Мақолалар

“Ал-жомеъ ас-саҳиҳ”да илм олишга муносабат

Тарихдан маълумки ҳар бир замон ва жамиятнинг қудрати, салоҳияти ва равнақи унинг илмга бўлган муносабати билан ўлчанган. Шу сабабли бизнинг юртимизда қадимдан илму маърифатга алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, Ислом оламида IX-XII асрларни илм-фанинг олтин даври деб эътироф этилган бўлса,

бу даврда бизнинг диёрлардан чиққан Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Доримий, Имом Мотрудий, Имом Замахшарий, Ибн Сино, Аҳмад Фарғоний, Мирзо Улуғбек, Абу Мусо Хоразмий каби юзлаб алломалар дунё илм-фани ривожида ўзларининг улкан ва бетакрор ҳиссаларин қўшган.

Жумладан, Ислом оламида Қуръони каримдан кейинги иккинчи манба деб эътироф этилган Имом Бухорийнинг “Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ” асари дунё илм аҳли наздида ҳозиргача илмий ва амалий аҳамиятини йўқотган эмас. Бу асар ўз йўналишида такрорланмас ягона йўналишга эга дурдона асар бўлиб, 97 китоб, 3881та боб ва такрорлари билан қўшиб ҳисоблаганда 7563 та ҳадисдан таркиб топган.

Имом Бухорий “Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ”да биринчи “Ваҳий” китобини, иккинчи “Иймон китоби”ни ва учинчи “Илм китоби”ни келтирган. “Илм китоби” 53 та боб бўлиб, бу боблар илм ва унга боғлиқ ҳолатларга оид 76 та ҳадисни ўз ичига олган. “Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” асарининг “Илм китоби”дан баъзи ҳадисларни эътиборингизга ҳавола қилсак.

“Илм” сўзи луғатда бир нарсани воқеъликдагидек идрок этишни билдиради. Қуръони карим илк ояти илм олишга бўлган буйруқ билан нозил бўлиши инсон ҳаётида илмнинг жуда катта аҳамият касб этишига далил бўлади.

Дарҳақиқат, Пайғамбаримиз с.а.в. айтганларидек, “Илм олиш ҳар бир мусулмон эркагу аёлга фарздир.” Инсон ўзлигини, дунёни англамоқ учун биринчи навбатда илм керак. Қолаверса, мусулмон бўлиш учун ҳам, Яратган зотни таниш учун ҳам илм керак.

Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу: “Бошлиқ бўлмасингиздан аввал илмни чуқур ўрганинг!” – дея мусулмон киши масъулият ёшига етиб келмасидан олдин илм олишга чақирдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари ҳам ёшлари улгайганда ҳам илм ўрганишдан тўхтаб қолмаганлар.

 Имом Бухорий ҳазратлари “Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ”нинг “Илм китоби”ни Аллоҳ таолонинг сўзи, яъни Қуръони каримнинг қуйидаги оятлари билан бошлади:

وَ قَوْل الله تَعَالى:﴿يَرْفَعِ اللَّهُ الَّذِينَ آمَنُوا مِنكُمْ وَالَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ دَرَجَاتٍ ۚ

وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ ﴾

“Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур (бу дунёда ярлақаб, мартабасини улуғ, охиратда эса жаннатга кирмоқликни насиб қилғайдир). Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир.[1]”

Мазкур оятда имон сўзи илмдан муқаддам келтирилди, чунки илм олишдан мақсад жамиятнинг тараққиёти ва охират саодати ҳисобланади, имонсиз илм эса инсониятга зарардан бошқа нарса келтирмайди.

Исломнинг илк даврлариданоқ мусулмонлар Пайғамбар алайҳиссалом мажлисларида бўлиб, иймон ва илм олардилар. Шунинг учун ҳам ҳамма катта қизиқиш билан, иложи борича, у зотга яқинроқ ўтиришни хоҳларди. Ушбу оят нозил бўлгач, илм олиш мажлисини ҳаммага кенг тарғиб қилиш зарурлиги эслатилиб, мажлис аҳлининг барчасига жой беришни йўлга қўйишга даъват қилинди.

12-боб. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг одамларга малол келмасин деб, муайян кунларни илм ва ваъз айтиш учун белгилаб қўйганлари

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "يَسِّرُوا وَلاَ تُعَسِّرُوا وَبَشِّرُوا وَلاَ تُنَفِّرُوا".

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Осонлаштирингиз, қийинлаштирмангиз! Хушхабар айтингиз, қизиқтирингиз, нафратлантирмангиз (ўзингиздан бездирмангиз)!” – дедилар”.

Уламолар мазкур ҳадиснинг аҳамияти ва чуқур маънолари ҳақида кўп гапиришган. Бинобарин, ушбу саҳиҳ ривоят ўрганиш ва ёд олишга жуда муносибдир. Жамиятда яшаётган ҳар бир инсон ҳаётини қамраб олувчи метин-мустаҳкам бўлган бу динни тарғиб қилувчиларига Пайғамбар с.а.в. бу динни бошқаларга енгил қилиб тушунтирмоқлик кераклигини, уни қийин қилиб кўрсатасликни амр этдилар. Қачоники, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга Аллоҳ таоло томонидан икки ишдан бирини танлаш ихтиёри берилса доимо енгилини танлаганлар. Шу боис бир киши масала сўраса унга оғир ва қийин томонини эмас, балки, енгил томонини тушунтириш керак.

Шунингдек, бошқаларга бу динни яхшилик томонларини айтиб унга қизиқтирингиз, токи Аллоҳ таоло айтганидек қалблар ором топсин:

“Иймон келтирганлар ва Аллоҳнинг зикри ила қалблари ором топганлар. Аё, Аллоҳнинг зикри ила қалблар ором топмасми?”[2]

 Дарҳақиқат, имон келтирганларнинг қалблари Аллоҳ таолони ёдга олиш билан ором топади, қачонки киши динга ўз хоҳиши ва қизиқиши билан кирса. Чунки у қалблар ўзларининг Аллоҳга доимий боғлиқ эканларини ҳис этиб турадилар. Шунинг учун Расули акрам кишиларни диндан нафратлантириш эмас, балки қизиқтириш кераклигини уқтирдилар.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

  1. Динни бошқаларга имкон қадар енгил қилиб тушунтириш.
  2. Дин арконларини оғир қилиб кўрсатмаслик.
  3. Ихтиёрий масалаларда енгил томонини танлаш.
  4. Шариатда диндорларга бериладиган хушхабарларни айтиб қизиқтириш
  5. Диндан нафратланишга олиб келадиган, кишининг имонига зарба берадиган ҳар қандай иш ва хабарларни жамият ичида тарқалишидан сақлаш.

 

15-боб. Илму ҳикматни орзу қилмоқ 

عَبْدَ اللَّهِ بْنَ مَسْعُودٍ قَالَ: قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "لاَ حَسَدَ إِلاَّ فِي اثْنَتَيْنِ: رَجُلٌٍ آتَاهُ اللَّهُ مَالاً فَسُلِّطَ عَلَىهَلَكَتِهِ فِي الْحَقِّ, وَرَجُلٌٍ آتَاهُ اللَّهُ الْحِكْمَةَ فَهُوَ يَقْضِي بِهَا وَيُعَلِّمُهَا".

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Икки нарсадан ўзгасига ҳасад қилмоқ жоиз эрмас, бири – кишига Аллоҳ таоло ҳалол мол-дунё берсаю, уни Ҳақ йўлида сарфлаётган бўлса, иккинчиси – кишига Аллоҳ таоло илму ҳикмат ато этсаю, у шу туфайли олий мақомга эришиб, ҳукм сураётган, одамларга билганини ўргатаётган бўлса”, – деганлар”.

 “Ҳасад” калмаси араб тилида икки хил маънода ишлатилади. Биринчиси: бошқа бир кишига берилган неъматнинг завол топишини орзу қилиш маъносида келади. Ислом шариатида бу гуноҳ ҳисобланади. Чунки, ҳасадчи бировга ёмонликни бўлишини ҳохлайди. Ваҳоланки, аввало зарарни ҳасад қилгувчининг ўзи кўради. Иккинчиси: ҳавас қилиш маъносида ҳам келади. Ҳавас эса, гуноҳ саналмайди. Чунки, ҳавас қилгувчи эса, бировга етган яхшиликдан хурсанд бўлади ва ўзига ҳам шу каби неъматнинг берилишини орзу қилади. Бунга араб тилида “ғибта”, дейилади. Ушбу ҳадисдаги “ҳасад” сўзи ғибта – ҳавас қилиш маъносида келган.

Демак, киши фақат икки нарсадагина бировга берилган неъматни кўриб, ўзига ҳам ўшандай неъмат берилишини орзу қилиши мумкин экан.

Биринчиси: “Аллоҳ бир одамга кўп молу дунё берса, у ўшани тўғри йўлда сарф қилаётганини кўриб, “Аллоҳ шу одамга бергандай менга ҳам кўп молу дунё ато қилганида эди, мен ҳам шу одамга ўхшаб уни яхшилик йўлида сарф қилган бўлар эдим”, – деб ҳавас қилса бўлади.

Иккинчиси: “Аллоҳ бир одамга илм берган бўлса, у ўша илми ила ҳукм чиқараётгнини ва таълим бераётганини кўриб, Ўша одамга ҳам бошқа мусулмонлар ҳавас қилса бўлади. “Аллоҳ шу одамга бергандай менга ҳам илм ато қилганида эди, мен ҳам шу одамга ўхшаб ҳукм чиқараган ва таълим берган бўлар эдим”, – деб ҳавас қилса бўлади.

Илм билан ҳукм чиқариш – илм тақозо этган нарсага ўзи амал қилиш ва одамларни ҳам шунга чақиришдир.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1.Молу дунёни тўғри йўлда сарфлашга тарғиб.

2.Молу дунёси йўқ кишилар ҳам агар молу дунёси бўлса, яхшилик йўлида сарфлашни орзу қилишларига тарғиб.

3.Илмга амал қилиб, уни одамларга ўргатишга амр.

4.Бошқаларни ҳам илм олиш, унга амал қилиб, бошқаларга ўргатишга тарғиб.

 

Қобилов Нодир Сиддиқович,

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими,

Самарқанд Ҳадис мактаби ўқитувчиси,

“Соғиш ота” жомеъ масжиди имом-хатиби

5250 марта ўқилди

Мақолалар

Top