Мақолалар

Онаизор

Сут солинган коса онанинг қўлидан тушиб кетиб, синди. Ўғил бор овози билан онасига бақирди ва ғазаб билан хонани тарк этди. Она кичик бир мактуб битди. Ўғил кўчадан қайтганда она одатдагидек курсида ўтирганча ухлар, мактуб эса кўксида турган эди. Ўғил аста мактубни қўлига олиб ўқий бошлади:

«Ўғлим, меҳрибоним, кўзимнинг қувончи! Афсуски, мен қариб қолдим. Қўлларим қалтираб, овқат кийимимга тўкилиб кетяпти. Энди олдингидек тетик, чиройли, хушбўй эмасман. Сендан илтимос, мени маломат қилмагин. Либос ва пойабзалимни ўзим кия олмаяпман. Илтимос, менга ёрдамлашгин. Оёқларим ҳам юришга қийналяпти. Таҳорат қилиш учун ҳаммомга бораётганимда, қўлларимда ушлаб олгин. Сен юришга ҳаракат қилган пайтларингда, йиқилиб кетмаслигинг учун қўлларингдан неча марта ушлаб олганимни бир эсла. Хотирам заифлашиб қолганидан ва секин гапираётганимдан малолланма. Сен билан гаплашганимда мени хурсанд қиладиган биргина нарса сенинг ёнингда эканимдир. Болалигингда кулгуларинг билан мени хурсанд қилардинг. Бугун ҳам табассумингни мендан дариғ тутма. Мен ўлимини кутиб яшаётган қарияман. Сени туққанимда ёнингда эдим. Вафот этар чоғимда сен ҳам ёнимда бўлгин».

Сўзимиз охирида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан кимга яхшилик қилиш лозимлиги сўралганда,  уч марта «Онангга!» деганларини эслатиб қўймоқчимиз.

Эй Раббим! Оналаримизни Жаннатдан маҳрум қилмагин! Умрларини узун, ризқларини баракали, гуноҳларини мағфират қилгин!

 

Нозимжон Иминжонов тайёрлади.

2910 марта ўқилди

Мақолалар

Top