muslim.uz

muslim.uz

"Ўзбекистон ҳаво йўллари" Миллий авиакомпанияси жорий йилнинг 31 май санасидан Саудия Арабистонига зиёратчиларни ташиш бўйича қатновларни амалга ошира бошлайди. Бу ҳақда МАК Матбуот хизмати хабар берди.

Жорий йилнинг 17 июнига қадар давом этадиган ушбу дастур доирасида Тошкент-Жидда-Тошкент йўналишида жами 14 та қатнов амалга бажарилиши режалаштирилган.

"Кичик ҳаж"ни амалга оширишни истаган 1546 нафар юртдошларимиз Миллий авиакомпаниянинг Boeing 767 самолётларидан белгиланган манзилга етиб олишда фойдаланадилар.

Қайд этилишича, ушбу дастурни муваффақиятли амалга ошириш учун авиакомпания мутахассислари зиёратчиларга қулай шарт-шароит яратиш ва юқори даражадаги сервис хизматларини кўрсатиш учун бор имкониятларини ишга солишади.

Аввалроқ эса "Ҳаж-2018" дастури қайси муддатларда амалга оширилиши юақида маълумот берган эдик.

ЎМИ Матбуот хизмати

Кеча, 15 май куни Саудия Арабистони Подшоҳлигининг Ўзбекистондаги фавқулотда ва мухтор элчиси Ҳишом ибн Мишъал ас-Сувайлим Ўзбекистон мусулмонлари идорасига ташриф буюрди. Меҳмонни муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари қабул қилдилар.
Дастлаб, муфтий ҳазратлари элчи жаноблари ва Саудия Арабистони халқини кириб келаётган муборак Рамазон ойи билан самимий қутладилар. Бу йилги Рамазонга тайёргарлик ва ушбу ойни қаршилаш ҳақида нутқ сўзлаб шундай дедилар:
– Хабарингиз бор, муҳтарам Президентимиз томонларидан диний-маърифий соҳада жуда ҳам катта ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айниқса, Ислом дини таълимоти ва унинг ривожига улкан ҳисса қўшган алломаларнинг илмий меросларини ўрганишга алоҳида эътибор қаратаётганидан жуда ҳам мамнунмиз. Шу йил 16 апрель куни давлатимиз Раҳбари томонларидан имзоланган тарихий Фармонлари барча мўмин-мусулмонларимизни жуда ҳам чексиз қувонтирди. Шунингдек, янги масжид-мадрасалар ташкил этилиши мўмин-мусулмонларга муносиб туҳфа бўлмоқда. Шуларни инобатга оладиган бўлсак, эшик қоқиб келаётган моҳи маҳбуб бу йил ҳар қачонгидан ҳам сермазмун бўлади, иншоаллоҳ.
Суҳбат асносида муфтий ҳазратлари Саудия Арабистони Подшоҳлиги билан ҳамкорлик алоқалари кенгайиб бораётгани, хусусан, ҳаж ва умра зиёратчиларига хизмат кўрсатиш сифати йилдан-йилга яхшиланаётганини алоҳида таъкидладилар. Ушбу ишларни ўз вақтида ва самарали ташкил этишда яқиндан ёрдам бераётган Саудия Арабистони элчихонасига алоҳида миннатдорлик билдирдилар.
Учрашувда сўз олган Ҳишом ибн Мишъал ас-Сувайлим, дастлаб, муфтий ҳазратлари ва бутун Ўзбекистон халқини Рамазони шариф билан табриклади. У ўз сўзида сўнги йилларда икки давлат ўртасидаги алоқалар борган сари ривожланиб бораётгани, икки халқни боғлаб турувчи муштарак жиҳатлар: дин, маданият, илм-маърифат борасидаги алоқаларни алоҳида қайд этиб ўтди. Шунингдек, элчи жаноблари ҳаж ва умра зиёратчиларига хизмат қилиш улкан шараф эканини таъкидлади. Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар, ўзгаришлар ва янгиланишларни юқори баҳолади.
Учрашув дўстона ва самимий руҳда ўтди.

 


ЎМИ Матбуот хизмати

Аввалроқ, мамлакатимизда муқаддас Рамазон ойининг жорий йил 17 майдан бошланиши ҳақида маълум қилинган эди.

Кеча, 15 куни Саудия Арабистони Подшоҳлиги уламолари ойнинг ҳаракатини кузатган ҳолда 1439 ҳижрий Шаъбон ойи 30 кун бўлишини ҳамда Рамазон ойининг дастлабки куни 17 май санасига тўғри келишини маълум қилдилар. Бу ҳақда "saudigazette" нашри хабар берди.

Малайзия, Индонезия, Сингапур, Брунай, Австралия ва Оман давлатларида 17 май, пайшанба куни рамазоннинг биринчи куни деб эълон қилинди.

Аллоҳ таоло юртимизга ушбу муборак ойни баракотли қилсин!

ЎМИ Матбуот хизмати

Таровеҳларда бир марта хатми Қуръон қилиш суннатдир. Рамазонда иккинчи ёки учунчи марта хатм этиш эса мустаҳаб ва ҳақиқий нафл амалдир.

Бугун, 16 май куни таровеҳ намозининг биринчи кунидир. Бу ҳақда кўпчилик юртдошларимиз билишади, бироқ айримлар бу кунни ёддан чиқаришлари мумкин. Шу сабабли уни Сизнинг ёдингизга солишни ўзимизга бурч деб билдик.

Шундай экан бир ойлик рамазонни ва таровеҳ намозларини ғанимат билайлик сусткашликка йўл қўймайлик. Зеро, бу рамазон биз учун охиргиси бу йилги таровеҳ охиргиси бўлиши мумкин.

Ушбу маълумотни яқинларингизга ҳам улашинг!

ЎМИ Матбуот хизмати

Ёшликдан ҳаракат қилиб, вақтни ғанимат билиб келажакда ўзи ва эл-юрти манфаати, бахту саодати йўлида фойда берадиган билимни олишга интилмоқ керак.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Беш нарсани беш нарсадан аввал ғанимат билинг:

ўлимдан аввал ҳаётни;

касал бўлишдан аввал соғликни;

банд бўлиб қолишдан аввал бўш вақтни;

кексалик етмасдан аввал ёшликни;

камбағал бўлмасдан аввал бойликни”, деб айтганлар.

Ҳадисда ёшликни ғанимат билишга, уни келажакка ва жамиятга фойда келтирадиган ишларга сарфламоққа буюриляти. Зеро, ёшлик – инсон умрининг гултожидир.

Шеърият мулкининг султони Алишер Навоий: “Умр гулшанининг баҳори” бўлмиш ёшлик айёми ҳар қандай адоват ҳасаддан йироқ бўлиб, фақат эзгуликка, илм ўрганишга, гўзалликка, элу юрт фаравонлиги йўлида ҳалол меҳнатга бахшида этилиши керак, дея таъкидлаган эди.

Ёшликда илм уммони теранликларини кашф этиб, билимлар хазинаси соҳиби бўлиш, ёшларнинг энг эзгу ишларидан бири ҳисобланади.

Ҳозирги вақтда ёшларимизнинг фақат мамлакатимизда эмас, жаҳоннинг исталган мамлакатида ҳам илм асосларини эгаллаши учун барча имкониятлар яратиб берилди. Жумладан, АҚШ, Англия, Франция, Германия каби ривожланган мамлакатларнинг нуфузли университетларида таҳсил олаётган юзлаб талабалар ёшлик айёмидан энг қутлуғ мақсадга эришиш йўлида фойдаланмоқда.

Илм олишда инсон фақат ёшлик чоғидагина машғул бўлиш билан чекланиб қолмасдан, доим илм-маърифат учун интилиб яшамоғи даркор. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Бешикдан то қабргача илм изла” деганлар. Бундан маълум бўладики, инсон фақат ёшликда олган илм билан кифояланиб қолмасдан, ёши катталар ҳам ёшлар сингари илм ўрганиши керак бўлади. Илм ҳамма ёшдаги одамларга зарур. Илм ўрганиш инсонга Аллоҳ таоло бахш этган буюк неъмат. Зеро, илм инсоннинг ақлу идрок ва тафаккур неъматини камол топтириб, унинг салоҳиятини юксалтиради.

Аждодларимиз Расулуллоҳнинг ана шу даъватларига амал қилиб кўплаб илмий марказларда умр бўйи турли соҳа илмларни ўрганиб илм даражасини юксалтирган ва дунё тамаддунига ўзларининг беқиёс ҳиссасини қўшганлар.

Мужодала сурасини 11-оятида: “Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир”, деб марҳамат қилган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Илм – бу дунёда иззат, охиратда шарафдир”, деганлар.

Илм – инсонни юксакликка кўтарадиган, унинг маънавий-маданий даражасини оширишга хизмат қиладиган муҳим омил. Зеро, инсон эл орасида илм билан улуғлик, ҳунар билан шуҳрат топади ва ҳаётда яхшиликларга эришади. Илм эгасини юртига, халқига, қолаверса, дунёга танитади. Бундай ҳурмат ўзи учун ҳам, юрти учун ҳам катта ютуқ ҳисобланади.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ёшларимизни ёшликдан унумли фойдаланиб, илм-фан чўққиларини эгаллашга даъват этиб, уларнинг касб-ҳунарли бўлишини рағбатлантириш ғоят муҳим вазифадир.

 

Рашидбек ЭРНАЗАРОВ,

Хоразм вилояти Боғот тумани  бош имом-хатиби

Мақолалар

Top