muslim.uz

muslim.uz

2017 йилда оилавий келишмовчиликлар сабабли яқин қариндошлар бир-бирига нисбатан содир этган қотилликлар сони 200 га яқин бўлди. Бу ҳақда Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ЎзА мухбири билан суҳбатида маълум қилди.

Ушбу жиноятларнинг 62 таси эр хотинига, 10 таси хотин эрига, 119 таси эса яқин қариндошлар томонидан бир-бирларига нисбатан содир этилган. Бундай нохушликлар асосан Самарқанд вилояти (27), Тошкент шаҳри (24), Тошкент (22) ва Фарғона (21) вилоятларида кўпроқ учради.

Ҳар қандай жиноят содир бўлиши ташвишланарли, бироқ бу жараёнда хотин-қизлар, вояга етмаганлар учраётгани янада аянчли ҳолат.

Масалан, рўйхатга олинган жиноятларнинг 9,5 мингдан ортиғи хотин-қизлар томонидан содир этилган. Фарғонада 1625, Тошкент шаҳрида 1592, Тошкент вилоятида 1402, Самарқандда 1066, Андижонда 972 ва Наманганда 751 нафар аёл жиноятга қўл урган.

Жойларда уюшмаган, тарбияси оғир, иш ва ўқишга жойлашмаган ёшлар 26579 та жиноят содир қилган. Мактаб ўқувчилари, академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежи ўқувчилари томонидан 1,5 мингдан зиёд жиноят содир этилган.

Вояга етмаганлар томонидан 1430 та жиноят, шундан, 778 та ўғрилик, 79 та безорилик, 77 та талончилик, 45 та баданга оғир тан жароҳати етказиш, 42 та босқинчилик ва 29 та фирибгарлик ҳолати қайд этилган.

ЎзА хабари

Бу – жамиятимизни ниҳоятда ташвишга соладиган ҳолат. Мўмин-мусулмонлар ҳар доим тинчлик ва хотиржамликда яшашни бир-бирига хайрихоҳ ва дуогўй бўлиб ҳаёт кечиришни дастуруламал билганлар. Айниқса, қариндош-уруғлар ўртасида силаи раҳмга эътибор қаратилган бўлса, эр-хотинлик масаласида уларнинг ўртасида муҳаббат бўлишига, агар муҳаббати у даражада бўлмаса, эр-хотин фарзандларининг камолини ўйлаб, элнинг олдида уларнинг боши эгилиб қолмасин, деган андешада шариатимиз кўрсатмаларига мувофиқ бир-бирининг ҳақларини адо этиб яшаб юраверган. Лекин бири иккинчисига пичоқ ўқталиш даражасига бориши шу вақтга қадар тасаввурга ҳам сиғмайдиган ҳолат эди. Зотан, Қуръони каримда: “Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларини қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган) одам эса барча одамларни тирилтирган кабидир”, дейилган (Моида, 32-оят).

Яна бир ояти каримада Аллоҳ таоло айтади:  “Аллоҳ тақиқлаган жонни ноҳақ қатл қилмангиз! Ақл юритишингиз учун (Аллоҳнинг) ҳукм қилгани шу(лар)дир” (Анъом сураси, 151-оят).

Аллоҳ таоло ояти карималарида одам ўлдиришнинг ниҳоятда оғир гуноҳ эканини уқтириши баробарида, Пайғамбар алайҳиссалом ҳам кўплаб ҳадиси шарифларида қотилликнинг мудҳиш жиноят эканини билдириб, бу ишга қўл урган киши бениҳоя шиддатли азобга учрашини таъкидлаб айтганлар. Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

“Аллоҳ таоло барча гуноҳларни кечириши мумкин, бироқ Аллоҳга ширк келтирган ҳолда ўлган кишини ва бир мўминни қасдан ўлдирган мўминнинг гуноҳини кечирмайди”  (Абу Довуд ва Насоий ривоят қилганлар).

Ушбу огоҳлантириш мана бу ҳадис билан янада қувватланган:  “Агар осмон ва ер аҳлларининг барчалари бир мўминнинг қонини (тўкиш)да иштирок этсалар, батаҳқиқ Аллоҳ таоло уларнинг барчаларини дўзах оловига юзлари билан улоқтиради” (Имом Термизий ривояти).

Оилавий қотилликлар Тошкент шаҳри, Тошкент, Самарқанд ва Фарғона вилоятларда кўп учраганининг сабабларидан бири, бу шаҳарларда аҳоли гавжумлиги ва турли миллат вакилларининг аралаш яшашидир. Чунки бундай ҳудудларда  кўпчилик бир-бирини танимайди ва айниқса, кўп қаватли уйларда яшовчилар ўртасидаги қўшничилик алоқалари унчалик яқин бўлмайди.

Мана, бугун самарқандлик бир эркак хотинини ўлдириб қўйгани ҳақида хабар тарқалди. Нега? Чунки  одамларнинг асаби чатоқ. Миллаий тарбиямизга ёт, ишқий саргузаштларга бой, персонажлари бағоят тажанг ва ахлоқсиз сериалларни мунтазам томоша қилиш ҳам инсоннинг асабига таъсир қилади ва у ҳам сериал қаҳрамонларига ўхшаб қотилликка, беҳаёликка мойил бўлиб қолади. Сериал мухлисларидан “Бунинг нимасини кўряпсиз?” деб сўрасангиз, “Шунчаки...”  деб жавоб беради. Аммо шуни ҳам унутмаслик керакки, уларнинг аҳволи балчиққа тушиб топ-тоза чиқаман деб ўйлаган нодон кишиники кабидир.

Ака-уканинг, эр-хотинининг ёки хотин эрининг ёхуд қўшни қўшнисининг жонига қасд қилишни ўйлашининг ўзи гуноҳи кабира ҳамда ўта жоҳилликдир. Ўзи одамлар шундоқ ҳам бу дунёда битта сабаб билан яшаб юради. Ўшагина сабабдан ҳам уни мосуво қилишга уриниш Раббимизнинг истагига қарши бориш бўлади. Парвардигорга қарши борганга эса ёрдам берувчи бўлмайди.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

 

 

Бирор олим йўқки, устозсиз илм эгаллаган, равнақ топиб, юксалган бўлса. Толиби илм олимларни ҳурматлаши билан илмдан манфаат топади. Донишмандларимиз: “Ким нимага эришган, фазилат ва даража топган бўлса фақат ҳурмат, одоб сақлаш билан эришибди”, деб айтганлар. Чиндан ҳам, фаришталарга дарс ўтган Иблис беодоблик, ҳурматсизлик сабабли ғурурга кетиб, Аллоҳ таолонинг раҳматидан қувилди.

Барча буюк зотлар устозларини ҳамда аҳли илмларни иззат-эҳтиром  қилиш  билан улуғ мартабаларга эришган. Аксинча, кимки уларга нисбатан ёмон муносабатда бўлса, ҳурмат қилмаса олган илмлари дунё-охирати учун зарар бўлган.

Имом Зарнужий устозларни ҳурматлаш, уларга нисбатан одоб ахлоқли бўлиш илмнинг ҳурмати саналади, дейди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен илм шаҳри бўлсам, Али унинг дарвозаси”, деган Али розияллоҳу анҳу эса: “Менга бир дона ҳарф ўргатган кишининг қулиман. Хоҳласа сотсин, хоҳласа қулликдан озод қилсин, хоҳласа қул қилиб ишлатсин”, деган.

Саъдий Шеърозий: “Ўғлининг олим бўлишини истаган ота илм йўлида юрганларни ҳурмат қилсин, уларга иззат-икром кўрсатиб, хайр-эҳсон қилсин. Агар ўғли олим бўлмаса, албатта, невараси олим бўлади”, деганлар.  

Абдуллоҳ   ибн   Муборак  ҳамиша усозларининг  хизматини  қилар ва: “Устозлар  хизматини  сидқидилдан адо этишнинг ўзи ярим илмдир”, дер экан.

Бир куни ибн Муборакдан “Одамлар ичида ҳурматга энг сазоворлари кимлар?” деб сўрашганда, “Олиму уламолар”, деб жавоб берди. Чунки улар ўз илмлари билан ҳақ йўлни кўрсатадилар. Билимли бўлиш инсонни бошқа махлуқотлардан ажратиб турадиган алоҳида хусусиятдир.

Устозларининг хизматларини адо этган шогирдлардан юртимиз довруғини дунёга танитган улуғ олимлар, атоқли имомлар етишиб  чиқди. Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Ҳафс Насафий, Абу Али  ибн Сино, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Бурҳониддин Марғиноний, Абу Мансур Мотуридий раҳимаҳумуллоҳ каби буюк олимлар ва мутафаккирларнинг яратган бой илмий мероси жаҳон маданияти ва тамаддунига бебаҳо хазина бўлиб қўшилди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Аллоҳ ҳақ субҳанаҳу ва таоло ерни яратиб унга ўзининг махлуқотлари ичидан энг мукаммали бўлган инсонни халифа (ўринбосар) қилиб яратди. Сўнг инсонларни ўзаро бир-бирлари билан бўладиган муносабатларини гўзал хулқ ва юксак одоб даражасида амалга ошиши учун ўзининг Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳис саломни  ўша қавмга мос таьлимотлар ила юборди. Пайғамбарлар ўзлари юборилган қавм ичидаги баьзи бир салбий иллатларни тузатиш ҳамда уларда бўлган гўзал хулқ ва одобларни янада мукаммалроқ кўринишда етказишга бор кўч-ғайратларини сарфладилар. Улардан илм-маьрифат ва одоб-ахлоқларни таьлим олган кишилар бу юксак меросни ўзларининг авлодларига етказдилар. Шу тарзда бу буюк мерос авлоддан-авлодга ўтиб янада такомиллашиб келди.

Набийларнинг сўнгги бўлмиш суюкли пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шариат ва гўзал-ахлоқларни тамомига етказиш ҳамда янада такомиллаштириш учун юборилдилар. Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам ўзлари билан яшаётган ҳамда ўзларидан кейинги умматларига катта амалларни баён қилиб бериш билан чекланиб қолмасдан балки энг нозик ишлардаги одобларни ҳам таьлимини бердилар. Саҳобаи киромлар илм маьрифат булоғи бўлмиш Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча гўзал ахлоқларига эргашиб у зотдан катта бир ҳаёт мактабини ўргандилар. Кейинчалик бу илм-маьрифат бўлоғининг шифобаҳш сувларидан баҳраманд бўлган саҳобаи киромлар ўзларидан кейин келган тобеъинларни ушбу булоқдан баҳраманд қилдилар. Тобеинлар ҳам бу улкан масьулятли ишни ўзларидан кейинги кишиларга етказдилар. Шу зайлда бу улкан ва масулятли мерос авлоддан авлодга ўтиб келди.

Шундай улкан меросларимиздан бири устоз ва шогирд ўртасидаги муносабат бўлиб, бунда шогирд устозига нисбатан қандай одоб-ахлоқларни риоя қилиши лозим экани ҳақида тўхталиб ўтилади.

Устоз-шогирдлик тушунчаси юксак миллий қадриятларимиздан ҳисобланиб, бу борада ҳам асрлар давомида шаклланган тартиб-қоидаларга амал қилиб келинади. Халқимизда яхши бир ибора бор, ота-оналар устозга фарзандларини шогирд қилиб топширган вақтларида “Эти сизники, суяги бизники”, дея айтадилар. Агар ушбу сўзга зоҳиран эьтибор берсак, жуда ҳам салбий маьнони англатаётгандек гўё. Аслида эса бундай эмас, ушбу иборани туб негизига эътибор қаратсак, унда жуда ҳам катта бир масьулятли меҳнат борлигини кўришимиз мумкин. Бу билан ота-она фарзандини ҳаёти давомида илм-маьрифатли,одоб-ахлоқли бўлиб вояга етиши учун устозга ўғлининг келажак тақдирини бус-бутун ишониб топшираётганини билдиради. Ўз навбатида устоз ҳам шогирди тақдирига ўзини масъул билиб, бор илму салоҳияти ва иқтидору ҳунарини унга ўргатишга ҳамда меҳрини беришга интилган.

Ҳусайн Воиз Кошифийнинг “Футувватномаи султоний” китобида устоз қандай бўлиши, шогирдлик шартлари нималардан иборат экани ҳақида батафсил маълумот берилади:

“Агар комил устоз ким деб сўрасалар, у пок мазҳабли (ҳар-хил нотўғри оқимларга аралашмаган тўғри этиқоддаги киши), ўз айбини кўрадиган, доно ва тамйизли(оқни қорадан, тўғрини нотўғридан ажрата оладиган) кишидир, деб айтгил. Унда ҳасад, гина ва бахилликдан асар ҳам бўлмаслиги керак.

Агар шогирдлик биноси ниманинг устига қурилади, деб сўрасалар, иродат устига, деб айтгин. Иродат нима деб сўрасалар, устоз нимаики айтса, уни жон қулоғи билан эшитиш, чин кўнгил билан қабул қилиш ва вужуд аъзолари орқали амалда адо этишдир. Агар шогирд учун нима яхши деб айтсалар, пок эътиқод, деб айт, чунки фақат эътиқод кишини муродга етказади...”

Агар шогирд нима орқали мутлуби-мақсадига етади, деб сўрасалар, хизмати орқали деб айтгин. Агар хизматининг биноси нимага қурилган, деб сўрасалар, роҳатни тарк этиш ва заҳматни чекиш асосига, деб айтгин.

Агар шогирдликнинг рукнлари нечта, деб сўрасалар, туртда деб айт:

Биринчиси – мард бўлиб ишга киришиш.

Иккинчиси – сидқидилдан хизмат қилиш.

Учинчиси – кўнгилни ва тилни бир-бирига мувофиқ тутиш.

Тўртинчи – насиҳатга қулоқ солиш ва устоздан эшитганини ёдда тутиб, унга амал қилиш.

Кейин шогирд бўлаётган толиби илм устози олдида ўзини қандай тутиши ва қайси одобларга амал қилиши кераклиги ҳақида гап кетади. Агар шогирдликнинг одоби нечта, деб сўрасалар, саккизта деб айт:

Биринчиси – устози олдига кирганда ёки кўрганида биринчи бўлиб салом беришлиги.

Иккинчиси – устознинг олдида оз гапириш.

Учинчиси – бошни олдинга эгиб туриш.

Тўртинчиси – кўзни хар томонга югуртирмаслик.

Бешинчиси – агар масала сўрамоқчи бўлса, олдин устоздан ижозат олиш.

Олтинчиси – устоз жавоб айтганда, эьтироз билдирмаслик.

Еттинчиси – устоз олдида бошқаларни ғийбат қилмаслик.

Саккизинчиси – ўтириб туришда ҳурматни тўлиқ сақлаш.

Мазкур одобларга биздан олдин яшаб ўтган аждодларимиз оғишмай (бекаму кўст) амал қилиб келганлар. Шу сабабли ҳам улар устозларининг дуолари билан етук олим, мутафаккир ҳамда барча инсонлар ўрнак оладиган даражадаги ҳаёт мактаби бўлишган.

Шу ўринда журналлардан бирида ёзилган бир мақолада буюк аждодимиз Алишер Навоий ҳазратлари билан боғлиқ бир ибратли воқеъа келтирилган эди. Унда “Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий ҳазратлари ўртасидаги устоз-шогирдлик муносабатлари, улуғ бобокалониимз Алишер Навоий ҳазратларини ўз устозларига кўрсатган хурматлари жуда ҳам юксак эьтиборга сазовор экани, Алишер Навоий ҳаётида ҳам, ижодида ҳам Абдураҳмон Жомийга ихлосманд шогирд бўлганлари баён қилинган. Шунингдек, “Хамса”чиликда ҳам устозлари Абдураҳмон Жомийнинг анъаналарини давом эттирадилар. Устозининг “Нафаҳотул унс” асарини янада бойитиб, “Насойимул муҳаббат” номли янги асар яратадилар. Достонларида ҳам, кўплаб бошқа асарларида ҳам устози номини тилга олиб, унга бўлган иззат-ҳурматини камоли эҳтиром билан изҳор этадилар.

Бобокалонимиз Алишер Навоий ҳазратлари шундай деб айтганлар:

Агар шогирд шайхулислом, агар қозидур,

Агар устоз рози – Тангри розидур.

Барча толиби илмлар! Мазкур панду насиҳат ва одобларга амал қилишлари лозим. Чунки устоз ва толиби илмлар аждодларимизнинг узоқ йиллик илм-маьрифатлари ва юксак тажрибалари асосида шаклланган бой мерослари билан тўла зийнатлансагина улар каби дунёга барча соҳаларда устоз бўлиши мумкин. Аллоҳ таоло устозларимизга улкан ғайрат толиби илмларга эса гўзал хулқ ато этиб барчаларини ўз паноҳида асраб уларни бу дунёда ҳам охиратда ҳам битмас-туганмас ажр мукофатлар билан мукофатласин. Омийн!.

Саидмуҳаммад Муҳибуллаев,

Хожа Бухорий номли ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси

ЎМИ  Матбуот хизмати

 

Япониядаги “NHK” телерадиокомпаниясининг янгиликлар дастурларида ҳамда Кунчиқар мамлакат қатор электрон нашрларида Ўзбекистонда хорижлик сайёҳлар учун виза бериш тартиби соддалаштирилгани мавзусига тез-тез мурожаат қилинмоқда.

Хабар берилаётганидек, мамлакатимиз раҳбарияти, жумладан, хорижлик меҳмонлар учун виза бериш тартиботини соддалаштириш воситасида сайёҳликни янада юқори даражага кўтариш ниятидадир. 2018 йил 10 февралдан эътиборан республика ҳукумати 39 мамлакат фуқаролари учун саёҳлик визаси олиниши тартибини енгиллаштирди. Бундан ташқари, 7 мамлакат аҳолиси – Япония, Исроил, Индонезия, Малайзия, Сингапур, Туркия ва Жанубий Корея фуқаролари визасиз 30 кун Ўзбекистонда бўлишлари мумкин.

“Жаҳон” ахборот агентлиги берган хабарда, япон оммавий ахборот воситалари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2016 йил охирида ўз вазифаси ижросига киришганидан буён изчиллик билан мамлакатнинг дунёга очиқлигини таъминлашга йўналтирилган фаол сиёсат олиб бораётгани таъкидлагани айтиб ўтилган. Бундай чора-тадбирлар миллий иқтисодиёт ривожланишида сайёҳлик жабҳасининг ҳиссасини салмоқли даражада оширишга қаратилгани билан эътиборга моликдир.

“Инсоний капиталга - 32 миллиондан зиёд аҳолига эга бўлган Ўзбекистон Марказий Осиёдаги энг муҳим ва йирик мамлакат ҳисобланади. Унинг Самарқанд, Бухоро ва бошқа шаҳарлари ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатидан жой олган. Амалий ислоҳотлар натижасида 2017 йили Ўзбекистонга келган япон сайёҳларининг сони биринчи маротаба 9,5 минг кишини ташкил этди”.

Хабар-мақолаларда Ўзбекистоннинг Япониядаги элчиси Ғайрат Фозиловнинг интервьюси тафсилотларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Ўзбек дипломати визасиз режим йўлга қўйилгани муносабати билан янада кўплаб японлар ўзбек халқининг бой тарихи ва маданияти билан яқиндан танишишларига умид билдиргани маълум қилинган. Шу билан бирга, Ўзбекистон элчиси бундай саъй-ҳаракатлар Тошкент ва Токио ўртасидаги стратегик шериклик ва иқтисодий ҳамкорлик муносабатлари мустаҳкамланишига қўшимча омил бўлиб хизмат қилишини таъкидлаган.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Видеолавҳалар

Top