Мақолалар

Янги уйлар – янги орзулар   (Учинчи мақола)

 

«Энг муҳими, давлатнинг халққа муносабати ўзгармоқда. Халқ деган тушунчанинг қадри юксалмоқда. Эл-юртга хизмат қилиш ҳаётимиз мазмунига айланмоқда. Буларнинг барчаси одамларимизнинг кундалик ҳаётида ўз амалий ифодасини топмоқда. Уларнинг эртанги кунга ишончи янада мустаҳкам бўлмоқда».

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон халқига Янги йил табригидан

Айни шу жараёнда Президентимиз ғояси билан оилаларнинг бирламчи ҳаётий эҳтиёжи – уй-жой таъминоти билан боғлиқ масалаларга ечим топишнинг янги тизими амалда ўзини тўла-тўкис оқлади, дейиш учун бугун барча асос бор.  Бунда, аввало, меҳнат қилиб, даромад топишга лаёқати чекланган, тақдирнинг оғир зарбаларига учраган, ногиронлиги бўлган инсонларнинг бошқалардан кам бўлмаган шароитда яшаши учун ўзига хос механизм йўлга қўйилгани мамлакатимиздаги инсонпарварлик сиёсатининг ёрқин исботидир.

Президентимизнинг Сурхондарё вилоятидаги Халқ қабулхонаси ҳудудда уй-жой билан боғлиқ мурожаатлар ўсиши сабабларини таҳлил қилганда, кейинги ўн йилда воҳада аҳоли сони ярим миллионга кўпайгани ва ҳар йили 25-30 мингдан ортиқ янги оилалар шакллангани ҳолда уй-жойлар қуриш кўлами мутаносиб ўсиб бормаганини кўрсатди. Халқ қабулхонаси таклифига асосан вилоят ҳокимининг қарори билан  вилоятда 7 мингга яқин фуқарога якка тартибда уй-жой қуриш учун жами 540 гектар ер майдони ажратилгач, бу борадаги мурожаатлар икки ярим баробарга камайди. Бундан ташқари, 2017 йили янгиланган лойиҳалар асосида вилоятда 1 минг 129 та уй-жой қурилиб, фойдаланишга топширилди. Хусусан, бу жараёнда уй-жойга ўта муҳтож, меҳнатга лаёқати чекланган, ногиронлиги бўлган инсонлар яшаётган 171 оила арзон ва замонавий уйларга эга бўлди.

2017 йил 29-30 декабрь кунлари вилоятнинг барча туманида ана шундай 140 оила янги уйларга кўчиб кирди. Мазкур уйларнинг бошланғич бадали учун 2 миллиард 710 миллион сўм шакллантирилган бўлса, бунинг 1 миллиард 320 миллион сўми давлатимиз томонидан тўлаб берилди.

Денов туманидаги “Фарғона” қишлоқ фуқаролар йиғини Водий массивида янги уйлар калитлари, бошланғич бадал тўлангани тўғрисидаги сертификат ва уй ҳужжатларини топшириш маросими катта тантанага айланди: кўзёшлар, қувонч-у шодликлар, қалбдан тошган туйғулар – ҳаётдан розилик муждаси...

Жарқўрғонлик Ғани Бердиев бир кунда бир оёқ-қўлидан айрилди. Отаси оламдан ўтган, оиласининг ягона боқувчиси ўзи бўлган бу инсон учун бундай оғир мусибатни енгиб ўтиш осон бўлмади. Камига онаси ва икки синглиси билан яшаш шароити бўлмаган ижара уйда истиқомат қилиб келаётган эди.

Сабр, шукр ва матонат ўз кучини кўрсатди. Президентимизнинг Халқ қабулхонасига мурожаатидан сўнг биринчи гуруҳ ногирони Ғани Бердиев, унинг онаси ва икки синглисига ипотека кредити асосида икки сотихли уч хонали янги ҳовли ажратилди. Хонадон барча мебель, ошхона ва уй жиҳозлари билан таъминланди. Ғани ака биринчи гуруҳ ногирони бўлса-да, бугун уйда ўтирган ҳолда касаначилик асосида ишлаб, даромад топмоқда.

Бойсунлик Мусулмон Мустафоқулов болаликдан 1-гуруҳ ногирони. Қарийб олтмиш ёшни қаршилаган бу инсон оила қурмаган, укасининг қарамоғида яшаб келаётган эди. Анча таъмирталаб, зах босган эски ҳовлида қийналиб яшаган Мусулмон акага икки сотихли янги уй ажратилгани унга ажойиб совға бўлди.

Эъзоз ва эътиборнинг катта-кичиги бўлмайди. Ҳеч қачон уйига эга бўлмаган Мусулмон ака қарийб олтмиш ёшида уй насиб қилганидан илҳомланиб, ўзи ясаган дўмбирани созлади. Кечинмалар сўзга кўчди, куйга сингди...

Қизириқлик 23 ёшли Севара Мамаражабова биринчи гуруҳ ногирони. Боз устига ёшлигида онасидан ажралган. Шунча мусибатга қарамай, бу қизнинг қўлида гулдай ҳунари бор. Унинг меҳнатлари маҳсули ён-атрофдаги кўплаб қишлоқ қизларининг келинлик сепини безамоқда. Бир неча йилдан бери ижарада истиқомат қилиб келаётган Севарани давлатимиз ўз ҳолига ташлаб қўймади – энди икки сотихли уч хонали уйи бор.

Олтинсойлик 2-гуруҳ ногиронлари Мастона Мамадалиева ва турмуш ўртоғи Нурмуҳаммад Сатторовнинг уч фарзанди бор. Неча йиллар кичкина, совуқ, зах бошпана – устахонада иложсизликдан кун кечириб юрган бу оиланинг топгани рўзғордан ортмас эди. Уй сотиб олиш – аччиқ ҳаётнинг шиддатли тегирмонида эзилган қалбларнинг ширин орзуси эди, холос. Ушбу орзулари ушалди. Қийинчиликларнинг барчаси ортда қолди.

Туғма иккинчи гуруҳ ногирони Наргиза Ражабова Шерободга келин бўлиб тушган. Тўрт фарзанди бор. Бироқ у оила қурса-да, уйли бўлмади. Ночорлик шу даражага етдики, турмуш ўртоғи ва фарзандлари билан туман тиббиёт бирлашмасининг собиқ биносидаги бир хонадан қўним топишга мажбур бўлди. Ўз уйи бўлишини ҳамиша ният қилган Наргиза Ражабова бу борада бир неча бор Президентимизнинг виртуал қабулхонасига мурожаат қилди. Мурожаатга ечим топилди: бу оила икки сотихли уч хонадан иборат замонавий уй-жойга кўчиб кирди.

Ангорлик Фахриддин Алимардонов иккинчи синфда ўқиб юрган вақтида кўзи ожиз бўлиб қолган. Биринчи гуруҳ ногирони. Онасида ҳам ногиронлик бор. Улар олти сотихли уйда яна уч оила – 11 жонга қўшилиб, сиқилиб яшаб келган. Боз устига оғир шароитдаги турмуш оқибатида ягона ўғлидан ҳам ажралиб қолган. Неча-неча тонгларни оқартирган дуолар бугун қабул бўлди, ниятлар ушалди. Туман мутасаддилари янги хонадон соҳибини уй билан муборакбод этиб, унга брайль алифбосидаги китобларни совға қилди.

Тилимиздаги меҳр-оқибат, меҳр-шафқат, қадр-қиммат каби чуқур маъноли иборалар замирида ўзгармас ҳаёт ҳақиқати мужассам: инсон ўз уйига эга бўлса, ҳаётда юксак мақсадлар билан яшайди, ён-атрофдаги қўни-қўшни билан иноқлашишга, маҳалла-кўйга кўпроқ аралашишга ҳаракат қилади. Жамиятга сингишган одамни эл-юрт олдидаги жавобгарлик ҳисси эзгу ишларга ундайди. Шу боис ҳам ҳаётнинг ҳар қандай чиғириғидан иродаси букилмай ўтиб, ёруғ кунларга интилган, ўз уйи бўлишини йиллар давомида орзу қилган бу инсонлар ҳаётидаги шодиёнага бутун сурхондарёликлар, вилоятдаги турли миллат вакиллари шерик бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

Виртуал қабулхонаси

3887 марта ўқилди

Мақолалар

Top