muslim.uz

muslim.uz

ЎМИ Матбуот хизмати

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Расмлар муаллифи Шаҳзод Шомансур

Имом Бухорий номли Тошкент ислом институтида “Февраль ойи – Ҳадис ва мусталаҳул ҳадис” фан ойлиги муносабати билан 2019 йил 28 феврал куни “Имом Термизийга муносиб авлод бўлайлик!” шиори остида ҳадис ва мусталаҳул ҳадис фани бўйича мусобақа мусобақаси ўтказилди.

Тадбирга Ўзбекистон мусулмонлари идораси котибият бўлими мудири М.Ҳомидов ҳамда мутасадди раҳбарлар ва устоз-мураббийлар ташриф буюришди. Тиловати Қуръон ва дуо-и хайрдан сўнг институтнинг ўқув ва илмий ишлар бўйича

проректор У.Ходжаев нутқ сўзлаб, тадбирни очиб бердилар.Мусобақада иккинчи курслар орасидан 3 та жамоа иштирок этди. Мусобақа тўрт шартдан иборат бўлиб, уч жамоадан ҳар бирининг шартлар бўйича берган жавоблари ҳакамлар томонидан холисона баҳолаб борилди.

Мусобақа бошидан охиригача қизғин тус олди. Гуруҳ иштирокчиларининг мусобақага яхши тайёргарлик кўрганлари томошабинларга ҳам яққол намоён бўлди. Мусобақа натижаларига кўра, “Бухорий авлодлари” гуруҳ иштирокчилари 190 баллдан тўплаб, биринчи ўринга; “Термизий авлодлари” гуруҳ иштирокчилари 177 балл тўплаб, иккинчи ўринга ва Доримий авлодлари гуруҳ иштирокчилари 168 балл тўплаб, учинчи ўринга сазовор бўлишди.

Ғолиб гуруҳ ва мусобақада фаол иштирок этган гуруҳларга институт ҳамда ҳомийлар томонидан эсдалик совғалар тақдим этилди. Шунингдек, тадбир сўнггида фан ойлиги муносабати билан ўтказилган савол-жавоб ва мақолалар танлови ғолиблари ҳам тақдирландилар. Тадбир институтнинг “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси ўқитувчиси, ҳакамлар ҳайъати аъзоси Абдурасул Ташпўлатовнинг нутқи ва хайрли дуолари ила якунланди.

Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси ўқитувчиси Ю.Абдураҳимов

Пятница, 01 Март 2019 00:00

Бу бизнинг бурнимиз...

Бурун ажойиб тарзда яратилган аъзо бўлиб, ичида устма-уст жойлашган мугуз пластинкалар бор. Ҳаво ўша пластинкалар орасидан узоқ масофани босиб ўтади. Нега?

Маълумки, инсоннинг тана ҳарорати 37 даража бўлиб, қиш кунларида ҳарорати 0° бўлган ҳаводан нафас олади. Ушбу совуқ ҳаво бурун ичидаги пластинкалардан айланиб ўтиб, ўпкага илиқ ҳаво тарзида етиб боради.

Инсоннинг саломатлигида бурундаги ушбу мугуз пластинкаларнинг катта ўрни мавжуд. Чунки уларда мушакларга бириккан қон томирлари бор. Бу мушаклар кенгайса, ундаги қоннинг миқдори ортади. Инсоннинг бурни совуқ кунларда қизил рангда кўринади. Бу ранг қаердан келди? Бу ўша буруннинг ичидаги қон томирлари кенгайганидан далолат. Илиқ қон бу томирларга келгач, пластинкаларни илитади. Пластинкалар илигач, уларнинг орасидан ўтаётган совуқ ҳаво ҳам илийди.

Агар инсон оғзи орқали нафас олса, жуда кўп касалликларга чалинади. Бурундан нафас олганда эса, совуқ ҳаво илиши натижасида касалликлардан қутулади. Шунингдек, мазкур пластинкалар шилимшиқ ва ёпишқоқ модда билан қопланган. Бу модда бурунга ҳаво орқали кирадиган чанг ва бошқа зарарли микробларни тутиб қолади. Гоҳида инсон чангли ҳавода нафас олганда, бурнидаги шилимлиқ моддага ўша чанглар ёпишади. Бурнини ювганда ўша чангларни қорамтир рангда кўради. Бу ердаги улкан ҳикматни қаранг!

Агар чанг ҳавода нафас олганимизда, баъзи чанг заррачалари ёпишқоқ моддадан қутулиб қолди. Энди уларни нима тутиб қолади? Энди уларни бурун ичидаги туклар тўсиб қолади!

Пластинкалар ҳам шилимшиқ модда билан, ҳам тук билан қопланган.

Шундай қилиб бурун орқали ўтаётган совуқ ҳаво илийди. Чанглар ёпишқоқ моддага ёпишиб қолади. Улардан ўтгани тукларга илинади. Хуллас, зарарли модда ичкарига, ўпкага ўтмаслиги учун бурун мукаммал аъзо қилиб яртилган.

Соғлом ақлли инсон бу ишлар ўз-ўзидан бўлган деб ўйламайди! Бу ерда улкан ҳикмат, буюк раҳмат борлигини бутун вужуди билан ҳис қилади!  

Инсон шу бурни билан турли ифорларни ҳидлайди. Унда нечта ҳид билувчи асаб толалари бор? 20 миллионта!

Ҳар бир ҳид билувчи асаб толасининг учи еттита попук билан тугайди. Бу попуклар ҳам шилимшиқ моддалар билан ўралган. Попуклар ва шилимшиқ модда ташқаридан кирган ҳид билан реакцияга киришади ва попуклар геометрик шаклга киради. Бу геометрик шакл ўша ҳиднинг белгиси ҳисобланади. Кейин ушбу шакл мияга юборилади ва миядаги ҳид билиш бўлимига қайд этилади. Кейинчалик сиз истеъмол қилаётган таомингизга ялпиз солинганини ёки фалон модда қўшилганини сезиб қоласиз. Қандай сезасиз? Гап шундаки, ялпиз ҳиди бурнингиздаги ҳид билиш рецепторларида муайян шаклни ҳосил қилади. Кейин ўша шакл миядаги ҳидлар марказига юборилади. Олимларнинг айтишича, миядаги ҳид билиш марказида ўнг минглаб пунктлар бор экан. Ҳиднинг белгиси бўлган шакл шу пунктларга бирма-бир кўрсатиб чиқилар экан. Кейин мия ўша марказда қайд этилган ҳидлар орасидан ялпиз ҳидини топади. Ана шунда сиз овқатингизга қўшилган нарсанинг ялпиз эканини сезасиз.  

Ҳа, азизлар, инсондаги ҳар бир аъзо ана шундай бетакрор ва ажойиб қилиб яратилган. Инсон учун энг яқин нарсалар унинг тана аъзоларидир. Улар ҳақида тафаккур қилиш, тузилишини, ишлаш жараёнини ўрганиш Аллоҳ таоло ҳақида маърифат ҳосил қилишнинг энг қисқа йўлидир. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган: 

وَفِي الْأَرْضِ آيَاتٌ لِّلْمُوقِنِينَ وَفِي أَنفُسِكُمْ أَفَلَا تُبْصِرُونَ

“Ва ер юзида чуқур ишонувчилар учун белгилар бордир. Ва ўзларингизда ҳам. Ёки кўрмаяпсизларми?!” (Зарият сураси, 20-21-оятлар).

 

Муҳаммад Ротиб Набулсийнинг мавъизасидан

Нозимжон Иминжонов таржимаси

Четверг, 28 Февраль 2019 00:00

Биз киммиз ўзи?

Подшоҳ аъёнлари қуршовида кўчадан дабдаба билан ўтиб борарди. Қаршисидан абгор ҳолдаги гадо чиқиб, баланд овозда деди:

  • Ассалому-алайкум қариндош!
  • Эй нодон, - деди подшоҳ ғазабланиб. – Қандай қилиб сенга қариндош бўлай?! Сен ким-у, мен ким?
  • Қариндошмиз, олампаноҳ. Ҳаммамиз бир ота-она – Одам Ато ва Момо Ҳаввонинг фарзандларимиз-ку.

         Нима ҳам дердик, ўша гадо ҳақ. Инсоннинг инсондан фарқи (“афзаллиги”, “устунлиги” ва ҳоказо)ни ташқи кўриниши, кийими, терисининг ранги, моддий имкониятлари, ижтимоий мавқеи, мансаби... кабилар билан ажратиш ўта нисбий тушунча. Дейлик, бири – “фуқаро”, иккинчиси – “зодагон”. Нима бўпти? Яна, бек ким-у, хожа ким, фақир ким? Ҳаммаси – ҳазрати Инсон эмасми? Масалан, “оқсуяк”-зодагонга бир умр бахтли-саодатли бўлмоқ, дорилбақога қайтгач, тўппа-тўғри жаннатга тушмоқ кафолати берилганида, бошқа гап эди! Ёки, куч-қудратда тенгсиз паҳлавонлар, заифлардан кўра узоқроқ умр кўрадими-йўқми – буни ҳеч ким билмайди! Баъзан, бошқаларга нисбатан зоҳирий устунлик – инсон ўзининг чексиз орзу-истаклари-ю, ақли воситасида ўйлаб топган “кашфиёти” холос, дейиш мумкин.

Ҳадиси шарифда шундай дейилади: “Инсонларнинг ҳаммаси тароқнинг тишидек баробардур”. Фақат, гоҳо бу ҳақиқатни ё билмаймиз, ёки билишни истамаймиз...

Чексиз оламда Инсон – ким ўзи?

Бу саволга ўтмиш мутафаккирлари турли-туман жавоблар топишган. Умар Хайём инсонни “табиатнинг гултожи”, “оламнинг меҳвари” дея улуғласа, фаранг мутафаккири Блез Паскаль камтарона, ҳатто тушкун кайфиятда: “атом зарраси каби адашган”, “бир дақиқа ялт этиб кўриниб, абадий йўқолган соя”га  ўхшатади. “Коинот ичра инсон нима? – дея савол қўяди Б.Паскаль ва бундай жавоб беради: – чексизлик билан қиёслаганда йўқлик, йўқлик билан қиёслаганда борлиқ, ҳамма нарса ва ҳеч нарса орасидаги ўрталикдир.

Инсоннинг улуғлиги унинг фикрлаш қобилиятида. Ёлғиз тафаккургина бизни юксакка кўтаради, макон ва замон бундай имконга эга эмас, чунки улар ичра биз ҳеч нарсамиз”.

Дарҳақиқат, инсон бу чексиз оламда имкониятлари ниҳоятда чекланган мавжудот, десак, ўзимизга мос баҳо берган бўламизми? Мисол учун, жуда паст овозни эшитмаймиз, ўта баланд овоздан эса қулоқ ёрилиб кетади. Кичик зарраларни кўролмаймиз, шунингдек, ўта узоқ масофани ҳам кўзимиз илғамайди. Ҳатто,  “энг учқур” деб таърифланувчи ақл-идрокимиз имкониятлари ҳам албатта, чегараланган. Қадимги ҳинд ҳикматида айтилганидек, “Биз олам, одам ва жамият ҳақида жуда-жуда оз нарса билишимизни билиш учун ниҳоятда кўп нарса билишимиз кераклигини камдан-кам одам билади”. Бинобарин, Инсон ўз ақл кучи билан “ҳамма нарсани” билувчи эмас, балки Аллоҳ истаган нарсанигина билгувчидир.

Инсоннинг феъл-атвори жуда ҳам қизиқ. Ўта мураккаб. Унинг баъзи  қирралари шундай кутилмаган ҳолатда намоён бўладики, буни аввалдан айтиш, башорат қилиш, “режага киритиш” ва ҳатто тасаввур қилиш ниҳоятда мушкул...

“Араб тафаккури хазинаси”дан: “Хасталик тўшагида ўзига заифлик билан бирга орзу-умид, жангу-жадал майдонида эса бузғунчилик билан бирга куч-қувват топиб, ўзида иккала зиддиятни жамлай олган мавжудот – инсондир”. Баайни, Инсон жисмида сув ва олов бирлашган. Тупроқдек хокисорлик ҳам, тенгсиз бунёдкорлик, бузғунчилик, қайноқ меҳр-муҳаббат, ваҳшийлик, ҳавойилик (масалан, кибр), йиртқичлик... ҳам инсонга хос. “Инсон ҳар доим беозор бўлмасдан, баъзан дунёдаги энг ваҳший махлуққа айланиши мумкинлигини гоҳо тан олгимиз келмайди”.

Юқоридаги фикрлар инсон зотига нисбатан инсонлар томонидан айтилган ва кимдир бунга қарши чиқиши ҳам мумкин. Агар бирор бир буюмни ясасангиз унинг қандайлигини сиздан бошқа ҳеч ким аниқ ва батафсил билмайди. Одам зотини ҳам уни яратган Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким заррасигача, қалбидаги ҳисларигача билиши мутлақо мумкин эмас. Шу сабаб биз ҳақимизда Аллоҳ таолонинг Каломида келтирилган оятларга назар солсак:

“Эсланг, (эй Муҳаммад!) Раббингиз фаришталарга: “Мен Ерда халифа (Одам) яратмоқчиман”, – деганида, (улар) айтдилар: “Унда (Ерда) бузғунчилик қиладиган, (ноҳақ равишда) қонлар тўкадиган кимсани яратмоқчимисан? Ҳолбуки, биз Сенга ҳамдинг билан тасбеҳлар айтамиз ва Сени муқаддас деб биламиз”. (Аллоҳ) айтди: Албатта, Мен сизлар билмаган нарсаларни билурман. (Бақара сураси, 30)

(Ҳар бир) инсон зиёнда (бахтсизликда)дир! Фақат имон келтирган ва солиҳ амалларни қилган, бир-бирларига ҳақиқатпарвар бўлишни тавсия этган ва бир-бирларига сабрли бўлишни тавсия этган зотларгина бундан мустаснодирлар”. (Аср сураси, 2-3)

Ахир, инсон заиф яратилган-да! (Нисо сураси, 28)

Нима бўлганда ҳам инсон эканлигини, бандани Аллоҳ таоло яратганлигини, ҳаётга келишдан мақсад ва юклатилган вазифаларни унутмасдан яшаш ҳар бир ўзини ОДАМ деб билган мавжудот учун унутилмас ва исбот талаб қилмас ҳақиқатдир!

 

“Инсоннома” китоби асосида Саидаброр Умаров тайёрлади

Мақолалар

Top