Аллоҳ таоло инсоннинг ризқини тақдири азалда белгилаб қўйган бўлиб, шариат ана шу ризқни ҳалол йўл билан топишга буюради. Ҳалол меҳнат билан оиласини боқиш қанчалик муҳим экани ҳақида Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Ким одамларнинг қўлига қарам бўлмаслик ва иффатини сақлаш учун ҳалол мол – дунё талаб қилса, Аллоҳга юзи тўлин ой кечасидаги ой каби (порлаган ҳолда) бўлиб, йўлиқади” (Имом Сарахсийнинг “Ал – Мабсут”).
Аҳли сунна вал-жамоа мазҳаби уламолари таърифича, Аллоҳ таоло махлуқотларига – одамлар ва ҳайвонларга берган ва улар манфаат олган дунёвий ва ухровий ҳар бир нарса ризқдир. Демак, ҳар бир инсонга, ҳайвонга берилган ва улар фойдаланадиган емак, ичмак, кийим ёки уй-жой – уларнинг ризқи экан.
Абу Ҳафс Насафий ўзининг “Ал-ақоид ан-Насафия” рисоласида: “Ҳаром ҳам ризқдир. Ҳар бир инсон ўз ризқини – хоҳ у ҳалол бўлсин, хоҳ ҳаром – тўла олади. Бирор инсон ўз ризқини емади ёки унинг ризқини биров еб қўйди, деб тасаввур қилинмайди”, деб ёзади.
Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби бўйича, таваккул қалбга ва касб аъзоларга боғлиқ иш бўлиб, сабабларни ишга солмагунча, таваккул ҳосил қилинмайди.
Ватандошимиз Ҳаким Термизий Муовия ибн Қуррадан ривоят қилади: Умар ибн Хаттоб бир гуруҳ одамларга йўлиқиб қолиб: “Сизлар кимсизлар?” деб сўради. “Таваккул қилувчилармиз”, дейишди. “Йўқ, сизлар текинхўрларсиз, таваккул қилувчи аввал донни ерга сепиб қўйиб, кейин Аллоҳга таваккул қилади”, деди.
Афсуски, оилани боқиш вазифамиз экан деб, кўчадан топганларимизни, ҳалолми, ҳаромми, суриштирмасдан ёки фарқига бормасдан уйга олиб келаётганларимиз ҳам йўқ эмас. Инсонда яшаш ҳуқуқи ва мол тўплаш ҳуқуқи бор, бу ҳуқуқни деб бурчимизни унутиш керакмас, аксинча, бу бурч бизга луқмамизни ҳаромдан сақлаш масъулиятини юклайди.
Луқма поклигини, кўз қорачиғини сақлагандек асраш лозим. Зеро, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳалол ризқ талаб қилиш – иккинчи даражадаги фарздир”, дедилар.
Мусулмон киши билибми-билмай бирор гуноҳ содир этса, бу ишидан афсус-надомат чекиб, Раббисига истиғфор айтади, тавба қилади ва ёмон амалидан қайтади. Ана шундан кейингина қалб сокинлигига ва хотиржамликка эришади. Халқимизда сақланиб келаётган бир мақолда юқоридаги мавзуга алоқадор фикр таъкидланади: “Яримта ноним – роҳати жоним”.
Ҳалол ризқ талаб қилиш ҳам диннинг бир бўлагидир. Фақат шарти – шариат талабига мувофиқ, жоиз йўл билан бўлишидир.
Агар мақсадимиз фақат мол-дунё талабининг ўзигина бўлиб қолса, хоҳ у жоиз йўл билан бўлсин ёки ножоиз, хоҳ ҳаром йўл билан бўлсин, хоҳ ҳалол, у ҳолда ҳадисда зикр қилинган фарзни адо этиш фазилати топилмайди.
Ёши улуғларимиз билан суҳбатлашганимизда кўп эшитганмиз. XX асрнинг қирқинчи йилларида халқнинг бошига чунонам қийинчиликлар тушганки, ўша даврни ҳолатини эшитган ёшларимиз, Аллоҳ таолонинг неъматлари еру осмондан ёғилаётган замонда, ўша қийинчилик, очарчилик ва қаҳатчиликни тасаввур ҳам қила олишмайди. Лекин ўша вақтлар ҳам одамлар ҳалол яшашган, одамларнинг инсофи, имони бўлган, қорни оч эса-да, кўзи тўқ бўлган.
Хулоса қилиб айтганда, ҳалол ризқ топишда сабр, қаноат, кўзи тўқ бўлишнинг ўрни беқиёс экан. Аллоҳ барчамизни кўзи тўқ, ҳалолига қаноат қиладиган, собир ва шокир бандалардан қилсин!
Зайнилобиддинхон ҚУДРАТОВ
Пискент тумани бош имом-хатиби