muslimuz
Ислом институти ва Москва диний ташкилоти ўртасида мeморандум имзоланди
Имом Бухорий номидаги Тошкeнт ислом институти ва Москва шаҳар Имом Бухорий номидаги мусулмонлар маҳаллий диний ташкилоти ўртасида Англашув мeморандуми имзоланди.
Мeморандумни Тошкент Ислом институти ректори, профессор Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов ва Имом Бухорий номидаги мусулмонлар маҳаллий диний ташкилоти раиси Умидбек Мамталиев имзолади.
Мазкур ҳамкорликдан кўзланган мақсад икки муассаса ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш, хусусан, илмий ва маънавий-маърифий йўналашда ҳамкорлик, ўқитувчи, илмий ходим ва талабаларнинг ўзаро малакасини ошириш, биргаликда илмий ва амалий тадқиқотлар олиб бориш, инновацион фаолиятни амалга ошириш, халқаро ўқув, илмий ва илмий-техникавий лойиҳа, анжуман ва семинарлар ташкил этиш ҳамда ўқув ва илмий адабиётлар алмашинувини олиб бориш каби йўналишларни ўз ичига олади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Назр соҳиби ҳайвоннинг гўштидан ейиши мумкинми?
Назр соҳиби назр қилинган ҳайвоннинг гўштидан ейиши мумкинми?
Cавол: Дадам яқинда жарроҳлик амалиётига киришларидан олдин назр қилдим, яъни Aллоҳга ваъда қилдим, инша Аллоҳ жарроҳлик амалиётидан шифо топиб чиқсалар, битта мол сўйиб эҳсон қиламан деб. Шу назр қилинган гўштни ман ейишим мумкин эмасми?
Жавоб: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Кўзлаган мақсади ҳосил бўлса, назрни адо этиш вожиб бўлади. Қурбонликдан бошқа ниятда, мисол учун, “Фалон ҳожатим раво бўлса, жонлиқ сўяман (дардга даво топилиши, мушкулотларнинг ариши, сафардагиларнинг эсон-омон қайтиб келиши ва ҳоказо)” деган ниятда жонлиқ сўйиш назр қилинганда сўйилган жонлиқнинг гўштини садақа олишга ҳақли бўлганларга улашиб бериш вожиб бўлади. Бунда назр соҳиби ва унинг аҳли ҳамда бой инсонлар назр қилинган жонлиқнинг гўштидан ейиши ҳалол бўлмайди.
“Закот ва ушрни олишга ҳақли тоифа фитр садақаси, каффорат, назр каби вожиб садақаларни олиш учун ҳақли ўрин ҳисобланади. “Кўҳистоний”да шундай келган” (“Раддул Муҳтор” китоби).
“Кишининг (ўзи сўйган) назр ва каффорат учун сўйилган жонлиқлар, иҳсор (ҳаждан тўсилган), ҳарамга етиб бормаган ихтиёрий қурбонликлардан гарчи фақир бўлса ҳам ейиши мумкин эмас. Шунингдек, орасида туғишганлик ва эр-хотинлик алоқаси борлар ҳамда бой шахслар ея олмайди. Умуман олганда закот олиши ҳалол бўлмайдиган кишиларнинг бу жонлиқдан ейиш мумкин эмас”. (“Ғунятун носик” китоби). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.
Қалбни тузатиш учун ўқиладиган дуо
Инсон қалби доимо бир хил ҳолатда турмайди. У мунтазам равишда ўзгариб туради. Қалбнинг тинмасдан ҳаракат қилиши гўё биқиллаб қайнаётган сувга ўхшайди.
Қалб ўзгариб турар экан, уни тинчлантириш учун кўп зикр қилиш керак. Банда Аллоҳ таолони қанча кўп зикр қилса, унинг қалби шунча ором топади, сокин бўлади. Агар қалб зикр билан озиқлантирилмаса, у касалланади, кейин уни даволаш, бошқариш мушкул бўлади.
Уламолар айтадилар: “Қалбни ислоҳ қилиш ҳатто саҳобалар ҳам учраган энг машаққатли ишдир. Қалбни тарбиялаш узоқ йилларни талаб қилади”.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: “Биз Қуръони каримдан ўн оятни ўқирдик. Сўнгра уни ёдлаб олардик, оятнинг маъносини тафаккур этиб, унга амал қилардик, кейин бошқа оятни ўқирдик”, деганлар.
Ҳа, қалб поклигига эришишда амал муҳим ўрин тутади. Масалан, хорижийлар ҳам Қуръон ўқийди, лекин уларнинг Қуръони ҳалқумидан нарига ўтмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улар ҳақида огоҳлантириб: “Улар Қуръонни ўқиганда ўзларининг фойдасига деб ўйлайдилар, аслида эса у уларнинг зараригадир”, деганлар.
Сув оловда узоқ вақт қолиб кетса, сув парланиб йўқ бўлиб кетади. Натижада, бир томчи ҳам сув қолмайди. Шунинг учун, банда ниҳоятда эҳтиёткорлик билан, аста-секин, босқичма-босқич қалбини поклаш ва ислоҳ этишга ҳаракат қилиши лозим.
Ҳаддан ошиб, гўё ловуллаб ёниб, сўнгра бир зумда кулга айланадиган оловга ўхшмаслик керак. Ҳеч ким қалб поклигига осонлик билан эришмаган. Бу – бир лаҳзада содир бўладиган иш ҳам эмас.
Банда ҳамиша қалбини ислоҳ қилиш ҳаракатида бўлиши лозим. Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган 2 дуони мунтазам ўқиб юриш талаб этилади. Бу икки дуо бир-бирига жуда яқин, аммо орасида айрим фарқлари бор. Уларнинг биринчиси қуйидагича:
يَا مُقَلِّبَ الْقُلُوبِ ثَبِّتْ قَلْبِي عَلَى دِينِكَ
Йа муқоллибал қулуб, саббит қолбий ъала дийника.
Эй қалбларни айлантирувчи Зот, қалбимни динингда собит қилгин.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу дуони бошқа дуолардан кўра кўпроқ ўқирдилар. Биз-чи, бу дуони бир кунда неча марта ўқияпмиз? Бу дуони кўп ўқишга одатланайлик. Зеро, бизнинг қалбимиз билан Набий алайҳиссаломнинг қалблари орасида қанча катта фарқ бор?!
Иккинчи дуо:
اللَّهُمَّ مُصَرِّفَ القُلُوبِ صَرِّفْ قُلُوبَنَا علَى طَاعَتِكَ
Аллоҳумма мусоррифал қулууб сорриф қулуубана ъалаа тоъатик.
Қалбларни (Ўзи истаган тарафга) бурувчи Аллоҳим, қалбимизни тоатингга буриб қўйгин.
Биринчи дуода, Аллоҳ таолодан қалбимизни динда, солиҳ амалларда собитқадам этиши ва Аллоҳнинг ғазабига сабаб бўлувчи гуноҳлардан узоқ қилиши сўраляпти.
Иккинчи дуода эса, Аллоҳдан қалбимизни хайрли ишларга бошлаши ва буриб қўйиши сўраляпти.
Аллоҳ таоло қалбимизни ҳидоятида бардавом қилсин!
Ўзининг розилигини топадиган солиҳ амалларга бошласин!
Даврон НУРМУҲАММАД
Телефон бола руҳиятига қанчалик таъсир қилади?!
Телефондан узоқ вақт давомида фойдаланиш боланинг руҳий ҳолати ва ижтимоий мослашишида ҳам муаммоларга олиб келади.
Таъкидлаш жоиз, болаларнинг ижтимоийлашуви туғилгандан бошлаб то ўсмирлик пайтигача давом этади. Бунда, айниқса, мактабгача ва мактаб даври муҳим роль ўйнайди. Сабаби, ушбу даврда бола бошқалар билан мулоқот қилишни, жамиятда ўзини қандай тутишни, одоб-ахлоқ нормаларини ўрганади, ақлий ривожланади, унда ижтимоий кўникмалар шаклланади.
Гаджетлар эса атроф-муҳитни энди идрок этаётган боланинг тўлақонли ижтимоийлашувига тўсқинлик қилади. Телефон “ичига кириб кетиб”, ташқи дунёдан узилиб қолиш туфайли унда кейинчалик бошқалар билан коммуникация қилишда жиддий муаммолар юзага келиши мумкин.
Мактабгача ижтимоилашув, энг аввало, оилада бошланади. Шунинг учун ушбу даврда ота-оналар фарзандлари билан кўпроқ вақт ўтказиши, бирга турли тўгаракларга бориши, жамоавий ўйинларда қатнашиши, уларда спортга қизиқиш, китоб ўқишга муҳаббат ҳиссини уйғотиши муҳим. Энг асосийси, ота-оналар ўзлари гаджетлардан имкон қадар камроқ фойдаланиб, фарзандларига намуна бўлиши керак.
Тўғри, болаларни телефондан мутлақо айириб қўйиш ҳам нотўғри. Чунки уларнинг зарари билан бир қаторда фойдали томонлари ҳам кўп, албатта. Замонавий гаджетлар тақдим эта оладиган имкониятлар болаларга янги билим олишга ёрдам беради, уларга ўқиш жараёнида ас қотади.
Муҳими, уларнинг саломатлигига путур етиши ва ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишининг олдини олиш учун болалар телефонлардан қанча вақт ва нима мақсадда фойдаланаётганини назорат қилиш зарур.
Cоғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати
Ўзбекистонда 2023 йили энг кўп қўйилган исмлар
Мамалакатимизда 2023 йил давомида туғилган болаларга қўйилган энг кўп исмлар топ 10 талиги эълон қилинди. Унда ўғил болаларга энг кўп Муҳаммадали, қизларга эса Солиҳа исми қўйилган. Бу ҳақда Адлия вазирлиги маълум қилди.
Ўтган йилда туғилган 27 431 нафар ўғил болага Муҳаммадали исми қўйилган. Шунингдек, Мустафо (22 880), Абдуллоҳ (18 116), Муҳаммад (17 025), Муҳаммадюсуф (13 774), Муҳаммадамин (12 450), Нурмуҳаммад (9 017), Муҳаммаджон (8 843), Имронбек (8 591) ва Муҳаммадзиё (8 135) исмлари кетма-кетлик бўйича 10 таликдан жой олган.
Қизларга эса 2023 йилда энг кўп Солиҳа исми қўйилган (24 365) бўлса, кейинги қаторлардан Ясмина (19 911), Муслима (15 918), Хадича (10 759), Имона (10 310), Шукрона (9330), Сумайя (9279), Ифора (7586), Саъдия (6639) ва Мубина (6558) исмлари ўрин олган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати