Мақолалар

Ҳаёт манбаимиз исрофи ёхуд оби ҳаёт ҳақида ўйлар

Ўзбекистонда бир одам соқол олишга ўртача 20 литр сув сарфлайди. Бу ҳақда 2000 йил Олий Мажлисда бўлиб ўтган йиғилишда айтилган эди. Ўтган ўн саккиз йил мобайнида қанчадан қанча йигитларимизнинг соқоли чиқди-ю, аммо ўша сарфланаётган 20 литр сув 21 литрга чиқса чиққандир, аммо 19 литрга тушгани йўқ.

Европаликлар эса соқол олишга 200 грамм сув сарфлайди. Бунинг сабаби бизнинг соқолимиз европаликларнинг соқолидан 100 баробар кўплигида эмас, биз шунчаки сув жўмрагини очиб қўйиб 100 баробар кўп сувни оқизиб юборишимизда, холос.

Лекин бунинг акси ўлароқ Европа чучук сув захираларига қуруқ иқлимли бизнинг минтақадан кўра, 100 баробар бўлмаса ҳам анчагина бой.

Аллоҳ таолонинг иродаси ила бу йил нафақат бизнинг минтақада, балки қуруқ иқлимли барча ҳудудларда сув танқислиги кузатилди. Ҳатто баъзи ўлкаларда шиддатли қурғоқчилик кузатилмоқда. Шукрлар бўлсинки, Раббимиз бизнинг юртимизда ҳам сув неъматини бир оз тортиб қўйди-ю, қаттиқ қурғоқчилик билан синамади. Бунда Ватанимиз бўйлаб ўтказилган Қуръон мусобақасида қилинган тиловатлар, дуоларнинг ҳиссаси катта бўлди, албатта...

Аслида намчил ўлкаларда вақти-вақти билан сув тошқинлари бўлиб туриши – АҚШ, Британия, Япония... қуруқ иқлимли ҳудудларда қурғоқчиликлар, сув танқисликлари бўлиб туриши табиий ҳодиса. Уларнинг машҳурлари ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу даврида Арабистон ярим оролида юз берган даҳшатли қурғоқчилик, Амир Темур ҳазратлари даврида Мовароуннаҳрда бўлган шиддатли қурғоқчилик, 1932-33 йиллардаги миллионлаб одамнинг ёстиғини қуритган очарчилик, собиқ шўро давридаги 1985-86 йиллардаги қурғоқчилик, 2000-2001 йил юртимизда  содир бўлган қурғоқчиликлардир.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу, Амир Темур раҳматуллоҳи алайҳ, Ислом Каримов раҳматли даврида қурғоқчилик сабабли аҳоли унчалик зарар кўрмади. Бу синовдан давлат раҳбарининг омилкорлиги сабабли мамлакат ва халқ беталофат  чиқди. Бироқ собиқ шўро давридаги қурғоқчиликлар сабабли халқнинг бошига кўп офатлар ёғилди.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев бу йил об-ҳавонинг унчалик ўнғай келмаганига вегетация даврининг бошиданоқ эътибор қаратиб, сувнинг боридан самарали фойдаланиш, деҳқонларимизнинг беҳуда меҳнат сарф-харажатлар қилиб қўйишининг олдини олишга алоҳида аҳамият берди. Хусусан, 28 май куни  Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида Ўзбекистонда сув танқислиги сабабли шоли экиладиган майдонлар 162 мингдан 94 минг гектаргача қисқартирилиши айтилди. Гуруч савдоси билан шуғулланувчи, бозорнинг авзойини тез англайдиган учар савдогарларимиз ўша куниёқ гуручнинг нархини икки баробарга оширди. Бозордаги гуручнинг нархи кечагина олганидан нақд икки баробар ошиб қолганини кўриб содда харидорлар ҳайрону лол бўлиб, ўзи ҳамишаги бозоримиздаманми, дея атрофни кўздан кечириб ёқа ушлаб қолди.

Шунингдек, ўша кунги видеоселекторда сув танқислиги кутилаётган Қашқадарё вилоятида такрорий экин майдонлари 30 минг гектарга, Самарқанд вилоятида 42 минг гектарга, Бухоро вилоятида 20 минг гектарга, Навоий вилоятида 14 минг гектарга ва Қорақалпоғистонда 10 минг гектарга камайтирилиши маълум қилинди. Бунинг ҳисобига дуккакли ўсимликлар нархи ҳам юқори сапчиди.

Ҳа, майли, бошлари омон бўлсин, ҳар қандай имкониятдан одамлар ўзларининг феъл-атворидан чиқиб фодаланади-да, бунинг учун бировни маломат қилиш – нега ҳамма ҳар тарафга қараб юради, ҳамма бир тарафга қараб тартиб билан юрсин дея кўчага калтак кўтариб чиққан дарвешнинг ишига ўхшаб қолади... 

Сўлим Фарғона вилоятида Бештерак деган маҳалла фуқаролар йиғини, ўша ерда Ўртақишлоқ деган қишлоқ борлигини кўпчилик юртдошларимиз билмас эди. Ана шу қишлоқда яшовчи пири бадавлат отахону онахон  Мамарасул ака ва унинг турмуш ўртоғи Мунаввара опа муборак ҳаж сафарига бориш учун йиллар давомида мисқоллаб  44 миллион сўм йиққан эдилар. Улар ана шу маблағини Ўртақишлоқ аҳолиси учун қудуқ қазиб, минорасини ўрнатишга сарфладилар.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда сувни ҳаёт манбаи қилиб қўйганини таъкидлаб кўплаб оятлар келтирган. Жумладан, «Биз  осмондан баракотли сув — ёмғир ёғдириб, унинг ёрдамида боғ-роғларни ва ўриб олинувчи дон-дунларни ҳамда тизилган (мевали) новдалари бўлган баланд хурмоларни ундириб-ўстирдик. Бандаларга ризқ бўлсин учун (мана шундай қилдик). Яна у (сув) ёрдамида ўлик шаҳарни − ерни тирилтирдик (Ўликларнинг ўз қабрларидан қайта тирилиб) чиқишлари ҳам мана шундай бўлур» (Қоф сураси, 9-11-оятлар).

Дарҳақиқиат, сув экинларимизни, чорвамизни суғорадиган, ўзимизнинг чанқоғимизни босиб, танимизни поклайдиган, турли касалликлардан ҳимоя қиладиган неъмат бўлиш баробарида унинг яна бир гўзал фазилати бор экан: Мичиган университети олимлари етарлича сув ичмаслик ортиқча вазн йиғишга сабаб бўлиши мумкинлигини кўрсатувчи янги маълумотларга эга бўлишди. Бу эса ичимлик суви семизлик билан курашишда ёрдам бериши мумкинлиги тўғрисидаги фикрни қўллаб-қувватлайди.

Раббимиз Мўминун сурасида сувни аниқ ўлчов билан қор-ёмғир қилиб ерга жойлаб қўйганини айтган. Демак, бу йилги ўлчовда юртимизга одатдагидан камроқ сув тақсим қилинганки, бунинг ҳикмати – сув неъматининг қадрини янада теранроқ ҳис этиб, ақлимизни кўпроқ ишлатиб, одатдагидан-да омилкор бўлайлик, сувдан тежаб-тергаб фойдаланайлик.  Ана шунда Парвардигоримиз бу бебаҳо неъматни яна мўл-кўл қилиб беради, иншоаллоҳ.

 

Дамин ЖУМАҚУЛ,

ЎМИ Матбуот хизмати

4379 марта ўқилди

Мақолалар

Top