Мақолалар

Агар шайтон васваса қилса
  1. Шайтон инсонларнинг қўлидаги нарсага таъмагирлик қилишга васваса қилади. Шунда Аллоҳ таолонинг қуйидаги ваъдасини эсланг: “Ерда ўрмаловчи бирор нарса (жонзот) йўқки, унинг ризқи (таъминоти) Аллоҳнинг зиммасида бўлмаса! (У) унинг қароргоҳини ҳам, оромгоҳини ҳам билур. Ҳаммаси аниқ Китоб (Лавҳул-маҳфуз)да (ёзилган)дир” (Ҳуд сураси, 6-оят).

 

  1. Шайтон узун орзулар қилишга васваса қилиб, ўлимни унуттиради. Шунда Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятини эсланг: “Бирор жон эртага нима иш қилишини билмас. Бирор жон қаерда ўлишини ҳам билмас. Албатта, Аллоҳ (ҳамма нарсани) билувчи ва хабардор зотдир (Луқмон сураси, 34-оят).

 

  1. Шайтон бу дунёни ўйин-кулгу, маишат билан ўтказишга васваса қилади. Шунда Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятини эсланг: (Эй, Муҳаммад!) Уларга қўйиб беринг: есинлар, фойдалансинлар ва орзулар уларни машғул қилаверсин! Бас, яқинда (қилмишларининг оқибатини) билиб олурлар” (Ҳижр сураси, 3-оят).

Бошқа оятда Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради: (Эй, Муҳаммад!) Кўрдингизми, агар Биз уларни (узоқ) йиллар (сиҳат-саломатлик, мол-давлат билан) фойдалантирсак, сўнгра уларга ваъда қилинган нарса (яъни азоб) келганда, уларга (дунёда) фойдаланган нарсалари асқотмайди” (Шуаро, 205-207-оятлар).

 

  1. 4. Шайтон инсонлардан умидвор бўлишга, уларга суянишга васваса қилади. Шунда Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятини эсланг: “Кимки Аллоҳга тақво қилса, У унга (ташвишлардан) чиқиш йўлини (пайдо) қилур. Яна, уни ўзи ўйламаган жойдан ризқлантирур. Кимки Аллоҳга таваккул қилса, бас, (Аллоҳнинг) ўзи унга кифоя қилар. Албатта, Аллоҳ ўзи (хоҳлаган) ишига етувчидир. Аллоҳ барча нарса учун миқдор (меъёр ва муддатни тайин) қилиб қўйгандир” (Талоқ сураси, 2-3 – оятлар).

 

  1. Шайтон мусулмонлар устидан мазах қилишга, уларни камситишга васваса қилади. Шунда Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятини эсланг: “Ҳолбуки, куч-қудрат фақат Аллоҳники, Унинг пайғамбариники ва мўминларникидир. Лекин мунофиқлар (буни) билмаслар” (Мунофиқун, 8-оят).

 

  1. Шайтон обрў-эътибор қозониш, одамларнинг олқишларига учишга васваса қилади. Шунда Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятини эсланг: (Эй, Муҳаммад!) Раббингизнинг раҳматини (пайғамбарликни) улар тақсимлайдиларми?! Уларнинг дунё ҳаётидаги тирикчиликларини ҳам уларнинг ўрталарида Биз тақсимлаганмиз ва бир-бирларини бўйин сундириш (ишлатиш)лари учун баъзиларини баъзиларидан даражаларини кўтариб қўйганмиз. Раббингизнинг раҳмати эса улар тўплайдиган нарса (бойлик)ларидан яхшироқдир” (Зуҳруф сураси, 32-оят).

 

  1. Шайтон зиқналик қилишга, мол-дунё тўплашга васваса қилади. Шунда Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятини эсланг: “Сизларнинг ҳузурингиздаги нарсалар тугаб кетур. Аллоҳ даргоҳидаги нарсалар эса боқийдир. Биз, албатта, сабр этганларни ўзлари қилиб ўтган гўзал (солиҳ) амаллари баробаридаги мукофот билан тақдирлаймиз” (Наҳл сураси, 96-оят).

 

  1. Шайтон ғурурга кетишга, бошқаларни паст санашга васваса қилади. Шунда Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятини эсланг: “Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир (Ҳужурот сураси, 13-оят).

 

Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўли – ҳидоятида собит қадам қилсин. Шайтон васвасасидан ўз паноҳида сақласин.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

тайёрлади

 

4601 марта ўқилди

Мақолалар

Top