Мақолалар

Собитқадам саҳобий

Собит ибн Даҳдаҳ розияллоҳу анҳу ансорлардан бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага кўчиб ўтганларида ёрдам қўлини чўзган инсонлардан ҳисобланади. У зот ўткир фаҳмли, зийрак, моҳир чавандоз, ҳаёт қийинчиликларини мардонавор енгиб ўтувчи, ночорларга ёрдам беришга, мазлумларни қўллаб-қувватлашга, маҳзунларга ҳамдард бўлишга шошарди. Шу билан бирга Аллоҳ ва унинг Расулига бўлган муҳаббати чексиз эди.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.  Бақара сурасининг 245-ояти ҳақида қуйидагиларни айтади: “Аллоҳга яхши қарз берадиган ким бор?! Бас, токи унга берганини кўп марта кўпайтириб берса. Ҳолбуки, Аллоҳ (ризқни) тор қилур ва кенг қилур. Унинг ўзигагина қайтасизлар”, ояти нозил қилинганда, Собит розияллоҳу анҳу: “Эй, Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ таоло биздан қарз беришимизни хоҳлайдими?”, деди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳа, эй Абу Даҳдаҳ”, деб жавоб бердилар.

  • Қўлингизни узатинг.
  • Нима бермоқчисан?
  • Агар мен Роббимга яхшилик йўлида, савоб олиш мақсадида берсам, Жаннатга кираманми?
  • Ҳа, албатта.
  • Менинг иккита боғим бор. Биттасининг атрофи ўралган, етти юз туп хурмо кўчати бор. Шунисини бераман.
  • Шундай қил, айтганингни бер, иккинчисини оиланг эҳтиёжлари учун қолдир.
  • Сиз гувоҳ бўлинг, эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, уларнинг энг яхшисини бердим.
  • Ундай бўлса, Аллоҳ сени Жаннат билан мукофотлайди.

Шундан сўнг, Собит розияллоҳу анҳу ҳадя қилинган боғга борди. У ерда аёли ва болаларини кўриб: “Эй, Даҳдаҳнинг онаси, бу боғдан тезроқ чиқинглар, чунки Аллоҳнинг “Аллоҳга яхши қарз берадиган ким бор?!” оятига биноан мен бу боғни ҳадя қилиб юбордим”, деди. Аёли унинг олдига келиб: “Аллоҳ сизнинг қилган бу ишингизни баракотли қилсин ва Жаннат билан мукофотласин”, дея фарзандларининг қўллари ва чўнтакларидаги хурмо меваларини ўша ерга ташлаб қўйиб, бошқа боғларига олиб кетди (Абу Яъло ва Табароний ривояти).

Уҳуд жанги куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қаттиқ азиятлар етказилди: муборак юзлари тилиниб, қон оқди, тишлари синди, айримлар У зот соллаллоҳу алайҳи васалламни вафот этди, деб фитна чиқаришди. Айниқса, Муҳаммад вафот этди деган уйдурма гап саҳобалар орасида кенг тарқалди. Бундан айримлар саросимага тушишди. Лекин мусулмонлар кўп талофат кўрганларига қарамай юксак жасорат кўрсатдилар. Ана шундай қийин вазиятда Собит розияллоҳу анҳу тоғ тепасига чиқиб: “Эй ансорлар, менинг олдимга келинглар. Пайғамбаримиз ўлдирилган бўлсалар ҳам, Аллоҳ доимо барҳаёт зотдир. Аллоҳнинг Ўзи бизга ёрдам беради”, деди. Уҳудда кечган шиддатли тўқнашувда унинг ўзи ҳаётдан кўз юмди.

Қ. САЛИМОВ

 “Мирза Ғолиб” жомеъ масжиди имом-ноиби

3048 марта ўқилди

Мақолалар

Top