Мақолалар

Садақанинг фойдалари

Аллоҳ таоло балони аритишини, дардингизга шифо беришини, дўзахдан сақлаб, жаннатга махсус эшикдан киритишини истайсизми? У ҳолда садақа беришга шошилинг! Чунки садақа беришда мусулмонлар учун дунёда ҳам, охиратда ҳам кўп манфаатлар бор.

Садақа – Аллоҳ таолога энг маҳбуб амаллардан.

Ҳабиб соллаллоҳу алайҳи васаллам бу борада шундай деганлар:

“Аллоҳ азза ва жаллага амалларнинг энг маҳбуби мусулмоннинг қалбига хурсандчилик киритишингдир ёки ундан бир ташвишни аритишингдир ёки унинг қарзини адо этишингдир ёки ундан очликни кетказишингдир. Биродарим билан унинг ҳожатини раво қилиш мақсадида юришим мен учун ушбу Масжидул Ҳаромда эътикоф ўтиришимдан маҳбуброқдир”.

Садақа – уни берувчидан ва унинг аҳлидан балонинг аришига, унинг ёмон ўлим топишдан қутулишига сабаб бўлади.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шу ҳолатни баён қилиб: Албатта, садақа Раббнинг ғазабини ўчиради ва ёмон ўлимни даф қилади”, деганлар.

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу бундай дедилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Садақани эртароқ беринглар! Чунки, бало ундан ошиб ўтолмайди”.

Садақа – баданни, молни поклайди.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деб марҳамат қилган:

  خُذْ مِنْ أَمْوَالِهِمْ صَدَقَةً تُطَهِّرُهُمْ وَتُزَكِّيهِم بِهَا وَصَلِّ عَلَيْهِمْ إِنَّ صَلاَتَكَ سَكَنٌ لَّهُمْ وَاللّهُ سَمِيعٌ عَلِيمٌ

“Уларнинг молларидан садақа ол. Бу билан уларни поклайсан, тозалайсан ва уларнинг ҳаққига дуо қил. Албатта, сенинг дуоинг улар учун сокинликдир. Аллоҳ эшитгуви ва билгувчи зотдир” (Тавба сураси, 103-оят).

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам савдогарларга: Эй савдогарлар жамоаси! Албатта, бу савдода лағв, қасам содир бўлади. Унга садақани аралаштириб туринглар!”, деганлар.

Садақа – молнинг баракаси зиёда бўлиб, ризқ кенгайишига сабаб бўлади.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган:

قُلْ إِنَّ رَبِّي يَبْسُطُ الرِّزْقَ لِمَن يَشَاءُ مِنْ عِبَادِهِ وَيَقْدِرُ لَهُ وَمَا أَنفَقْتُم مِّن شَيْءٍ فَهُوَ يُخْلِفُهُ وَهُوَ خَيْرُ الرَّازِقِينَ

“Айт: “Албатта, Раббим ризқни Ўз бандаларидан кимни хоҳласа ўшанга кенг қилур ва тор қилур. Ҳар бир инфоқ қилган нарсангизнинг ўрнини У тўлдирур. У зот ризқ бергувчиларнинг яхшисидир”. (Аллоҳ таоло хоҳлаган бандасининг ризқини кенг ва хоҳлаган бандасининг ризқини тор қилиб қўяди. Аллоҳ таоло ато этган ризқдан банда Аллоҳ йўлида инфоқ қилса, шундан фойда кўради.) (Сабаъ сураси, 39-оят).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Касалларингизни садақа билан даволанглар”, деган ҳадисларига биноан садақа бериш орқали балолар ва касалликлар даф бўлади.

Садақа – ажрнинг кўпайишига сабаб бўлади.

Аллоҳ таоло садақа берувчиларнинг савобларини кўпайтириб беришини Қуръони каримда баён этиб бундай деган:

 إِنَّ الْمُصَّدِّقِينَ وَالْمُصَّدِّقَاتِ وَأَقْرَضُوا اللَّهَ قَرْضاً حَسَناً يُضَاعَفُ لَهُمْ وَلَهُمْ أَجْرٌ كَرِيمٌ

“Албатта, садақа қилувчи эркагу аёл ҳамда Аллоҳга қарзи ҳасана берувчиларга (савоб) кўпайтириб берилур. Уларга карамли ажр ҳам бор” (Ҳадид сураси, 18-оят).

Садақа – жаннатнинг махсус эшигидан киришга сабаб бўлади.

Садақа берувчи қиёмат куни жаннатга махсус эшикдан киритилади. У эшикнинг номи “Садақа эшиги”дир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “...Ким садақа берувчилардан бўлса, уни “Садақа эшиги”дан чақирилади. Ким рўза тутувчилардан бўлса, уни “Райён эшиги”дан чақириладидедилар. Шунда Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу: “Ё Расулуллоҳ, бир киши эшикларнинг ҳаммасидан чақириладими?” деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ҳа, сен ўшалардан бўлишингни умид қиламан”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Садақа – молнинг зиёда бўлиб, камаймаслигига сабаб бўлади.

Азизлар, билингларки, мол-пул садақа бериш билан камайиб қолмайди! Аксинча, зиёда бўлади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисда: “Банданинг моли садақа сабабли камаймайди!” деганлар.

Садақа – дўзахдан қутулишга сабаб бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Яримта хурмо садақа қилиб бўлса ҳам дўзахдан сақланинглар!деганлар.

Демак,

садақа – Аллоҳ таолога энг маҳбуб амаллардан;

садақа – уни берувчидан ва унинг аҳлидан балонинг аришига, унинг ёмон ўлим топишдан қутулишига сабаб бўлади;

садақа – баданни, молни поклайди;

садақа – молнинг баракаси зиёда бўлиб, ризқ кенгайишига сабаб бўлади;

садақа – ажрнинг кўпайишига сабаб бўлади;

садақа – жаннатнинг махсус эшигидан киришга сабаб бўлади;

садақа – молнинг зиёда бўлиб, камаймаслигига сабаб бўлади;

садақа – дўзахдан қутулишга сабаб бўлади.

Аллоҳ таоло барчамизни садақа берувчилар ва унинг дунёю охиратдаги фойдаларини кўрувчилардан қилсин!

 

 

Муаллиф: Ҳоний Довва,

Мутаржим: Нозимжон Иминжонов

3481 марта ўқилди

Мақолалар

Top