muslim.uz
Нишонга урилган гаплар: “Агар сени қоронғуда топа олмасам, (тонг отиб, атроф) ёруғ бўлганда сенга эҳтиёжим йўқ”
Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган.
*****
Ўзингда бор нарсалар ҳақида тафаккур қил, ўзингда йўқ нарсалар ҳақида эмас. Сенда бор нарсалар Аллоҳнинг карамидандир. Сенда йўқ нарсалар Аллоҳнинг ҳикматидандир.
“Ҳикмат дурдоналари”
*****
Агар сени қоронғуда топа олмасам, (тонг отиб, атроф) ёруғ бўлганда сенга эҳтиёжим йўқ.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Шайтонлар – Ватан учун эмас, балки Ватанга қарши урушувчилардир.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Лаганбардорлик ва мунофиқликни бас қил! Нима бўлган тақдирда ҳам ҳақиқатни гапир! Сенинг ёнингда қоладиганлар битта қўлингдаги бармоқлар ададидан ошмайди. Лекин ана ўшалар сен билан бир умрга бирга бўладилар.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Муаммо ҳақни билишда эмас. Балки натижа нима бўлишидан қатъи назар ҳақни айтишдадир.
Муҳаммад Ғазолий раҳимаҳуллоҳ
*****
Одамларнинг тасарруфларини кузатадилар.
Одамларнинг хулқ-атворини танқид қиладилар.
Одамларнинг ниятларини таҳлил қиладилар.
Шу билан ўз ҳаётларини яшамай, балки одамларнинг ҳаётини яшаб умрлари ўтиб кетади.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Бир оғиз гапирмасингдан туриб сени эшитадиганлар ва тушунадиганларни эҳтиёт қил!
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Кутаётган киши учун вақт секин ўтаётгандек туюлади.
Қўрқаётган киши учун вақт тез ўтаётгандек туюлади.
Маҳзун киши учун вақт узундек туюлади.
Ўйин-кулги қилаётган киши учун вақт қисқадек туюлади.
“Ҳикмат дурдоналари”
Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи
Нозимжон Иминжонов
Кўзингизни юминг ва дунёни унутинг
БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ
Машҳур устозлардан бири Абдулазиз ат-Тавийжирийнинг уйларида меҳмон бўлиб, кундузи билан у кишининг суҳбатларида бўлдим.
Аср намози яқинлашган бир пайтда устоз мени қўлимдан ушлаб хонасига олиб кирдиларда: Сени ажойиб роҳат баҳш этувчи уч дақиқалик дам олишинги истайман дедилар. Гўёки бу Хитойнинг тиббиётига ўхшар эди.
Шундоқ ҳам дам олиш учун бир неча дақиқалардан ортиқ вақт йўқ эди. Мен ётдим. Устоз: кўзингни юм, оғзингни ёп ва дунёни унит, дедилар.
Мен икки кўзимни юмдим. Кўзни юмиш деганда: дунёни, муаммоларни, ғам-ғусса ва хафагарчиликларни эслатадиган манзараларни кўрмайсиз. Оғизни юмиш деганда: суҳбатлашмайсиз ва гапирмайсиз. Дунёни унитиш деганда: ўйингизни дунё ишларини тафаккур қилиш билан машғул қилмайсиз.
Ҳақиқатда кечаси билан ухлаб дам оламиз бироқ, борлиқ ўзгармайди. Чунки борлиқ Аллоҳнинг ҳимоясидадир. Ҳаётда борлигимиз йўқлигимизга, тириглигимиз вафот этганимизга ўхшайди. Биз шундай бир башармизки таом еймиз, бозорларда юрамиз, ухлаймиз ва яна уйғонамиз. Бироқ биз борлиқга келсакда ва ўтиб кетсакда дунёда бирор-бир нарса ўзгармайди.
Мен ушуб уч дақиқада унитишни бошладим. Ҳеч нарсани ўйламадим сўнг ўтириб олдим. Ишониг ажойиб бир роҳатни ҳис қилдим.
Устоз: бу машқни катта табиблардан ўргандим. Агар ишларинг ва ташвишларинг кўпайиб кетган бўлса кўзингни юм ва дунёни унит. Чунки бу иш билан дам оласан, қалбинг ва руҳинг таскин топади. Бу иш гўёки йўл юрган одамни бекатда дам олишига ўхшайди, дедилар. Мен ушбу уч дақиқалик дам олиш тажрибасидан келиб чиқиб айтаманки: сиз дунё муаммоларини юк қилиб кўтариб юрманг чунки сиз борлиқга масул эмассиз. Шунингдек оилангизни қазо қадарига ҳам эга эмассиз.
Болангиз касал бўлиб қолса, шифо Аллоҳдан, қизингиз бирор-бир ташвиш билан сизга шикоят қилса, унинг ечими Аллоҳдан, қарздор бўлиб қолсангиз, унинг ҳал бўлиши ҳам Аллоҳдан ва агар сизга бирор бир мусибат етса, унинг ечими ҳам Аллоҳдандир.
Шундай экан барча ишларнинг калитини Аллоҳга топширинг ва дунёни унитинг. Шуни билинки, сиз бу оламда бир заррасиз. Тадбирингиз ҳам ҳаракатингиз ҳам Аллоҳнинг қўлидадир.
Сизга фақатгина Мавлоингизга гўзал бандалик қилишингиз даркордир. Шу билан Аллоҳнинг розилигига эришасиз, ишларингизни тадбири гўзал бўлади ва сизни Яратган зот энг яхши йўлга йўналтириб қўяди.
Бугунли кунимиз шовқин, захмат, толиқиш ва қийинчиликлар билан тўлиб тошган. Ғам-ғуссалар ва муаммолар билан машғул бўлиб қолганмиз. Мисол учун: болаларимизнинг ўқиши, уй ишлари, ҳисоб китоб, ниҳоясига етмаган ишларимиз, ҳаққини талаб қилаётган дўстларимиз, қарзларини сўраётган пул эгалари ва бир қанча ҳаёт талаб қиладиган узундан-узун ишлар.
Буларнинг барчасидан узулиб, ҳаётингизда ҳотиржамлик, сокинлик ва осойишталикни пайдо қилишингиз учун кўзингизни юмиб ва дунёни унитишингиз учун бир қанча дақиқа зарур бўлади. Бу вақтда барча ишингизни ҳатто қалблардаги нарсаларни ҳам билувчи Зотга топширинг!
Бу қандай ҳам роҳат берувчи бир лаҳзаки, мен уни ҳеч эсимдан чиқармайман. Қачон ушбу ишни қилсам роҳат қиламан, хотиржам ва тинч бўламан.
Бу ўрганган ишимни қилишимдан олдин жуда ташвишли, қачон мошинамга ўтирсам жисмимни толиқганини ва руҳимни безовта бўлганлигини сезаман.
Лекин ушбу уч дақиқалик кўзни юмиб, дунёни унитиш менга доимо вазминликни, роҳат ва хотиржамликни қайтариб беради.
Шундай экан эй азиз дўстим! Ҳаётингиз давомида сизга роҳат ва ҳотиржамлик берувчи бир бекат қуринг. Борлиқни Эгасига, халқни Яратувчисига ва ишингизни Аллоҳга топширинг. Қурган бекатингизда тўхтаб, дам олиб, тинчлик, сакинат ва ҳотиржамликка эга бўлганингиздан сўнг куч-қувватга эга бўлиб, ҳаётингизни давом эттиринг!
“Ниҳоят баҳтли бўлишни кашф қилдим” асаридан. “Кулол-Қўрғон” жомеъ масжиди имом хатиби Абдурахманов Яҳё таржимаси.
Татаристонда умумтаълим мактабини қуриш режалаштирилмоқда
Татаристон Республикаси муфтийси Камил Самигулин Қозон шаҳри марказида Татаристон мусулмонлари идораси ҳомийлигида умумий таълим мактаби қурилиши ҳақида айтиб ўтди. Бу ҳақда Islam.ru нашри хабар берди.
Муфтий Россия Федерациясининг мусулмон-ишбилармонлари уюшмаси аъзолари билан бўлган суҳбатда нима учун ҳанузгача Сори Содиқова кўчасидаги, қизлар учун мўлжалланган "Музаффария" бошланғич мактабининг очилмаганлигини тушунтирди. Унинг сўзларига кўра, муфтият мактабнинг ишга туширилишини тўхтатган.
"Ер майдони олиш ва мактаб қуриш имконияти мавжуд. Агар биз ҳозир "Музаффария"ни очсак, у қизлар учун 800 квадрат метрлик бошланғич мактаб бўлади холос. Ҳозир бир нечта вариантлар мавжуд, ҳужжат тасдиғини кутмоқдамиз ва янги ўрта мактаб учун ер майдони танланмоқда", – дейди муфтий. "800-1000 та бола ўқийдиган 11 синф учун мактаб зарур. Бизга бир нечта эски мактаблар ва ҳудудларни таклиф этишди, лекин марказдан жой олиш бу катта жараён, гоҳида баъзи эгалар пайдо бўлиб қолади...", – дея Татаристон муфтийсининг сўзларини келтирган Азон интернет нашри.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
“Сизларни уйга борганда ҳам кўп эслаймиз!”
Хабарингиз бор, жорий йилдан юртдошларимиз йил давомида муборак Умра ибодатини адо этиш имкониятига эга бўлдилар. Октябр ойидан бошлаб ҳафтада уч маротаба Тошкент-Жидда-Тошкент рейслари орқали ҳозиргача 5000 мингга яқин зиёратчи умра ибодатини адо этиб кетди. Катта ҳажмдаги зиёратчиларнинг муқаддас диёрдаги ибодатларини ҳар тарафлама намунали ташкил этиш, уларга етарли шарт-шароитларни ҳозирлашнинг ўзи бўлмайди албатта. Бунинг учун Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистонниннг Саудия Арабистонидаги Бош Консулхонаси мутасадди ходимлари туну кун ҳаракатдалар. Макка ва Мадина шаҳарларидаги ишчи гуруҳи, ҳар бир гуруҳга бириктирилган гуруҳ раҳбарлари (элликбошилар) зиёратчилар хизматидалар.
Яқинда Макка шаҳридаги зиёратчиларимиз жойлашган “Абраж ал Кисва” меҳмонхонаси ошхонасига юртдошларимизнинг бу жойдаги шарт-шароитлар борасидаги фикрларини ўрганиш мақсадида Таклиф ва мулоҳазалар китоби қўйилди. Китоб қўйилган кундан уч кун ўтиб уни варақлар эканмиз, зиёратчиларимизнинг мамнуният ва ташаккурлари битилган кўплаб қайдларни гувоҳи бўлдик. Уларда асосан мазали ва сарҳил таомлар, ошпазлар, меҳмонхона ходимларининг ширин муомалалари, шундай шароитларни яаратиб берган ҳукуматимиз номига ташаккурномалар ёзилган.
Улардан бирида Қашқадарё 3-гуруҳи вакиласи Завра Шайманова: “Ошхона хизматчиларига каттадан-катта раҳматлар айтамиз. Сизларни уйга борганда ҳам кўп эслаймиз! Бизларни яна Ҳаж сафарларига Аллоҳ чақирсин”, дея қайд этган.
Анджон 9 гуруҳи аъзолари номидан битилган тилакларда эса: “Барчаси учун раҳмат! Соғ-саломат бўлинглар. Кўзларда ёш билан раҳматларимизни қабул қиласиз...” деб ёзилган.
Албатта билдирилган фикрларда ташаккурлар билан бирга, таклифлар, меҳмонхона хизмати бўйича баъзи жузъий камчиликлар ҳам ёзилган. Уларни ўрганиб, вақтида бартараф этилмоқда.
Зиёратчиларимизнинг ер юзининг энг муқаддас жойида адо этаётган ибодатларини Аллоҳ таоло ҳусни қабул айлаб, мукофотини юксак этсин!
Ишчи гуруҳ аъзолари
Макка шаҳри
Мана буни муҳаббат дейилади!
Саҳобаларнинг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатлари ҳамма нарсадан устун бўлиб, у зотни ҳаммадан кўпроқ яхши кўришар эди. Бунинг белгиси Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг буйруқларига итоат қилиш ва қайтариқларидан қайтишда кўринарди.
Ривоят қилинишича, бир куни Умар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга “Сен менга ўзимдан бошқа ҳамма нарсадан маҳбуброқсиз” дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Сизлардан бирингиз, то мен унга ўзидан ҳам севиклироқ бўлмагунимча (комил) мўмин бўлмайди” дедилар. Бу гапни эшитган ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: “Аллоҳга қасамки, энди сизни ўзимдан ҳам кўпроқ яхши кўраман” дедилар. Шунда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Ана энди мукаммал бўлди, эй Умар” дедилар.
Саҳобаи киромларнинг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатларини бир неча мисолларда кўриб чиқамиз.
У зот алайҳиссаломни мудофаа қилишлари
Ислом тарихидан маълумки, мусулмонлар билан мушриклар ўртасида бир қанча жанглар бўлиб ўтган. Қолаверса, Ислом дини илк ёйила бошлаган пайтда душманлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга доим озор бериш пайидан бўлардилар. Саҳобаи киромлар мана шундай кезларда севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни жон-жаҳдлари билан ҳимоя қилардилар.
Бир куни мушрикларнинг каттаси Уқба ибн Абу Муайт Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тарафга юриб кела бошлади. Масжидул Ҳаромнинг бир четида турган Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу уни кузатиб турган эдилар. Душман келиб, кийимини ечди-да, у билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалалмнинг бўйниларидан бўға бошлади. Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўқдек учиб келиб, душманнинг елкасидан тортиб, четга итариб юбордилар. Шундай қилиб севикли Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг озоридан қутилдилар. Кейин Абу Бакр розияллоҳу анҳу Аллоҳ таолонинг “Бир одамни, Аллоҳ Роббимдир, дегани учун ўлдирасизларми?! Ҳолбуки, у сизга Роббингиздан очиқ-ойдин ҳужжатлар ила келмишдир” оятини ўқидилар.
Баъзи саҳобалар уруш асносида севикли Набийимиз алайҳиссаломни ўз таналарини билан ҳимоя қилардилар, келадиган ўқ ва найзаларга ўз таналарини тутиб бериб, шу йўл билан икки олам сарварини жароҳатланишдан сақланишларига сабаб бўлишар эди.
У зот соллаллоҳу алайҳи васалламни йўқотиб қўйишдан қўрқишлари
Саҳобаи киромлар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни йўқотиб қўйишдан қаттиқ қўрқар, бироз вақт кўрмай қолсалар безовта бўлишар эди. Қандай ҳам шу аҳволга тушишмасин?! Ахир у зот уларни жоҳилият зулматидан иймон, маърифат нурига чиқишларига сабаб бўлдилар-ку!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир инсон билан унинг ёшига, табиатига қараб муомала қилар эдилар. Болалар, гўдаклар учун меҳрибон отадек, ҳар бир мусулмон учун жондан азиз биродар, ҳар бир муҳтож учун ёрдамчи, ҳар бир етим учун суянч, ғамхўр эдилар.
Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини Яманга жўнатаётганларида, Муоз розияллоҳу анҳу отнинг устида, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эса ёнларида юриб васият қилганлар. Насиҳат қилиб бўлганларидан сўнг: “Эй Муоз, эҳтимол бу йилдан кейин мен билан бошқа кўришмассан. Эҳтимол мана бу масжидим ва қабрим ёнидан ўтарсан” деганларида, бу гапларни эшитган Муоз розияллоҳу анҳу йиғлаганлар.
Саҳобаи киромларнинг қўрқувлари Набий алайҳиссаломдан фақат дунёда эмас, балки охиратда ҳам ажралиб қолмасмикинмиз деган маънода бўларди.
Имом Табароний раҳимаҳуллоҳ ривоят қилган ҳадисда Оиша онамиз розияллоҳу анҳо шундай деганлар: “Бир одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирди ва “Эй Аллоҳнинг Расули, албатта, сиз менга ўзимдан ҳам севиклироқсиз. Албатта, сиз менга боламдан ҳам севиклироқсиз. Уйда ўтирганимда сизни эсладим. Кейин сабр қила олмай сизни кўргани келдим. Ўзимнинг вафотим билан сизнинг вафот этишингизни эслаганимда, билдимки, сиз жаннатга кирганингизда Пайғамбарлар билан бирга юксак мақомда бўлсангиз, мен жаннатга кирганимда сизни кўролмай қолишимдан қўрқдим” деди. Набий соллаллоҳу алайҳи васалалм унга ҳали жавоб беришга улгурмасларидан туриб Жаброил алайҳиссалом мана бу оятни олиб келди: “Ким Аллоҳга ва Расулга итоат қилса, бас, ана ўшалар Аллоҳ неъмат берган набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлар билан биргадирлар. Ва уларнинг рафиқлари қандай ҳам яхши!” (Нисо сураси, 69-оят).
У зот алайҳиссаломни ҳамма одамлардан устун кўришлари
У зот соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўришларининг аломати – у кишини ўзларидан ҳам, оила аъзоларидан ҳам, молу дунёдан ҳам устун кўришларидир.
Уҳуд куни “Муҳаммад ўлдирилди” деган гап тарқалади. Бу гап ҳатто Мадинага ҳам етиб боради. Шунда мадиналик бир аёл уруш майдонига бориб, кўрган одамидан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳволларини сўрайди. Одамлар у зот тирик эканликларини, фалон жойда ўтирганларини айтишганда, аёл ўша тарафга бориб, ўз кўзи билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни кўргач: “Ота-онам сизга фидо бўлсин, эй Расулуллоҳ. Сиз саломат экансиз, энди мен бошқа мусибатга парво қилмайман” дейди.
У зот алайҳиссаломнинг муҳаббатларида мусобақалашишлари
Саҳобаи киромлар севикли Ҳабибимизнинг муҳаббатларини қозониш, у зотга яқинроқ бўлишга ҳарис эдилар.
Али розияллоҳу анҳудан “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатингиз қандай?” деб сўралганида, у киши “Аллоҳга қасамки, у Зот бизга молларимиздан, бола-чақаларимиздан, ота-оналаримиздан ҳамда ташна одамнинг муздек сувга бўлган муҳаббатидан ҳам севимлироқдирлар”, деб жавоб берганлар.
У зот алайҳиссаломнинг пок жасадларини ўпишга интилишлари
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бадр куни мусулмонлар сафини текислаётганларида, қўлларидаги хурмо шохи билан Савод ибн Ғозийянинг қорнига урдилар. Савод бу фурсатни ғанимат билишга уриниб, “Эй Расулуллоҳ, мени оғритдингиз” деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дарҳол муборак қорниларини очдилар ва “Мендан ўч ол, эй Савод!” дедилар. Савод розияллоҳу анҳу шошилиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни қучоқлаб олди ва у зотнинг биқинларидан ўпди. Кейин “Эй Аллоҳнинг Расули, ҳозирги туришим сиз билан охирги кўришишим деб ўйладим. Шунинг учун дўзах ўти менга тегмаслигини истаб, теримни терингизга теккизишни истадим” деди.
Ўзларини у зот алайҳиссаломга фидо қилишлари
Саҳобаи киромларнинг барчалари (мунофиқлардан ташқари) Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам учун молларини ҳам, жонларини ҳам фидо қилишга тайёр эдилар.
Саҳобаи киромлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни қутқариш, эҳтиётлаш йўлидаги ҳар қандай азият ва оғриқдан лаззатланар эдилар. Ўзлари роҳатда бўла туриб, у зот алайҳиссалом озор ичида бўлишларини асло тасаввур қилолмасдилар.
Маккаликлар қўлида асир бўлиб турган Зайд ибн Дасина розияллоҳу анҳуни Макка аҳли ўлдириш учун Ҳарамдан ташқарига чиқараётганларида Абу Суфён ибн Ҳарб ҳали мушрик эди. У Зайд розияллоҳу анҳуга деди: “Эй Зайд, агар Муҳаммад ҳозир сенинг ўрнингда асир бўлса-ю, биз унинг бўйнига қилич урсак, сен эса оиланг бағрида бўлишни истайсанми?” деди. Зайд розияллоҳу анҳу: “Аллоҳга қасамки, Муҳаммад алайҳиссаломга ҳозирги турган жойида бир тикан кириб азият беришини, мен эса оилам бағрида бўлишимни асло истамайман”. Шунда Абу Суфён: “Мен Муҳаммаднинг саҳобалари уни яхши кўришганидек бошқа ҳеч ким бировни яхши кўрганини кўрмадим”, деди.
У зот алайҳиссаломнинг буйруқларига итоат қилишлари
Абдурроҳман ибн Абу Лайлодан ривоят қилинади, бир куни Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келаётган эди. У зот алайҳиссалом хутба қилаётгандилар. Шу пайт у Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Ўтиринглар!” деган гапларини эшитиб қолиб, масжид ташқарисидаги етиб келган жойига ўтириб, у зот алайҳиссалом хутбаларини тугатгунларича ўша ерда ўтирди. Кейинчалик бу воқеа Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга етганда, у зот унга “Аллоҳ сенинг Ўзига бўлган итоатингни ва Расулига бўлган итоатингни зиёда қилсин!” дедилар.
Саъийд ибн Мансур Муғийра ибн Шуъба розияллоҳу анҳудан ривоят қилади, Муғийра ибн Шуъба розияллоҳу анҳу дедилар: “Ансорлардан бўлган бир жорияга совчи қўйдим. Буни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга айтганимда, ул зот мендан: “Уни кўрдингми?” деб сўрадилар. Мен: “Йўқ” дедим. У зот: “Унга назар сол, бу ўртангизда илиқлик, улфатлик пайдо бўлишига сабаб бўлади” дедилар. Кейин бориб, бу гапни ўша жориянинг ота-онасига айтдим. Улар бир-бирларига қарашди. Мен туриб, ташқарига чиқдим. Ортимдан жория мени чақириб, “Бу ёққа кел” деди. Мен унинг пардаси ёнига келиб турдим. У: “Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга қарашингни буюрган бўлсалар, қара! Акс ҳолда “Менга қарашингни қийинлаштирган (яъни менга қарашингга асло изн бермаган) бўлардим” деди. Бас, мен унга назар солдим ва унга уйландим. Ундан кўра менга маҳбуброқ бўлган, ундан кўра менга ҳурматлироқ бўлган бирорта аёлга уйланмадим.
Инсоният тарихида бирорта аскарлар ва халқ ўз раҳбарларини, қўмондонларини саҳобаи киромлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўриб, итоат қилгандек яхши кўриб, итоат қилмаган.
“Саҳиҳайн”да Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Саҳобаларимдан ҳеч бирини сўкманглар. Чунки агар бирортангиз Уҳуд тоғидек тиллани инфоқ қилса ҳам, улардан бирининг бир муд ёки унинг ярми миқдоридаги инфоқининг даражасини топа олмайди”.
Шунинг учун ҳам уламолар “Мабодо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўъжизалари бўлмаганда эди, саҳобаларнинг муҳаббати ва итоати мўъжиза бўларди” дейишган.
Аллоҳ таоло бизни ўша саҳобаларга эргашишимизни, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни севишда улардан ўрнак олишимизни насиб этсин!
Абдулкарим Муҳаммад Намланинг мақоласи асосида
Нозимжон Иминжонов тайёрлади