Мақолалар

Ўтганларнинг охирати обод бўлсин!

Динимизда ўтганларнинг яхши сифатларини эслаш яхшилик экани ва аксинча камчиликларини гапирмаслик таъкидлаб ўтилган. Шунинг учун ҳам халқимиз орасида бехосдан марҳумнинг камчиликларини гапириб қўйган одам хижолат бўлганидан гапининг ортидан “ер етказмасин” деб қўяди. Мусулмон киши ўтганларнинг нуқсонларини кавлаштириши яхши иш эмаслигини, ўзи ҳам вақти етиб уларнинг сафида бўлишини ҳис этмоғи лозим. Ўтган мархумлар ота-она бўлса, уларнинг ошна-оғайнилари, яқинлари билан оқибат қилиб қабрларига савоб етказадиган, нурга тўлдирадиган ишларни қилмоғи лозим бўлади.

Абу Усайддан ривоят қилинади: “Набий соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурида эдик. бир одам: “Ё Расулаллоҳ! Мен учун ота-онамга улар дунёдан ўтганларидан кейин қиладиган яхшилик қолдими?” деб сўради. У зот: “Ҳа! Тўрт хислат қолди: уларга дуо қилиш; улар учун мағфират сўраш; уларнинг аҳдига вафо қилиш; уларнинг дўстларини ва сенга уларсиз силаи раҳм бўлмайдиган кишиларни икром қилиш” дедилар”.

Саъид ибн Мусайябдан ривоят қилинади: у зот: “Киши ўзидан кейин боласининг қилган дуоси билан кўтарилади”, дедилар ва: “Мана бундай”, деб икки қўлини кўтардилар”.

Демак, инсон ўз ота-онасининг ортидан мағфират сўраб дуо қилса, ота-онанинг охиратдаги мартабаси кўтарилар экан.

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: “Маййит ўлганидан кейин унинг даражаси кўтарилади. Шунда у: “Эй Раббим, бу нима?” дейди. “Боланг сенга истиғфор айтди”, дейилади.

Демак, инсон ўтганларни яхшиликда эслаб, ортидан садақа, эҳсонлар қилса ота- онасининг мартабаси юксалиб бораверар экан. Шу билан биргаликда бизларда баъзи нохуш холатларни ҳам эслаб ўтса яхши бўлади. Ота-онаси ўтган биродарларимиз кўпинча исрофли маъракаларни бидъат хурофотлар билан тўлдириб ташлашади. Албатта, маййит ҳаққи  учун савоб умидида кўпчиликка таом улашиш савобли иш, лекин бунинг ҳам ўз чегараси ва тартиби бор.

Саъд иб Убода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Эй Аллоҳнинг Расули, Саъднинг онаси вафот этди. Қайси садақа афзал?” деди. “Сув” дедилар. У бир қудуқ қазиди. Расули акром: “Мана шу Саъднинг онаси учун” дедилар.

Демак, ота-она ортидан хайр-эҳсон деганда биз ўйлаганимиз каби фақат маъракалардан иборат эмас, балки инсонларга фойда келтирувчи ҳар қандай савобли ишлар ота-она учун савоб бўлиб бораверар экан.

Аллоҳ барчамиздан ўтганларни яхшилик ва савобли ишлар билан эслайдиган авлодлардан қилсин!

Раҳимжон Марҳумов,

 Олмазор тумани “Мевазор”  масжиди имом-хатиби

манба: nasihat.uz

6902 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Қуриган дарахт фожеаси Ернинг шакли »

Мақолалар

Top