Рамазон

Шу бугун тавбанинг айни замони

Қиёматнинг шиддатли кунларида эминликда бўлмоқ учун астойдил ҳаракат қиладиган кунларимиз кечяпти – итқум минан нийрон. Бу фараҳбахш кунларнинг ҳар сонияси ғанимат. Илло, шу кунларда тавба қилган одам нажот топади.

Аммо тавба қилувчининг ҳам тури кўп бўлар экан. Бугун тавба қилиб, эртага яна шу ишини давом эттириб кетаверадиган кишиларни кўрган Навоий ҳазратлари: “Ё Рабб, сенинг тавбангдан тавба”, дея ёқа ушлаган эканлар. Баъзилар эса бу сўзни бирор нарсадан энсаси қотганини билдириш мақсадида ишлатади, холос.

Росмана тавба қилган киши эса баъзан билиб, баъзида билмай қолиб йўл қўйган гуноҳларидан астойдил пушаймон бўлган, энди ундай гуноҳларга яна асло яқинлашмасликка кескин қарор қилган одамдир. Тавба – жамики хайрли ишларнинг калити ва мўминнинг нажоткоридир.   

Аллоҳ таоло: “Илло, кимки (шу дунёда) тавба қилса ва имон келтириб, яхши амал қилса, бас, Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонлик (гуноҳ)ларини яхшилик (савоб)ларга айлантириб қўяр. Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли зотдир”, деб марҳамат қилган (Фурқон сурасининг 70-ояти).

Ишхонадами, кичик бир хато қилиб қўйсак, тинчимиз қочади, устма-уст узр сўраймиз. Хатомиз кечирилганини билганимиздан сўнг эса раҳбаримизнинг марҳамати кенглигидан беҳад миннатдор бўламиз. Аммо ўша вақтда Аллоҳ таолонинг марҳамати қулларининг марҳаматидан кўп эканини, ўша раҳбаримиз эса Аллоҳнинг марҳаматини кўрсатувчи восита эканини ўйламаймиз. Демак, асл қолиб воситадан миннатдор бўламиз. Агар аслдан ҳам воситадан ҳам миннатдор бўлсак нақадар гўзал иш бўлар эди. Бунинг учун эса, аввало, бу қадар шафқат ва марҳамат соҳиби бўлган Раббимизга кўнгил қўйиб тавба этмоқ, Унга лойиқ банда бўлмоққа ҳаракат қилмоғимиз даркор?

Инсон нимани истаса Аллоҳ таоло ўшани беради. Бунинг учун қиладиган ягона ишимиз хатоларимизни эътироф этиб, марҳаматлиларнинг марҳаматлиси бўлган Аллоҳ таолога сиғинмоғимиздир.

Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ бир куни биродарлари билан йўлда бораётган эди. Қаршисидан хизматчилари ва ёрдамчилари қуршовида келаётган сарватли амалдорлардан бири чиқиб қолди. У кўкракдор отнинг устида ястаниб ўтириб келаётган эди. Ҳасан Басрий йўлнинг ўртасига чиқди ва: 

– Эй амир ўғли, мен бир жумла сотаман, оласанми? – деди.

– Неча дирҳамга сотасан? – деди амалдор.

– Бир дирҳам кумушга сотиладигани бор, икки дирҳам кумушга сотиладигани бор.

– Менга олдин бир дирҳам кумушга сотадиганингни айт–чи.

 – Эй амир ўғли, сенинг уйинг борми?.

– Бор.

– У уйни ўзинг қурдингми, сенга мерос қолдими?

– Ўзим қурдим.

– Қанча вақт ичида қурдинг?

– Шунча вақт ичида қилдим.

– Нега уни қисқароқ вақтда қилмадинг?

– Иморатнинг пойдеворига бировнинг эшагида тош ташиган эдим. Ўша эшакка раҳмим келиб оз-оздан ташиганим боис қурилишим бир оз чўзилди

– Эй амир ўғли, бировнинг эшагига ачинасан. Аммо гуноҳларинг, масъиятларинг остида қолган нафсингга ачинмайсан. Гуноҳу масъиятни кундан кун йиғиб унинг устига қалаштириб боряпсан.

Ҳасан Басрийнинг бу сўзи амалдорга таъсир қилди.

Дарҳол отидан тушиб, Ҳасан Басрийнинг қўлини ўпти ва:

– Эй Шайх, икки дирҳам кумушга сотмоқчи бўлган жумлангни ҳам сўзла, – деди.

Ҳасан Басрий қаёққа кетяпсан? – деб сўради.

– Ободонлаштиришга оид бир масала бўйича подшоҳ саройига боряпман, – деди амалдор.

Ҳасан Басрий унга:

– Аҳволингга бир қара, саройдагилар яхши қабул қилсин деган илинжда қимматбаҳо кийимлар кийгансан, муаттар атирлар сепгансан. Ҳолбуки, улар ҳам сенга ўхшаган одам. Эртага пайғамбарларнинг, солиҳ зотларнинг ёнига борганингда бунчалик кўп гуноҳ ила, исён кири ила уларнинг ёнида туришга уялмайсанми? – деди.

Бу сўзлар амир ўғлига янада кучли таъсир қилди. Дарҳол отини қулига ҳадя қилди. Сўнгра Ҳасан Басрийнинг қўлини тутиб унга байъат қилди. Умри сўнгига қадар тоат ва ибодатга машғул бўлди.

Ана ўша зотлар тавба қилганидан сўнг гуноҳларга асло қайтмаган. Аллоҳнинг марҳаматига сиғиниб барча гуноҳ ишлардан юз буриб кетган.

Шунингдек, Иброҳим Адҳам ҳазратлари биргина ишига тавба қилиб салтанатдан, аркону давлатдан воз кечиб кетгани; Сўфи Аллоҳёр ҳазратлари бир келинчакнинг ўзидан қўрқиб бола ташлаб қўйганидан воқиф бўлгач, тавба қилиб амалдорликдан ўша ернинг  ўзидаёқ воз кечиб устоз излаб кетганини биламиз. Бу мўътабар зотлар бир марта тавба қилганидан сўнг асло гуноҳ ишларга қайтмагани боис буюк даражалар ҳосил қилган. Хусусан, Сўфи Аллоҳёр  пухта билим ўрганиб, ўзбек, араб ва форс тилида мукаммал асарлар ёзганки, унинг асарларидан мусулмон мамлакатлари мадрасаларида ҳамон дарс бериб келинмоқда.

Бугун Аллоҳ таолодан нимани сўрасак берадиган кун – Қадр кечаси. Шу тунда гуноҳларимизга чин дилдан тавба қилсак, истиғфор айтсак ва ўша гуноҳларга кейин қайтмасак, марҳамати кенг Парвардигоримиз гуноҳларимизни мағфират қилиб, юртимизни тинч, турмушимизни фаровон этиб, ризқимизга, умримизга, имонимизга барака бериб қўяди, иншааллоҳ!

Дамин ЖУМАҚУЛ

103896 марта ўқилди

Видеолавҳалар

Top