muslim.uz
Ҳиндистон Малдивдаги маржон тошли масжидни сақлаб қолишга ёрдам беради
Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Муди сайловлардаги муваффақиятидан сўнг, Бош вазир сифатидаги биринчи сафарини қўшни Малдив Республикасидан бошлади. Бу ҳақда The Times of India нашри хабар беради.
Ҳиндистон бош вазири Малдив Республикаси пойтахти Малега қилган сафарида мамлакат Парламентида нутқ сўзлаган. У мамлакатдаги қадимий ва айни пайтда таъмирлашга муҳтож бўлиб турган тарихий масжид ҳақида сўзлаб: «Маржон тошларидан барпо этилган «Ҳукури Миски» (Жума масжиди) дунёда мисли йўқ тарихий обида ҳисобланади», деган ва уни сақлаб қолишга Ҳиндистон томонидан ёрдам берилишини маълум қилган. Мале шаҳридаги ушбу масжид 1658 йилда ёғоч ва маржон тошларидан барпо этилган. Масжид 2008 йилда UNESCO ҳимоясига киритилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Австралиядаги масжид энг замонавий дизайндаги масжид деб эътироф этилмоқда
«Панчбоул» масжиди Австралиянинг Сидней шаҳри ҳудудида барпо этилган йирик меъморий обида ҳисобланади. Масжид замонавий дизайни ва меъморчилиги билан бутунлай ананавий масжидлардан ажралиб туради, деб хабар беради Designboom нашри. Маълум бўлишича, Австралия ислом миссияси томмонидан барпо этилган ушбу масжид қурилиши учун қарор 1996 йилда қабул қилинган. Бироқ қуриш учун бериладиган лицензияни олишга маҳаллий ҳокимликдаги бюрократик тўсиқлар туфайли 17 йил керак бўлди. Мутлақо янгича усулуб ва дизайнда барпо этилган ушбу масжиднинг умумий майдони 550 кв. метрни ташкил этади. Мажиднинг ичида 300 киши ибодат қилиш имкониятига эга.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Нишонга урилган гаплар: “Пулга сотиб олиб бўлмайдиган нарсага эга бўлсанггина бой ҳисобланасан”
Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар сайтлардан ва ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган.
Ҳеч кимни масхара қилма, паст санама, одамларнинг устидан кулма. Чунки, эртага аҳволинг қандай бўлишини билмайсан!
Али Тантовий раҳимаҳуллоҳ
*****
Олдинлари ҳақиқий юз деб ўйлаганимиз юзлардан ниқобларнинг тушиши жуда оғриқлидир.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Пулга сотиб олиб бўлмайдиган нарсага эга бўлсанггина бой ҳисобланасан.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
- Агар 10 йил табибларсиз қолсак, даволанишни йўқотамиз.
- Агар 10 йил муҳандис-инженерларсиз қолсак, тартиб-интизомни йўқотамиз.
- Агар 10 йил адвокатларсиз қолсак, адолатни йўқотамиз.
- Аммо 10 йил муаллимларсиз қолсак, табибларни ҳам, адвокатларни ҳам, муҳандисларни ҳам йўқотамиз.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Адолат қарор топган пайтда ҳатто ҳайвонлар ҳам тартиб-интизомга риоя қилади.
Иброҳим Фиқий
*****
Ёлғонни фош этадиган энг афзал нарса – кунлардир.
Аббос Сабоҳ
*****
Сукут сенга бошқаларнинг ақлларида кезиш имконини беради.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Бир нарсани йўқотиш бизга унинг қийматини, қадрини англатади.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Хотиржам ҳолатда ейиладиган бир бурда нон безовталик билан тановул этиладиган зиёфатдан яхшидир.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Бир инсонни синаб кўриб, сенга дўст бўлишга ярамаслигини аниқласанг, энди уни ўзингга душман қилиб олишдан эҳтиёт бўл.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Диннинг ҳаммаси хулқдир. Ким сендан хулқда ўзиб кетса, динда ўзиб кетган бўлади.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Поклик нақадар гўзал! Энди шу поклик, тозалик ақлимизда ҳам бўлса нақадар улуғдир!
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи
Нозимжон Иминжонов
Тасаввур қилинг!
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Муфлис кимлигини биласизларми?» – дедилар. «Бизнингча, муфлис дирҳами ҳам, матоҳи ҳам йўқ одам», – дейишди. «Умматимдаги муфлис қиёмат куни намоз, рўза, закот билан келган, аммо буни сўккан, уни зинода айблаган, бунинг молини еган, унинг қонини тўккан, бунисини урган одамдир. Унинг яхшиликларидан унисига ҳам, бунисига ҳам олиб берилади, зиммасидагилар битмай туриб яхшиликлари тугаб қолса, уларнинг гуноҳларини олиб, бунинг (муфлиснинг) устига ташланади, кейин ўзи дўзахга ташлаб юборилади», – дедилар». (Имом Муслим, Термизий ва Ибн Ҳиббон ривоятлари)
Тасаввур қилинг! Шунча одам қиёмат куни сиздан ҳаққини олишни кутиб, навбатда турса.
Биридан қарз олиб, қайтармагансиз, бошқасидан ўғрилик қилгансиз, яна бирига маҳсулотнинг айбини айтмай сотгансиз, яна бошқасининг ерини алдов, фирибгарлик йўли билан тортиб олгансиз.
Шунингдек, бирини ургансиз, бирини сўккансиз, бирини ғийбат қилгансиз, бошқасини алдагансиз, яна бирига хиёнат қилгансиз ва ҳоказо.
Шунча одамга ҳаққини бера оласизми?! Савобингиздан бериб, етказа оласизми?! Агар савобларингиз етмаса, уларнинг гуноҳларидан сизнинг бўйнингизга қўйилади.
Тасаввур қилинг! Бир марта сажда қилишнинг савобига муҳтож бўлиб турганингизда, минглаб, миллионлаб одамларнинг гуноҳини бўйинга олиш қанчалик даҳшат!
Азизлар, тавба қилайлик! Бировларнинг ҳаққи зиммамизда турган бўлса, тезда қайтариб берайлик, қарзлардан тезроқ қутулайлик, урушганларимиз билан ярашайлик, ғийбат қилганларимиздан узр сўраб, уларнинг розилигини олайлик, бизда одамларнинг моддий ва маънавий ҳақлари қолмаслигига эришайлик!
Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг ҳузурига ёруғ юз билан боришимизни насиб этсин, омин!
Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади