muslim.uz
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига 5500 та китоб келтирилди
2019 йил 24 июнда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг кутубхона фондини хорижий адабиётлар билан бойитиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди. Унда жаҳон илми ютуқлари, Ўрта Осиё заминидан етишиб чиққан буюк аллома ва мутафаккирларнинг бебаҳо илмий-маънавий меросига доир чет элларда чоп этилган хорижий адабиётларни сараланганлиги ва улар билан Марказ кутубхонасини янада бойитиш орқали илмий тадқиқот ишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш ва ушбу адабиётларнинг мазмун-моҳиятини келажак авлодга етказишдек вазифа белгиланган.
“Мазкур қарорни ижросини таъминлаш мақсадида бир неча исломшунос ва манбашунос олимлар билан Миср ва Туркия давлатидаги машҳур нашриётларга сафар уюштирилди. Натижада мазкур китоблар яъни 1000га яқин номдаги 5500 та китобнинг барчаси Марказга келтирилди. Келтирилган китобларнинг аксарияти Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Абу Лайс Самарқандий, Ибн Сино каби алломаларнинг бетакрор ва мўътабар асарлари ҳисобланади. Шунингдек, турли тилдаги луғатлар, энциклопедиялар, қомуслар, био-биографик асарлар ҳам ўрин олган. Улар араб, турк, ингилиз, форс, француз тилларига бўлинади. Китобларни тўплашдан асосий мақсад, бой маданий меросимизни тадқиқ этувчи исломшунос, шарқшунос, тарихчи каби соҳа вакиллари ўз тадқиқоти учун бу муҳим манбалардан истифода этишга шароит яратишдир. Ўйлайманки бу китоблар йиллар давомида соҳа вакиллари учун манбалар хазинаси сифатида хизмат қилади” дейди Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Ш.Зиёдов.
Бугунги кунда Мисрнинг “Дорус салом” мактабасидан жами 851 номдаги 5 мингга яқин (4733 дона), Туркиянинг “Иршод” мактабасидан 148 номдаги 647 дона жами 5500 донага яқин илмий, адабий, бадиий, тарихий асарлар харид қилиниб, Марказга олиб келинди.
Бугун, 16 сентябр куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида ушбу китобларнинг тақдимот маросими бўлиб ўтди. Унда халқаро марказ ходимлари, Самарқанд вилоят бош имом хатиби, имом хатиблар, Ҳадис мактабининг устоз ва талабалари иштирок этди.
ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги
Муфтий ҳазратнинг "Ҳидоя" ўрта махсус ислом билим юртига ташрифлари
Жорий йилнинг 16 сентябр, душанба куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиcи, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари "Ҳидоя" ўрта махсус ислом билим юртига ташриф буюрдилар.
Ташриф чоғида муфтий ҳазратлари билим юртининг янги ўқув биноси, спорт зали, мажлислар зали ҳамда ўқитувчи ва талабаларга яратиб берилган шароитлар билан яқиндан танишдилар.
Ташриф давомида талабаларнинг ўқув машғулотларига кириб, уларнинг ўқув фаолияти билан яқиндан танишдилар ва талабаларнинг ҳаққига дуои хайрлар қилдилар.
Шунингдек, янги қурилган спорт зали, ахборот ресурс маркази, мажлислар залларини ҳам кўздан кечирдилар.
Ташриф сўнгида муфтий ҳазратлари ўқитувчи ва талабаларга яратиб берилган қулайликларнинг қадрига етиш, юртбошимиз бошчиликларида олиб борилаётган ислоҳотлардан тўғри, унумли фойдаланиб, яратилган шароитларнинг барчаси тинчлигимиз, мустақиллигимизнинг шарофатидан эканлигини таъкидлаб шукроналик руҳида яшашга чақирдилар.
ЎМИ Матбуот хизмати
Отинойилар учун малака ошириш ўқув-семинарлари бошланди
Жамиятимизда фаъолият юритаётган отинойиларнинг билим ва савиясини янада ошириш, шариат илмлари, замонавий фатволар, қолаверса мамлакатимизда амалга оширилаётган диний-маърифий сохадаги ислоҳотлар мазмун-моҳиятини кенг тушунтириш мақсадида 16 сентябрь санасидан Қорақалпоғистон Республикаси ва Самарқанд вилоятларида ҳудудларда фаолият юртиётган отинойиларнинг малака ошириш ўқув-семинари бошланди.
Ўқувчиларга Ўзбекистон халқаро ислом Академияси ва унинг ҳудудий филиали профессор-ўқитувчилари, мадраса мударрислари таълим бермоқдалар.
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Ш.Бауатдинов бугунги кунда юртимизда диний соҳада олиб борилаётган кенг ислоҳатлар ва бунда отинойиларнинг ўрни тўғрисида гапириб, ҳозирги кунда иш тизимини йўлга қўйишдаги камчиликлар, аёлларга оид ижтимоий масалалар ечимини ҳал этишда отинойилар маъсулиятининг кенгайиши, бунда уларнинг билим салоҳиятларини ривожлантиришда амалга оширилиши зарур бўлган чора-тадбирлар тўғрисида алоҳида тўхталиб, буюк аждодимизнинг бой илмий мерослари тўғрисида маъруза қилди.
ЎМИ Масжидлар бўлими
Муфтий ҳазратлари “Ҳидоя” мадрасаси фаолияти билан танишди (фотожамланма)
Муфтий ҳазрат азиз авлиёни тарбиялаган она қадамжосини зиёрат қилди
16 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Чортоқ туманидаги Биби Наима зиёратгоҳи мажмуасига ташриф буюрдилар. Аввал улуғ авлиёлар руҳига бағишлаб, Қуръони карим оятлари тиловат қилинди ва дуолар йўлланди. Ривоятларга кўра, Биби Наима авлиё Султон Увайс Қараний ҳазратларининг оналари ҳисобланади.
Муфтий ҳазратлари мақбарани зиёрат қилиш асносида уни ҳар томонлама обод этиш, зиёратчиларга муносиб шарт-шароитлар ҳозирлаш ва ёшлар таълим-тарбиясидаги аҳамиятини янада ошириш борасида тавсиялар бердилар.
Ушбу тарихий обидалар XII-XIII асрларга тегишли бўлиб, турли даврларда таъмирлаш ишлари олиб борилган. Ушбу манзилда Биби Наима хотирасига бағишлаб, унинг қабри устига 2000 йили мақбара қурилган. Aтрофи ободонлаштирилиб, зиёратчилар учун шарт-шароитлар яратилган. У ерда намозхона ва салқин айвонлар ҳам барпо етилган.
ЎМИ Матбуот хизмати