muslim.uz
Нишонга урилган гаплар: “Овозингни эмас, сўзларингнинг савиясини кўтар!”
Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган.
*****
Сўзларингни тушунмайдиган одам билан бирга турсанг худди зиндонда тургандек бўласан.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Инсон икки йўл билан таълим олади:
- Ўқиш орқали;
- Ўзидан илмлироқ киши билан суҳбат қилиш орқали.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Ишнинг тез бажарилишига эмас, пухта қилинишига қара. Чунки одамлар сендан ишни қанча муддатда бажарганингни сўрашмайди. Балки улар ишингнинг сифатига, пухта бажарилганига эътибор беришади.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Агар “ёмон кўриш” деган нарсани электр токига айлантира олганимизда, бутун дунёни чироқ билан ёритиш мумкин бўларди.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Зийнат учун экиладиган дарахтлар бор. Баъзи дарахтларнинг фақат соясидан фойдаланилади. Баъзи дарахтларнинг эса соясидан ҳам фойдаланилади, кўриниши ҳам мафтункор бўлади, пишиб-етилган ширин мевалари ҳам бўлади. Одамлар ҳам худди дарахтларга ўхшайди.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Одамларни ўзингга қаратиш учун ёлғон гапирма! Одамларни сендан узоқлаштирса ҳам рост гапиришдан қўрқма!
“Сукутдаги садолар”
*****
Хатоларингни тошга ўйиб ёзадилар, фазилатларингни эса сувга чизадилар.
“Сукутдаги садолар”
*****
Фазилатли аёл қидиришдан олдин ўзингиз фозил бўлинг! Мевалар зоҳир бўлишидан олдин гуллар зоҳир бўлиши керак.
Доктор Мустафо Маҳмуд
*****
Сен қила оладиган иш – қалбингни поклашингдир. Ҳеч кимга озор берма! Ҳеч кимни жароҳатлама! Ўзинг шундай гўзал ишлар қилгингки, ҳеч ким сени унутолмасин.
“Сукутдаги садолар”
*****
Сиздан нега узлатни яхши кўришингиз ҳақида сўрашса, “Узлат – ғийбатдан роҳат, чақимчиликдан қочиш, тилнинг тойилишидан қўрғон, миш-мишлардан узоқлашиш” деб жавоб беринг.
“Сукутдаги садолар”
*****
Овозингни эмас, сўзларингнинг савиясини кўтар!
“Сукутдаги садолар”
*****
Инсон икки сабабга кўра ўзгаради:
- Ё кўп ўқиб, ўрганганда;
- Ёки кўп озорларга учраганда.
“Сукутдаги садолар”
*****
Ҳаётдаги энг рост ҳикмат
Агар сен яхши яшамаётганингни ҳис қилсанг, билгинки, намозни яхши ўқимас экансан.
“Менга жуда ёққан сўзлар”
*****
Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи
Нозимжон Иминжонов
"Вақф" фонди Сийрат мусобақаси ғолибларини тақдирлади
Айни пайтда юртимизда Мавлид ойи кенг нишонланмоқда. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сийратларини ўрганиш, Ислом тарихига оид билимларни мустаҳкамлаш ва диний-маърифий илмларни кенгроқ тарғиб этиш мақсадида турли танлов ва тадбирлар ўтказилмоқда.
29 ноябрь куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат иймондандир» номли сийрат мусобақаси бўлиб ўтди. Унда институт талабалари ўзаро мусобақалашишди. Тадбир кўтаринки кайфият ва дуои хайрлар билан ўтди. Ушбу мусобақа якунларига кўра ғолиблар аниқланиб, "Вақф" хайрия жамоат фонди томонидан бир қатор совғалар тақдим этилди.
19 – 29 ноябргача Тошкент ислом институтининг @islaminstitutuz номли телеграм каналида “Сиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни танийсизми” номли тезкор савол-жавоб мусобақаси ўтказилди. Мусобақа ғолиблари аниқланиб, қимматбаҳо совғалар тақдим этилди.
"Вақф" хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сабрлари
Ҳеч бир инсон Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламчалик мусибат ва машаққатларга учрамаган. Бирор-бир инсон ҳаётида кўплаб синов, мусибат ва машаққатларга учраган бўлиши мумкин лекин, барибир у Пайғамбаримизчалик қийналмаган бўлиб чиқаверади.
У зот инсонлар орасидаги энг сабрлиси бўлганлар. Биз у зотнинг ҳаётларини ўрганар эканмиз нималарга сабр қилганликларини билиб оламиз.
У зот етимликка, фақирликка, очликка, муҳтожликка, қийинчиликка, ўзларига нисбатан бўлган ҳасадга, ичиқоралик, кўролмаслик ва гоҳида душманни ғолиб бўлишига нисбатан сабрли бўлганлар.
У зот ўз уйларини, ватанларини қолаверса ўз аҳлиларидан узоқда бўлишга сабр қилганлар.
У зот яқинларини қатл қилинишига, душманнинг ҳужумларига, у зотга эргашганларни сургун қилинишига, душманларнинг ғазабларига, адоватчилар ва узотга қарши жанг қилмоқчи бўлганларнинг жамоа бўлишларига, ғаразгўйларнинг инжиқликларига, жабборларнинг кибрига, арабларнинг нодонлигига, бадавийларнинг жафосига, яҳудийларнинг ҳийласигаю насронийларнинг кеккайишларига, мунофиқларнинг ёмонлигигаю жангчиларнинг ваҳшийликларига сабр қилганлар.
У зот атрофларидагиларнинг пешонаси тиришишига ва узоқдагиларнинг ғазабига, ботилни тарқалишию ёлғонга чиқарувчиларнинг ҳаддан ошишига сабр қилганлар.
Сабр у зотнинг совутлари, қалқонлари, дўстлари ва шериклари бўлган. Қачонки душманларининг сўзлари у зотни безовта қилса, хавотирга солса ёки хотиржамликларини бузса, дарҳол Аллоҳ таолонинг: “Бас, улар айтаётган нарсаларга сабр қил”, (Тоҳа 130-оят) деган оятини эслар эдилар.
Қачонки ишларида ҳолат танг бўлиб, оғирлашса, тезда Аллоҳ таолонинг: “Бас, гўзал сабр қил”, (Юсуф 18-оят) деган оятини эслар эдилар.
Қачонки душманнинг даҳшати у зотни ларзага келтирса ёки кофирларнинг режаси безовта қилса, Аллоҳ таолонинг: “Бас, азму-матонат соҳиби бўлган Пайғамбарлар сабр қилгандек, сабр қил”, (Аҳқоф 35-оят) деган оятини эслар эдилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сабрлари ишонч сабри эди. У зот Аллоҳ таолонинг нусратига ва ваъдаси ҳақлигига ишониб сабр қилар эдилар. У зот Аллоҳ таолога суяниб ва ундан савоб умид қилиб сабр қилар эдилар.
Амакилари вафот этдилар, сабр қилдилар, аёллари оламдан ўтдилар, сабр қилдилар, амакилари Ҳамза розияллоҳу анҳуни қатл қилишди, сабр қилдилар, Маккадан ҳайдадилар, сабр қилдилар, фарзандлари вафот этди, сабр қилдилар, покдомон аёллари Оиша розияллоҳу анҳога туҳмат тошини отишди, сабр қилдилар, у зотни ёлғончига чиқаришди, сабр қилдилар.
Мушриклар ва мунофиқлар у зотни: шоир, коҳин, сеҳргар, мажнун, ёлғончи ва динни ўйлаб топган дейишди, сабр қилдилар. У зотни ўз юртларидан чиқишга мажбур қилишди, азият беришди, сўкишди, таҳқирлашди, ҳақоратлашди, жанг қилишди ва қамал қилишди, барчасига сабр қилдилар.
Энди бошига мусибатлар тушган ва кўп қийналган кишига бизнинг саволимиз шуки, сизнинг қийналганларингиз ва сизга келган мусибатлар ҳам шу қадарми? Сизнинг сабрингиз ҳам у зотнинг сабри кабими?
У зот сабр қилувчиларнинг имоми ва шукр қилувчиларнинг ибратлиси ва пешқадамидирлар.
Аллоҳ таоло барчамизга у зот каби сабр қилишни ҳамда ҳаётимизда у зотнинг ҳаётлари ибрат ва ўрнак бўлишини насиб қилсин.
Манбалар асосида Юнусобод тумани
“Кулол-Қўрғон” жомеъ масжиди имом-хатиби
Абдураҳмонов Яҳё тайёрлади
Салама ибн Динор
Бу муҳтарам зот Абу Ҳозим Аъраж номи билан машҳур бўлганлар. Абдурраҳмон ибн Зайд раҳматуллоҳи алайҳ: “Абу Ҳозимдан кўра ҳикмат тилига яқин бўлган бирор кишини кўрмадим”, деганлар.
Ҳижратнинг 97 йилида мусулмонлар халифаси Сулаймон ибн Абдулмалик пайғамбарлар отаси бўлмиш Иброҳим алайҳиссаломнинг чақириқларига “лаббай” деб жавоб қилиб, ҳаж қилиш ниятида муқаддас манзилларга сафарга отланади. Унинг карвони умавийлар халифалиги салтанати пойтахти Дамашқдан интиқлик билан Мадинаи мунаввара сари йўл олади.
Равзаи мутоҳҳарада намоз ўқиш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга салом бериш қувончи халифанинг қалбини эгаллаб олган эди. Халифанинг карвонида қорилар, муҳаддислар, фақиҳлар, уламолар, амирлар ва саркардалар жам эди.
Карвон Мадинаи мунавварага етиб келиб юклар туширилгач, Мадинанинг мансабдор ва эътиборли кишилари халифага салом беришга ва уни қутлашга бордилар. Лекин Мадина қозиси, боҳужжат олими ва ишончли имоми бўлган Салама ибн Динор халифага салом бериш ва уни қутлашга чиққанлар ичида йўқ эди. Сулаймон ибн Абдулмалик зиёратга келганлар билан саломлашиб, дийдорлашгач, суҳбатдошларидан бирига қараб:
— Қалблар учун уларни вақти-вақти билан тозалаб, зангини кетказиб турувчи одам бўлмаса, темирни занг босгани каби, қалбларни ҳам занг қоплайди, — деди.
Суҳбатдош:
— Ҳа шундай, эй мўминлар амири, тўғри айтасиз,-– дея унинг гапини тасдиқлади.
Халифа:
— Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларини кўриб, улардан таълим олган, биз гуноҳкор бандаларга панду насиҳат қилиб, қалбларимизни тозалайдиган, бирор киши йўқми Мадинада?
Даврадагилар жўр овозда:
— Ҳа бор, эй мўминлар амири, Абу Ҳозим Аъраж ана шундай зотлардандир, – дедилар.
Халифа:
— Абу Ҳозим Аъраж ким бўладилар? – деб сўради.
Мадина улуғлари:
— Салама ибн Динор бир қанча саҳобаи киромларни кўрган тобеинлардан бири. Ҳозирги вақтда Мадинанинг олими ва имомидир, – деб жавоб қилдилар.
Халифа:
— Ундай бўлса ҳурматларини жойига қўйган ҳолда ҳузуримизга таклиф қилинглар, – дея илтимос қилди.
Аъёнлар халифанинг таклифини Абу Ҳозимга етказганларида, улуғ тобеин таклифни қабул қилиб, халифа қароргоҳига келадилар. Ўз навбатида халифа ҳам таклифни рад этмай қабул қилинганини қадрлаб, Абу Ҳозимни яхши кутиб олиб, ўзига яқин ўринга ўтказади ва маломатомуз оҳангда:
— Бу не жафо, эй Абу Ҳозим? — дейди.
Абу Ҳозим:
— Жафо таниш-билишлар орасида бўлади. Сиз мени шу кунгача танимас эдингиз, мен ҳам сизни кўрмаган эдим. Бас, шундай экан, мен сизга қандай жафо етказишим мумкин? – деди.
Шунда халифа атрофидагиларга:
— Шайх узрларини тўғри баён қилдилар, халифа уни хато маломат қилди, — деди.
Сўнгра, Абу Ҳозимга юзланиб:
– Кўнглимда йиғилиб қолган муҳим масалалар бор, шуларни сизга баён қилсам, – деди.
— Марҳамат, эй мўминлар амири, мадад ёлғиз Аллоҳдандир, – деди Абу Ҳозим.
— Эй Абу Ҳозим, нима учун биз ўлимни ёмон кўрамиз?
— Чунки биз дунёйимизни обод қилиб, охиратимизни хароб қилганмиз... Шунинг учун обод жойдан хароб жойга чиқишни ёмон кўрамиз.
— Рост айтдингиз, эй Абу Ҳозим, эртага, Қиёмат куни биз учун Аллоҳнинг ҳузурида қандай нарсалар ҳозирланган эканини жуда билгим келади?.
— Амалингизни Аллоҳнинг Китобига солиб кўрсангиз, ҳаммаси аён бўлади.
— Уни Аллоҳ таоло Китобининг қаеридан топаман?
— Калимаси олий Зотнинг ушбу сўзидан топасиз: “Шак-шубҳасиз, яхшилар (яъни мўминлар) жаннат неъматларидандирлар. Шак-шубҳасиз, фисқ-фужур қилувчи кимсалар дўзахдадирлар” (Инфитор: 13-14).
— Аллоҳнинг раҳмати қаерда қолди?
— “Аллоҳнинг раҳмати эзгу иш қилувчиларга яқиндир” (Аъроф, 56).
— Аллоҳнинг ҳузурига қай ҳолда бориларкин?
— Яхши амал қилувчи одам, узоқ муддат айрилиқдан сўнг оила аъзолари ҳузурига қайтаётган киши каби келур. Ёмон амал қилувчи эса хожасидан қочган қулни ушлаб, хожаси ҳузурига судраб олиб келинаётган қул каби келур.
Халифа йиғлаб юборди. Сўнг:
— Эй Абу Ҳозим, қандай қилсак солиҳлардан бўламиз? – деб сўради.
Абу Ҳозим:
— Такаббурликни ташлаб, тавозели бўлсангиз солиҳлардан бўласиз.
— Мол-дунё ҳақида нима дейсиз ва унда Аллоҳ таолога тақво қилиш йўли қандай?
— Мол-дунёни ҳақ билан оласизлар ва уни эгаларига берасизлар... Уни баробар тақсимлаб, қўл остингиздагилар орасида адолат қиласизлар.
— Эй Абу Ҳозим, одамларнинг афзали ким?
— Амалли ва тақво эгалари одамларнинг афзалидир.
— Энг адолатли сўз қайси сўз?
— Қўрқиб ёки ундан бирон нарса умид қилиб турган одам қаршисида кишининг айтган ҳақ сўзи, энг адолатли сўздир.
— Энг тез ижобат бўладиган дуо қайси?
— Чиройли амал қилувчи кишининг, чиройли амал қилувчи кишилар ҳақига қилган дуоси.
— Садақаларнинг афзали-чи?
— Мол-дунёси оз камбағал кишининг, ўзидан кўра муҳтож бечора камбағалга миннат қилмай ва озор бермай берган садақасидир.
— Энг ақлли киши ким?
— Аллоҳ таолога итоат қилган ва г бошқаларни ҳам шунга йўллаган киши.
— Энг аҳмоқ киши ким?
— Золим дўстининг нафс-ҳавосига эргашиб кетган, бировнинг дунёси эвазига ўз охиратини сотиб юборган киши.
— Эй Абу Ҳозим, бизга ҳамроҳ бўлиб юрмайсизми, сиз биздан, биз сиздан насибадор бўлардик?!
— Йўқ, эй мўминлар амири, сизга ҳамроҳ бўла олмайман.
— Нега?
— Сизларга ён босиб қолишим натижасида Аллоҳ менга бу дунё азобини ҳам ва охират азобини ҳам тоттиришидан қўрқаман.
— Эй Абу Ҳозим, бирон ҳожатингиз бўлса айтинг.
Абу Ҳозим бирон нарса демай жим турган эдилар.
Халифа яна қайта:
– Эй Абу Ҳозим, бирон ҳожатингиз бўлса айтинг, сиз учун ҳар қандай ҳожат бўлса ҳам ўтаб берамиз, — деди.
— Ҳожатим, мени дўзахдан қутқариб, жаннатга олиб кириб қўйсангиз.
— Бу менинг қўлимдан келмайди, эй Абу Ҳозим.
— Менинг бундан бошқа ҳожатим йўқ, эй мўминлар амири.
— Менинг ҳақимга дуо қилинг, эй Абу Ҳозим.
— Эй Аллоҳ, агар мана шу банданг Сулаймон Сенга яқин бандаларинг қаторида бўлса, унга икки дунё яхшилигини осон қил. Агар Сенга душманлардан бўлса, уни солиҳлар жумласидан қилиб, Ўзинг яхши кўрган ва рози бўладиган йўлга бошлаб қўй.
Шунда ўтирганлардан бири:
— Яхши гап айтмадингиз, мўминлар амирини Аллоҳнинг душманлари сафига қўшиб, халифамизни ранжитдингиз, — деди.
Абу Ҳозим:
— Аксинча, сизнинг бу гапингиз яхши гап бўлмади, шуни билингки, Аллоҳ таоло: “Албатта уни одамларга очиқ баён қилурсизлар ва яширмайсизлар...” деб уламолардан ҳақ сўзни сўзлашга аҳду паймон олган эди. Сўнг халифага юзланиб:
— Эй мўминлар амири, биздан аввал ўтганларнинг амирлари уламоларнинг илмларига қизиқиб, уларнинг ҳузурига тавозу билан борар эдилар. Шунинг учун улар яхшилик ва хотиржамликда яшадилар. Кейин ҳиммати паст кишилар пайдо бўлди, улар амирлар ҳузуридаги арзимас дунёни қўлга киритиш учун илм ўргандилар, амирлар бундай олимларни назарга илмай қўйдилар. Натижада бу олимлар хор бўлиб ожиз қолдилар ва Аллоҳнинг ҳам назаридан тушдилар. Агар уламолар амирлар қўлларидаги нарсалардан ўзларини тортганларида, амирлар уларнинг илмларига интилардилар. Лекин уламолар амирлардаги нарсаларга интилдилар, амирлар эса улардан ўзларини тортдилар ва уларни қадрламай қўйдилар.
Халифа:
— Гапингиз ҳақ. Эй Абу Ҳозим, менга яна насиҳат қилинг, сиздан кўра ҳикматли сўз айтишга яқинроқ бўлган бирон кишини кўрмаган эдим.
Абу Ҳозим:
— Агар насиҳатга қулоқ тутадиганлардан бўлсангиз, сизга қилган насиҳатим етарлидир... Агар насиҳатни олмайдиганлардан бўлсангиз, ипсиз камондан ўқ отганимдан не фойда.
Халифа:
— Ўтиниб сўрайман Эй Абу Ҳозим, менга насиҳат қилинг.
Абу Ҳозим:
— Майли, насиҳат қиламан, лекин қисқа айтаман. Раббингизни улуғланг, Уни покланг, Сизни қайтарган ерда кўринишдан ва сизни буюрган ерда кўринмай қолишдан сақланинг, – деди.
Сўнг Абу Ҳозим салом бериб чиқиб кетди.
Халифа унинг ортидан:
— Насиҳатгўй олимга Аллоҳ яхши мукофотлар ато этсин, — деб дуо қилиб қолди.
***
Кунларнинг бирида Салама ибн Динорнинг уйига Абдураҳмон ибн Жарир билан унинг ўғли келиб, шайх билан саломлашиб ўтирдилар ва икки дунё яхшилигини тилаб дуо қилдилар. Одоб пешвоси улуғ тобеин ҳам ота-боланинг саломига янада чиройлироқ қилиб алик олиб, уларни илиқ кутиб олдилар ва ўрталарида қуйидаги суҳбат бўлиб ўтди.
Абдураҳмон ибн Жарир:
— Эй Абу Ҳозим, қандай қилиб уйғоқ қалб соҳиби бўла оламиз? – деб сўради.
Абу Ҳозим:
— Ичингизни ўнгласангиз катта гуноҳлар кечирилади. Банда агар гуноҳларни тарк этишга азму қарор қилса, унга яхшилик эшиклари очилади. Асло шуни унутмангки, эй Абдурраҳмон, мол-дунёнинг озгинаси ҳам бизни охират ишларининг кўпгинасидан чалғитиб қўяди. Сизни Аллоҳ таолога яқинлаштирмайдиган ҳар қандай нарса неъмат эмас, балки у жазо, азоб, офат ва балодир.
Абдурраҳмон ибн Жарирнинг ўғли деди:
— Бизнинг кўп шайхларимиз бор, уларнинг қай бирига эргашайлик?
Абу Ҳозим:
— Эй ўғилчам, ёлғиз қолганда Аллоҳдан қўрқадиган ва айб бўладиган ишларга аралашишдан ўзини пок тутадиган, ёшлигидан ўзини ислоҳ қилган, буни кексалик даврига қолдирмаганларига эргашгин.
Эй ўғилчам, шуни билгинки, қуёш чиққан ҳар кун борки толиби илмга нафсу ҳавоси билан илми қарама-қарши келиб, икки рақиб курашгани каби унинг қалбида улар ҳам ўзаро курашадилар. Агар илми нафсу ҳавоси устидан ғолиб келса, ўша кун толиби илм учун фойдали кун бўлади... Ва агар нафсу ҳавоси илмидан ғолиб бўлса, у кун толиби илм учун зиён, ҳасрат куни бўлади.
Абдурраҳмон ибн Жарир:
— Эй Абу Ҳозим, бизни шукр қилишга кўп чорлайсиз, шукрнинг ҳақиқати нима?
Абу Ҳозим:
— Бизнинг ҳар бир аъзоимизда шукрнинг ҳақи бор.
— Икки кўзнинг ҳақи нима?
— Яхшиликни кўрганингизда уни ёймоқлигингиз, ёмонликни кўрганингизда эса яширишингиз икки кўзнинг шукридир.
— Икки қулоқнинг шукри нима?
— Яхшиликни эшитсангиз уни қалбингизга жойлаб сақлаб қўйишингиз, ёмонликни эшитсангиз кўмиб ташлашингиз икки қулоқ шукридир.
— Икки қўлнинг шукри нима?
— Сизга тегишли бўлмаган нарсани олмаслигингиз ва Аллоҳнинг ҳақларидан бўлган ҳақни тўсмаслигингиз икки қўл шукридир. Шуни унутмангки, эй Абдурраҳмон, ким тил шукрини етарли қилмаса ва тил шукрига дил шукрини ва барча аъзолар шукрини қўшмаса, бундай одамнинг мисоли, либосини киймай қўлида ушлаб турган кишига ўхшайди, бу эса уни иссиқдан ҳам совуқдан ҳам сақламайди.
***
Бир йили Салама ибн Динор Рум шаҳарларига йўл олган ислом лашкари сафида жангга бордилар. Лашкар кўзланган манзилга етишга оз қолганда, душманга қарши жангга киришдан олдин куч тўплаб олиш мақсадида бир оз дам олиш учун тўхтайди. Лашкар ичида умавийлар амирларидан бири бор эди. Ана шу амир Абу Ҳозимга:
— Келиб бизларга бир дарс бериб кетсинлар, — деб одам юборди. Абу Ҳозим амирга жавобан унга хат ёзиб юбордилар, хатда ушбулар битилган эди:
“Эй амир, мен шундай аҳли илмларни кўрдим, улар дунё аҳлига динни кўтариб бормас эдилар. Дунё аҳлига динни кўтариб борган аҳли илмларнинг биринчиси мен бўлишимни истамасангиз керак, деб ўйлайман. Ҳожатингиз бўлса олдимизга ўзингиз келинг. Сизга ҳам атрофингиздагиларга ҳам Аллоҳнинг саломи бўлсин”.
Хатни ўқиган амир Абу Ҳозимнинг ҳузурларига бориб, кўришиб саломлашгач:
— Эй Абу Ҳозим, бизга йўллаган мактубингизни ўқиганимиздан сўнг, наздимизда мартабангиз янада зиёда бўлиб, қадрингиз ошди. Аллоҳ сизни яхши мукофотлар билан сийласин, бизга панду насиҳат қилсангиз.
Абу Ҳозим насиҳат қила бошладилар, мана бу қуйидаги сатрлар айтган сўзларининг жумласидандир:
— Қиёматда қайси амал сиз билан бўлишини яхши кўрсангиз, бу дунёда шу амални қилишга ҳарис бўлинг.
Охиратда сиз билан қайси амал бўлишини истамасангиз, бу дунёда шу амалдан узоқ бўлинг.
Шуни билингки эй амир, агар сизда ботилнинг бозори чаққон бўлса, бемаънилар, мунофиқлар атрофингизга йиғилиб оладилар. Ва агар сизда ҳақнинг бозори чаққон бўлса, атрофингизга яхши одамлар йиғилиб, ҳақ устида сизга ёрдамчи бўладилар... Ўзингизга ёққанини танлаб олаверинг.
***
Абу Ҳозимга ўлим соати яқинлашганида, атрофларида тўпланиб турган яқинлари:
— Ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз, эй Абу Ҳозим? — деб сўраган эдилар.
— Дунёда қилиб қўйган ёмонликларимиздан нажот топа олсак, дунёда йўқотган нарсаларимиз бизга зарар бўлмас, — деб ушбу ояти каримани такрор-такрор ўқиб жон таслим қилдилар: “Албатта иймон келтириб яхши амаллар қилган зотлар учун Раҳмон дўстликни (барқарор) қилур”.
Халқаро алоқалар бўлими ходими И.АҲМЕДОВ интернет материаллари асосида тайёрлади.
Жумадан жумагача
Ассалому алайкум! Бугун ноябр ойининг ўттизинчи, ҳафтанинг эса муборак жума куни.
Ҳафта давомидаги янгиликлар ва сара мақолалар билан Жумадан жумагача рукни орқали ҳабардор бўлинг
Хайрия карвони орқали самарқандликларга қувонч улашилди
Самарқанд шаҳридаги “Зилол Бахт” тўйхонасида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилояти вакиллиги, "Вақф" хайрия жамоат фонди вилоят филиали ҳодимлари ва бошқа мутасадди шахслар билан биргаликда “Мурувват карвони” номли хайрия тадбири ўтказилди. Тадбирда вилоятнинг барча ҳудудидан таклиф этилган 100 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган шахсларга озиқ-овқат маҳсулотлари, улар орасидан 16 нафар ногиронлиги бор шахсларга ногиронлик аравачаси тақдим қилинди. Хайрия тадбири сўнгидан ташкилотчилар Самарқанд шаҳридаги "Саховат уйи" ҳамда Ургут туманидаги "Мурувват уйи" учун жами 5 дона ногиронлик аравачаси ҳадя этдилар.
«Wilmotte & Associés» Ислом цивилизацияси марказини қуришда иштирок этади
Ўзбекистон Қурилиш вазирлиги ўринбосари Ботир Зокиров бошчилигидаги делегация Париж шаҳрида Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази биносини қуриш бўйича «Wilmotte & Associés» компанияси билан музокаралар олиб борди. Француз компанияси билан имзоланган шартномага кўра, Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази концепциясининг тақдимоти ўтказилди. Шунингдек бино лойиҳасини ишлаб чиқиш, ушбу меъморий ансамблнинг ички дизайнини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Қирол Салмон бин Абдулазиз Президент Шавкат Мирзиёевни Саудия Арабистонига таклиф қилди
Жорий йилнинг 25 ноябрь куни Ўзбекистон Республикасининг Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Улуғбек Мақсудов Икки муқаддас масжид ходими, Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз ал Саудга ўз ишонч ёрлиқларини топширди. Бу ҳақда ТИВ Матбуот хизмати хабар берди. Ар-Риёз шаҳридаги ал-Ямама подшоҳлик саройидаги тантанали маросимдан сўнг Подшоҳ Салмон бин Абдулазиз ал Сауд билан суҳбат бўлиб ўтди.Подшоҳ Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга ўзининг чуқур эҳтиромини етказиб қўйишни сўради ва мамлакатимиз раҳбарини ўзига қулай бўлган вақтда Саудия Арабистонига расмий ташриф билан келишга таклиф этди.
Муфтий ҳазрат Хоразм вилоятидаги Янги масжид ҳамда мадрасага ташриф буюрди
28 ноябрь куни 28 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг Хоразм вилоятига сафарлари бошланди. Муфтий ҳазратлари вилоятга ташрифни янги «Ниёз Муҳаммад Охунд бобо» жоме масжиди билан танишишдан бошладилар. Умумий майдони 3,5 гектарни эгаллаган масжид мажмуасида 4000 нафар намозхон учун барча зарур бўлган шарт–шароитлар муҳайё қилинган. шундан сўнг муфтий ҳазрат Урганч шаҳридаги “Имом Фахриддин ар-Розий” ўрта махсус ислом билим юртига ташриф буюриб, устоз ва талабалар билан яқиндан мулоқот қилдилар.
"Вақф" фонди бир кунда иккита хайрия лойиҳасини амалга оширди
Жорий йилнинг 28 ноябрь Ўзбекистон мусулмонлари идорасида “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан “Илмга эътибор – келажакка эътибор” номли олий таълим муассасалари талабаларининг тўлов-шартнома пулларини тўлаб бериш бўйича хайрия акциясининг тақдимоти ўтказилди. Тадбир давомида республикадаги олий таълим муассасаларида таълим олаётган кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож 145 нафар талаба ёшларнинг 1 миллиард 244 миллион сўмга яқин тўлов-шартнома пуллари тўлаб берилганини ҳақидаги сертификат Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари Одил Қаландаровга тантанали равишда топширилди. Шу куни Наманган вилоятида "Никоҳ тўйлари" акцияси доирасида икки никоҳ ҳамда 13 та ақиқа тўйлари ўтказиб берилади. Эслатиб ўтамиз “Вақф” фонди хайру эҳсонларингизни ўз эгаларига етказишда очиқлик ва холисликни кафолатлайди. Маблағларни шаффофлик асосида ҳақдорларга етказилаётганини vaqf.uz сайти орқали кузатиб боринг!
Қирғизистоннинг яна бир ҳудудида спиртли ичимликлар сотиш тақиқланди
Қирғизистоннинг Иссиқкўл вилояти Ақчий туманида жойлашган Ақсу қишлоғида спиртли ичимликлар билан савдо қилиши тақиқланди. Маълум бўлишича, қишлоқдаги бешта дўкондан иккитасида спиртли ичимликлар савдоси анча олдин тўхтатилган. Маҳаллий аҳоли пул йиғиб қолган дўконлардаги ичимликларни сотиб олди ва йўқ қилди. Бунинг учун 100 минг сўм (1,4 минг АҚШ доллари) сарфланди. Айни пайтда қишлоқда яшовчилар орасида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда, қишлоқдаги аксар муштлашувлар ва оилавий жанжаллар айнан ичкилик туфайли содир бўлаётгани таъкидланмоқда. Бундан аввал вилоятнинг бир нечта қишлоқларида ҳам спиртли ичимликлар савдоси тўхтатилган эди.
Германияда тўртинчи Ислом анжумани ўтказилади
Жорий йилнинг 28−29 ноябрь кунлари Германия Федератив Республикаси пойтахти Берлин шаҳрида тўртинчи бор Немис Ислом анжумани ўтказилади. ташкилотчиларнинг таъкидлашича бу сафар ўтказиладиган андуман бошқача шаклда ташкил этилади. анжуманда 240 нафар иштирокчи қатнашади. Тадбирни Германия ички ишлар вазири Хорст Зеехофер очиб беради. Анжумандан кўзланган мақсад мусулмон мигрантларнинг немис жамиятига интеграциялашуви билан боғлиқ муаммоларга ечим топишдир.
Унутманг муслим.уз жамоаси сизни комиллик сари етаклайди.
Биз сиз учун ижод қиламиз.
ЎМИ Матбуот хизмати