Муҳр босилди. Унинг зарбидан столгина эмас, еру кўк ларзага келди. Буни биров сезди ё сезмади.
“Тамом бўлди”, ғудранди эр. Лабини қимтиб, кўзида айланган ёшини ғурур тўктирмаган аёл оғир ва мағрур хонадан чиқди. Улар бир-бирига тўғри келмабди. Қутулдилар. Ташқаридан нур оқиб кираётган, йўлак ҳам иккига ажралган ҳув анави дераза олдидаги икки норасида эса...
Жамиятнинг соғлом бўлиши оиладаги муҳитга боғлиқ. Бу ўзгармас ҳақиқат. Зеро, ҳар қачон оила, қариндош-уруғ, қўни-қўшни муносабатлари жамиятнинг жон томирлари бўлиб келган. Унинг тараққиёти ҳам, таназзули ҳам айни шуларга дахлдор. Бугун қай бир соҳада ривожланиш шиддат билан кечмасин, эврилишлар даврида ҳам ота-она, эр-хотин, фарзандлар, қайнона-қайнота алоқалари муҳим. Шу боис, оилавий ажримлар, келишмовчиликлар, ака-ука, опа-сингил, ота-бола, қайнона-келин муносабатларидаги нохуш ҳолатлар сони ортаётгани кишини хавотирга солади. Айниқса, кейинги пайтларда оилавий низоларнинг жиноят билан якун топаётгани, куч ишлатиш ҳолатлари, ажримлар сонининг ортиб бораётгани бу борада маълум бир чора-тадбир кўришни талаб қилмоқда.
Мазкур масала кеча ёки бугун муҳокама қилинаётгани йўқ. Бу миллат эртасига дахлдор мавзу бўлгани учун ҳам ҳар қачон, ҳар ерда долзарб аҳамият касб этган. Бироқ унинг ечимига ёндашув турлича.
Дунёнинг айрим мамлакатларида оила институти, ёшларни оилага тайёрлаш, ажримлар, низоларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилганки, улар тажрибасини ўрганиш бу каби муаммоларга ечим топишда миллий концепцияни ишлаб чиқиш имконини беради.
Татаристон Республикасидаги таълим муассасаларида 2013 йилдан буён "Оила юритиш сабоғи" дарслари ўтиб келинади. Бу лойиҳа бугун Россия бўйлаб ҳам кенг қулоч ёймоқда. Ҳафтада бир марта ўтказиладиган дарслар давомида оила аъзоларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, оила тутуми ва бюджетини шакллантириш масалалари, бола парвариши, фарзанд асраб олиш ёки қарамоғига олиш шартлари каби масалалар ёшларга тушунтириб борилади.
Шу ўринда бу тажрибани ўзимизда қўллаш оилавий муносабатларни тартибга солишдаги миллий ёндашувнинг бир қисми бўлиши мумкинлигини таклиф қилган ҳолда, оиланинг ижтимоий ҳолатига бевосита таъсир кўрсатаётган бошқа омилларни ҳам ёдда сақлаш кераклигини таъкидлаш даркор.
– Жамият ҳаётида рўй бераётган ҳар бир жараён оила институтига бевосита таъсир кўрсатади, – дейди социолог Наргиза Алимова. – Урбанизация ва миграция ана шундай омиллардан биридир. Илгарилари кўп фарзандлилик, икки ва ундан ортиқ авлод вакилларининг биргаликда яшаши оилавий қадриятларнинг асосини ташкил қилган бўлса, бугун шаҳарлашиш ҳамда миграция таъсирида бундай анъаналарга путур етмоқда. Эндиликда кўп болалиликнинг ўрнини икки ёки бир фарзандлилик эгаллаб, ёш оилаларнинг алоҳида ҳаёт кечиришга бўлган интилиши ортиб бормоқда. Аслида муаммо бунда эмас. Ривожланиш бир ерда тўхтаб қолмаслиги инкор этиб бўлмас ҳақиқат. Гап ана шундай ўзгарувчан замонда оила аталмиш қўрғоннинг бутлигини сақлаш учун замон руҳига мос аниқ режалар ва ечимлар илгари сурилмаётганида. Шу маънода, Президентимиз Шавкат Мирзиёев 4 июль куни ёшлар масалаларига бағишлаб ўтказган видеоселектор йиғилишида оилавий ҳаётда юзага келиши мумкин бўлган салбий ҳолатларга қарши курашишда манзилли ишлаш тизимини жорий этиш кераклигини таъкидлаганда ҳақ эдилар.
Ёши улуғлар тилидан айтиладиган “Ҳозирги ёшлар қийинчилик нималигини билишмайди” мазмунидаги эътирозлар кунора қулоғимизга чалинади. Уларнинг қарашларини инкор қилмаган ҳолда, бугунги кун ёшларининг ҳам ўз муаммолари ва ўй-ташвишлари борлигини унутмаслик керак, назаримда. Боиси бир томондан анъанаю қадриятлар, бошқа томондан эшик қоқмай бостириб келаётган глобаллашув асрида ҳаётий маслагини аниқламай, кенг дунёқараш учун етарли билимга эга бўлмай аросатда қолиш эҳтимоли юқори. Демоқчи бўлганимиз, мустаҳкам оила учун пойдевор қураётиб, давр тақозо этаётган – ҳуқуқий билим, мажбурият ва масъулият каби жиҳатлар ҳам инобатга олинса, шунда ота-оналарнинг “бир-бирига тўғри келмаган” фарзандлари сони камаярмиди?
Моҳира Отабоева, ЎзА