muslim.uz

muslim.uz

بسم الله الرحمن الرحيم

اَلْحَمْدُ للهِ الَّذِي قَالَ: "الْفِتْنَةُ أَشَدُّ مِنَ الْقَتْلِ"، وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ عَلَى سَيِّدِنَا مُحَمَّدٍ الَّذِي قَالَ: "سَتَكُونُ فِتَنٌ الْقَاعِدُ فِيهَا خَيْرٌ مِنْ الْقَائِمِ"، وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ أجْمَعِينَ، أَمَّا بَعْدُ.

МУСУЛМОНЛАР ФИТНАЛАРДАН САҚЛАНИШИ ЛОЗИМ

Ҳурматли жамоат! Динимизда инсоф-диёнат, ўзаро тотувлик, жамиятдаги бирдамлик ва меҳр-муҳаббат каби хислатлар қадрланади. Чунки тинчлик-тотувлик ва ўзаро ҳамжиҳатлик бўлган жамият ривожланади, гуллаб-яшнайди. Одамлар орасида фитна ва ихтилоф чиқариш, бир-бирига қарши гиж-гижлаш, уларни тўғри йўлдан адаштиришга ҳаракат қилиш қаттиқ қораланади.

Тинчликни фаровонлик ва тараққиётнинг бош мезони деб билган ҳар қандай давлат жамиятда фитна оралашига қаршилик қилади, бунга йўл қўймайди, фитначилар билан ҳеч қачон муросага бормайди. Инсоният тарихининг илк кунлариданоқ ҳолат шу. Душман қаерни эгалламоқчи бўлса, қайси заминнинг бойликларини таламоқчи, халқини қул қилмоқчи бўлса, албатта ўша ерда фитна уруғини экишга ҳаракат қилган, маҳаллий фитначиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаган.

Бунга тарихдан мисол келтирсак! Мадина шаҳрида яшаган Авс ва Хазраж қабилалари доим бир-бири билан адоват қиларди. Ислом келганидан кейин улар дўст-биродар бўлиб яшай бошладилар. Уларнинг бу дўстлигини кўра олмаганлар уларга қизғин жанг бўлган “Буос” кунини эслатди. Ўша кунги жанглар, қаҳрамонликлардан бошланган гап, низога айланиб, охири икки қабила ўзаро жанг қилишмоқчи бўлишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бу воқеанинг хабари етгач, асҳоблари ҳамроҳлигида улар ёнига чиқиб бордилар. Тўпланиб туришган жойга етиб боргач:

“Эй мусулмонлар жамоаси! Аллоҳдан қўрқсангиз бўлмайдими?! Мен ҳали орангизда бўла туриб сизлар жоҳилият чақириқларига чорлайсизми?! Аллоҳ сизларни Исломга ҳидоятлаб қўйганидан ва у билан сизларни мукаррам қилганидан, у сабабли сизлардан барча жоҳилият ишларини узиб ташлаганидан, у сабабли сизларни куфрдан қутқариб, дилларингизни бир-бирига ошно қилганидан сўнг-а?!”, дедилар. Шундагина қавм ўзларига келиб, душман макрига алданиб қолганликларини англаб етдилар, иккала қабила аъзолари қучоқлашиб, бир-бирларидан кечирим сўрадилар (“Ас-Сийратун набавия” китобидан).

“Фитна” сўзи араб тилидан олинган бўлиб, луғатда “синаш”, “имтиҳон қилиш”, “оловда тоблаш” маъноларини билдиради.

Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда эса “фитна” сўзи бир неча маъноларда келган. Масалан, “синов, имтиҳон”, “ҳақ йўлдан тўсиш”, “оловда азоблаш”, “ширк, куфр келтириш”, “ботилни ҳақ қилиб кўрсатиш”, “залолатга кетказиш”, “одамларни қатл қилиш ва асир олиш”, “одамлар ўртасидаги келишмовчилик” маъноларини учратиш мумкин.

Ҳозирги кунда мусулмонлар ўртасидаги ўзаро келишмовчиликлар, уларни бир-бирига гиж-гижлаш, мусулмон юртларда уруш чиқариб, одамларни қатл ва қувғин қилиш ҳам катта фитна ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

وَالْفِتْنَةُ أَكْبَرُ مِنَ الْقَتْلِ

яъни:Фитна эса қотилликдан ҳам каттароқ (гуноҳ)дир(Бақара сураси, 217-оят).

Диний манбаларда фитнанинг одам ўлдиришдан ҳам ёмонроқ деб ҳисобланиши унинг хатарлари бир кишининг ўлдирилишидан кўра анча кенг кўламга эга эканлиги билан изоҳланади. Албатта, мол илинжида, ғазаб сабабли ёки бошқа ҳар қандай омил туфайли бир жоннинг ҳаётига нуқта қўйиш катта жиноят. Бироқ, жамият аъзолари орасида фитна чиқариш одамларни бир-бирларига қарши қайраш, низо чиқариш орқали биродаркушлик урушларига, бутун бошли миллатни тараққиётда ўнлаб йиллар ортга суриб юборувчи вайронагарчиликларга сабаб бўлишини инобатга олсак, жамият учун бундан ҳам катта талофат бўлмаслигини англаймиз.

Фитнанинг энг кўп ишлатиладиган маъноси бузғунчилик, фисқу-фасод қўзғаш, жамиятда турли асоссиз миш-мишлар тарқатиш, халқни ўз давлатига қарши қўйишдир. Фитнанинг ёмон томони шундаки, кўпчилик унинг асл моҳиятини англамайди. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:

وَالَّذِي نَفْسِي بِيَدِهِ، لَا تَذْهَبُ الدُّنْيَا حَتَّى يَأْتِيَ عَلَى النَّاسِ يَوْمٌ لَا يَدْرِي الْقَاتِلُ فِيمَ قَتَلَ، وَلَا الْمَقْتُولُ فِيمَ قُتِلَ، فَقِيلَ: كَيْفَ يَكُونُ ذَلِكَ؟ قَالَ: الْهَرْجُ، الْقَاتِلُ وَالْمَقْتُولُ فِي النَّارِ

(رواه الامام مسلم عنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه)

яъни:Жоним қўлида бўлган зотга қасамки, бу дунё, токи қотил нима учун ўлдираётганини, мақтул нима учун ўлдирилаётганини билмайдиган кун келмагунча, йўқ бўлмайди”. “Бу қандай рўй беради?” – дейилди.Ҳарж (фитна аралашган уруш бўлади), ўлдирган ҳам, ўлдирилган ҳам дўзахда!” – дедилар (Имом Муслим ривояти).

Афсуски, дунёдаги нотинч ҳудудлар ҳақида фикр қилган киши бу ҳудудлар аксар ҳолларда мусулмон диёрлари эканини англайди. Маълумотларга кўра, ўтган йилларда терроризм балосидан энг кўп азият чеккан дунёнинг 10 та мамлакатидан 8 таси мусулмон диёрлар экани аниқланган. Бу ерларда мусулмон мусулмоннинг қонини тўкмоқда, ўлдирмоқда. Ўлдираётган нима учун ўлдирмоқда, ўлдирилган нима учун қатл қилингани сўралса, тайинли жавоб йўқ, ҳеч бири билмайди.

“Жиҳод”, “Ислом давлати қуриш” каби ниқоблардаги урушлар, хунрезликлар қанчадан-қанча одамларни ўз домига тортиб кетди. Ўзининг мустақил фикрига эга бўлмаган кишилар бундай ҳолларда чет элдаги гумашталарининг “фатво”лари билан фитнани оқламоқчи бўладилар.

Мусулмонларнинг бошига турли кулфатларни ёғдирган “ИШИД” террорчи ташкилоти ҳам замонамизнинг ана шундай фитналаридан биридир. Бинобарин, бу машъум ташкилот сабаб 13 миллиондан ошиқ тинч аҳоли ўз уйини ташлаб, қочоқликка маҳкум бўлди. Миллионлаб ёшлар мактабга боролмай қолди. Қанчадан-қанча аёллар бева, норасида гўдаклар эса етим қолди. Обод юртлар хонавайрон бўлди... Фикр, мушоҳада қилган киши борки, бу фитналар мусулмонлар бошига фақат кулфат ва аччиқ азоб келтиришини англаб етади. Шундан кейин ҳам баъзи ёшларнинг “жиҳод” қиламан деб, ўзини олов домига ташлаши, мусулмонларга қарши қурол кўтаришини қандай тушуниш мумкин?!

Абу Идрис ал-Хавалоний Ҳузайфа ибн ал-Ямон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “... жаҳаннам дарвозасига даъват қилувчилар пайдо бўлади, кимки уларнинг даъватига жавоб қилса, уни жаҳаннам қаърига улоқтирадилар”, ­­- дедилар. Мен: “Эй, Аллоҳнинг Расули, ўша кишиларни бизга тавсифлаб беринг!” - дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Улар ўз уруғимиздан бўлиб, бизнинг тилимизда сўйлайдилар”, - дедилар. Мен: “Агар мен ўша даврда ҳаёт бўлсам, нима қилишимни буюрасиз?” - дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мусулмонлар жамоасидан айрилмагин, уларнинг имомларига эргашгин!”, - дедилар. Мен: “Башарти, ўша замонда на мусулмонлар жамоаси на имомлари бўлмаса-чи?” - дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Гарчи дарахт томирини кемириб кун кўришингга тўғри келса ҳам сени сабр қилишга даъват қилувчи Аллоҳни қалбингга маҳкам тугиб олгин-да, ўла-ўлгунингча ўша замон фитначиларидан йироқ бўлгин!” -  деб айтдилар (Имом Бухорий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна шундай марҳамат қилганлар:

"سَتَكُونُ فِتَنٌ الْقَاعِدُ فِيهَا خَيْرٌ مِنْ الْقَائِمِ وَالْقَائِمُ فِيهَا خَيْرٌ مِنْ الْمَاشِي وَالْمَاشِي فِيهَا خَيْرٌ مِنْ السَّاعِي وَمَنْ يُشْرِفْ لَهَا تَسْتَشْرِفْهُ وَمَنْ وَجَدَ مَلْجَأً أَوْ مَعَاذًا فَلْيَعُذْ بِهِ"

(رواه الامامُ البخاري عن ابي هريرة رضي الله عنه )

яъни:  “Албатта, келажакда кўп фитналар бўлади. У вақтда (жим) ўтирувчи тик турувчидан яхши, тик турувчи (фитнага қараб) юрувчидан яхши, юрувчи югурувчидан яхшидир. Ким фитнани кузатиб турса, фитна уни ўзига жалб қилади. Демак, ким бошпана ёки паноҳ бўладиган жой топса, ўшани лозим тутсин!” – дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Диққат қилинса, фитна ҳақидаги ҳадисларда унга аралашмаслик, ўзини четга олиш тавсия қилинади. Ҳадиси шарифдаги “Ким фитнани кузатиб турса, фитна уни ўзига тортади” жумласининг тасдиғини ҳам ҳаётда кўрдик. “ИШИД” террорчи ташкилоти ёки жиҳодий жамоалар даъватчиларининг тарғиботини мунтазам эшитиб юрган кўпчилик ёшлар, минг афсуски, унинг тўрига илиниб қолдилар.

Жамиятнинг ҳар бир аъзоси фитна урчимаслигига ҳаракат қилиши, фитначиларнинг кирдикорларига қарши туриши керак. Имом Доримий ривоят қиладилар: Субайғ ал-Ироқий номли бир киши мусулмон аскарлар орасида Қуръондаги турли нарсалардан сўраб, аскарлар орасида фитна қўзғаб юрарди. У Мисрга келганида Миср ҳокими Амр ибн Ос уни Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга юборди. Умар розияллоҳу анҳу Субайғдан “Одамлардан нималар ҳақида сўрайсан?” – деди. У айтиб берди. Сўнг Умар ибн Хаттоб хурмо шохини келтириб, Субайғнинг орқасига яра бўлгунча урдирди. Яраси битгач яна урдирди. Бу ҳол бир неча марта такрорланди. Шунда Субайғ: “Эй мўминларнинг амири, агар мени ўлдирмоқчи бўлсангиз, чиройли қилиб ўлдиринг. Агар таъзир бермоқчи бўлсангиз, ақлим кирди”, - деди. Умар ибн Хаттоб Субайғни ўз юртига жўнатиб юборди ва ўша юрт волийсига ҳеч ким у билан суҳбатлашмаслигини қаттиқ тайинлади. Субайғ авваллари ўз қавмининг саййиди эди. Бу воқеадан кейин эса ҳақир бўлди. Сабаби, у Қуръондаги баъзи оятлардан ихтилофли масала чиқаришга уринар эди.

Кўриниб турганидек, ҳазрати Умардек зот фитна урчимаслиги учун одамлар орасида фитна-фасод қўзғайдиган кимсаларга қарши мана шундай қаттиқ чораларни кўрган эдилар.

Яна бир катта фитна мусулмонлар орасида эътиқодий ва фиқҳий масалаларда ихтилофлар чиқаришдир. Қуръони каримда баъзи кишилар одамларни фитнага солиш ва ўз талқинига кўра маъно бериш учун муташобеҳ оятларни ўзларига дастак қилиб олиши хабар берилади. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди:   

فَأَمَّا الَّذِينَ فِي قُلُوبِهِمْ زَيْغٌ فَيَتَّبِعُونَ مَا تَشَابَهَ مِنْهُ ابْتِغَاءَ الْفِتْنَةِ وَابْتِغَاءَ تَأْوِيلِهِ وَمَا يَعْلَمُ تَأْوِيلَهُ إِلَّا اللَّهُ...

яъни: “Аммо дилларида оғиш бор кимсалар одамларни фитнага солиш ва ўз талқинига мувофиқ маънолар бериш учун унинг (Қуръоннинг) муташобиҳ оятларига эргашадилар. Ҳолбуки, ундай оятлар таъвилини (асл маъносини) фақат Аллоҳнинг Ўзигина билур...” (Оли Имрон сураси, 7-оят).

Ҳозирги кунимизда ҳам одамлар орасига турли ихтилоф уруғларни сочаётган кишилар асосан муташобеҳ оятларни ўзларига далил қиладилар. Минг йиллардан бери амал қилинаётган мазҳабларни ташлаб, мазҳабсизликка даъват этадилар.

          Бундай фитнадан сақланишнинг йўли, ислом уммати қабул қилган, тўғрилигига ижмо қилган фиқҳий мазҳабларга амал қилишдир. Фирқаланишни қўйиб, иттифоқ бўлишга қизиқтирувчи далиллар жуда кўп. Ихтилоф чиққанда кўпчиликка эргашиш тўғрисида Пайғамабаримиз алайҳиссаломдан шундай буйруқ келган:

فإذَا رَأَيْتُمْ اِخْتِلاَفًا فَعَلَيْكُمْ بِالسَّوَادِ الْأَعْظَمِ

(رواه الامام  ابن ماجه عن أنس بن مالك رضي الله عنه)

яъни: “Қачон ихтилофни кўрсангиз, катта жамоатни маҳкам тутинглар” (Имом Ибн Можа ривояти).

“Катта жамоат”дан мурод тўрт фиқҳий мазҳабга амал қиладиган ва кўпчиликни ташкил қиладиган мусулмонлардир. Ихтилоф чиққанда уларнинг йўлидан юриш керак бўлади. Ибн Аббосдан ривоят қилинади, Умар разияллоҳу анҳу хутбаларида шундай деганлар:

عَلَيْكُمْ بِالْجَمَاعَةِ وَإِيَّاكُمْ وَالْفِرْقَةَ، فَإِنَّ الشَّيْطَانَ مَعَ الْوَاحِدِ، وَهُوَ مِنَ الْاِثْنَيْنِ أَبْعَدُ

яъни: “Жамоатни маҳкам тутинглар, фирқаланишдан сақланинглар. Чунки шайтон бир киши билан бирга бўлади. Икки кишидан эса узоқроқда бўлади”.

Ихтилоф ва фитнадан қочишнинг яна бир чораси, билмаган нарсаларини ишончли, мазҳабни маҳкам тутган аҳли сунна олимларидан сўраб олишдир. Пайғамбаримиз алайҳиссалом:

...فَإِنَّمَا شِفَاءُ الْعِيِّ السُّؤَالُ...

(رواه الامام ابو داود عَنْ جَابِرٍ رضي الله عنه )

яъни: “...Билимсизликнинг давоси сўрашдир”, – дедилар.

          Фитналар домига тушиб қолмаслиги учун ёшларимиз биринчи навбатда дўст билан душманнинг фарқига боришлари керак. Ким бизга тўғри маслаҳат беради, хато-камчиликларимизни тўғрилайди-ю, кимлар бизнинг қоқилишимизни пойлайди. Ўзини дўстдек тутиб, фурсат келганда орқадан пичоқ уради? Бунинг фарқига бориш лозим.

Яна ҳар кимнинг гапини ҳақиқат деб эргашиб кетавермаслик керак. Бирор янгиликни ўқиганда, унинг манбасини яхшилаб текшириш, бу қанчалик ҳақиқат экани, у кимнинг фойдасига хизмат қилишини аниқлаш даркор. Баъзан ёшларимиз ижтимоий тармоқ сайтларида эълон қилинган ёлғон-яшиқ маълумотларни ҳам бошқаларга тарқатадилар, уни муҳокамага қўйиб, одамларни чалғитадилар. Бу эса динимизда қаттиқ қораланган амалдир. Имом Муслимдан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қилдилар:

مَنْ دَعَا إِلَى هُدًى كَانَ لَهُ مِنْ الْأَجْرِ مِثْلُ أُجُورِ مَنْ تَبِعَهُ لَا يَنْقُصُ ذَلِكَ مِنْ أُجُورِهِمْ شَيْئًا، وَمَنْ دَعَا إِلَى ضَلَالَةٍ كَانَ عَلَيْهِ مِنْ الْإِثْمِ مِثْلُ آثَامِ مَنْ تَبِعَهُ لَا يَنْقُصُ ذَلِكَ مِنْ آثَامِهِمْ شَيْئًا

(رواه الإمام مسلم عن أبي هريرة رضي الله عنه)

яъни: “Ким ҳидоятга чақирса, унга (ўз ажри билан бирга) эргашувчиларнинг ажрича ажр бўлади, бу нарса эргашувчиларнинг савобини камайтирмайди. Ким залолатга чақирса, унга (ўз гуноҳи билан бирга) эргашувчиларнинг гуноҳича гуноҳ бўлади, бу нарса эргашувчиларнинг гуноҳини камайтирмайди”.

Фитналар қаршисида ҳар кимнинг асл қиёфаси фош бўлади. Ҳақиқий ватанпарвар, имонли кишилар кимлар-у, хоин-худбинлар ким - ҳаммаси аниқ бўлади.

Яқин тарихимизда, юртимиз мустақилликни энди қўлга киритган йилларда ёш давлатимизга нисбатан турли фитналар уюштирилди. Сир эмаски, ўша фитналарга аралашганлар, тинчлик-осойишталигимизни бузиб, ғаразли мақсадлар йўлида ҳаракат қилганлар жазога тортилди. Лекин давлатимиз доим кечиримлилик йўлини тутиб келди. Айниқса, кейинги йилларда муҳтарам Юртбошимиз томонидан кетма-кет афвлар эълон қилинди. Минглаб кишилар оила аъзолари бағрига қайтиб, тинч-осуда ҳаёт кечирмоқда. Улар ҳаётда ўз ўринларини топиб кетишлари учун ҳар томонлама ёрдам берилмоқда, иш билан таъминланмоқда, моддий ёрдам кўрсатилмоқда. Зеро динимиз кечиримли бўлишга тарғиб қилади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

فَاعْفُ عَنْهُمْ وَاصْفَحْ إِنَّ اللَّهَ يُحِبُّ الْمُحْسِنِينَ...

яъни: “...Уларни афв этинг ва кечиринг! Албатта, Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севади” (Моида сураси, 13-оят).

Ўз навбатида, бундай инсонлар ҳам берилган имкониятларнинг шукронасини қилиб, жиноят йўлларидан узоқ юришлари, оиласи, маҳалласи, Ватани хизматида камарбаста бўлишлари зарур.

Мусулмон ўлкалар, жумладан, бизнинг жонажон ватанимиздаги тараққиёт, бугунги ижобий ўзгаришлар кимларгадир ёқмаслиги ва улар бизни чалғитиш учун фитналар уюштириши табиий. Биз эса бу фитналарга алданмаслигимиз керак. Фитналарнинг нечоғли зарарли, ёмон оқибатларга олиб келишини ҳаётда кўрдик. Бу хатони такрорлашга асло ҳаққимиз йўқ.

Халқ ичига фитна солмоқчи бўлганларга ҳар биримиз насиҳат қилиб, ўтган оғир кунларни эслатиб, бугунги тинч-хотиржам ҳаётимизга шукр қилишни тарғиб қилишимиз керак.

Тинчлик, саломатлик катта неъмат. Улар  бор жойда ривожланиш, эркинлик бўлади. Ваҳоланки, шу кунларда ҳам фитна ўчоқларида қурбон бўлаётган, уй-жойсиз қолиб, қочоқ бўлиб юрган, урушдан қўрқиб, болаларини мактабга ҳам чиқармай қўйган миллионлаб инсонлар бор. Бу воқеаларни тафаккур қилган киши, аслида инсон ўз уйида хотиржам истироҳат олиши ҳам улкан неъмат эканини англайди.

Аллоҳ таоло фитна ва қийинчиликда қолган инсонларга ҳам хотиржамликни қайтарсин!  Жонажон ўлкамизни турли хил фитна-фасод ва бало-офатлардан Ўз ҳифзу ҳимоясида сақласин, халқимизнинг тинч-хотиржам ва фаровон ҳаётини бардавом қилсин! Омин!

 

Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси “ИСЛОМДА ВАТАНПАРВАРЛИК ТУШУНЧАСИ мавзусида бўлади.

 

Ҳудудларда фаолият юритаётган отинойиларнинг билим ва савиясини янада ошириш, шариат илмлари, замонавий фатволар, қолаверса мамлакатимизда амалга оширилаётган диний-маърифий сохадаги ислоҳотлар мазмун-моҳиятини кенг тушунтириш мақсадида жорий йилнинг 16 сентябридан икки ҳафталик малака ошириш ўқувлари ташкил этилгани ҳақида хабар берган эдик.

 

 

 

28 сентябр куни тингловчиларнинг 1- давраси ўқув курсларини якунладилар.

Ўқувчиларга Ўзбекистон халқаро ислом академияси ва унинг ҳудудий филиали профессор-ўқитувчилари, мадраса мударрислари, тажрибали имом-хатиблар зарурий билимларни бердилар. Тингловчиларга якунда малака ошириш курсларини ўтаганликлари ҳақида махсус сертификат топширилди.

Таъкидлаш лозимки, биринчи бор Республикада фаолият юритаётган 4600 дан зиёд отинойилар учун малака ошириш ўқув жараёнлари тизимли равишда йўлга қўйилмоқда.

Хоразм вилоятида ўқув курслари “Фахриддин Ар Розий” ўрта-махсус ислом билим юртида ўтказилди. Тингловчи отинойилар ўзлари учун ташкил этилган хайрли ташаббусдан миннатдор эканлигини изҳор этиб, ўзлари учун кўплаб билим ва фойдаларга эга бўлганликларини, бу каби машғулотлар ҳар йили ўтказилишини таклиф билдирдилар.  

Икки ҳафта бўлсада бу ерда биз ўзимизни мадраса талабасидек ҳис қилдик. Диний ва дунёвий илмлардан билмаганларимиз жуда кўп экан, энди англаб етдик. Бунинг устига бир гуруҳда таҳсил олган отинойилар бир-биримизга меҳримиз ортди, ўзаро фикр ва тажрибалар алмашдик”, дейди Урганч шаҳри отинойиси Феруза Отажонова.

 

 

Уларнинг даврасида бўлиб бир нарсани ҳис қиласиз: аксарияти халқ орасидан чиққан, кайвони, Қуръон ўқишгагина саводи бор онахонлар. Улар давлат даражасида ўзлари учун кўрсатилаётган эътибордан бениҳоя хурсандлар. Ҳаётларида унутилмас илмий воқеелик бўлди бу жараён.

Мадраса мударрислари ҳам уларнинг иштиёқига, қизиқишларига юқори баҳо бериб: ёшлари улуғ онахонлар ҳам мавзу бўйича кўплаб саволлар бериб, бизни шошириб қўйишди, дейишмоқда.

Олтмиш ёшимда мадрасада ўқишим ва сертификат олишим ҳаёлимнинг бир четига ҳам келмаган эди. Аллоҳга шукурки, энди бу менга армон бўлмади. Бунинг учун муҳтарам юртбошимизга, диний сохада хизмат қилаётган барча мутасаддиларга раҳмат айтаман”, дейди кўзларида ёш ила Анабиби она Ибрагимова.

Маърифат учун, дин ривожи учун берилаётган билимлар отинойилар орқали халққа, аёлларга таралади иншааллоҳ. Бу эса жамиятда турли иллатларнинг олдини олишда, хотин-қизлар тарбиясида, бидъат ва хурофотларга барҳам беришда албатта ўз самарасини беради.

 

 

Зоиржон Содиқов
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходими

Тошкeнт шаҳридаги шинам, файзли масжидлардан бири “Аҳмаджон қори”  жомe масжиди яқинда таъмирдан чиқади.

Мазкур масжид 1991 йилда қуриб битказилган бўлиб  800 та намозхонга мўлжалланган эди.

2018 йилдан масжиднинг қўшимча қисми қурилиши бошланди ва шу билан бирга eртўла қисми  ҳам қурилди.

Яқинда қурилиш ишлари  якунига eтиб пардозлаш ишлари бошланди. Бугунги кунда “Аҳмаджон қори” масжидида 2000 га яқин киши намоз ўқимоқда.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Расмлар муаллифи Шаҳзод Шомансур

 

Фарғона вилояти Олтиариқ тумани "Бирлашган" жоме масжиди ноиб имоми Абдурахмонжон Абдурахмонов тумандаги 7-умумтаълим мактабида "Маьнавият сабоқлари" дарсида иштирок этди.

"Маънавият сабоқлари" дарсларида диний соҳа ходимларининг иштирок этиши ўқувчиларда мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчликнинг қадрига етиш, ёт ғояларга қарши иммунитет шаклланиши, ўз жонига қасд қилиш оғир гуноҳ эканини тушунишда муҳим аҳамиятга эга.

Бундан ташқари, мактаб ўқувчилар орасида ўқитувчи ва мураббийларни эъзозлаш, уларга ҳурмат бажо келтиришнинг улуғ иш экани ҳақида тушунтириш ишлари олиб борилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар сайтлардан ва ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. 

Буюк парҳез

Ашраф Али Таҳонавий раҳимаҳуллоҳга доктор кўп парҳез буюрди. Шунда у киши докторга: «Абдулҳай, бунча кўп парҳез айтяпсан? Олдимга келганингда, иккита парҳез: «Ҳаромга қарама ва ҳаром ема» дегандим» дедилар.

*****

Иймондан кейин ихлосли дўстдан кўра каттароқ неъмат йўқ.

*****

Ғийбатчидан ҳам ёмонроқ кимса

- Фалончи сизни фалон сўзлар билан ёмонлади.

- Сен ундан ҳам ёмонроқ одам экансан. У юзимга айтишга уялиб, ортимдан гапирибди. Сен эса юзимга айтишдан ҳам уялмадинг!

*****

Дарахтга оғриқ берадиган нарса болта эмас, балки болтанинг сопи ўша дарахт шохидан ясалганидир.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Пулга сотиб олиб бўлмайдиган нарсага эга бўлсанггина бой ҳисобланасан.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Иккиланиш қулай фурсатларнинг мақбарасидир.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Агар қиладиган ишларини биз ёзиб берадиган бўлсак, у ҳолда раҳбарликка ақлли кишиларни тайинлашда мантиқ йўқ. Ахир уларни бизга нима иш қилишимизни айтишлари учун раҳбарликка сайладик-ку!

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Ҳамма билан камтарона муносабатда бўлавер. Чунки башариятнинг табиати мағрур ва кибрли кимсаларни ёқтирмайди.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

  • Жисмнинг роҳати оз ейишда.
  • Нафснинг роҳати гуноҳлардан тийилишда.
  • Тилнинг роҳати кам гапиришда.
  • Қалбнинг роҳати фойдасиз нарсаларга эътибор бермасликда.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Иши юришиб турганнинг дўстлари кўп бўлади.

Иши орқага кетганнинг дўстлари ҳақиқий бўлади.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Фазилатдан ялонғоч (холи) кишини ҳеч нарса билан тўсишнинг иложи йўқ.

Франклин

*****

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

Нозимжон Иминжонов

Мақолалар

Top