muslim.uz

muslim.uz

Маълумки, ҳозирги вақтда йирик ижтимоий тармоқларда фойдаланувчилар сони миллионлаб, миллиардлаб кишига етган. Улар ўзаро мулоқот қиладилар, сайтларга ўзларининг, яқинларининг фотосуратлари, видеоларини қўядилар, у ёки бу мавзуда фикр алмашадилар. Кимлардир бу сайтларда ўзларининг унутилиб кетган танишларини ва болаликдаги дўстларини топадилар.

Ҳар яхшининг бир камчилиги бўлганидек, тармоқларнинг ҳам бир қанча ёмон томонлари бор. Аввало, ижтимоий тармоқлар – психологик қарамлик ҳисобланади. Кўпгина фойдаланувчилар бундай сайтларга бир киргач, кун бўйи қолиб кетадилар. Натижада уларнинг онгида ҳақиқий ҳаёт билан виртуал олам аралишиб кетади. Инсон виртуал олам бу хаёлот эканиги, реал ҳаётга доим ҳам тўғри келавермаслигини унутиб қўяди. Бунинг оқибатида аянчли ҳодисалар юз беради.

Эндиликда ижобий ёки салбий мазмундаги фикрларнинг глобал тармоққа чиқиши учун бир сония кифоя. Хабарингиз бор, бундан бир қанча муддат муқаддам Янги Зеландияда фожиали теракт юз берди.

Янги Зеландиядаги иккита масжидда отишма содир этилди.

Янги Зеландиянинг Крайстчерч шаҳридаги иккита масжидда жума намозидан кейин содир этилган отишма оқибатида камида 27 киши ҳалок бўлди. Шифохоналарга 30 га яқин ярадор ётқизилди. Дастлаб отишма бир масжидда содир этилгани ва 6 киши яралангани маълум қилинган эди. Маълумотларга кўра ушбу отишмани қуролланган кишилар маҳаллий вақт билан соат 13:45 да ёнма-ён жойлашган “Ал-Нур” ва “Линвуд” масжидига бостириб кириб, чиқиш эшикларини ёпган ҳолда, намозхонларни ўққа тута бошлаган. Отишма содир бўлган вақтда масжидда 300 га яқин киши бўлган.

Ню Зеаланд Ҳералд хабарига кўра, Крайстчерч шаҳридаги масжидларга ҳужум қилганлардан бири Aвстралиялик 28 ёшли Брентон Таррантдир.

Таъкидланишича, Таррант “Aл-Нур” масжидига ҳужумни ижтимоий тармоқларда жонли трансляция қилган, у 17 дақиқа давом этган.

Нашрдан қўшимча қилинишича, ҳужумдан бироз олдин Таррант ижтимоий тармоқларда Германия канслери Ангела Меркел ва Туркия президенти Реджеб Тайиб Эрдоғанни ўлдиришга чақирган.

Аввалроқ, оммавий ахборот воситалари манбаларга таянган ҳолда ҳужум оқибатида 27 киши қурбон бўлганини хабар берган эди. Кейинчалик жиноятчилардан бири “Aл-Нур” масжидига ҳужумни онлайн трансляция қилгани аниқланди.

Трансляция ижтимоий тармоқларда ҳам олиб борилгани маълум бўлди. Шу жумладан, Facebook ижтимоий тармоғида ҳам ушбу қатлиом онлайн олиб берилгани ҳақида интернет сайтларида хабар берилди.

Бундан ташқари, бу фожиада ҳам мусулмонларни айбдор деганлар топилди. “Euronews” берган хабарга кўра, Янги Зеландиянинг Крайстчерч шаҳрида жума намози пайтида икки масжидда юз берган терактлардан кейин австралиялик сенатор Фрайзер Эн ўз баёнотида ҳужумларнинг сабаби мусулмон аҳоли сонининг ортиши ва иммигрантлар эканини айтди. Унинг фикрича, Янги Зеландиядаги ҳужумлар жамиятда мусулмонларга нисбатан ортган қўрқувнинг белгисидир[1].

“Бугун Янги Зеландия кўчаларида қон тўкилишининг асл сабаби мутаассиб мусулмонларнинг Янги Зеландияга кўчишига имкон берган иммигратсия сиёсатидир”, - дейди сенатор. Сўзининг охирида у: “Очиқ гапирайлик, бугунги ҳужумнинг қурбонлари мусулмонлар бўлса-да, умуман олганда асл жиноятчилар улар бўлади ва мусулмонлар дунё бўйлаб ўз динлари номидан одамларни ўлдиряпти”, - деди.  Шунингдек, исломофоб сенатор ислом дини зўравонлик мафкурасига таянганини иддао қилди.

Кейинроқ Австралия бош вазири Скотт Моррисон унинг сўзларини “жирканч”, унинг нуқтаи назарини эса мамлакат парламенти учун номуносиб деб атаган.

Шу ўринда эътибордан четда қолган бир жиҳат. Ўзи бу теракт ким томонидан уюштирилди? Терактни амалга оширганлар аслида қайси дин вакиллари ва қандай ғояларга эга инсонлар?

Муҳим бир нуқта яна ислом оламининг эътиборидан четда қолмоқда!

Янги Зеландиядаги мазкур террорист машъум ҳодисадан бироз олдин ўзининг виртуал саҳифасида 70 саҳифалик баёнот берган. Баёнотда, энг асосий душман сифатида беш нарса ҳақида сўз боради.

  • Истанбул
  • Аясофия (Истанбул фатҳининг рамзи)
  • Усмонийлар
  • Турклар
  • Эрдўғaн

Ижтимоий тармоқларда олдинроқ тарқалган суратларда террористнинг қўлидаги қуролларда усмонийлар давлатига қарши жанг қилган ғайридин қўмондонлар, қўзғолончилар ва мусулмонлар қотили бўлган баъзи жаллодларнинг исмлари ёзилгани маълум бўлди.

Хулоса қилиб айтганда, ўз хоҳишлари билан ёвузликнинг энг тубига тушган инсонларгина бундай жиноятни катта эҳтирос билан бажарадилар. Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар берган имкониятлар эса бу истакни кучайтиради. Шунинг учун ҳар бир шахс турли хил террористик ҳаракатларга тарғиб қилувчи виртуал оламнинг зарарларидан ўзини асраб-авайлаши лозим.

 

МАНСУР ЖАМБИЛОВ

Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси

 

 

 

[1] http://kun.uz/uz/986532457 Исломофоб сенатор: “Барибир мусулмонлар айбдор”

Қозоғистонда қозоқ тилида фаолият кўрсатувчи «IOA» ислом онлайн-академияси иш бошлади, дея хабар бермоқда "Азон" нашри (https://azon.uz/content/views/qozogistonda-ilk-islom-onlayn-akademiyas).

Академияда «Нур Муборак» ислом университети устозлари дарс ўтади. 120 видеодарсдан кейин курсни тугатганлик ҳақида сертификат берилади. Энг яхши талабага эса умра сафарига бориш имконияти тақдим этилади.

Онлайн-академияда ўқиш бир йил давом этиб, олти ойлик икки модулдан иборат бўлади. Биринчи модуль тугагач, талаба имтиҳон топширади ва истагига кўра иккинчи модулни давом эттиради.

Биринчи модулда ҳадис, ақида, фиқҳ, усул фиқҳ, ислом психологияси дарслари, иккинчи модулда имом Мотуридий ақидаси, террология ва конфликтология, ҳадис, ислом иқтисодиёти дарслари ўтилади. Ўқиш – пуллик.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Қозоғистон мусулмонлари идорасига қарашли "Ҳазрати Султон" республика масжидида жорий йилнинг 19 октябрь куни анъанавий хайрия кўргазмаси ташкил этилди. Ушбу тадбир масжид қошидаги "Инобат" аёллар клуби томонидан ташкил этилгани ҳақида muslim.kz сайти хабар берди.

Ушбу кўргазмада аёллар ва эркаклар томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари, турли буюмлар, кийимлар, ҳунармандлар ясаган санъат асарлари ва китоблар намойиш этилди.

Ушбу кўргазмадан келиб тушган маблағ Болалар ва қариялар уйлари, Она ва бола маркази, шаҳар онкология шифохонасига хайрия қилинади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вакили Шерзод Султоновнинг маълум қилишича, “Mastercard” молия ташкилоти ва “CrescentRating” агентлиги эълон қилган ҳисоботга кўра, Ўзбекистон мусулмон аёл сайёҳлар учун энг қулай мамлакатлар қаторидан ўрин олди. Унга кўра, мусулмон аёллар саёҳати жаҳон туризм бозорида энг тезкор ривожланаётган сегментлардан ҳисобланади.

Мусулмон ўлкалардаги хотин-қизларнинг даромадлари ошиб бораётгани ва уларнинг таълим даражаси юқорилаётганлиги саёҳатга бўлган қизиқишини оширмоқда.

Экспертларга кўра, хавфсизлик ва диний ибодатлар, жумладан, исломий либосларга бўлган бағрикенглик мусулмон аёл сайёҳлар учун энг муҳим аҳамиятга эга икки ўлчов ҳисобланади.

ЎзА нашрининг хабар беришича, 2019 йилнинг 17 октябрь куни Сингапурда ўтказилган “Halal in Travel Asia” саммити доирасида эълон қилинган ҳисоботга мувофиқ, Ўзбекистон Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ)га аъзо мамлакатлар орасида хавфсизлик ва диний бағрикенглик бўйича юқори ўринни эгаллаган мамлакатлар ўнталигидан жой олган.

Қатар, Уммон, Бруней, Туркия, БАА, Кувайт ва Малдив давлатлари навбат билан рўйхатнинг юқори ўринларини забт этган. Ўзбекистон ушбу рўйхатнинг саккизинчи ўрнидан жой олган бўлса, Индонезия ва Малайзия ундан кейинги ўринларда келган.

“Muslim Women in Travel 2019” ҳисоботи мусулмон аёллар саёҳатига оид жаҳон миқёсидаги илк тадқиқот бўлиб, унда асосан Жанубий-Шарқий Осиё мамлакатларидан 3300 нафар мусулмон аёл иштирок этган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ҳозирги даврда республикамизда диний-маърифий соҳа фаолиятини такомиллаштириш, ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш, жамиятдаги ижтимоий иллатларга барҳам бериш вазифалари диний соҳада малакали кадрлар тайёрлаш тизимини янада ривожлантиришни тақозо этмоқда.

Шу муносабат билан Тошкент ислом институтида 2019–2020 ўқув йилидан Модуль таълим тизими жорий этилди. Ушбу таълим тизими орқали имом-хатиблар асосий иш жойидан ажралмаган ҳолда ўқишга қабул қилинмоқда. 2019–2020 ўқув йилида Модуль таълим тизимига 120 нафар ўрта махсус маълумотли имом-хатиб саралаб олинди. Шулардан 60 нафари 1-даврани тамомладилар.

Жорий йилнинг 22 октябрь куни Тошкент ислом институтида Модуль таълим тизимида 2-давра ўқишлари бошланиши муносабати билан тадбир бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим домла Иномов ва Диний идора раиси маслаҳатчиси Абдуҳаким қори Матқулов иштирок этди.

Тадбир Қуръони карим тиловати билан бошланди ва Абдуҳаким қори Матқулов томонидан 2-давра ўқишлари муваффақиятли ўтишини сўраб дуолар қилинди. Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғофуров сўзга чиқиб, диний таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, хусусан, Тошкент ислом институтида жорий этилган Модуль таълим шакли тўғрисида маълумот бериб, 2-давра талабаларини муборакбод этиш учун сўзни Иброҳим домла Иномовга берди.

Иброҳим домла Иномов барчани янги ўқув давраси билан қутлаб, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг табрикларини етказди. Шунингдек, мана шундай имкониятлардан унумли фойдаланиш кераклигини таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси маслаҳатчиси Абдуҳаким қори Матқулов ва "Вақф" хайрия жамоат фонди раҳбари Искандар Халилов сўзга чиқиб, муҳтарам Президентимиз томонларидан диний-маърифий соҳа фаолиятини ривожлантириш учун кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани, ҳозирги даврда барча бирдай огоҳ бўлиши, хусусан, имом-хатиблар ўз устида тинмай ишлаши лозимлиги, доимий равишда билим ва кўникмани ошириб бориш бугунги куннинг талаби эканини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.

Тадбир сўнгида "Вақф" хайрия жамоат фонди томонидан ҳар бир талабага Қуръони карим китоби совға қилинди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Мақолалар

Top