Мақолалар

“Умр заволи”дан йироқ бўлайлик

Аллоҳ таоло барча махлуқотлари ичида инсонни мукаррам қилиб яратган. Унга Ердаги кўп нарсаларни бўйсундириб қўйган ва саноғига етиб бўлмас неъматлар берган. Бунинг эвазига инсонларни Ўзи буюрганидек турмуш кечиришга амр этган.

Зеро, Ҳақ таоло Қуръони каримда инсонни бошқа мавжудотлардан кўра ақлли ва мукаррам қилиб яратиб, унга жуда кўп неъматларни ато этганини, унга покиза нарсалардан ризқ-рўз берганини эслатиб айтади: “Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик” (Исро сураси, 70).

Бу билан буюк Парвардигоримиз инсониятни барча ёмонликлардан сақланишга, илоҳий амрларни адо этишга, жамият ва дин манфаати йўлида яхши амалларни қилишга, виждонли, мустаҳкам иродали, жисми соғлом, гўзал хулқли, дин ва жамиятга наф келтирувчи, Ватанини ҳимоя қилувчи, умматга қалқон бўлувчи, Ўзига ибодат қилувчи, ўзига юклатилган вазифани мукаммал адо қилувчи бўлишга ва фақат покиза нарсаларни истеъмол қилишга даъват этади.

Ана шундай катта вазифалар юкланган инсон фарзанди Аллоҳ буюрганидек яшаш учун ақли ва жисмининг соғлом бўлиши учун қайғуришга масъулдир. Бунинг учун у Аллоҳ белгилаб қўйган ҳалол ва ҳаромни фарқлаши, ўзига фойдали нарсаларни қилиши, зарар келтирадиганларидан четланиши зарур. Агар мусулмон киши Аллоҳ таолонинг бу ҳаётий тавсияларига риоя қилса, унинг ҳаёти намунали кечади ва инсон деган улуғ номни эъзозлаган бўлади. Агар инсон бу борадаги мувозанатнинг бузилишига сабаб бўладиган ёмон йўлларга қадам қўйса, омонат қилиб топширилган жон ва ақл неъматига хиёнат қилган бўлади ва ўзини ҳалокат чўғига ташлаган бўлади.

Ҳозирги кунда гиёҳвандлик балоси инсоният ҳаётига жиддий хавф солаётган, унинг азиз ва мукаррамлигига путур етказаётган иллатлардан бўлиб турибди. Бежизга уни “аср вабоси” деб сифатлашмаган. Гиёҳвандлик Аллоҳ таоло инсонга ато этган жон, жисм ва ақл неъматларининг заволига сабабчидир. Улуғ Раббимиз барчамизни огоҳлантириб айтади: “...ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!..” (Бақара сураси, 195).

Бошқа бир оятда эса: “...ўзларингизни (бир-бирингизни ноҳақ) ўлдирмангиз! Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм-шафқатлидир” (Нисо сураси, 29).

Муфассирлар ушбу оятни бир неча хил тафсир қилишган, шулардан бири “Ўз жонингизга ўзингиз қасд қилмангиз”, яъни, ҳаёт қийинчиликларига бардош бера олмай ёки бирор нарсанинг аламига чидай олмай ўзини ўзи ўлдириш тақиқланмоқда, яна бир маъноси шаръан рухсат этилмаган ҳар қандай иллатга, хусусан гиёҳвандликка муккасидан кетиш, ҳам шулар жумласидандир.
Шариатимизда барча маст қилувчи, одам ақли-ҳушини карахт қилувчи нарсалар, шу жумладан, хамр ичиш ва гиёҳвандлик ҳаром қилинган. Зеро, ҳадиси шарифда: “Ҳар бир маст қилувчи нарса хамрдир, ҳар бир хамр эса ҳаромдир”, дейилади (Имом Муслим ривояти).

Бошқа бир ҳадиси шарифда:

Пайғамбар (с.а.в.) ҳар қандай маст қилувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтирувчи нарсаларни истеъмол қилишдан қайтардилар”, дейилади (Аҳмад ва Абу Довуд ривояти).

Инсон сиҳат-саломатлиги ва ақлига зарар қиладиган гиёҳвандликнинг ҳар қандай кўриниши шаръан ман қилинишига Бурҳониддин Марғиноний каби олиму уламолар иттифоқ қилишган. Имом Бадриддин Заркаший ҳам ўз китобида гиёҳвандликнинг зарар ва офатлари ҳақида батафсил маълумотлар берган.

Аллома ибн Ҳожар ал-Маккийнинг “Фатовои Кабир”ида айтилишича, “Гиёҳвандлик моддаларини истеъмол қилишда бир қанча диний ва дунёвий зарарлар мавжуд: у инсон тафаккурини ўтмаслаштиради, тананинг турли касалликларга чидамлилигини йўқотади, хотирани сусайтиради, бош, юрак, сил, истисқо хасталикларини юзага келтиради, ибодатдан тўсади, шарму ҳаёни кетказади, инсоний муносабатлар ва мурувватга зарар етказади”. Бундан ташқари, бу зарарли иллат инсонни ўта ялқов, камғайрат, оилага бепарво, ҳамиятсиз, жинсий заиф қилиб қўяди, кўзни хиралаштиради, тишларни тўкиб юборади. Яна фатволарда келишича, “Гиёҳвандлик моддаларини истеъмол қилиш, уни сотиш ва унинг тижоратидан келган фойда ҳам ҳаром саналади”.

Ҳозирда ҳам гиёҳвандлик инсонга ҳар томонлама зарар беришини Ғарб ва Шарқ тиббиёт мутахассислари бир овоздан тасдиқлашмоқда. Бу моддаларни истеъмол қилувчилар ўнлаб тузалмас касалликларга йўлиқиши, ҳаётдан эрта кетиши, гиёҳвандлардан мажруҳ, ақли ноқис фарзандлар туғилиши исботланди. Бу эса инсоннинг ўз жонига қасд қилиши билан баробардир. Гиёҳвандлик ва уни кишилар, айниқса, ёшлар ўртасида тарқалишининг олдини олишга барчамиз бирдек масъулмиз.
Муқаддас динимиз инсон ҳамма томондан, ички дунёси ҳам, ташқи қиёфаси ҳам гўзал, соғлом, пок бўлишини талаб этади.

Имом Бухорий ривоят қилган бир ҳадисда бундай дейилади: “Аллоҳ таоло (ҳадиси қудсийда) марҳамат қилурки: “Бандам ўзини-ўзи ўлдириб, Менинг унга берган умримга шукр қилмай шошилди. Шунинг учун унга жаннатни абадий ҳаром қилдим”.

Шундай экан, ҳар бир инсон ўз тана аъзолари саломатлиги йўлида қайғуриши лозим. Зеро, тана аъзолари соғлом бўлиши ва уларни турли зарарли одатлардан, касалликлардан сақлаш ҳар бир кишининг муҳим бурчи бўлиб ҳисобланади. Янгидан-янги дори-дармонлар қанчалик кўпаймасин, тиббий муассасалар сони ва сифати, шифокорлар савияси ва тиббий техника сифати қанчалик яхшиланмасин, агар инсоннинг ўзи ўз саломатлиги устида қайғурмаса кутилган натижага эришиб бўлмайди. Ҳозирги кунда ичкиликбозлик, гиёҳвандлик ва кашандаликка қарши кураш олиб бориш инсониятнинг энг муҳим ва долзарб вазифаларидан бири бўлиб турибди. Айниқса, ёшларга бу одатларнинг зарари ҳақида мунтазам тушунтириш ишлари олиб бориш ҳаммамизнинг вазифамиздир.


Бектош ҲАКИМОВ
Хатирчи туман бош имом-хатиби

 

 

4101 марта ўқилди

Мақолалар

Top