Мақолалар

Тасаввуфнинг диндаги ўрни, моҳияти ва тизим ўлароқ пайдо бўлиши

Дин бандаларнинг зоҳирига ҳам ботинига ҳам хитоб қиладиган, уларни икки жаҳон саодатига эриштирадиган илоҳий одоб ва ҳукмлардан ташкил топган тарбия тизимидир. Бу тарбия асосан уч соҳада амалга ошади. Биринчиси ишонч, иккинчиси ибодат, учинчиси эса аҳлоқдир. Дин қалбдан ишониш билан бошланади; ибодат тоат билан яшатилади. Одоб, гўзал аҳлоқ, қалб поклиги, нафс тарбияси билан Аллоҳга бўлган дўстлик исбот этилади. Шу ҳолда комил бир мў‘мин бўлиш динга мукаммал амал қилиб яшашга боғлиқдир.
Динимизнинг бу уч асосга таянганини ушбу машҳур ҳадисдан билиш мумкин.
Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидда саҳобаи киромлар билан ўтирган эдилар. Ўша пайтда бир киши пайдо бўлди. Келган шахс, оппоқ кўйлакли, қора сочли, хушбўй ҳид таратган, устида сафар изи кўринмаган, ҳеч ким танимаган бир киши эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келди, олдига ўтирди, қўлларини тиззасининг устига қўйди ва сўрай бошлади.
“Эй Муҳаммад! Менга Исломнинг нима эканлигидан хабар беринг”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
“Ислом, Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқлигига, Муҳаммад Унинг пайғамбари эканлигига шаҳодат келтиришингдур. Бундан ташқари, намоз ўқишинг, закот беришинг, рўза тутишинг ва кучинг этса, Аллоҳнинг уйи Каъбани зиёрат қилишингдур”,- дея жавоб бердилар.
У киши тўғри айтдинг, деди. Биз ажабланиб қолдик, ўзи сўраб, ўзи тасдиқлаяпти.
Яна У: “Менга иймоннинг нима эканлигидан хабар беринг”, - дея сўради; Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
“Иймон, Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига, барча яхшилик ва ёмонлик Аллоҳнинг тақдири билан бўлганига ишонишингдур”, - дея жавоб бердилар.
У киши тўғри айтдинг, деди ва “эҳсон недур?” - дея сўради; Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
“Эҳсон, Аллоҳни кўриб тургандек Унга ибодат қилишингдур. Агарчи сен Уни кўрмасанг ҳам, У сени кўрмоқдадур”, -дедилар.
Киши: “Менга қиёмат қачон бўлишини хабар беринг”, - дея сўради.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бу борада савол сўралган кимса, сўрагувчидан билгувчироқ эмас”, – дедилар.
Лекин бу кишининг саволига биноан Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қиёматнинг баъзи аломатларидан хабар бердилар. 
Бу саволларни сўраган киши ўша пайтда кўздан ғойиб бўлди. Бироздан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Савол берган кишини танидингми, эй Умар!”, дедилар. “Аллоҳ ва унинг Расули билгувчироқ”, деб жавоб берди Умар розияллоҳу анҳу. “У Жибрил эди, сизларга динингизни ўргатгани келди”, дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам.
Демакки, Жаброил алайҳис-салом, ўзи бир нарса ўргангани эмас, 
бу йўл билан инсонларга динни ўргатгани келган эди. Уни, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга Аллоҳ юборган, у билан диннинг аслини бизга ўргатиб, айниқса, саҳобаи киромларга уни бу шаклда кўриш шарафини бахш этган.
Бу ҳадисда белгиланганидек, дин уч асос узра қурилган: Булар иймон, ибодат ва ахлоқдир.
Иймон - ишонч асосидир, буни калом илми олимлари тадқиқ этади. Ибодатларни фиқҳ олимлари тадқиқ этади. Ахлоқ эса инсоннинг ички тарбиясидир. Бу қалбдан салбий сифатларни тозалаб, ўрнига яхши сифатларни қўйишдир. Бундай бир тарбия, энг гўзал шакли билан, бу соҳада раҳбар бўлган комил инсонларнинг назар ва назоратида пайдо бўлади. 
Бу комил инсонлар, Қуръон ва Суннат узра қурилган тасаввуф мактабларида этишганлар.
Бу ҳадисда белгиланган эҳсон, асл ғояси маънавий поклик ва гўзаллик бўлган тасаввуф тарбиясининг асосини ташкил этади ва бу тарбиянинг моҳиятини ўртага қўяди.
Ҳар мў‘минга соғлом иймон ва тўғри ибодат фарз бўлгани каби қалб поклиги, нафс тарбияси ва гўзал ахлоқ ҳам фарздир. Бу фарзларни бажаришга восита бўлган нарсалар ҳам улар каби алоҳида аҳамият касб этади.
Ҳеч бир мў‘мин “Мен иймон келтирдим, ибодат қиламан, лекин менга ихлос керакмас, илоҳий севги керакмас, менинг маърифатуллоҳга эҳтиёжим йўқ, мен қалб поклигини хоҳламайман, нафс тарбияси билан шуғулланмайман”, дея олмайди. Бундай фикр қилган инсон хато қилади, динини ҳаққи билан танимаган ва яшамаган бўлади. Қалби улуғ Аллоҳ билан ҳузур-ҳаловат топмаган ҳар бир инсон зарардадир. Илоҳий севги 
ва зикруллох битмас ҳузур-ҳаловат деганидир. Ҳеч қачон ўзгармайдиган бу қатъий ҳукм борасида Қуръони каримда шундай буюрилган:
“Иймон келтирганлар ва Аллоҳнинг зикри ила қалблари ором топганлар: Аё Аллоҳнинг зикри ила қалблари ором топмасми? (Ҳа, иймон келтирганларнинг қалблари Аллоҳнинг зикри ила ором топади. Чунки, у қалблар ўзларининг Аллоҳга доимий боғлиқ эканликларини ва дунйодаги ҳамма нарса Аллоҳдан эканлигини яхши ҳис этадилар)”. (Раъд сураси, 
28-оят).
Тасаввуф – қалбни Аллоҳ билан таништириб, ҳузур-ҳаловатга этиштириш йўлларини ўргатган ва уни бевосита ўзи татбиқ этган бир тарбиявий тизим. Тасаввуф гўзал аҳлоқ мактабидир. Қалб поклиги ва гўзал аҳлоқ диннинг ботиний фиқҳидир. Бунга Қуръони каримда тақво дейилади. Тақвога этишиш учун қилинган курашга тазкия дейилади. Тазкия қалбни инкор, ширк, исён ва ғафлат кирларидан тозалаб, руҳни поклаш, нафсни салбий хулқ-атворлардан қутқазиб, гўзал сифатлар билан безамоқдир. Буларнинг барчасидан мақсад улуғ Аллоҳнинг розилигига ва дўстлигига этишмоқдир. Мақсади Аллоҳ розилиги бўлган тарбиянинг барча усул 
ва одоби ҳам Аллоҳ розилигига мос келиши керак.
Аллоҳ таоло илоҳий тарбиянинг ва дўстликнинг марказига Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламни қўйгандир. Унга бош эгмаган кимса буюк Аллоҳнинг ризолигини томолмайди ва Унга дўст бўлолмайди.
Аллоҳ таоло бу масалада барча инсониятнинг олдига шу илоҳий ўлчовни қўйган:
“Айтинг (эй, Муҳаммад): Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират этади. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир (“Оли-Имрон” сураси, 31-оят).
Олимлар белгиланганидек, бу оятдаги “тобеъ бўлиш” оддийгина тобеъ бўлиш эмас. Бу эрдаги тобеълик Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳақиқий маънодаги бир севгини ўз қамровига олади. Бу севги Фахри Коинат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга қалб, тил, ҳол ва ахлоқ ила том маънода таслимият билан тобеъликдир. Мў‘мин ичи 
ва таши билан, ишонч ва яшаш тарзи билан суннатни маҳкам ушлаган тақдирдагина Аллоҳга севилган бўлади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳоби киром розияллоҳу анҳумларга Ислом дини, иймон, ибодат ва эҳсонни ўргатган, кўрсатган, яшатган ва ундан кейин охиратни шарафлантирган.
Саҳобаи киром розияллоҳу анҳумлар ҳам ўзларидан кейин келганларга дин, иймон, ибодат ва эҳсонни бир бутун ҳолда ўргатганлар. Дин аввалги икки асрда бир бутун ҳолда татбиқ этилиб, зоҳирий ва ботиний тарафлари айни ҳассос(нозик)лик билан кўринади ва яшалади. Кейинчалик эса аҳвол ўзгаради.
Ҳижрий ИИ асрлардан эътиборан диний ҳаётда бир заифлик кўрина бошлайди. Янги фатҳлар ва Исломга янги кирганлар билан Исломият жуда кенг ёйилди. Бу аҳвол турли хил муаммоларни ҳам келтирди. Динга янги кирганларга уни тушунтирмов ва яшатиш учун олимлар ва солиҳ кишилар жуда катта ғайрат сарф этишди.
Калом олимлари эътиқод соҳасига, фақихлар ибодат мавзуларига, муҳаддислар ҳадисларни аниқлашга, муфассирлар Қуръоннинг тафсирига, тил олимлари араб тилига йўналиб, Исломнинг асосий илмларини жонлантиришга ва инсонларга этказишга ҳаракат қилдилар ҳамда Аллоҳнинг изни билан бу ишларда муваффақиятга эришдилар. Бу орада ориф, солиҳ, авлиё, сўфий исми билан Аллоҳ дўстлари ҳам диннинг одоб, ахлоқ, қалб поклиги ва илоҳий ишқга йўналдилар; ҳиммат ва ғайратларини бу соҳада сарф қилдилар. Бу вақт мобайнида инсонларнинг табиатига мос тарбия 
ва ислоҳ усулларини ривожлантирдилар. Бу ишда Қуръон ва Суннатга таяндилар. Саҳобаи киромнинг татбиқи ва уларга эргашган тобеинлардан ўрнак олдилар. Дин тарбиясини ўзларининг нафсларида яшатдилар 
ва инсонларга кўрсатдилар. Инсонларнинг кўнглига хитоб қилдилар. Суҳбат, муҳаббат, ваъз, насиҳат, тавба, ишқ, гўзал ахлоқ, зарофат, соддалик, мардлик каби гўзалликлар билан кўнгилларни қозондилар.
Мана шу маънавият йўлбошчилари ҳижрий В асрдан бошлаб Ислом оламидаги тарбия марказларини ва мактабларини қурдилар. Зоҳирий олимлар шариат илмини суҳбат ва китоб ёзиш йўли билан авлоддан авлодга қандай этказиб берган бўлсалар, ҳол, маънавият ва қалб илми дейилган ихлос, файз, севги, илоҳий ишқ, кўз ёши, одоб ва гўзал ахлоқлар ҳам қалбдан қалбга, кўнгилдан кўнгилга кўчирилиб, ҳозирги кунимизга қадар этиб келди. Аллоҳ таоло ҳар даврда бу диннинг ҳам зоҳирий ва ҳам маънавий илмларини ўрганувчи, англагувчи ва бошқаларга ўргатувчи шахсларни яратган. Маънавият ва ахлоқ илмини комил муршидлар, Раббоний олимлар юритади ва улар насибаси бўлганларга этказадилар. Бу неъмат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оламларга раҳмат бўлиш мўжизасининг бир давомидир.
Бу раҳмат ахлоқи асосида яшаб, инсониятнинг ёруғ юзи бўлган комил инсонлар тарихнинг ҳар даврида бўлганлар. Йўлини ва севгисини йўқотган инсонлар улар билан йўлини топган, ҳузур-ҳаловатга эга бўлиб, ўзлигини англаган, ҳақиқий инсонийлик ва одоб билан танишган.
Саййид Абдулқодир Жийлоний, Юнус Эмро, Мавлоно Жалолиддин Румий, Хожи Бектоший Валий, Шоҳ Нақшбанд, Имом Раббоний, Мавлоно Холид Боғдодий, Аҳмад Рифоий ва бошқа буюк зотлар (қоддасалллоҳу асророҳул алия) барча инсониятга илоҳий ишқ ва одобни ҳаёти давомида яшаган ҳолда кўрсатганлар.
Ҳақ йўлининг раҳбари бўлган Аллоҳ дўстлари барча инсониятга раҳмат бўлган бир пайтда кишилар ичида тасаввуфдан ёвуз амаллари учун фойдаланишни хоҳлаган аҳлсиз ва ёмон ниятли инсонлар ҳам чиққанлар. 
Бу йўл улуғ Аллоҳнинг йўлидир. Бу йўлнинг ўлчови, асоси, усули, одоби, амали қиёматгача ўзгармайди. Йўл очиқ, усули маълум, одоб ва ахлоқ махфий эмас. Ҳол ва йўналиши Қуръон ва Суннатга мос келмаган инсонларни тарк этиш керак.
Буюк валийлар ва улуғ орифлар одоб ва тақво йўлида қандай раҳбарлик қилинишини ҳаммага кўрсатганлар. Уларга мункир бўлганлар хато қилади, зарар кўради ва зарар этказади.
Маънавий силсила бу йўлнинг омонлигидир. Буюк зотлар бу силсила билан илоҳий ишқни, файзни, илмни, одобни, ахлоқни ва омонатни 
бир-бирларидан олиб яшаганлар ва ўзларидан кейингиларга этказганлар.
Аллоҳ бу буюк омонатни шу кунга қадар этказганларни раҳмат айласин, уларнинг даражаларини олий, мақомларини юксак қилсин. Бизларни улардан ажратмасин! Омин!


САИДОВ ИБРОҲИМЖОН
Мир Араб олий мадрасасининг
Тасаввуф илми мактаби ўқитувчиси

6306 марта ўқилди

Мақолалар

Top