Мақолалар

Мисвок ишлатишнинг 15 фойдаси

Мисвок – тишни самарали оқартирадиган, жилосини сақлайдиган ва соғлом қиладиган энг ажойиб восита. Одамлар кўп асрлардан бери тиш пастаси ўрнига ана шу табиий воситадан фойдаланиб келганлар. Арок (ботаник номланиши Salvadora Persica) деб аталадиган дарахтдан синдириб олинган кичик  новдага мисвок дейилади. Ўша шохчанинг бир тарафидан пўсти арчилиб тиш тозалашда қўлланилади.

Мисвокдан фойдаланиш Пайғмабаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннати шарифларидан. 2003 йил олимлар мисвок билан тиш чўткаларини солиштириб ўрганганда мисвокнинг тиш чўткасидан фойдали экани аён бўлди. Халқаро соғликни сақлаш ташкилоти Халқаро консенсус маърузасида 1986 ва 2000 йилларда мисвокдан фойдаланишни тавсия этди ва бунинг натижасида мисвокнинг фойдали жиҳатларини ўрганиш юзасидан жиддий тадқиқот ишлари олиб борилди.

Мисвок арок дарахтидан ташқари зайтун ва ёнғоқ дарахтларидан ҳам олинади. Тишни тозалаш учун синдириб олинган шохчанинг пўсти 5-10 мм. ўлчамда арчилади ва толаларга ажралиши учун чайналади. Мисвокдан намоздан олдин, меҳмонга борганда мезбоннинг уйига киришдан олдин, сафар олдидан ва кейин, ухлагани ётишдан олдин, уйқудан тургандан кейин, очиққанда ва чанқаганда, бирорта тадбирга боришдан бурун фойдаланилади.

Мисвокдан фойдаланиш фойдалари ҳақида Пайғамбар алайҳиссалом ҳадиси шарифларида: “Сивак бу – оғизни поклайдиган ва Аллоҳ таолони сиздан рози қиладиган воситадир”; “Агар умматларимга қийинчилик туғдирмаганида эди, уларга ҳар таҳорат олганда мисвокдан фойдаланишни буюрган бўлар эдим”, деганлар. Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўзлари кундузи ҳам, тунда ҳам уйқудан турганларида, ҳар сафар таҳорат олганларидан мисвок билан тишларини тозалаганлар. Мисвокнинг фойдалари қуйидагиларда намоён бўлади:

  1. Мисвок тишнинг ёрилиши, доғ бўлиши, тош йиғилиши ва эмалининг емирилишини тиш пасталаридан самарали ҳимоя қилади
  2. Мисвок тиш милкини мустаҳкамлайди ва кариеснинг олдини олади.
  3. Мисвок тиш оғриғининг кучайиб кетишига қаршилик қилади ва кариеснинг ривожланишига йўл қўймайди.
  4. Мисвок яллиғланиш ва бактерияга қаршилик қилади ва ножўя таъсирлар қилмайди.
  5. Мисвок оғизда хушбўй ҳид пайдо қилади. Мисвокдан муттасил фойдаланиш ҳисобига оғиз бўшлиғида ажойиб микрофлора ҳосил бўлади.
  6. Mисвок оғриқни қолирувчи хусусиятга эга.
  7. Мисвок оғиздаги нохуш ҳидни бартараф қилади ва таъм билиш қобилиятни яхшилайди (таъм билувчи рецепторларнинг сезгирлигини оширади).
  8. Мисвок хотирани яхшилайди.
  9. Мисвок бош оғириғини даволайди (Бунинг сабаби шундаки, мисвок қулоқ, кўз, бурун, тил ва халқум каби биологик фаол нуқталарга таъсир қилиб, уларнинг ишлаш режимини меъёрига келтиради).
  10. Мисвокдан доимий равишда фойдаланиб юрган кишининг юзи нурли бўлади.
  11. Тишни оқартиради.
  12. Кўриш қобилиятини яхшилайди.
  13. Овқатнинг яхши ҳазм бўлишига ёрдам беради.
  14. Овознинг тиниқ чиқишига ҳисса қўшади.
  15. Мисвок ишлатган кишига тиш пастасининг асло кераги йўқ, чунки мисвокнинг таркибида тишнинг ниҳоятда сифатли тозалайдиган моддалар бор.

 

 Робия ЖЎРАҚУЛОВА тайёрлади.

18707 марта ўқилди

Мақолалар

Top