Мақолалар

Мўминга хос фазилатлар

Инсонда улуғлик ва камолот фазилатлари бор: биттаси, у инсон табиати ва яшаш эҳтиёжидан келиб чиқади, яна бири эса диний хислати бўлиб, бу сифатга эришганлар мақтовга сазовор ва Аллоҳга яқинлашганлар жумласига киради. Дунёвий хислати зарурият касбий бўлмайди, у инсоннинг ихтиёрига боғлиқ ҳам эмас.

Дин, илм, мулойимлик, сабр, шукр, адолат, ҳаққонийлик, таъмадан йироқлик, камтарлик, кечиримлилик, иффат, сахийлик, шижоат, ҳаё, одамгарчилик, камгаплик, оғир-босиқлик, меҳр-шафқат, ҳуснихулқ, яхши муомала каби юксак ахлоқ-одобнинг барчаси охиратга мансуб хислати касбия саналиб, булар гўзал ахлоқ деб аталади. Инсонда мавжуд бўлган мазкур хусусиятлар инсоннниг ҳақиқий мўминлигини билдириб туради. Албатта буларнинг барчаси Аллоҳдан тақво қилишдан бошланади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Мўминлар Аллоҳ (номи) зикр этилганда диллари қўрқувда бўладиган, оятлари уларга тиловат қилинганда имонлари зиёда бўладиган, Парвардигорларигагина таваккул қиладиган, намозни мукаммал ўқийдиган ва ризқ қилиб берганимиздан эҳсон қиладиган кишилардир”. Мазкур оятлар борасида Имом Табарийнинг тафсирларида шундай дейилади: “Аллоҳ таоло бу оятлари билан гўё шундай демоқда: Аллоҳ ва расулига хилоф иш қиладиганлар, Аллоҳдан нозил бўлган китобдаги буйруқ ва қайтариқларга бўйсунмаганларни мўмин деб бўлмайди. Чин мўминлар Аллоҳ зикр қилинганда қалби қўрқувга тушадиган, Унинг амрига итоат этадиган, Унинг азобидан хавфсираб, мудом зикрида бўладиган, олдида оятлар ўқилганда уларни тасдиқлаб, Аллоҳнинг ҳузуридан тушганлигига чин дилдан ишонадиган, тиловатлар таъсирида имони зиёда бўладиган, Аллоҳнинг ўзига ишониб, ўзгасидан бирор нарса умид қилмайдиган ва қўрқмайдиган кишилардир. Улар яна фарз намозларни тўкис адо этадилар ва Аллоҳ уларга ризқ қилиб берган моллардан Парвардигор буюрган ўринларга ҳамда таъминоти зиммаларида бўлганларга инфоқ-эҳсон қиладилар”.

Ҳақиқий мўмин киши мунофиқларнинг гапларига қулоқ солишдан жуда ҳам сақланмоғи лозим. Қуръонда мунофиқлар ҳақида жуда кўп оятлар нозил бўлган. Улар мўминларнинг мунофиқлар таъсирига тушиб қолмасликлари учун огоҳлантириб туради. Табиийки, ҳамма вақтда ҳам барча мўминларнинг даражалари бир хил бўлмайди. Саодат асри давридаги мусулмонларнинг ичларида ҳам оз бўлса-да мунофиқларнинг гапига қулоқ соладиган иродаси заифроқ кишилар топилган. Аллоҳ таоло бундай дейди: “Ҳолбуки сизларнинг ичингизда уларга қулоқ соладиганлар бор”[3]. Яъни, сизларнинг ичларингизда ақлини яхши ишлатмайдиганлар, уларга қулоқ соладиганлар, даъватларини қабул қиладиганлар, уларга алданадиганлар бор. Улар сўзларини қабул қилган одамларни ёмонликка буюрадилар. Қўлларини Аллоҳ йўлида эҳсон-садақа қилишдан тортадилар. Аллоҳ уларнинг молларидан фарз қилган закотни эгаларига етказишга монелик қиладилар ва қўлларини ҳар қандай яхшиликдан тортиб олади. Улар Аллоҳга итоат қилишни, Унинг амрига эргашишни тарк қиладилар. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло ҳам уларга Ўз тавфиқи, ҳидояти ва раҳматини ато қилишдан тўхтайди. 

 

Бекназар АБДУЛЛАЕВ

Хазорасп тумани

“Шайх Ҳусайн бобо” масжиди имом- хатиби 

4440 марта ўқилди

Мақолалар

Top