muslim.uz

muslim.uz

Четверг, 14 Ноябрь 2019 00:00

“Дадажонисига  ўхшаган бўлсин!”

Ой куни яқинлашиб бораётган келин эрига: “Яқинда дада бўласиз, шифокорларнинг гапига қараганда ўғил кўрамиз. Биз ҳам алоҳида ҳоли яшасак, сизга мазали таомлар пишириб кўнглингизни шод қилсам”, деди. Эри бироз асабийлашиб: “Нима, энди она бўламан деб мени ота-онамдан ажратмоқчимисан, шуни яхши билиб қўй-ки, онам менга қилган яхшиликни, хизматни ҳеч қачон ҳеч ким қила олмайди. Кўзингни каттароқ оч, агар яна бир марта шу гапингни такрорласанг, қаттиқ хафа бўламан ва сени ҳам хафа қиламан”, деди.

Келин шу заҳоти эрининг ёнбошига ўтириб: “Мени кечиринг, мен туғилажак ўғлимиз менга қандай муносабатда бўлишини билиш учун сизга шу сўзларни айтган эдим. Менинг жаннатим сизнинг ризолигингизда, сизники эса онажонимнинг ризоликларида, демак мен онажонимнинг хизматларини  қилиш билан розилигингизга эришаман, албатта. Туғилажак ўғлимиз ҳам дадажонисига ўхшаган бўлсин!” дея ибо билан эрининг ёнига ўтирди.        

Хулоса: Одамларга яхшилик улашиб яшаш – ҳаётимизнинг мазмуни демак! Дунёда яхши ном қолдириш, охиратда жаннатга дохил бўлиш эса – бизнинг олий мақсадимиз. Шундай экан, азиз йигитлар-қизлар, келин-куёвлар! Ушбу воқеа бизга ибрат бўлсин!

Абдулмажид ИСАҚОВ,
Қўқон шаҳар бош имом-хатиби

 

Бугун 14 ноябрь куни Боку шаҳрида Иккинчи Боку дунё диний етакчиларининг саммити бошланади. Мазкур халқаро нуфузли тадбирга жуда катта тайёргарлик кўрилган.
Дунёнинг 60 дан зиёд мамлакатидан 350 нафардан ортиқ таниқли уламолар, машҳур муфтийлар, профессор-олимлар, етук экспертлар, давлат ва дин арбоблари ҳамда турли конфессия етакчилари келган.
Ушбу нуфузли тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ҳам иштирок этмоқда.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ҳадис илмида дунё имоми, ҳадис мулкининг амири  номларини олган Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳнинг қўним топган равзалари Ислом оламида юксак эътиборга эга бўлган масканлардан ҳисобланади. У зотни зиёрат қилиш учун бутун ислом оламидан зиёратчилар, олиму талабалар ташриф буюрадилар.

8 ноябрь куни юртимизга келган ҳадис устози, аллома, муҳаддис, танқидчи шайх муфтий Абдуллоҳ ибн Умар Башир Маъруфий ал-Аъзомий ал-Ҳиндий бошчилигидаги меҳмонлар Ўзбекистон бўйлаб сафар қилмоқдалар. Бугун, 11 ноябрь куни меҳмонлар Ислом оламида катта ҳурмат билан тилга олинадиган Имом ал-Бухорийнинг қабрлари жойлашган зиёратгоҳ ва ҳадис мактабида бўлдилар. Аввал Имом Бухорий ҳазратларининг қабрлари зиёрат қилинди. Тиловат ва дуолардан сўнг мажмуа ёнида жойлашган ҳадис мактабида бўлиб, бу масканда таҳсил олаётган талабалар билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашув жараёнида муҳаддис, танқидчи шайх муфтий Абдуллоҳ ибн Умар Башир Маъруфий ҳадис илмидан мавъизалар қилди.

 

Меҳмонларнинг ушбу ташрифи чоғида уларга ҳадис мактаби ректори Олимхон Юсупов ва устоз Маҳмуджон домла Ибодуллаев ҳамроҳлик қилди.

Шунингдек, юртимизда меҳмон бўлиб турган доктор Джанади Бимо Пракосо бошчилигдаги Индонезия мамлакатининг турзимни ривожлантириш бўйича делегацияси ҳам Имом Бухорий мажмуасига ташриф буюрди. Меҳмонлар буюк бобокалонимизнинг мақбараларини зиёрат қилди.

 

ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги

Sabq электрон газетасининг маълум қилишича, 32 йил давомида покистонлик муслима Насим Ахтар томонидан матога тўқиб тайёрланган Қуръони карим кўргазмада намойиш учун жойланди. Ушбу ягона нусхадаги Мусҳаф Жабал Омар Қуръон кўргазмасига қўйилган бўлиб, ҳар куни минглаб инсонлар ушбу кўргазмадан баҳраманд бўлиш учун ташриф буюришлари қайд этилган.

Маълумотларга кўра, 1987 йилда 30 ёшида бўлган покистонлик муслима Қуръони каримни тўқишни бошлаган ва 2018 йил январида у ноёб Мусҳафни кўчиришни тугатган.

Ушбу Мусҳафни яратишда 300 метрдан ортиқ мато ва 25 минг метрданортиқ ип ишлатилган. Қуръони карим 10 томдан иборат бўлгани, ҳар бир қисмда 3 жуздан иборат экани айтилган.

Муслима тўқиш билан пешин намозидан кейин бўш вақтида шуғулланган.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Россиянинг Санкт-Петербург ва Шимоли-ғарбий минтақа мусулмонлари идораси томонидан шаҳар марказий жоме масжидида Мавлид тадбири ташкил этилди.

Мавлидда иштирок этиш учун 1,5 минг нафардан ортиқ мусулмонлар ташриф буюришгани қайд этилган. Тадбир Қуръони карим тиловати билан бошланиб, саловат ва нашидлар ижро этилган. Тадбирда қатнашган Санкт-Петербург ва Шимоли-ғарбий минтақа мусулмонлари идораси муфтийси Равил ҳазрат Панчеев йиғилганларга мурожаат қилиб, бундай учрашувларни ташкил этишнинг муҳимлиги ҳақида фикр билдирган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Мақолалар

Top