Мақолалар

Болангиз виртуал ўйинлар қаҳрамонига айланиб қолмасин...
Беҳзод компьютерига янги ўйинлар ўрнатди. Энди олти ёшга тўлаётган ўғлига “Спеэд Раcинг Cар” – “Машиналар пойгаси” ўйинини қандай ўйнашни кўрсатиб берди.
 
Ўйинга диққат билан тикилиб турган ўғли “дада, машинангиз одамларни босиб кетяпти” деди. Шунда Беҳзод “ўғлим, бу ўйинда одамларни машина босиб кетса ҳам ҳеч нарса қилмайди, сен машинангни ҳайдаб кетаверасан, тушундингми?” деб ўғлини компьютер ёнига ўтқазиб қўйди. 
 
Орадан икки ой ўтгач Беҳзод ўғлини боғчадан олиб, автомобиллар тўхтовсиз ҳаракатланаётган катта йўлдан ўтишга шайланди. Шу орада ўғли қўлдан чиқиб, тинимсиз ўтиб турган машиналар орасидан йўлнинг нариги бетига югурди. Бола сабаб бир неча автомобиль бир-бирига тўқнашди. Яхшиямки, ҳайдовчиларнинг ҳушёрлиги сабаб болакай омон қолди. Фарзандининг бебошлигидан жаҳли чиққан Беҳзод югуриб бориб:
 
– Нега бундай қилдинг, – деб бақирди.
 
Мўлтираб турган ўғли:
 
– Дадажон, машина босгани билан барибир менга ҳеч нарса қилмайди, ўзингиз айтгансиз-ку? – деб жавоб берди...
 
Бугун замонавий ахборот технологиялари, энг сўнгги турдаги компьютерлар кўпчиликнинг уйидан жой олган, улардан воз кечиб бўлмайди. Чунки, виртуал олам одамни, айниқса, ёшларни оҳанграбодек ўзига тортмоқда.
 
Энг сўнгги турдаги техник воситаларни пухта ўзлаштириб, замон билан ҳамнафас бўлиб бормоқ керак, акс ҳолда, тараққиётдан ортда қолиб кетиш ҳеч гап эмас. Аммо танганинг икки томони бўлганидек, замонавий технологияларнинг ҳам салбий оқибатлари бўлиши мумкинлигини унутмаслик лозим.
 
Доимий равишда компьютер ўйини ўйнашни одат қилган бола ҳақиқий ҳаётни ўйиндан фарқлай олмай қолиши ҳолатлари кузатилмоқда. Бу аксарият ота-оналар иш кўпайиб кетганини рўкач қилиб, фарзанд тарбиясини ўз ҳолига ташлаб қўйганлигининг натижасида келиб чиқаётир. Жигарпорасини турли хавф-хатардан асраган ота-она онг-у тафаккурга келганда бепарволик қилиб, фарзандининг овуниши, бўш ўтирмаслиги учун компьютер ўйинларига рўбарў қилишга уринади. Натижада бола компьютер ўйинларининг асирига айланмоқда.
 
– Бундай муҳитда вақт қандай ўтгани сезилмайди, шунинг учун ўсмир болалар компьютер ўйинларига мутлоқ тобе бўлиб қолмоқда, –дейди болалар шифокори Дилмурод Каримов. – Болалар ўйинга берилиб кетганидан ҳатто қорни очганини ҳам билмай, касаллик орттириб олиши кузатилмоқда. Ўйинларнинг салбий оқибатлари фарзандларимизнинг руҳиятига ҳам таъсир қилмоқда. Компьютер нури нафақат болаларни, ҳатто катталарни ҳам руҳан, ҳам жисмонан толиқтиради. Афсуски, бола керакли физиологик қувватни техника ёнида соатлаб ўтириши натижасида йўқотади. Бола организми ўсишни истайди, лекин кучи етмайди. Шундан у сўлғин, руҳан жиззаки, одамови бўлиб қолади.
 
Берилиб компьютер ўйнашнинг салбий оқибатлари кўп. Энг асосийси, инсоннинг кўриш қобилияти пасаяди. Ваҳоланки, ёш болалар экранга кунлик қарашининг меъёри 45 дақиқа этиб белгиланган. Компьютер ўйинида ғалабага интилаётган бола ўз мақсадига эришмагунча соатлаб ҳаракат қилади. Бу ундаги худбинликни (эгоизм) кучайтиради. Атрофдагиларга бемеҳр бўлади. У ўйинда душманни ўлдиради. Натижада ҳаётда одамларга бефарқ бўлиб қолади. Уларга махлуқ сифатида қарайди. Дарс, мутолаадан ташқари, ота-онани, катталарни ҳурмат қилиш туйғулари сўниб боради.
 
Виртуал ўйинларининг салбий оқибатлари ҳақида оммавий ахборот воситаларида бот-бот бонг уришса ҳам барибир интернет-кафеларининг доимо ёшлар билан гавжумлиги, у ерда ўсмирларнинг турли ўйинларга муккасидан кетаётгани ва қимматли вақтини беҳуда ўтказаётгани дилни хира қилади. Айниқса, болаларнинг диққатини монитордан узмаган ҳолда бир-бири билан сўкишиб, бир-бирини беҳаё сўзлар билан ҳақоратлаб гаплашиши интернетдан маълумот олиш учун келган қизлар, аёлларнинг жиддий эътирозига сабаб бўлмоқда.
 
– Иш юзасидан интернет-кафега киришимга тўғри келди, – дейди пойтахтимизнинг 218-мактаб ўқитувчиси Раъно Назарова. – У ерда 11-12 ёшдаги болаларнинг бадхулқлигидан кирганимга афсус қилдим. Ўшандан буён бундай жойларга киришга юрагим бетламайди. Ҳар доим ота-оналар мажлиси ўтказганимда уларга ўзим кўрган ҳолатни гапириб бераман ва фарзандини ўз ҳолига ташлаб қўймасликни, бола тарбиясига жиддий қарашини, энг муҳими, бола виртуал ўйинлар қаҳрамонига айланиб қолмаслигини тайинлайман. 
 
Психологларнинг компьютер ўйинларини ўйнаш ҳар кунлик режимга айланиши инсон руҳиятига ўта салбий таъсир қилиши ҳақидаги илмий қарашлари улуғ бобокалонимиз фикрларига ҳамоҳангдир. Буюк қомусий олим Абу Али ибн Сино вақтини беҳуда сарфловчи кишилар ҳақида бундан бир неча аср илгари “Бекорчилик ва айш-ишрат нафақат нодонликка олиб келади, айни вақтда турли касалликларнинг пайдо бўлишига ҳам сабаб бўлади”, деб ёзган.
 
Чегара билмас ахборот макони ривожланаётган бугунги кунда ёш авлодни компьютер технологияларидан тўғри фойдаланишга ўргатиш миллий қадриятларимизга содиқ, комил фарзандларни вояга етказишда муҳим аҳамият касб этади. Компьютер хизматлари кенг ривожланаётган бир пайтда ёшларнинг интернет-кафелар хизматидан тўғри фойдаланишини таъминлаш, беҳаё сайтлар ёки турли ўйинлар таъсирига тушиб қолишининг олдини олиш ота-оналар ва ўқитувчилар зиммасидаги масъулиятли вазифадир.
 
Замонавий ахборот-ресурс марказлари электрон дарслик ва миллий ўйинлар билан бугун глобал тармоққа уланган интернет-кафелар бир пайтнинг ўзида тезкор почта, маълумотлар базаси, дунёдаги турли воқеа ва ҳодисалар ёритиладиган информация манбайи бўлиш билан бирга, зўравонлик, беҳаёлик каби иллатларни тарғиб қиладиган, ёш авлод онг-у шуурига мафкуравий тазйиқ ўтказадиган турли ўйинлар ўчоғига ҳам айланмоқда.
 
Шунинг учун ҳам маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлонийнинг “Агар бир киши ёшлигида нафси бузилиб, тарбиясиз, ахлоқсиз бўлиб ўсдими, бундай кишилардан яхшилик кутмак ердан туриб юлдузларга қўл узатмак кабидир. Дин ва эътиқоди саломат бўлмаган кишилар ҳақни ботилдан, фойдани зарардан, оқни қорадан, яхшини ёмондан айира олмас, бундай кишилардан на ўзига ва на бошқа кишиларга ва на миллатга тариқча фойда йўқдур”, деган сўзлари бир аср аввал миллатимиз учун қанчалик долзарб бўлган бўлса, ҳозир ҳам ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ.
 

 

Даврон Суннатов, ЎзА
4504 марта ўқилди

Мақолалар

Top