Мақолалар

Комил мўминнинг сифати

Яхшилик ва ёмонлик Аллоҳдан деб иймон келтирганмиз, шу эътиқодга амал қилиб борсак улуғ ажрларга эга бўламиз. Ҳаётимиздаги хар бир ҳолатга шукр қилсак, сабр қилсак зафар топамиз. Мукофоти жаннат бўлади, иншоаллоҳ.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрати ибн Аббос розияллоҳу анҳуга насиҳат қилди: “Ҳар бир ишингда Аллоҳ таолони ҳақиқий сақлагувчи деб билгин – Аллоҳ сени сақлагай. Қалбингда ҳамиша Аллоҳ таолони сақлагин – Аллоҳ сенга  доим ҳамроҳ бўлгай. Бирор нарса сўрамоқчи бўлсанг, Аллоҳ таолодан сўрагин. Билгинки, бутун дунё аҳли йиғилишиб сенга бирор фойда келтирамиз деса Аллоҳ таоло ёзганидан ортиқ фойда келтира олмаслар. Агар сенга бирор зарар етказмоқчи бўлсалар сен ҳақингда Аллоҳ таоло ёзган миқдоридан ортиқ зарар беролмагай. Азалдан бўладиган ва бўлмайдиган нарсалар тақдирда ёзиб қўйилгандир”.

Аммо эътиқод масалалари ва ҳадиси шарифларда айтилганки тақдир икки нарса билан ўзгаради яъни дуо қилиш ва солиҳ амалларни кўпайтириш билан. 

Ўзимизга   жамиятга хизмат қилиб дуосини олмоқлик, эл  назарини топмоқлик, ватанга, маҳалла кўйга яхшилик қилмоқлик, садақаи жорияларни қолдирмоқликни лозим тутайлик.

Инсон бошига ҳар қачон, ҳар қандай мусибат келса Аллоҳ таолодан умид узмаслик керак, хар бир қийинчилик ортидан сабр қилса хайрият бор, мусибатдан кейин роҳатга чиқишлик ҳам бор. Балога учраган бўлса ундан қутулмак ҳам бор. Зулмдан қутулиб роҳатга чиқмак, қоронғудан ёруғликка чиқмак бордур.

Инсоннинг дунё ва охират саодатига эришиши ўзининг эътиқоди, ҳиммати ва ғайратига боғлиқдир. Амалларимизни холис Аллоҳ учун қилиб раҳматидан ноумид бўлмай фазли карамидан умидвор бўлмоқлик, тўғри эътиқод қилмоқлик, дил билан тилни бир қилмоқлик комил мўминнинг сифатидир.

 

Абдураҳим САТТОРОВ,

  Избоскан тумани “Бобур” жоме масжиди имом-хатиби

3711 марта ўқилди

Мақолалар

Top