muslim.uz
Иситмага қарши Набавий чора
Инсоннинг тана ҳарорати турли сабабларга кўра кўтарилади. Тана ҳароратининг кўтарилиши шамоллаш ва грипп асносида кўпроқ кузатилади. Баъзан бу кўтарилиш 40°-41° даражага етиши мумкин. Агар шу пайтда зудлик билан чора кўриб, ҳароратни туширишга уринилмаса, бемор вафот этиши мумкин.
Тана ҳароратининг кўтарилиши иситма дейилади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир неча ҳадисларда иситмани тушириш йўлларини баён қилганлар. Ана шундай ҳадислардан бирини келтирсак.
عن ابن عمر رضي الله عنهما أن النبي - صلى الله عليه وسلم - قال : ( الحمى من فيح جهنم فأبردوها بالماء ) رواه البخاري
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Албатта, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Иситма жаҳаннам тафтидандир. Шу боис уни сув билан совутинглар!” дедилар”. Имом Бухорий ривояти.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этишларидан олдин бемор бўлиб ётганларида иситмалари кўтарилди. Шунда у зот алайҳиссалом устларидан етти марта мешдан сув қуйишларини буюрганлар.
Иситмани тушириш учун қўлланадиган дори воситалари, тиббий чора-тадбирлар кўп бўлишига қарамасдан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тиббий кўрсатмалари энг афзал ва энг фойдали услублигича қолмоқда. Кўп ҳолларда беморнинг иситмаси бирданига кўтарилиб кетиб, кўплаб дори-дармонлар ҳам таъсир қилмайди. Ана шу пайтда шифокорлар беморнинг устидан сув қуйиш, уни сув билан совутиш чорасини қўллайдилар ва самарали натижага эришадилар. Шунинг учун педиатр (болалар шифокори)лар бемор боланинг ота-онасига тезда унинг кийимларини ечиб олиб, устидан совуқ сув қуйишни ва сувга ботирилган латтани бемор боланинг пешонасига қўйиб туришни тавсия қиладилар.
Илмий томондан ҳам собит бўлганки, иситманинг бир неча фойдалари бор.
Инсон иситмалаганда, қондаги интерферон моддасининг миқдори ортади. Бу моддани қондаги оқ қон таначалари (лейкоцитлар) ишлаб чиқаради. Интерферон моддаси танага ҳужум қилган вирусларни йўқ қилади. Мазкур модда танани зарарли вирус ва бактериялардан халос этибгина қолмай, жисмнинг касалликларга қарши курашувчанлигини оширади, танадаги саратон ҳужайраларини йўқ қилиб, тананинг ҳеч бир жойида саратон ҳужайралари пайдо бўлишига йўл қўймайди.
Шу сабабли баъзи шифокорлар “Худди бемор одам соғайиб хурсанд бўлганидек, кўплаб касалликлар асносида иситма пайдо бўлса, биз хурсанд бўламиз. Чунки иситма дори ичишдан кўра танага кўпроқ фойдалидир. Мисол учун бўғимлар ревматизмини олайлик. Инсон шу касаллик билан оғриганда, бўғимлари қаттиқлашиб, ҳаракатланишга ярамай қолади. Худди шундай пайтда тиббиётда сунъий иситма муолажаси қўлланади. Бунда муайян дорилар орқали клизма қилиш йўли билан беморда иситма ҳосил қилинади” дейишади.
Ҳа, азизлар, иситманинг танага фойдаси борлиги ҳеч кимга сир эмас. Иситма бу дунёда беморнинг соғайишига хизмат қилса, охиратда гуноҳлардан фориғ бўлишига ҳам хизмат қилади.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Умму Соибнинг ҳузурига кирдилар ва:
«Эй Умму Соиб, сенга нима бўлди, қалтираяпсан?» дедилар.
«Иситма! Аллоҳ уни баракасиз қилсин!» деди у.
«Иситмани сўкма. У одам боласининг хатоларини худди босқон темирнинг чиқиндисини кетказгандек кетказур», дедилар у зот». Муслим ривоят қилган.
Аллоҳ таоло севикли Пайғамбаримизга, у кишининг оила аъзолари ва саҳобаларига кўплаб саловоту саломлар юборсин!
Интернет маълумотлари асосида
Нозимжон Иминжонов тайёрлади
Битта кўйлакли раҳбар
Маслама ибн Абдулмалик айтади: “Умар ибн Абдулазиз бемор бўлиб ётганда, уни кўргани кирдим. Устидаги кўйлаги бироз кирланиб қолибди. Аёли Фотимага қараб: “Эй Фотима, мўминлар амирининг кўйлагини ювиб бер!” дедим. У “Инша Аллоҳ, бажарамиз” деди. Кейин беморни кўргани яна кирдим. Қарасам, кўйлак ҳалиям ювилмаган ҳолда турибди. “Эй Фотима, сенга мўминлар амирининг кўйлагини ювиб бергин деб буюрмаганмидим? Ахир одамлар бу кишини кўргани киришади-ку!” дедим. Шунда синглим: “Аллоҳга қасамки, у кишининг бундан бошқа кўйлаги йўқ” деб жавоб берди”.
Ҳоний Ҳожининг “Солиҳлар ва солиҳалар,
зоҳидлар ва зоҳидалар ҳаётидан минг бир қисса”
китобидан Нозимжон Иминжонов таржимаси
Муфтий ҳазрат Абу Дабидаги анжуманда иштирок этмоқда
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Мусулмон донишмандлар кенгаши раиси, доктор Султон Румайсий жанобларининг таклифига биноан Бирлашган Араб Амирлигининг Абу Даби шаҳрида бўлиб ўтаётган халқаро анжуманда иштирок этмоқда.
Бугун, 3 февраль куни Абу Даби шаҳрида Инсоний биродарлик бўйича анжуман ўз ишини бошлади. Анжуман бош ҳомийси БАА амири Шайх Муҳаммад бин Зоид ал-Наҳён ҳисобланади. Унда дунёнинг барча мамлакатларидан келган таниқли уламолар, машҳур муфтийлар, профессор-олимлар, етук экспертлар, давлат ва дин арбоблари ҳамда турли конфессия етакчилари иштирок этмоқда. Йиғинга бутун жаҳондан мингдан ортиқ меҳмонлар келган.
Дунё халқлари турли муаммоларга дуч келаётган ҳозирги мураккаб шароитда дин пешволари бир жойга жамланиб, ягона мақсад – йўлида ҳамкорлик қилишлари ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда. Мазкур анжуманда дунёнинг кўплаб мамлакатларидан бир неча юзлаб делегация вакиллари бир мажлисда жам бўлиб, муҳим масалаларни машварат қилишлари, албатта, ўзининг ижобий натижаларини беради, инша Аллоҳ.
Ушбу нуфузли анжуманда сўзга чиққан нотиқлар турли халқлар ўртасида ўзаро бирдамлик, ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, ўзаро аҳилликка эришиш, турли ихтилоф ва фирқачиликка барҳам бериш кераклиги борасида сўз қиладилар.
Анжуман ишини сайтимиз орқали ёритиб борамиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Нишонга урилган гаплар: “Ҳақни кўра-била туриб, уни қўллаб-қувватламаган киши қўрқоқдир”
Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган.
*****
Албатта, Аллоҳ таоло Ўзи учун кўтарилган қўлни бўш қайтармайди.
Ўзига дуо билан илтижо қилган қалбни хор қилмайди.
У ҳақида яхши гумон қилган бандасининг гумонини ерда қолдирмайди.
«Ховатир роқия журнали»
*****
Аёлларни ҳурмат қиладиган киши, айримлар айтганидек, қўй эмас. Балки, эркаклик, мардлик ва олийжанобликнинг чўққисидадир. Чунки, аёлларни ҳурмат қилиш халқларнинг энг буюги бўлган саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг васиятларидир.
«Ховатир роқия журнали»
*****
- Заифлар ўч оладилар.
- Кучлилар кечирадилар.
- Ақллилар билмасликка оладилар.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Ёш табибдан ва кекса сартарошдан эҳтиёт бўл.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Экканингни суғормайдиган шахсларнинг боғларига гуллар экишни бас қил.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Шогирд – ичи тўлдириладиган идиш эмас. Балки у бир шуъла бўлиб, уни ёқиш сенинг зиммангдадир.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Қўйларингни боқиб туриб ҳам китоб ўқишинг мумкин. Маданиятнинг қаҳвага ҳеч қандай алоқаси йўқ (яъни қаҳва ичиб китоб ўқиш керак, шундай қилинса, китоб яхши ўзлаштирилади деган гап йўқ).
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Ҳақни кўра-била туриб, уни қўллаб-қувватламаган киши қўрқоқдир.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Жоҳиллик – киши ўзини ҳимоя қилиш учун далил-ҳужжати қолмаганда, неча марта сўкиш сўзларини ишлатгани билан ўлчанади.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Ким ҳамма одамларни рози қилишга уринса, умрини зое қилади.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Шахсий манфаатингни жамият манфаатидан устун қўйганингда, Ватан инқирозга юз тутади.
«Тарих муҳрлаган сўзлар»
*****
Дўстимдан «Нега хўрозингиз қичқирмай қўйди?» деб сўрадим. Шунда у «Қўшнилар шикоят қилди. Айтишларича, тонгда қичқириб, уларни безовта қилаётган эмиш. Шунинг учун сўйиб юбордик» деб жавоб берди. Бу гапни эшитиб бир нарсани ўйладим: «Одамларни уйғотишга уринувчиларни кўпчилик ёқтирмас экан».
«Тарих муҳрлаган сўзлар»
*****
Жаннат ҳақида фикр қилинг, ўйланг. Шунда дунё кўзингизга кичик кўринади.
«Ховатир роқия журнали»
*****
Қарз сўраб борса...
Фарзанди беморлиги сабабли зудлик билан муолажага пул керак бўлиб, қарз сўраб борса, пули бор, ўртада ишончсизлик юз бермаган бўлса-да, қарз бермай, унинг ўрнига “Ҳозир ҳаммагаям осонмас” деб гап бошалаб, насиҳат қиладиганларни тушунмайман.
Ё бериш керак ёки бериш нияти бўлмаса, “Ошна, беролмайман” деб гапни қисқа қилиш керак.
*****
Бўрон бўлаётганда ёнимда турмаган кишига (бўрон тиниб) Қуёш чиққанда эҳтиёжим бўлмайди.
«Тарих муҳрлаган сўзлар»
*****
Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи
Нозимжон Иминжонов
Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари БААга жўнаб кетди
Бугун, 2 февраль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Мусулмон донишмандлар кенгаши раиси, доктор Султон Румайсий жанобларининг таклифига биноан Бирлашган Араб Амирлигининг Абу Даби шаҳрида бўлиб ўтадиган халқаро анжуманда иштирок этиш учун жўнаб кетдилар.
Маълумот ўрнида, Мусулмон донишмандлар кенгаши 2014 йилда ташкил этилган бўлиб, дунёнинг энг катта, атоқли уламоларидан тузилган ҳайъат фаолият юритади. Кенгашга ал-Азҳар шайхи Аҳмад Муҳаммад Тоййиб ҳазратлари раҳбарлик қилади.
Кенгашнинг асосий мақсади Ислом оламидаги тарафкашликни бартараф этиш ва ҳамжиҳатликни таъминлашдан иборатдир. Шунингдек, Ислом оламида тинчлик-тотувликни мустаҳкамлаш, мусулмон мамлакатлар халқлари ўртасидаги бирдамликни таъминлаш, ички зиддиятларни йўқотиш, ўзаро мулоқот ва мўътадилликни қўллаб-қувватлаш ҳам Кенгашнинг мақсад-вазифалари сирасига киради. Дунёнинг энг машҳур 15 нафар дин ва давлат абоблари Кенгаш аъзолигига киритилган.
Мазкур халқаро нуфузли тадбирда муҳокама қилинган масалаларни сайтимиз орқали ёритиб борилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати