“Ота-онам рус миллатига мансуб кишилар эди. Албатта, мен ҳам уларнинг фарзанди ўлароқ, улар эътиқод қиладиган динда бўлганман. Ота-онам баъзи сабабларга кўра ёшлигимда ажрашиб кетишган. Биз оилада икки қиз, онам ва бувим яшардик. Ҳаётимнинг ҳидоятгача бўлган оралиғини ибрат учун қисқача сўзлаб бермоқчиман. Аммо ишонинг, у дамларни эслагим ҳам келмайди. Ўтмиш хотираларим жуда хунук ва қора....
Кўп вақтим тунги клубларда ўтарди. Ўғил бола ўртоқларим кўп бўлган. Эртаю кеч бирга ўйин-кулгудан бўшамасдик. Ислом динида бўлган баъзи таъқиқлар, маҳрам ва номаҳрам деган тушунчалар биз учун аҳамиятли эмас эди. Бу йўлнинг яна ҳам қоронғуроқ жойларига қўшним Малика мени етаклаб кирди, йўлдан урди, ёшлигим, шўхлигимдан фойдаланди. У билан ёзда тоғларга чиқиб дам олиш режасини ортиғи билан бажарардик. Кўзга яқин, қоматим келишган бўлгани учун кўпчиликнинг эътиборида эдим. У ерда дам олиб, ҳатто спиртли ичимликлар ҳам истеъмол қилардик. Кейин билсам, Малика кўримсиз, мен жозибадор бўлганим учун бойвачча мижозларни мен учун топиб, эвазига анча даромадга эга бўларкан. Ўн олти ёшимда ишратларим меваси ўғлим Саша туғилди. Ёш она бўлишимга сабабчи бўлган йигит билан турмушимиз узоққа чўзилмади. Чунки бизни таъминлашга имкони йўқ, ғирт бекорчи, кўча безорилардан эди. Аммо қайнонам неварасини жуда яхши кўрар, қўлдан келганча бизга қарашарди.
Хуллас, яна уйимга қайтдим. “Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас” деганларидек Малика билан яна эски одатимизни қила бошладик. Кунларнинг бирида бир қўшнимнинг уйига нарса олиш учун кирдим. У аёлни олдиндан билардим, ҳар кўрганимда ҳавас билан қараб, ичимда алланечук надомат сезардим. Қўшним беш вақт намозини канда қилмайдиган, барча аврат жойлари ёпиқ, намунали ҳаёт кечирарди. Унинг тартибли ҳаёти, Аллоҳга ишончи, тўғрисўзлиги, менга берган насиҳатлари ичимга илиқлик сола бошлади.
Кунлар ўтиб, ичимда ғалаён бошланди. Энди маишатбозлик, ўйин-кулгу, умуман, ҳеч нарсага қизиқишим қолмади. Нуқул ўша қўшнимнинг уйига бориб сўзларини тинглагим келаверарди. Бу орада Ислом динини қабул қилдим. Қилган гуноҳларимдан қаттиқ изтироб чекаётган қалбим: “Аллоҳ мени кечирармикан?..” деган саволлар гирдобида ўз ҳаловатини йўқотди.
Бир куни ўзимда куч тўплаб қўшнимнинг ёнига чиқдим.
– Опа, Худо мени кечирармикан? – дедиму кўзларимдан тинимсиз ёш қуйила бошлади.
Менинг ҳамма кирдикорларимдан хабардор Муслима опа эса:
– Қуръони каримда Аллоҳнинг: “Илло, шундан (куфрдан) кейин тавба қилиб, (хатоларини) тузатсалар, албатта, Аллоҳ кечиримли ва раҳмли зотдир” (Оли Имрон сураси, 89-оят) деган ваъдаси бор. Агар афсус-надоматингиз чин бўлса, қайтиб бу ишларга қўл урмасангиз, иншоаллоҳ, тавбаларингиз қабул бўлади. Аксинча, ўша залолатдаги ҳаётга яна қайтсангиз, Аллоҳ таолонинг: “Албатта, имон келтирганларидан кейин (яна) куфрга қайтган, сўнгра куфрларини зиёда қилган кимсаларнинг тавбалари сира қабул қилинмас. Ана ўшалар адашган (гумроҳ)лардир” (Оли Имрон сураси, 90-оят) деган огоҳлантируви ҳам бор. Бу борада энди қаттиқ эҳтиёткор бўласиз, синглим, – дедилар. Сўнг: – Аввало, Ислом динини қабул қилганингиздан жудаям хурсандман. Аммо эски гуноҳ ишларингизга қайтиб, имонингизни хатарга қўйманг. Номаҳрамлар билан асло учрашманг. Мени айтди дерсиз, агар ҳалол юрсангиз, шундай бахтга эришасизки, кўплар ҳавас қилади сизга”, – деб таъкидладилар.
Бу гаплардан анча енгиллик ҳис қилиб, ўзимга сўз бердим: “Худо хоҳласа, қайтиб бу ишларни қилмайман”.
Орадан икки йил ўтди. Намоз ўқиш ва рўза тутишни ўргандим. Тўғри, бу ишлар бошида менга анча қийинчилик туғдирди. Ўғлим Сашани суннат қилдик. Опам ҳам мусулмон бўлди. Дунёда кўп неъматлар ичра энг бебаҳо неъматга эришганимиздан жуда мамнунман.
Атиги икки йиллик тоат-ибодатим, Яратганга бўлган кучли ишончим, чинакам тавба-тазаррум сабаб Аллоҳ мени мукофотлади. Бир йигитга турмушга чиқдим, қиз фарзандли бўлдим. Қайнона-қайнотам келин бўлишимга роса қаршилик қилишди. Чунки ўғиллари уйланмаган ва менинг қора ўтмишим уларнинг қулоғига етиб борганди. Аммо ўғилларининг қатъий сўзидан кейин ота-оналари ҳам рози бўлишди. Турмушимизнинг илк ойларидаёқ уларнинг кўнглини олишга мушарраф бўлдим. Мусулмон қайнона-қайнотам мени ва фарзандимни ниҳоятда қадрлаб, ўз фарзандидай кўришди. Турмуш ўртоғим билан мусулмонлик йўл-йўриқларига риоя қилиб яшаётганим ва шундай кунларга етганим учун Раббимга беҳисоб ҳамду санолар айтаман. Ислом бунчалар гўзал ва покизалик дини бўлмаса...”.
ХУМОРБЕГИМ
ёзиб олди