, – дейди йигит.

Шоҳ унинг фаросатига, билимига қойил қолади ва унга қўшиб барча асирларни озод қилиб юборади.

Демак, онанинг табиатига хос яхшилик ва қусурлар сут орқали фарзандларга таъсир кўрсатар экан. Шунинг учун ҳам солиҳа хотинга уйланиш никоҳнинг илк шартларидан ҳисобланади. Афсус, отанинг фарзанд тарбиясига бепарволиги, лоқайдлиги, чиройли, гўзал ахлоқли қилишга, ҳалолу ҳаромни, савобу гуноҳни ажратишга аҳамият бермаслиги ҳам ноқобил фарзандлар пайдо бўлишига муҳит яратади.

Хуллас, ота ҳам, она ҳам ях­ши ният билан фарзандлар салоҳиятини бош мақсад деб билишса ва шунга яраша ҳаракат қилишса, гўзал оқибатга эришилади.

Муҳаммадхон БАДРИДДИНОВ,

 

3465 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Қўшничилик одоблари Меъёр дастуримиз бўлсин »

Мақолалар

Top