Мақолалар

Ҳар буюк шахс ортида – китоб туради!

Ўзбек халқининг машҳур алломаси Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ёшликларида спортга, илмга, китоб мутолаасига жуда қизиққанлар. Табиийки бадиий адабиётларни ҳам кўп ўқиганлар. Уй хоналаридаги китоблар билан лиммо-лим жавонлардан ташқари  уйнинг чордоқлари ҳам ёш Муҳаммад Содиқ ўқиб чиққан бадиий китоблар ила тўла эди. Мавсумий газеталарда чоп этилган муҳим мақолаларни ҳам ўқиб боришни канда қилмас, уларни ҳам қирқиб олиб алоҳида йиғиб қўяр эдилар. Ул зотнинг кенг дунё қарашлари, сўз бойлиги,ўқиган китобларидан маъно илмини доно заргардай танлаб ола билишлари, асосий, зарурий ва фойдали  илмий ғояларни ажрата олиб гўзал ва содда тилда одамларга етказа олишларида китоб мутолаасининг аҳамияти беқиёс бўлган.

Илм нури деймиз, илм фойдаси деймиз ва албатта, тан оламизки жамиятга моддий ва маънавий  фойда келтирган,  буюк кашфиётлар яратган инсонлар илм талаб қилиш йўлидан бориб, севимли  машғулотлари китоб мутолааси бўлгани учун юксак мартабаларга эришганлар.

Муҳтарам  Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев “Танқидий таҳлил, қатъий тартиб- интизом ва шахсий жавобгарлик- ҳар бир раҳбар фаолиятининг кундалик қоидаси бўлиши керак” номли китобларида “Ҳозирги пайтда ҳаммамизнинг олдимизда жуда муҳим аҳамиятга эга бўлган масала, яъни китобхонликни кенг ёйиш ва ёшларимизнинг китобга бўлган муҳаббатини, уларнинг маънавий иммунитетини янада оширишга қаратилган ишларимизни янги босқичга олиб чиқиш вазифаси турибди” , деб ёзганлар.

Юрт подшосининг бу сўзлари мамлакатнинг ёшлари ҳақида, яъни сизу-бизнинг фарзандларимиз, демак  ватаннинг порлоқ келажаги учун   ғам чекаётган, зарурий ечимни топиб, вазифа ва масъулият даражасида қайғураётган доно ва меҳрибон отанинг ғамхўрлигидан бошқа нарса эмас.

Муқаддас Ислом динининг душманлари шайтоний макр ва фитналарни одамлар орасида ёйишга ҳаракат қилмоқдалар. Ислом номини булғаш учун  ислом кийимини кийиб, Ислом дини номидан гапириб қотиллик, вахшийлик, вайронагарчиликлар уюштирмоқдалар. Хозирги мураккаб ғоявий курашлар авж олган пайтда оқни қорадан, яхшини ёмондан ажрата олиш, кимнингдир маълум манфаатларга йўналтирилган,  дабдабали, сирти ялтироқ, ёлғон ғояларига учмаслик учун кучли маънавий иммунитет-ҳимоя топа олиш керак. Маънавий ҳимоя эса бутун оламга устоз бўла олган ота-боболаримиз ёзиб кетган китобларда десак хато қилмаймиз. Зеро, улар бу каби ғоявий курашларни енгиб ўтганлар ва Ислом динини соф ҳолда сақлаб қола олганлар.

        Ватанни сева олишни китоб ўргатади, ота-онани ҳурмат қилишни, устоз эъзозини китобга меҳр қўйганлар биладилар. “Болаларимиз китобга меҳр қўймаган бўлсалар бу бизнинг айбимиз, энди мажбурлаб бўлса ҳам китоб ўқитамиз”(Ўзбекистон Республикаси  Президенти Шавкат Мирзиёев).

Ҳар соҳада илм ва маърифат аҳллари доимо эътиборда бўлганлар ва жамиятга моддий ва маънавий фойдалар келтирганлар, кашфиётлар қилганлар. Илмсизлик доимо ғам кулфат келтирган. Тинчликнинг ҳам асоси илмда, покликнинг, меҳр-муҳаббатнинг булоғи ҳам илм истамакликдадир. Илм инсон қалбининг баҳори, нури, кенглиги, битмас туганмас қувватидир.

Жаҳолат илм ўрнашмаган қалбни эгаллайди. Шайтон ўз фитналарини  илм нуридан бебаҳра қолган инсонга ўтказа олади. Қайси жойда зулм, вайронакорлик, беҳаёлик, қотиллик бош кўтарар экан, билингки ўша ерда одамлар илмга хиёнат қилдилар, унинг қадрига етмадилар.

Ислом дини илм дини, тинчлик дини деб аталади. Илм моҳиятига етиб бориш, илм олишдан кўзланган фойдани қўлга киритмоқ учун улуғ устозларнинг кўрсатмаларига таяниб, изларидан юришга ҳаракат қилмасак, шайтон фитналарига алданиб қолиш хеч гапмас.

Хожа Самандар Термизий ёзадилар: “Мушкул воқеаларда ва оғир ҳодисаларда маслаҳатлашишдан кўз юмиб бўлмайди. Маслаҳатни ҳикмат аҳли ва тажриба билан қилки, уларнинг ақллари ўткир ва фикрлари теран бўлади”. Муаммоларга дуч келганда инсоний табиат одамлардан ёрдам сўрашга, одамларга суянишга чорлайди ва албатта, бу маслаҳат сўраб мурожаат қилиш мулоқотидир.  

“Дин, эътиқод ҳар ким кўнглига келганини айтиб, ўзича маъно чиқариб кетаверадиган нарса эмас. Айниқса, имон масаласи ўта нозик ва ҳассос бўлгани учун бу борада исломга катта хизмати синган, барчанинг эътирофига эришган мўътабар уламоларнинг тавсияларига қулоқ тутиш, ўтган аллома аждодларимизнинг ибратли ҳаётига назар солиб, мўътабар асарларига мурожаат қилиш ўта муҳимдир. Билиб-билмай, шошма-шошарлик билан ҳукм чиқаришга асло йўл қўйиб бўлмайди.”(Дунё уламолари мурожааати,5-бет. *Мovaronnahr*2016)

 Инсонлар ўзаро  фикр алмашиб, фойдали баҳсларга киришиб, яхшиликка асосланган хулосаларга келишиб туришмас эканлар,  ўзаро тушунмовчиликлар, фитналарга йўл очилади. Айниқса, ёш авлодлар билан кексалар ўртасида ҳурмат–иззатга асосланган мулоқотлар, ота-она ва фарзандлар орасида меҳр-оқибат, одоб-ахлоқнинг гўзал намуналаридан андоза олинган муомала бўлмас экан маънавий таназзул юз бериши ҳеч гапмас.

 

Абдумутал АТАБАЕВ

тайёрлади

5739 марта ўқилди

Мақолалар

Top