Мақолалар

Пешиндаги уйқуга очиқ хат!

Эй, пешиндаги уйқу! Сен менинг ҳаётимдаги биринчи ёмон кўрган нарсамсан!
Энди-энди эсимни таний бошлаганим боғча даврига тўғри келади. Боғча давридан эса битта нарса – пешиндаги уйқу хотирамда муҳрланиб қолган. Шунақа ёмон кўрардим сени! Боғча опаларимиз мажбурлаб ухлатишарди. Улар билан-ку уйғонганимиздан кейин компот беришганида ярашиб олардик, аммо сени – пешиндаги уйқуни ҳеч кечира олмасдим! Ёмон кўрардим!

Умримнинг энг ширин дамларини тортиб олаётгандек кўринардинг! Ўртоқларим билан энг қизиқ ўйинимизнинг энг муҳим жойида пайдо бўлардинг. Ҳамма нарсанинг белига тепиб, аждарҳодек домингга тортардинг бизни. Сен кетганингдан кейин нима ўйнаганимизни, қаерга келганимизни эслолмай чалкашиб кетардик. Биринчи марта сўкинганимда ҳам сени сўккам бўлсам керак, ҳойнаҳой. Ёки унда ҳали сўкинишни билмасмидим?! Хуллас, сени ёмон кўрардим, жуда ёмон кўрардим, эй, пешиндаги уйқу!
Мактабга чиқиб сендан қутулганимга хурсанд бўлдим. Сени унутдим. Сени шунчалик ёмон кўрганимдан, бир неча йил борлигингни ҳам билмай яшадим. Шунчалик хафа бўлганман шекилли, ҳаётимдан бутунлай ўчириб ташладим.
Университетни битириш арафасида сени эслагандим. Ўшанда, америкаликларга ҳамма масалада ҳавас қилиш касалига йўлиққанимда, Америка маркази – Нью-Йорк шаҳрида сенинг қадринг нақадар баланд экани, Нью-Йорк марказидаги Манхэттен бизнес районида казо-казо ишбилармонлар учун «Метронапс» фирмасида иш кўрсатишинг мени ажаблантирганди. Ҳатто ўша фирманинг расмий интернет саҳифаси – www.metronaps.com сайтида сени қанчалик мақтаб ёзишганига ҳайрон бўлгандим. Сен билан 20 дақиқа учрашиш учун америкаликлар 14 доллар тўлашаётганини ўқиб, кўзларимга ишонмагандим.

Гарчи мени бутунлай ташлаб кетган бўлсангда, охирги вақт сени тез-тез учратадиган бўлиб қолдим. Охирги уч йил Хитойда ишладим, у ердагиларнинг сени ҳар куни канда қилмай зиёрат қилишлари мени лол қолдирди. Ҳатто обрўли ташкилотларнинг расмий одамлари қабулига кирганимда ҳам, хонанинг бир чеккасида сенинг асбоб-ускуналаринг – йиғма кроват ва юмшоқ ёстиққа кўзим тушарди. Тушликдан кейин иш юзасидан биронта хитойликни топа олмай қийналганимда, уларнинг офислари ичидан қулфланган, телефонлари ўчирилган эканини кўрганимда, ҳаммасининг сен билан дийдорлашишаётганини сездим. Уларку майли, ҳатто офиси ва каровати йўқ кўчадаги оддий ишчилар ҳам сен келганингда ерга узала тушиб кутиб олишлари ҳавасимни келтира бошлади. Шунча вақт бунга эътибор бермаган эканман, балки Хитойнинг бу қадар тез суръатда ривожланаётганига уларнинг сенга бўлган катта ҳурмати сабабдир, эй пешиндаги уйқу!
Яқинда Грецияда тадқиқот ўтказишибди. «CNN»нинг хабар беришича, 23 минг киши иштирок этган тадқиқот сенинг мижозларингда юрак ишлаши яхшиланганини кўрсатган. Пешинда ухлаб олган одам билан пешинда ухламаган одамнинг фарқи катта бўлишини ҳатто Ғарб ҳам тан ола бошлади, шунчалик обрўйинг ошиб кетдими?
Ўша грекларнинг айтишича, юракнинг яхшиланишидан ташқари, сен иш унумини ҳам оширганинг ва асабийлашиш ҳолатларини ҳам кескин камайтирганинг кузатилган. Мен эса қадрингга етмабман, сени бекор ранжитибман. Сен-ку майли, сал қолса тунги уйқуни ҳам қувиб солмоқчи эдим. Битта америкалик олимнинг гапига қараганда, «тундаги уйқу бизга ғор давридаги одамлардан қолган мерос» эмиш. Гуёки, ғор давридаги одамлар кечаси ташқарига чиқишса, ёввойи ҳайвонларга ем бўлишдан қўрқиб, қоронғу тушиши билан ғорларга беркиниб олишган ва ўзларини ухлашга мажбур қилишган экан. Шунинг асоратида бугунги одамзот кечаси ухлашга одатланиб қолганмиш. «Бугун кечаси бизга хавф соладиган ҳайвонлар йўқ. Секин-аста бу ёмон одатдан қутулишимиз ва ўзи шундоқ ҳам қисқа умримизнинг ярмини уйқуга сарфламай, уйқуни бутунлай йўқотишимиз мумкин», – деб ёзганди ўша олим. Мен содда, унинг гапига ишониб, ўзимни мажбурлаб икки ҳатто уч кун кечаси ухламай кўрдим. Аммо бу кундузи қиладиган ишларимга салбий таъсирини ўтказганидан кейин фикримдан қайтдим. Аллоҳ бизга кечани «ўраб олгувчи бир либос», ундаги уйқуни эса «баданларимиз учун бир ором» қилиб қўйган зот (Фурқон суръаси, 47-оят) эканини англаб етиб, америкалик тўқима олимнинг фикри сафсата эканини ўз вақтида инкор қилдим.

Энди билдим, сени кўпчилик яхши кўрар экан! Time журналида бизнесменларнинг ёлғон гапириши ҳақида мақола ўқигандим. Ўша мақолада: «Пешиндан кейин «учрашувдаман» деган бизнесменларнинг аксарияти ўз хонасида ёстиқ билан учрашаётган бўлади», – деб ёзилганди. Қара, қанчалик машҳурсан! Интернетни титкилаб, сен замонавий Испания маданиятида ҳам катта ўрин тутишингни ўқидим.

Ишқилиб, бу ўрта асрлардаги Андалусиянинг Ислом билан алоқасига бориб тақалмасин-да, бўлмаса сени ҳайдаб солганим учун ўзимни кечира олмай қоламан. Йўқ, шунақа экан! Ҳатто Пайғамбаримиз ҳам мен яхши кўрадиган «бомдоддан кейинги уйқу»ни эмас, сени тарғиб қилган эканлар! Катта-катта олимлар тунги ибодатни яхши ўтказиш учун сенинг хизматингдан фойдаланишган экан! Эҳ, қаердан ҳам сени хафа қилдим-а, пешиндаги уйқу!

Машҳур одамлардан Томас Эдисон бутун умр сени канда қилмагани, Уинстон Черчилл эса ҳатто Иккинчи жаҳон уруши даврида ҳам ҳар куни сен билан учрашиб тургани энди ярамга туз сепгандек бўляпти, эй пешиндаги уйқу! Черчилл ҳатто: «Пешиндаги уйқу менинг вақтимни камайтирмайди, кўпайтиради – бир кунда мен икки кун яшагандек бўламан!», – деб айнан менга қарата айтган бўлса керак. Мен эса сени энг қадрли вақтимни тортиб олишда ноҳақ айблаган эканман!

Сўнгги йилларда техника ривожлангани сайин вақтимиз камайиб бораётгани сезилмоқда. Одамлар кечаси ухлагани ётганида ҳам ёнида телефонини ҳеч қачон ўчирмаяпти, ўша америкаликлар таътилга чиқишса ҳам кичик компьютерларни ўзлари билан олиб кетишмоқда. Уйқу замонавий одам учун ноёб нарсага айланган, уйқуга берилиб кетиш эса камчилик сифатида қараладиган бўлиб қолган. Аммо барибир сенинг аҳамиятинг беқиёс эканини ҳеч ким инкор қилаётгани йўқ. Нью-Йоркни қўйиб туринг, ҳозир дунёнинг кўплаб мамлакатларидаги замонавий ташкилотлар ҳам ўз биноларида алоҳида «Пешиндаги уйқу» хоналари ташкил эта бошлашибди. Энг қизиғи, пешиндан кейин бироз ухлаб олиш учун мўлжалланган бу хоналар «уйқу хонаси» эмас, «куч хонаси» (Power Room) деб атала бошланибди. «Чунки бу хона куч беради, пешиндан кейин бирров ухлаб олиш иш унумини оширади», – дейишмоқда экан доно ишбилармонлар.

Кечир мени, эй пешиндаги уйқу! Ўз вақтида қадрингга етмаганим учун, сени ҳайдаб солганим, ёшлик давримда сендан унумли фойдаланмаганим учун кечир!

Сен билан энди-энди таниша бошлаётган ўғлим ҳаққи ҳурмати, қайт! Унинг «Мен пешиндаги уйқуни ёмон кўраман!», – деган гапларига эътибор берма! У ёш бола, нима деяётганини ўзи билмайди.

Мен сени яхши кўраман. Вақтида қадрингга етмадим. Қайтақол! Ўтиниб сўрайман! Режаларим катта. Бир кунда икки марта яшамоқчиман, ишларимнинг унумли бўлишини хоҳлайман, балки кечаси ибодатга туришим учун ҳам ёрдам берарсан. Сенсиз буларнинг бирортасини бажара олишимга кўзим етмаяпти. Илтимос, қайт, эй пешиндаги уйқу!

Аваз БЕРДИҚУЛОВ


Манба: Azon.uz

4051 марта ўқилди

Мақолалар

Top