Мақолалар

Ғофур, Ғаффор ва Ғофир исмлари орасидаги фарқни биласизми?

Аллоҳ таолонинг 99 та энг гўзал исмлари орасида Ғофур (الْغَفُورُ), Ғаффор (غَفَّارٌ) ва Ғофир (غَافِر) исмлари ҳам бор. Бу исмлар “Мағфират (кечириш)”, “Сатр (беркитиш)”, “Афв (бутунлай ўчириб юбориш)” маъноларидадир.

 

Ғофур исми

 

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

  قُلْ يَا عِبَادِيَ الَّذِينَ أَسْرَفُوا عَلَى أَنفُسِهِمْ لَا تَقْنَطُوا مِن رَّحْمَةِ اللَّهِ إِنَّ اللَّهَ يَغْفِرُ الذُّنُوبَ جَمِيعاً إِنَّهُ هُوَ الْغَفُورُ الرَّحِيمُ

“Сен менинг тарафимдан: “Эй ўз жонларига исроф (жабр) қилган бандаларим, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират этар. Албатта, унинг ўзи ўта мағфиратли ва ўта раҳмли зотдир”, деб айт”. (Имом “Бухорий Саъд ибн Жубайрдан (р.а.) келтирган ривоятда айтилишича, кўплаб гуноҳлар қилган бир гуруҳ мушрик Расулуллоҳнинг (с.а.в.) ҳузурларига келиб: “Албатта, сен даъват қилаётган нарса жуда ҳам гўзал. Қани, айт-чи, биз қилган нарсаларни ювадиган нарса ҳам борми?” деб сўрашганида Аллоҳ таоло ушбу ояти каримани туширган экан.) (Зумар сураси, 53-оят).

Ғофур исми Қуръони Каримда 91 марта келган.

 

Ғофир исми

 

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

غَافِرِ الذَّنبِ وَقَابِلِ التَّوْبِ شَدِيدِ الْعِقَابِ ذِي الطَّوْلِ لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ إِلَيْهِ الْمَصِيرُ

“У гуноҳни мағфират қилгувчи, тавбани қабул этгувчи, иқоби шиддатли ва фазлу карам соҳиби бўлган зотдир. Ундан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ. Қайтиш Унинг Ўзигагинадир” (Ғофир сураси, 3-оят).

Ғофир исми Қуръони Каримда 1 марта келган.

 

Ғаффор исми

 

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

وَإِنِّي لَغَفَّارٌ لِّمَن تَابَ وَآمَنَ وَعَمِلَ صَالِحاً ثُمَّ اهْتَدَى

“Албатта, Мен тавба қилган, иймон келтириб, яхши амал қилган, сўнгра тўғри юрганларни кўплаб мағфират қилгувчиман” (Тоҳа сураси, 82-оят).

Ғаффор исми Қуръони Каримда 3 марта келган.

 

Ҳозирги даврнинг кўзга кўринган уламоларидан Муҳаммад Ротиб Набулсий бу мавзуда сўз юритиб шундай деганлар:

“Бу уччала исм ҳам “мағфират” (مَغْفِرَةٌ) сўзидан олинган. Баъзи аҳли илмлар бундай дейишган: “Агар инсон Аллоҳ азза ва жаллага нисбатан исён қилса, Қуръони Каримда бу ҳолат золум, золим дея васф этилган. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:

فَمِنْهُمْ ظَالِمٌ لِّنَفْسِهِ

“Бас, улардан ўзига ўзи зулм қилувчилари бор” (Фотир сураси, 32-оят).

 

إِنَّهُ كَانَ ظَلُوماً جَهُولاً

“Дарҳақиқат, у ўта золим ва ўта жоҳилдир” (Аҳзоб сураси, 72-оят).

Золлам эса яна муболағалироқ лафз бўлиб, ҳаддан ташқари кўп зулм қилувчи маъносидадир.

Ғофир – гуноҳни кечирувчи, битта гуноҳни кечирувчи маъноларида келади.

Ғофур – кўп гуноҳларни кечирувчи дегани.

Ғаффор – ўта кўп ва улкан гуноҳларни кечирувчи деганидир.

Эй банда, агар сен золим (ўз нафсига зулм қилувчи) бўлсанг, Аллоҳ таоло Ғофирдир.

Эй банда, агар сен золум (ўз нафсига кўп зулм қилувчи) бўлсанг, Аллоҳ таоло Ғофурдир.

Эй банда, агар сен заллом (ўз нафсига ўта кўп зулм қилувчи) бўлсанг, Аллоҳ таоло Ғаффордир”.

Ё Аллоҳ, гуноҳларимизнинг барчасини, каттасини-кичигини, ошкорасинини-махфийсини, билиб-билмай қилганимизни Ўзинг мағфират этгин!

 

 

 

Набулсийнинг китоблари ва интернет маълумотларидан

Нозимжон ИМИНЖОНОВ

таржимаси

4567 марта ўқилди

Мақолалар

Top