Аллоҳ таолонинг ҳар бир махлуқотларида Унинг қудратига далолат қиладиган белгилар, аломатлар бор. Келинглар, Аллоҳнинг қудратига далолат қилувчи жонзотлардан бири билан танишайлик.
Бу майда жонзот илмий тилда Tardigrade деб аталади. Жонзотнинг ҳаракатидан келиб чиқиб, уни “Астаюрар”, “Секинюрар” дейилади. Бу кичик, кўзга кўринмас мавжудот ҳозиргача Ер юзидаги энг кучли, бардошли мавжудот бўлиб келмоқда.
Бу махлуқ ўзи кичик бўлишига қарамасдан 150°С даража иссиққа, -272 даража совуққа бардош берар экан. Бу жонзот шундай тана аъзолари билан жиҳозланганки, ҳужайралари музлаб қолиб, музи эригандан кейин яна яшаб кета олар экан. Танасида катта муз кристаллари ҳосил бўлишига қарши модда бор экан. Бошқа жонзотлар озгина ноқулай шароитда ҳалок бўлиши мумкин. Аммо Астаюрар ўта оғир шароитларда ҳам яшаб кета олар экан. Бу жонзот ўзидаги тана тузилиши ва бошқа имкониятлари билан бошқа мавжудотлардан ажралиб турар экан. Астаюрар ўн йиллар давомида сувсиз, ҳавосиз яшай олар экан. Яъни у ҳаво ва сув бўлмаган шароитда ўн йиллар бўйи вақтинчалик ўлиб, ҳаво ва сувли шароит мавжуд бўлганда, қайтадан яшаб кетар экан.
Тажрибалар исботлашича, астаюрар ультрабинафша нурларининг ўта зарарли даражадаги катта миқдорига ва ҳалокатли гамма нурларига ҳам чидамли экан. Шунингдек, Астаюрар 6000 атмосфера босимига чидамли бўлиб, уммондаги энг чуқур нуқта – Мариана ботиғидаги босимдан кўра олти марта кўпроқ босимга бардош берар экан. Маълумки, Мариана ботиғидаги босим миқдори ҳар бир см²да 1074 кг.дир. Бу босимда жуда кўплаб жонзотлар ҳалок бўлади. Бу босимда кўп жонзотларнинг ҳужайра деворлари ёрилиб, ДНК узилиб, парчаланиб, ҳужайрани ташкил этган моддалар сочилиб кетади. Лекин Астаюрар бу пайтда вақтинчалик ўлим ҳолатига кириб, кейин яна яшаб кетар экан.
Электрон микроскопда олинган ушбу суратда астаюрарни кўриб турибсиз. У саккизта оёқ, мингдан ортиқ ҳужайра, ҳазм қилиш органлари, жумладан, ичаклар, ошқозон, орқа чиқариш йўли кабиларга эга. Шунингдек, асаб тизими, нафас олиш тизими, уммон тубида реакцияга кириша олиш қобилияти каби нарсаларга ҳам эгадир.
Олимлар бир овоздан “Биз бу махлуқ ҳақида ҳеч нарса билмаймиз. Бизда унинг куч-қуввати, қандай тузилганига бирорта жавоб йўқ. Қолаверса, бизда унинг униб-ўсиши, пайдо бўлиши, келажаги тўғрисида ҳам жавобимиз йўқ” дейишяпти.
Эволюция назариясини ёқлайдиган кимсаларга саволимиз бор:
“Агар бу махлуқ эволюция натижасида пайдо бўлган бўлса, бундай ажойиб яшаш тарзи ва имкониятларни у қаердан олди экан?!
Орадан 500 млн йил ўтган бўлишига қарамасдан нега бу махлуқ ўзидан ҳам кучлироқ, бардошлироқ, имконияти каттароқ бошқа бир махлуққа айланмаяпти?! Шундай қидиб бу махлуқ сохта эволюция назариясини парчалаб ташлайди!”
Мутахассислар айтишяптики, сиз бу жонзотни сувда қайнатишингиз, музлатишингиз, эзиб ташлашингиз, танасидаги сувини қуритиб қўйишингиз ёки уни очиқ фазода қолдиришингиз мумкин. У бундай вазиятларда ҳам яшаб кета олади.
Аллоҳ таоло бу мавжудотнинг ҳужайраларига шундай маълумотларни жойлаб қўйганки, ўша маълумотлар унинг зарарли радиация нарларига чидамли бўлишини таъминлайди. У фазода ҳар қандай махлуқдан кўра кўпроқ яшай олади. Астаюрар 100 йил давомида ўлим ҳолатида туриб, кейин яна яшаб кетиши мумкин.
Қуръони Каримда ўликдан тирикни чиқариш жараёни ҳақида оятлар бор. Аллоҳ таоло шундай деган:
يُخْرِجُ الْحَيَّ مِنَ الْمَيِّتِ وَيُخْرِجُ الْمَيِّتَ مِنَ الْحَيِّ وَيُحْيِي الْأَرْضَ بَعْدَ مَوْتِهَا وَكَذَلِكَ تُخْرَجُونَ
“У ўликдан тирикни чиқарур ва тирикдан ўликни чиқарур ва ерни ўлимидан кейин тирилтирур. Шунга ўхшаш сиз ҳам чиқарилурсиз”. (Ҳар бир сонияда қандайдир ўсимлик қурийди, бошқаси уруғдан чиқади. Кимдир ўлади, кимдир туғилади. Бу нарса ерда ҳам, кўкда ҳам, сувда ҳам бўлиб туради. Сон-саноғига етиб бўлмайдиган ушбу жараёнларнинг ҳар бирини Аллоҳ таоло амалга оширади.) (Рум сураси, 19-оят).
Бу жонивор ўлим ҳолатига тўлиқ киради ва бир неча йиллардан кейин сув, ҳавонинг мавжуд бўлиши биланоқ яшашни давом эттиради. Унинг ҳаёти ўликдан тирикни чиқариш жараёнига ёрқин мисолдир.
Тадқиқотчи олимлар айтишича, астаюрар Ер юзида беш юз миллион йил муқаддам мавжуд бўлган. Ушбу жонзот катта сонли бошқа мавжудотлар билан бир вақтда тўлиқ кўринишда зоҳир бўлган. Яъни бу дегани астаюрар ҳеч қандай ривожланиш босқичини босиб ўтмаган. Балки Аллоҳ таоло уни комил шаклда, ажойиб хусусиятли қилиб яратган.
Бу мавжудот олимларни кўп ҳайрон қолдирган. Ҳаво ва сув мавжуд бўлмаган пайтлар (фазо)да у ўлим амалиётини кўрсатиб беришини олимлар кашф этдилар. Бинобарин, у бундай шароитда ўлик ҳайвонга айланади. Шу пайтда унда тириклик энергиясининг ўн мингдан бир қисмигина ишлаб туради. Уни шу ҳолда сувга солинса, яшай бошлайди.
Археологик топилмалар тўғрисидаги фаннинг айтишича, астаюрар бундан беш юз миллион йил олдин кембрий даврида мавжуд эди. Унинг 900 дан ортиқ тури бор. Ҳаммасининг тузилиши, хусусиятлари бир хил бўлиб, ер юзидаги биз билган барча жонзотлардан ажралиб туради.
Шу ўринда “Ҳайвонлар босқичма-босқич ривожланиш натижасида келиб чиққан” деб сафсата сотувчи эволюциячиларга бир мантиқий савол берсак:
“Астаюрар қайси ҳайвоннинг ривожланган кўриниши?!” Табиийки, жавоб йўқ!
“Бу ривожланиш қандай содир бўлди?!” Табиийки, бунга ҳам жавоб йўқ!
“Нима нарса бу жонзотни бошқа жонзотлар ҳалок бўладиган оғир шароитларда ҳам яшай оладиган қилиб қўйди?!” Уларда бунга ҳам жавоб йўқ!
“Бошқа жонзотлардан ажратиб турадиган хусусиятлар унга қаердан келди?!” Бунга ҳам жавоб бера олишмайди!
“Бу жонзотнинг генлари қандай?”, “Нима уни табиатдаги энг бардошли ҳайвон қилди?” Улардан бирортаси бунга ҳам жавоб беролмайди. Чунки, бу жонзот ҳам бошқа жонзотлар каби ҳеч қандай ривожланиш, эволюция босқичини босиб ўтмаган. Балки шу кўринишда, шу шаклда яратилган. Аллоҳ таоло унга керакли хусусият ва маълумотларни жойлаб қўйган. Шу хусусиятлар туфайли у бошқа махлуқотлардан фарқ қилади.
Деярли барча ҳайвонлар сувсиз яшолмайди. Чунки, ҳайвонлар танасидаги ҳужайраларнинг аксари сувдан ташкил топган. Оддий ҳужайра сувсиз қолган пайтда фаолиятдан тўхтайди ва ундаги ДНКлар парчаланиб кетади. Натижада, у шаклини ўзгартириб, майиб бўлиб, яшаш қобилиятини йўқотади.
Лекин астаюрарнинг ҳужайралари бошқача шакллантирилган. Астаюрарнинг 70 фоизи сувдан таркиб топганига қарамасдан, унинг ҳужайраларидаги ўзига хосликлар ва услублар уларнинг сувсиз муҳитда, қуриб қолганда ҳам енгилмай, яшаб кетишига имкон беради. Астаюрарнинг ДНКси ҳам ўзига хос шакллантирилган.
Демак, бизнинг олдимизда 500 миллион йил олдин яратилган, ўзига хос тузилиш, яшаш тарзи ва имкониятларга эга бўлган, шу ўзига хослик туфайли бир неча юз миллионлаб йиллардан бери йўқолиб кетмай ўз хусусиятларини сақлаган ҳолда яшаб келаётган мавжудот турибди. Бу мавжудотни ҳам, худди бошқа мавжудотларни яратгани каби Аллоҳ таолонинг Ўзи яратган.
Қуйидаги қайси гап мантиқан тўғри:
“Бу кичик жонзот ўзидан олдинги қайсидир жонзотнинг ривожланган кўриниши” деб ҳеч бир илмий далилсиз, юқоридаги берилган саволларга жавоб беролмай айтилган гап мантиқийми?
Ёки “Аллоҳ таоло бу жонзотни яратган ва уни Ўз қудратига далолат қиладиган қилиб шакллантирган. Бунга далил Қуръони Каримда бор” деган гап мантиқийми?
Бу саволларнинг жавобини ҳар бир оқил инсоннинг ўзига қолдирамиз. Қайси гап тўғри, ҳақиқат эканини ақлини ишга солган, тафаккур қилган киши дарров билади.
Қуръондаги далилни келтириш билан сўзимизни якунлаймиз. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:
ذَلِكُمُ اللَّهُ رَبُّكُمْ خَالِقُ كُلِّ شَيْءٍ لَّا إِلَهَ إِلَّا هُوَ فَأَنَّى تُؤْفَكُونَ
“Ана ўша Аллоҳ–Роббингиздир. У ҳар бир нарсанинг яратгувчисидир. Ундан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ. Бас, қаёққа бурилиб кетмоқдасиз?!” (Аллоҳга ибодат қилмай, қайси томонга бурилиб кетмоқдасизлар?! Аллоҳнинг айтганини қилмай, қаён қараб кетмоқдасизлар?! Аллоҳнинг оятларига амал қилмай, қаёққа кетмоқдасизлар?!) (Ғофир сураси, 62-оят).
Абдуддоим Каҳелнинг мақоласини
Нозимжон Иминжонов таржима қилди