muslim.uz

muslim.uz

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар сайтлардан ва ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. 

Агар ўғрилар кўчаларда бемалол юраётган бўлса, бунинг икки сабаби бор:

Ё низомнинг ўзи ўғриликка имкон беради;

Ёки халқ ўта бепарводир.

Ли Куан Ю

*****

Донишманд Ойга ишора қилса, жоҳил бармоққа қарайди.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Аёлнинг ҳуррияти, озодлиги дегани либослардан озодлик дегани эмас! Балки фикрлаш, танлаш борасидаги ҳурриятдир.

Доктор Али Шариатий

*****

Диплом – сенинг таълим олганингни тасдиқловчи қоғоздир, ўқиганларингни англаганингни эмас.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Зироат, деҳқончилик очликдан тўсади. Саноат эҳтиёжларни қондиради. Лекин таълим уруғ экиб, ундан Ватан деган нарсани ундириб-ўстиради.

Жалол Омир

*****

Соғлом фақир одам бемор подшоҳдан кўра бахтлироқдир.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Ҳар сафар бирор таниш одамим билан кўришиб қолсам, “Қаерда ишлаяпсан?”, “Уйландингми?”, “Уйинг борми?” каби саволларни беради. Аммо бирорта одам “Бахтлимисан?” деб сўрамайди.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Урушишга пуллари бор. Аммо улар фақирларга таом беролмайдилар.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

 

 

 Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

Нозимжон Иминжонов

Четверг, 28 Март 2019 00:00

Аудиохабарлар (28-03-2019)

ЎМИ Матбуот хизмати

Баҳор зироат соҳиблари деҳқонларнинг фаслидир. Деҳқончилик улуғ ва фазилатли амаллардан бири ҳисобланади. Муқаддас динимизда бу касб соҳибларига алоҳида эътибор берилади. Деҳқончилик қилиш билан инсон кўп фазилатларга эга бўлади.

Деҳқончилик Одам (алайҳиссалом)нинг суннатидир. Пайғамбарлар тирикчилик учун касб-кор билан шуғулланишган. Одам (алайҳиссалом) ерни ҳайдаб, буғдой эккан. Ерни суғориб, ҳосил етиштирган. Буғдой туйиб, хамир қориган. Деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланадиганлар учун Одам (алайҳиссалом)нинг сийратларида гўзал намуна бор.

Инсон дунёда меҳнат билан улуғ мартабаларга эришади. Меҳнат сабабли юксак чўққиларга етади. Касб сабабли дунёда бахтли бўлади. Деҳқончилик ҳам улуғ касблардан ҳисобланади. Абул Ҳасан Мовардий “Дунё ва дин одоби” китобида: “Касбларнинг асл устуни уч нарсага боғлиқ. Улар зироат, тижорат ва саноатдир. Менимча, деҳқончилик касбларнинг энг покизаси ва афзалидир”, деган. Мусулмон учун ҳалол луқма топиш учун сарфлаган вақти ибодат ҳисобланади. Демак, инсон деҳқончилик билан шуғулланса улуғ ибодатни бажарган ҳисобланади. Чунки деҳқонни иссиқ кунларда ҳалол касб қилиш учун далада меҳнат қилиши улкан жасоратдир. Ҳалол ризқ талабида касб қилиши еса унинг азизлигини зиёда қилади.

Деҳқон олий сифатлар соҳибидир. Жумладан, унинг имони мустаҳкам, қалби доимо Аллоҳга боғланган ва Раббига таваккули кучли бўлади. Уруғни ерга экиб, қолганини Аллоҳга топширади. Мўтадил обҳаво, ёмғир ва ҳосилни баракали бўлишини сўраб, Аллоҳ таолога дуо қилади. Деҳқон Аллоҳ таоло уруғни қандай ундириб, ўстирётганига гувоҳ бўлади. Шунинг учун, Раббининг қудратини қалбидан ҳис қилади. Бу борада Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Сизлар экаётган зироатларингизни (ўйлаб) кўрдингизми?!. Уни сизлар ундирурмисиз ёки Биз ундирувчимизми?!” (Воқеа сураси, 63-64 оятлар). Бошқа оятда бундай дейилади: “У (Аллоҳ) шундай зотки, (сўритокларга) кўтариб қўйиладиган ва кўтариб қўйилмайдиган (узумзор) боғларни, таъми турлича (бўлган) хурмо ва мевали дарахтларни, (ранг ва таъмда) ўхшаш ва ўхшамас зайтун ва анорларни пайдо қилди. Мева ҳосил қилганда, мевасидан тановул қилингиз! Ҳосил йиғиш кунида (муҳтожларга) ҳаққини (ушри ва хирожини) берингиз ва исроф қилмангиз! Албатта, У исроф қилувчиларни севмайди” (Анъом сураси, 141-оят).  

Экин экиш савобли иш. Мўмин яхши ният билан кўчат экса улуғ ажр-савобга эга бўлади. Жобир (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қайси мусулмон экин экса, ундан ейилса унга садақа бўлади. Ўғирлангани ҳам унинг учун садақадир. Йиртқичлар егани ҳам унинг учун садақадир. Қушлар егани ҳам унинг учун садақадир. Ўша экиндан бирортаси манфаат олса унинг учун садақа бўлади”, дедилар” (Имом Муслим ривояти). Ҳадисдан кўчат экиш, деҳқончилик қилиш нечоғлик улуғ ва фазилатлик касб экани маълум бўлади. Кўчат экмоқчи бўлган киши нафақат ўзини, балки, ён атрофдагилар, келажак авлодларни ҳам манфаатини ўйлаши керак. Бу амалнинг деҳқонга нафақат тириклигида, балки, вафотидан сўнг ҳам манфаати етиб туради.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) умматларини кўчат ўтказиш ва экин экишга тарғиб қилганлар. Анас ибн Молик (розияллоҳи анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Агар қиёмат бўлиб қолса ва биронтангизнинг қўлида хурмо дарахти бўлса, уни экиб қўйсин”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).

Деҳқон умид билан ерга эруғ қадайди, баъзилар эса кўчат ўтказишади. Униб чиққан уруғ ва барг ёзган ниҳол то қуриб қолгунча Аллоҳ таолога тасбеҳ айтади. Буларни етиштирганлар ҳам айтилган тасбеҳнинг савобига эга бўлишади. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Етти осмон, Ер ва улардаги бор жонзот Унга тасбеҳ айтур. Мавжуд бўлган барча нарса ҳамд билан Унга тасбеҳ айтур. Лекин сизлар уларнинг тасбеҳларини англамайсиз. Дарҳақиқат, У ҳалим ва кечиримли зотдир (Исро сураси, 44-оят). Биринчи жумладаги “жонзот”дан мурод Ер ва осмондаги инсонлар, фаришталар, жинлар. Кейинги жумладаги тасбеҳ айтадиган нарсалардан мурод жонли ёки жонсиз нарсалар эканида ихтилоф бор. Дарахтлар, гиёҳлар, сув, кийим, таом, ҳайвонлар, қушлар ҳам “Субҳоналлоҳи ва биҳамдиҳ” деб тасбеҳ айтар экан. Жонсиз нарсаларнинг гапириши ва тасбеҳ айтиши тўғрисида ҳадисларда айтилган. Суддий (раҳматуллоҳи алайҳ)нинг сўзига кўра, ҳар бир нарса асл ҳолида турганда тасбеҳ айтади, бошқа нарсага айлангач, тасбеҳдан тўхтайди. Масалан, дарахт шохлари тасбеҳ айтади, улардан кесиб олиб буюм ясалгач, 

Деҳқончилик билан шуғулланиб, ҳалол меҳнат қилган, ҳалол ризқ топган, ўзи ва бошқаларнинг манфаати учун кўчат ўтказган инсон ажру мукофотга эришади. Кўчат ўтказиш нақадар улуғ иш. Буни дунёда қилинган солиҳ амал учун жаннатда мукофат сифатида бир дарахт экилишидан ҳам билиш мумкин. Жобир (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким: “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи (Аллоҳ таолони барча айбу нуқсонлардан поклайман, ҳамд Унгагина хосдир), деса у учун жаннатда бир хурмо кўчати экилади”, дедилар” (Имом Термизий ривояти). Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Исро кечаси Иброҳим (алайҳиссалом) билан кўришдим. У менга: "Эй Муҳаммад (соллаллҳу алайҳи ва саллам), умматингга мендан салом йўлла. Уларга хабар бер: “Жаннатнинг тупроғи хушбўй, суви шириндир. У бир текислик бўлиб, унга кўчат ўтқазиш учун: “Субҳоналлоҳи вал ҳамдулиллаҳи ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар (Аллоҳ таолони барча айбу нуқсондан поклайман, ҳамд Унгагина хосдир. Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. Аллоҳ буюк Зотдир)”, дейиш керак”, деди (Имом Термизий ривояти).

 

 

Обиджон МИРҲАМИДОВ,

Қибрай туманидаги “Саъдулла ота”

жаме масжиди имом-хатиби

Четверг, 28 Март 2019 00:00

Энг яхши ҳадя гўзал ахлоқдир

Фарзанд қалб райҳони, гулидир. Гўдаклигида уларни  эркалаб кўнглимиз ҳузур қилса, улғайганида ёрдамларига муҳтожлик сезамиз. Дунёдан ўтганимиздан кейин эса номаи аъмолларимизга улар қилган солиҳ амаллар ва дуолари баракотидан узлуксиз савоблар етади.

 Аллоҳ таоло: “Мол-мулк, фарзандлар дунё ҳаётининг зийнатидир...” дея марҳамат қилган(«Каҳв» сураси, 46-оят).

Ота фарзандларига меҳр кўрсатиши, ҳамда яхши тарбия бериб, илм ўргатиши зарур бўлади. Шунингдек, уларга ҳар фурсатнинг қимматли эканини тушунтириши, ҳалол, пешона тери билан топилган ризқ-рўзда барака бўлиши ҳақида панду насиҳатлар қилиши ҳамда  қизиқишию хоҳишларига қараб касб-ҳунарга йўналтириши мақсадга мувофиқдир.  Шундагина фарзанд отанинг айтган йўлидан юради ва унинг насиҳатларидан таъсирланиб, ўгитларига амал қилади.

Таътил пайтларида ҳам болаларни бўш қўймаслик, яъни гиёҳвандлик каби зарарли иллатлар ва турли ёт ғоялар тузоғига илинишидан ҳимоя этишимиз талаб қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қилганлар: “Ёшлик вақтингизни кексаликдан олдин, бўш вақтингизни  машғул бўлиб қолишдан олдин ғанимат билинг!”(Имом Термизий ривояти).

Фарзанднинг ахлоқ-одобига ёмон дўсту ёрларнинг ҳам таъсири катта бўлади. Уларнинг нима билан машғуллиги, атрофидаги суҳбатдошлари ким эканига эътиборли бўлиш жуда муҳимдир.

Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) бундай деганлар: Яхши ҳамсуҳбат билан ёмон ҳамсуҳбат мисоли мушки анбар сотувчи билан темирчига ўхшайди. Сен мушки анбар сотувчининг мушкидан сотиб олмаган тақдирингда ҳам унинг хушбўй ҳидидан баҳраманд бўласан, темирчининг босқони уйингни ёки кийимингни ёндириб юбормаган тақдирда ҳам, унинг бадбўй ҳидидан кўнглинг беҳузр бўлади”.

Фарзандларимиз тўғри эътиқодда, эзгу фазилат ва юксак ахлоқли бўлиб тарбия топиши учун уларни ҳалолликка, эзгу ишларга, инсоф-адолатга, бошқаларга яхшилик қилишга чорлаш зарур. Донишманд халқимиз: «Қуш уясида кўрганини қилади”, дея бежиз айтмаган.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳеч бир ота ўз фарзандига яхши тарбия ва гўзал одобдан буюкроқ ҳадя бера олмас”, деб марҳамат қилганлар.

Ҳар бир даврнинг ўрганилиши лозим бўлган илму ҳунарлари бўлиб, уни пухта билиш ва эгаллаш шу даврда яшаб турганларнинг вазифасига киради. Оилада фарзандларимизнинг бирига айтилган насиҳат айни чоғда унинг ака-укаларига ҳам тегишли бўлиши, хонадондагиларнинг барчасига бирдай таъсир қилишини унутмаслигимиз ҳамда уларни теварак атрофимизда бўлаётган воқеа-ҳодисаларга, ўзгаришларга дахлдорлик руҳида тарбия беришимиз лозим.

Чиройли одоб-ахлоқ инсондаги барча фазилатларнинг асосидир. Яхши инсонларнинг ёрдами доим оиласига, жамиятга ва Ватанига етиб туради. Демак, Юртбошимиз айтганларидек: “Ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзи тамойилларини қарор топтириш, уларни гиёҳвандлик, ахлоқсизлик, четдан кириб келаётган ҳар хил зарарли таъсирлардан, “оммавий маданият” ниқоби остидаги таҳдид ва хавф-хатарлардан асраш масалалари бир зум ҳам эътиборимиздан четда қолмаслиги лозим”.

Ёшларни кийиниш, еб-ичиш, бошқалар билан муомалада бўлишда бой миллий қадриятларимиз руҳида камолотга етказиш, айниқса, муҳимдир. 

Фарзандлар бизнинг меросхўрларимиз, улар биздан сўнг амалларимизнинг давомчиларидир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Инсон вафот этгач, унинг амали тўхтайди. Фақат уч нарса сабаб унинг номаи аъмолига узлуксиз савоб етиб туради. Садақаи жория, фойдали илм, дуои хайр қилувчи солиҳ фарзанд” (Имом Муслим ривояти).

Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом) болаларни эркалаб, “Улар - жаннат райҳонларидир”, деганлар. Улар бундай мақомга муносиб бўлишлари  учун эса чиройли хулқли, диёнатли, эл-юртига садоқатли, миллатига муносиб тарзда тарбияланиши лозим.

 

Абдулҳаким ПИРНАЗАРОВ, 

Шайхонтоҳур тумани «Коҳ ота бузрук» жоме масжиди имом-хатиби

Четверг, 28 Март 2019 00:00

Илтимос қалбни қотирманг

Шу кунларда атрофдаги ва ижтимоий тармоқларда бўлаётган кўплаб холатлар менда бази саволлар пайдо бўлишига сабаб бўлди. Бугун қайсики сайт, телеканал ёки ижтимоий тармоққа кўз ташласангиз ҳақорат қилди, сўкди, дўппослади, пичоқлади, ўлдирди каби эшитганда одамни сескантирадиган янгилик, овозли хабар ёки видеороликлар оқимининг гувоҳи бўласиз. Улардан хафсалангиз пир бўлиб бошқасига ўтсангиз одоб, миллий қадриятларни четга суруш тугул иймонингизни заифлаштирадиган турли махсулотлар, шоулар, янгидан янги либос ва кераксиз буюмлар, фахш ва баҳаёликни тарғиб қилувчқи  рекламалар уммонига ғарқ бўласиз. Афсуски, бу “хабарлар”нинг инсонларга фойдасидан кўра кўпроқ зарари тегмоқда. Қандай? Жавоби, қисқа ва лўнда: бу каби янгиликлар, рекламалар ва айниқса аудо-видео махсулотлар инсонларнинг дийдаси қаттиқ, такаббур, кераксиз орзулар оғушидаги тайёр истеъмолчи манқуртга айланишига олиб келади. Хўш бунинг нимаси хатарли? Бу саволга жавобни улуғ аллома ватандошимиз Абу Лайс Самарқандийнинг асарларидан топдик.

Қуйида Абу Лайс Самарқандий ҳазратларининг асарларида келтирилган бази ўгитлар билан яқиндан танишинг. Зеро, бу ўгитлар бугун аксариятимизга сув билан ҳаводек зарур:  

  • Ҳакимларнинг сўзи аҳмоқлар учун эрмак, овунчоқдир ва аҳмоқларнинг сўзи ҳакимлар учун ибратдир. 
  • Хатоларнинг оналари уч нарсадир: ҳасад, ҳирс ва кибр. Кибрнинг асли иблисдандир. У такаббурлик қилган вақтда сажда қилмоқдан бош тортди. Сўнгра лаънатланди. Аммо ҳирс Одам алайҳиссаломдан эди. Унга айтилган эди: «Жаннатнинг ҳаммаси сенга ижозатдир, фақат бу дарахтга яқинлашма». Уни ҳирс кўтариб, дарахт мевасидан емоқликка ундади ва жаннатдан ҳайдатди. Ҳасаднинг асли Одамнинг ўғли Қобилдан эди. Укасини ўлдирган вақтда кофирга айланди ва унинг жойи абадий дўзах бўлди. 
  • Ким орзуларни камайтирса, қисқа қилса, Аллоҳ таоло тўрт хил кароматлар билан ҳурмат қилади;

Биринчиси, тоатда кучли қилади. Чунки банда яқинда ўлимини билса, унга юзланадиган нохуш нарсаларга аҳамият бермайди. Тоатларда кўп ҳаракат қилади ва амалларни кўпайтиради.

Иккинчиси, ғамларини камайтиради, чунки яқинда ўлишини билса, рўбарў келган кароҳиятларни ўлим санамайди.

Учинчиси, ози билан рози бўлади. Чунки яқинда ўлимини билса, кўп нарсани талаб қилмайди. Унинг ғами фақат охират ғами бўлади.

Тўртинчиси, унинг қалбини нурли қилади. 

  • Қалбинг нури тўрт нарсадир: Биринчиси, оч қорин (рўза). Иккинчиси, солиҳ дўст. Учинчиси, ўтган гуноҳларни эслаш. Тўртинчиси, қисқа орзу.

Албатта, кимки орзуни кўп қилса, тўрт нарса билан азобланади. Биринчиси, итоатлардан дангаса бўлади. Иккинчиси, дунёда ғамлари кўпаяди. Учинчиси, мол йиғишга ҳарис бўлади. Тўртинчиси, қалби қаттиқ бўлади. 

  • Қалбнинг қаттиқ бўлиши тўрт нарсадан:

Биринчиси, тўлиб қолган қорин.

Иккинчиси, ёмон дўстнинг суҳбати.

Учинчиси, ўтган гуноҳларни унутиш.

Тўртинчиси, узун орзулар.

 

Манбалар асосида Саидаброр Умаров тайёрлади

Мақолалар

Top