muslim.uz

muslim.uz

Истанбулда бўлиб ўтган мусулмон давлатлар ўртасидаги пазандачилик чемпионатида Ўзбекистон жамоаси фахрли биринчи ўринни эгаллади. Бу ҳақда "Спутник" нашри хабар берди.

Моҳир ошпазлар ҳалол таом тайёрлаш бўйича куч синашишди. Ўзбекистон шарафини Халқаро ўзбек пазандачилиги санъати маркази уста-ошпази Аҳмад Ҳамдамов ва ушбу марказ битирувчиси Нодир Тоҳиржонов ҳимоя қилишди. Танлов якунида улар тайёрлаган таомлар биринчи ўринга сазовор деб топилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2018 йил 1 февралдан "Ҳалол" озиқ-овқат маҳсулотлари бўйича умумий қўлланма - Oz DSt 3286:2018 жорий этилган эди. 

"Ҳалол" стандартларида маҳсулотларни ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш, сотиш ва маркалаш жараёнлари Ислом қоидаларига мувофиқ бўлиши талаб этилади.

Манба: https://azon.uz

Четверг, 06 Декабрь 2018 00:00

«Элсеварлик — гўзал фазилат»

Абу Язид Бистомий айтади: “Халойиқ икки ишдан ҳалокатга юз тутади: биринчиси – инсонлар ҳурматини сақламасликдан; иккинчиси – Аллоҳ берган неъматнинг шукронасини қилмасликдан. Демак, инсонларга эҳтиром ва эътибор қилиш ҳамда неъматлар шукронасини қилиб яшаш дунё ва охират нажотига сабаб бўлади.

Жалолиддин Холмўминов қаламига мансуб  “Элсеварлик — гўзал фазилат” (Мовароуннаҳр – 2017) китобида Инсонларнинг ўзаро эҳтироми, ҳурмати турли қатламлар, вазиятларда қандай намоён бўлиши билан бирга, бу хосиятли фазилатга бериладиган ажру мукофотлар ҳам баён этилади. Зеро, ҳамма вақт, ҳар жойда жамиятдаги ўзаро муносабатларда меҳр-муҳаббат, иззат-икром бўлиши гўзал ишлардан ҳисобланади.

Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Фарзандларингизга иззат-икром кўрсатинглар ва одобини чиройли қилинглар” дедилар” (Имом Можа ривояти). Ушбу ҳадисда кўпгина ҳикматлар мужассам. Ота-онадан иззат-икром кўриб, одобни ўрганиб улғайган фарзанд нафақат яқинлари, балки миллати, Ватани, қўйингки, бутун инсонларга меҳрли бўлади. Аммо, иззат-икром қандай кўрсатилиши, унинг меъёрлари ҳақида ҳамма ҳам билавермайди. Рисолада ушбу саволларга ҳам жавоб топиш мумкин. Шунингдек, бунда ота-онага, устозга қандай эҳтиром кўрсатилиши, оилада эр-хотин муносабатлари қай йўсинда бўлиши аъло экани, қариндошлар, қўни-қўшнилар, маҳалладошлар, етимлар билан муносабатларда амал қилиниши лозим бўлган йўл-йўриқлар ҳақида сўз боради.

Мўъжазгина рисола ҳар бир мавзуни Қуръони карим оятлари ва ҳадислар билан далиллайди. Уни ўқирканмиз, оддийгина туюлган, аммо эътиборимиздан четда қолаётган, бироз эсимиздан чиққан ҳолатлар, баъзан йўл қўйган хатоларимиз кўз олдимизга келади. Эҳтимол, қалбимизда мудрай бошлаган эзгу ҳисларни уйғотиб, яхши амалларда бардавом бўлишга ундайди. Китоб кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган.  

Муҳаррир: Муҳтарама Улуғова

Нашриёт: “Movarounnahr

Сана: 2017 йил

Ҳажми: 66 бет

ISBN: 9789943124424

Бичими: 84х108 1/32

Муқоваси: Юмшоқ

Нархи: 3500 сўм

 

Четверг, 06 Декабрь 2018 00:00

Таъзия

Ўзбекистон мусулмонлари идораси "Мовароуннаҳр" нашриёти махсус мухбири Абдувоҳид Ўрозовнинг табаррук ёшдаги волидаи меҳрибонлари Холбозорова Мошира онанинг вафотлари муносабати билан у кишининг оила аъзоларига, яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради.

Аллоҳ таоло волидаи меҳрибонни Ўз мағфиратига дохил қилсин, фарзанду набираларига сабру жамил бериб, сабрларига ажру мукофотлар ато этсин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Жазоирда 20-миллий Қуръон ҳафталиги жорий йилнинг 3 декабрь куни бошланган. Amad янгиликлар нашрига кўра, Жазоирнинг Вақф ва дин ишлари бўйича қўмитаси ҳар ҳафта ушбу мамлакатнинг турли минтақаларида ҳафталик доирасидаги тадбирларни ташкил этади.

Тадбирнинг очилиш маросимида Жазоир президенти Абдулазиз Бутефлика ҳам иштирок этиб, у болалар ва ёш авлодни мамлакатдаги Қуръон ва суннатни қўллаб-қувватлаётганлар билан таништиришга чақирган.

Ҳафталик дастурлари Қуръонни ёд олиш, Тажвид ва тафсир мусобақалари ҳамда «Қуръонда садоқат» номли илмий семинарни ўз ичига олиши маълум қилинган.

Маълумот учун, Жазоир Шимолий Африкада жойлашган мамлакат бўлиб, мусулмонлар мамлакат аҳолисининг тўқсон тўққиз фоизини ташкил қилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

IQNA ахборот агентлигининг маълум қилишича, Жанубий Африка Миллий парклар ташкилоти (SANParks) томонидан Жанубий Африканинг шимолий-шарқидаги Кругер Миллий паркидаги Скукуза лагерида мусулмонлар учун дастлабки намозхона очилди.

Намозхонни қуриш таклифи 2009 йилда берилган эди. Миллий парк бошқарувчиси мусулмон жамоаларидан намозхонани қуриш учун 850 минг Ранд (Жанубий Африка валютаси) миқдоридаги маблағ йиғилганини ҳамда бу парк ва бошқа миллий боғларда намозхоналарни қуриш ҳақида қарор қабул қилинганини айтиб ўтган.

Маълумот учун, Жанубий Африка Республикаси Африка қитъасининг энг жанубий мамлакатидир. Бу мамлакатда бир миллионга яқин мусулмон яшайди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Мақолалар

Top