muslim.uz

muslim.uz

Суббота, 02 Декабрь 2017 00:00

Muslim.uz лойиҳаси: “Жумадан жумагача”

Ассалом алайкум Ҳурматли ўқувчи! Жума айёмингиз муборак бўлсин! 

Muslim.uz портали ўз фойдаланувчиларига ишончли ва фойдали хабарларни тақдим этишда давом этмоқда. 

“Жумадан жумагача” деб номланган лойиҳамизда порталимизда бир ҳафта давомида эълон қилинган мақола ва хабарларнинг дайжести берилади. 

Энг муҳим хабарлардан бири сифатида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Ҳаж ҳақида фатвоси эълон қилинди. 

Ҳафта давомида 7 та Онлайн дарс тўғридан тўғри намойиш этилди. 

Онлайн дарс: Суратул Аъло

Онлайн дарс: Умар, Усмон ва Али розияллоҳу анҳумларнинг фазиллари.

Онлайн дарс: Жаноза масалалари

Онлайн дарс, шоз ва маҳфуз хабарлар.

Тажвид: Мад муттасил ва Мад мунфасил

Араб тили (19-онлайн дарс): Меҳмонхонада.

Сийрат (17-онлайн дарс): Саҳобалар зулм исканжасида 

Жума, 24 ноябрь 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари “Ҳазрати Имом” жоме масжидида бўлиб ўтган мавлид маросимида иштирок этди

24 ноябрь куни Мисрнинг Синай яриморолида жойлашган масжидда жума намози ўқилаётган пайтда портлаш юз берди.

Теракт натижасида қурбонлар сони 305 нафарга етгани маълум бўлди

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юртида “Абу Муин Насафий ойи”га бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. 

Шанба, 25 ноябрь 

Юртимизга ташриф буюраётган зиёратчиларга қулайлик яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг “Туристик хизматларни сертификатлаштириш маркази” давлат унитар корхонаси томонидан янги давлат стандарти ишлаб чиқилди.

Татаристон Республикаси уламоларидан иборат делегацияси Самарқанд вилоятига ташриф буюрди. Мартабали меҳмонларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим Иномов ҳамроҳлик қилди. 

Якшанба, 26 ноябрь 

Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Халқаро  Ислом ташкилоти (ISESCO) шу йилнинг 4 декабрь куни Қоҳирада “Экстремизмнинг  араб маданий мероси келажагига салбий таъсири” мавзуида ўтказиладиган халқаро симпозиум  ишида иштирок этади.

Душанба, 27 ноябрь 

Мисрнинг Синай ярим оролида содир этилган террорчилик ҳаракати оқибатида кўплаб тинч аҳоли, хавфсизлик ходимлари қурбон бўлганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Миср Араб Республикаси Президенти Абдул-Фаттоҳ Ас-Сисига ҳамдардлик билдирди

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасида оммавий ахборот воситалари иштирокида брифинг бўлиб ўтди. Унда интернет тармоғида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан Тошкент вилоятининг Янгийўл ва Чиноз туманларида яшовчи диндор фуқароларнинг уйлари тинтув қилингани тўғрисида мақолалар чоп этилгани юзасидан тушунтириш берилди

Мисрнинг Синай ярим оролидаги масжидда теракт оқибатида ҳалок бўлганлар хотирасига мотам сифатида Париждаги Эйфел минорасининг чироқлари ўчириб қўйилди

Сешанба, 28 ноябрь 

Тошкент шаҳрида “Замонлар чорраҳаси: ўтмишнинг буюк мероси – маърифатли келажак пойдевори” мавзуида халқаро медиа-форум бўлиб ўтди

Тошкент шаҳридаги “Шайх Зайниддин” жоме масжидида уламолар, имом-хатиблар, маҳалла фаоллари, нуронийлар, Тошкент шаҳар ҳокимияти вакиллари ҳамда аввал турли руйхатларда бўлган фуқаролар билан очиқ, дилдан суҳбат бўлиб ўтди. Мулоқотда бугунги кунда давлатимиз томонидан олиб борилаётган дин соҳасидаги улкан ўзгаришлар, Яратган Парвардигорнинг бундай неъматларига шукрона қилиш, тўғри йўлга қайтган кишиларнинг ҳаётини яхшилаш ва муаммоларини бартараф этиш ҳақида сўз борди.

 1978 йилда нашр қилинган “Тарихдаги энг таъсирли 100 нафар шахс” китоби жуда катта шов-шувга сабаб бўлган эди. Инсоният бошлангандан токи бугунга қадар 100 та энг таъсирли шахсларнинг рўйхатини тузиб чиққан Майкл Харт Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллалоҳу алайҳи васалламни 1-ўринга жойлаштиргани кўпчилик мусулмон бўлмаган одамларда танқидий норозилик уйғотган эди

Чоршанба, 29 ноябрь 

Ҳадис мусобақасида Имом Бухорий ҳадисларини энг кўп ёд олганлар аниқланди. Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида 2-босқич талабалари ўртасида Ҳадис фанидан мусобақа ўтказилди

Саудия Арабистони ҳукумати Икки муқаддас масжидларда фото ва видео тасвирни таъқиқлаш тўғрисидаги қарорни қабул қилди. 

Пайшанба, 30 ноябрь 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим муассасаларида пуллик ўқув курслари ташкил этилиши ҳақида эълон берилди.

Қалбимизда сўнгсиз муҳаббатинг бор,

Биз сени севамиз, ё Расулуллоҳ.

Оламни золимлар этса бизга тор,

Биз сени севамиз, ё Расулуллоҳ.

 

Қасам этамизки. Макка, Минога,

Қутлуғ маконларга, Турга, Синога,

Бутун коинотга, аршга, самога,

Биз сени севамиз, ё Расулуллоҳ.

 
Шоҳиддир қалбларга буюк Яратган,

Иқрор бердик Ҳаққа Қолу балодан,

Нурингки, юксалди Аршга Ҳиродан,

Биз Сени севамиз, ё Расулуллоҳ.


Биз сени севамиз жону кўнгилдан,

Ифорингни олмиш очилган гулдан,

Валлоҳи, гўзалсан, сусан, сунбулдан,

Биз сени севамиз, ё Расулуллоҳ.


Сенсан Яратганнинг энг азиз қули,

Сенсан аршнинг, сенсан беҳиштнинг йўли,

Илоҳий илмга тўласан, тўла,

Биз сени севамиз, ё Расулуллоҳ.


Нурингдан яратди Раббим жаҳонни,

Ёрдамга юборди сенга Фурқонни,

Нозил этди бизга азиз Қуръонни,

Биз сени севамиз, ё Расулуллоҳ.


Сенсиз намоз, сенсиз ниёз ботилдир,

Сенсиз беҳишт, сенсиз жаннат бекордир,

Йўлингда учраган тиконлар гулдир,

Биз сени севамиз, ё Расулуллоҳ.


Исо қурбон бўлсин, гўзал отингга,

Муҳаммад мустафо, у пок зотингга,

Ета олмасак ҳам сенинг пойингга,

Биз сени севамиз, ё Расулуллоҳ.

 

Исо Сабоҳат Мандавий

Таржимон: Робия ЖЎРАҚУЛОВА

 

 

Суббота, 02 Декабрь 2017 00:00

Саломатлик мўмин учун омонатдир

1 декабрь куни дунё бўйича халқаро ОИТСга қарши кураш куни деб белгиланган. Маълумки, бу касаллик инсон организмидаги касалликка қарши курашувчанлик қобилияти (иммунитет)нинг йўқолиши билан боғлиқ бўлиб, ҳозирги кунда бу касалликнинг давосини топиш устида мутахассислар изланишлар олиб бормоқдалар. 

Муқаддас динимизнинг илоҳий таълимотида инсон учун зарур бўлган соғлиқнинг улуғ неъмат эканлиги, унинг қадрига етиш, зарурлиги алоҳида таъкидлаган. Бу ҳақда Пайғамбаримиз с.а.в. шундай марҳамат қилганлар: 

عن ابن عباسٍ رضي الله عنهما قال: قال النبيُّ صلَّى الله عليه وسلم: "نِعمَتَانِ مَغْبُونٌ فِيهِمَا كَثِيرٌ مِنَ النَّاسِ الصِّحَّةُ وَالفَرَاغُ"

   رواه الامام البخاري

яъни: Ибн Аббос р.а. ривоят қилиб айтадилар, Пайғамбар с.а.в. дедилар: “Икки неъмат бор, кўпчилик кишилар бу иккисининг қадрига етмайдилар: сиҳат-саломатлик ва хотиржамлик” (Имом Бухорий ривояти). Дарҳақиқат, сиҳат-саломатлик шунчалик улуғ неъмат бўлишига қарамасдан, унинг қадрига кўпроқ уни йўқотган кишилар етади. Шунинг учун араб мақолларининг бирида айтилади:

 الصِّحَّةُ تَاجٌ عَلَى رُؤُوسِ الأَصِحَّاءِ لاَ يَرَاهُ إِلاَّ المرْضَى

яъни: “Саломатлик соғлом кишиларнинг бошидаги тождир, уни эса фақат беморларгина кўради”. Яна бошқа бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ с.а.в. марҳамат қилганлар: 

عن عبد الله بن عثمان رضي الله عنه  قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: "سَلُوا اللَّهَ الْعَافِيَةَ، فَإِنَّهُ لَمْ يُعْطَ عَبْدٌ شَيْئًا أَفْضَلَ مِنَ الْعَافِيَةِ"

رواه الامام أحمد

яъни: Абдуллоҳ бин Усмон р.а. ривоят қилиб айтадилар, Расулуллоҳ с.а.в. дедилар: “Аллоҳдан офиятни сўранглар, зеро, бандага офиятдан афзал нарса берилмаган” (Имом Аҳмад ривояти). Офият, бу саломатлик ва омонлик демакдир. Шунга биноан, ота-боболаримиз қачон ва қаерда бўлмасинлар Аллоҳ таолодан биринчи навбатда тинчлик ва саломатликни сўрайдилар. 

Саломатлик Аллоҳ таолонинг улуғ неъмати экан, биз бандалар унинг шукронасини адо этмоғимиз, айни пайтда уни асрашни зиммамиздаги омонат деб билмоғимиз лозим бўлади. Зеро, қиёмат куни Аллоҳ таоло бизларга берган барча неъматларидан ҳисоб китоб қилар экан, саломатлигимиз ҳақида ҳам алоҳида сўрашлиги муқаррар. Бу ҳақда Пайғамбаримиз с.а.в.дан қуйидаги ҳадис ворид бўлган: 

عن أبي هريرة رضي الله عنه قَالَ، قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: "إِنَّ أَوَّلَ مَا يُسْأَلُ عَنْهُ يَوْمَ القِيَامَةِ - يَعْنِي العَبْدَ مِنَ النَّعِيمِ - أَنْ يُقَالَ لَهُ: "أَلَمْ نُصِحَّ لَكَ جِسْمَكَ وَنُرْوِيَكَ مِنَ المَاءِ البَارِدِ"

رواه الامام الترمذي

яъни: Абу Ҳурайра р.а. ривоят қилиб айтадилар, Расулуллоҳ с.а.в. дедилар: “Албатта, қиёмат куни бандадан биринчи бўлиб сўраладиган савол шуки: “Сенга танангни соғлом қилиб бермаганмидик, сени муздек сув билан қондирмаганмидик” (Имом Термизий ривояти). 

Инсон сиҳат-саломатлиги ва ақлига зарар келтирадиган гиёҳвандлик, ичкиликбозлик каби иллатлардан сақланмоқлиги лозим. Ҳозирда гиёҳвандлик инсонга ҳар томонлама зарар беришини Ғарб ва Шарқ табиб-докторлари бир овоздан тасдиқлаганлар. 

Инсон ҳаёти, айниқса, ёшларимиз келажагига раҳна солиши мумкин бўлган, гиёҳвандлик, ичкиликбозликга қарши курашиш Ватанимизнинг ҳар бир онгли фуқароси, қолаверса ҳар биримизнинг муҳим вазифаларимиздан ҳисобланади. Зеро, жамият ҳаётида мавжуд зарарли иллатларни йўқ қилиш ва унинг олдини олиш ҳар бир мўмин-мусулмоннинг шарафли бурчидир. 

Албатта, динимизда кишига касаллик етганида уни даволашга изн берилган. Ҳанафий мазҳабимиз уламолари касалликдан даволанишни умумий маънода мубоҳ дейдилар. Аммо, касаллик оғир бўлиб, уни даволашнинг иложи, яъни дориси бор бўлса, у ҳолда даволанишни вожиб, деганлар. Бунга қуйидаги ҳадиси ширифни далил қиладилар: 

عَنْ أُسَامَةَ بْنِ شَرِيك رضي الله تعالى عنه قَالَ: أَتَيْتُ النَّبِىَّ صلى الله عليه وسلم وَأَصْحَابُهُ كَأَنَّمَا عَلَى رُؤوسِهِمُ الطَّيْرُ فَسَلَّمْتُ ثُمَّ قَعَدْتُ فَجَاءَ الأَعْرَابُ مِنْ هَا هُنَا وَهَا هُنَا فَقَالُوا: يَا رَسُولَ اللَّهِ أَنَتَدَاوَى فَقَالَ: "تَدَاوَوْا فَإِنَّ اللَّهَ عَزَّ وَ جَلَّ لَمْ يَضَعْ دَاءً إِلاَّ وَضَعَ لَهُ دَوَاءً غَيْرَ دَاءٍ وَاحِدٍ الْهَرَمُ"

رواه الامام الترمذي

яъни: Усома бин Шарийк р.а. ривоят қилиб айтадилар: Мен Пайғамбар с.а.в.нинг ҳузурларига бордим. Саҳобалари гўё бошларига қуш қўниб турганидек, қимир этмай ўтиришар эди. Салом бериб, сўнгра ўтирдим. Шу вақт ҳар тарафдан аъробийлар келиб: Ё Расулуллоҳ! Даволансак бўладими? – деб сўрадилар. Шунда Расулуллоҳ с.а.в.: “Даволанинглар, зеро, Аллоҳ таоло бирор дардни берган экан, унинг давосини ҳам пайдо қилиб қўйган, фақат бир дарддан бошқа. У ҳам бўлса кексаликдир” – дедилар (Имом Термизий ривояти). 

Касални даволагандан кўра унинг олдини олган яхшироқ, деган нақлга мувофиқ динимизда саломатликни асрашга катта эътибор қаратилган ва унинг олдини оладиган барча омиллар кўрсатиб берилган. Масалан, динимизнинг поклик ва озодаликка барпо қилингани, мудом моддий ва маънавий покликка буюрганининг ўзи ҳам шунга далолат қилади. Шунингдек, қайси амаллардан қайтарган ва нима нарсаларни ҳаром қилган бўлса албатта, унинг замирида ҳам инсоннинг соғлигини асраш, умуман ҳаётини ҳимоя қилиш мақсади ётади. Абдуллоҳ ибн Умар р.а.дан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисда Расулуллоҳ с.а.в. шундай дедилар: 

عَنِ النَّبيِّى صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "لَمْ تَظْهَرِ الْفَاحِشَةُ فِي قَوْمٍ قَطُّ، حَتَّى يُعْلِنُوا بِهَا، إِلَّا فَشَا فِيهِمُ الطَّاعُونُ، وَالْأَوْجَاعُ الَّتِي لَمْ تَكُنْ فِي أَسْلَافِهِمُ الَّذِينَ مَضَوْا"

رواه الإمام ابن ماجه

яъни: “Қайси қавмда фаҳш ишлар пайдо бўлиб, ҳатто уни ошкора қилишга ўтсалар, у қавмда вабо ва ўтган ота-боболарида бўлмаган касалликлар тарқалади” (Имом Ибн Можа ривояти). 

Ҳозирги кунда ОИТС деган касалликнинг асл пайдо бўлиш ва тарқалиш сабаби айнан фаҳшу мункар ишларга ружу қўйиш, ор-номус, ибо-ҳаё, иффат каби фазилатларни унутиб, разолат йўлига ўтиш эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Шундай экан, аждодларимиз ҳатто эшитмаган бундай офатдан сақланишимиз учун миллий ва диний қадриятларимизга риоя қилишимиз ҳам муҳим ўрин тутади. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган: 

وَمَنْ يُبَدِّلْ نِعْمَةَ اللَّهِ مِنْ بَعْدِ مَا جَاءَتْهُ فَإِنَّ اللَّهَ شَدِيدُ الْعِقَابِ 

سُورَةُ البقرة/211

яъни: “Ким Аллоҳнинг неъмати келгандан кейин уни ўзгартирар (ношукрлик қилар) экан, албатта, Аллоҳ жазоси қаттиқ зотдир” (Бақара сураси, 211-оят). Бошқа бир оятда эса, 

ذَلِكَ بِأَنَّ اللَّهَ لَمْ يَكُ مُغَيِّرًا نِعْمَةً أَنْعَمَهَا عَلَى قَوْمٍ حَتَّى يُغَيِّرُوا مَا بِأَنْفُسِهِمْ

سُورَةُ الْأَنْفَالِ/53

яъни: “Бу (жазоларнинг сабаби) Аллоҳнинг бир қавмга инъом этган неъматини, то улар ўзларидаги нарсани (муносабатни ёмон ҳолатга) ўзгартирмагунларича, ўзгартирувчи бўлмаганидандир” - деган (Анфол сураси, 53-оят). Шундай экан, Аллоҳ таоло ато этган улуғ неъмат бўлмиш соғлигимизни асрайлик, саломатлик вақтимизни ғанимат билиб аввало, ўзимиз қолаверса, фарзандларимиз, эл-юртимиз манфаати ва равнақи йўлида ҳалол ва савобли амаллар қилиш билан бу неъматнинг қадрига етиб, шукрини бажо келтирайлик. Зеро, шукронаси адо этилган неъмат бардавом ва безавол бўлади. 

Пайғамбаримиз с.а.в. марҳамат қиладилар: 

عن أبى هريرة  عن النَّبِيِّ صَلَّي اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "مَا أَنزَلَ اللهُ دَاءً إِلاَّ أَنزَلَ لَهُ شِفَاءً"

 رواه الإمام البخاري

яъни: Абу Ҳурайра р.а.дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ с.а.в. дедилар: “Аллоҳ қандай дардни берса, уни шифоси билан юборади” (Имом Бухорий ривояти). 

Даволанишга оид шаръий одоб ва ҳукмлар ҳақида қуйидаги маълумотлар мавжуд:

  •  Дардни ҳам шифони ҳам берувчи Аллоҳ таоло эканлигига эътиқод қилиш.
  • Ушбу дору дармонлар бир сабаб, деган эътиқодда бўлиш.
  • Касалнинг тузалишига сабаб бўлувчи табиб ва шифохоналарга бориш.
  • Киши нафсига хатарли бўлган касалликлардан даволаниш вожиб эканлигини билиш.
  • Касалликка таслим бўлмасдан, уни даволашга киришиш – бу Аллоҳ таолога таваккал қилишнинг зидди эмаслигини билиш.
  • Мусулмон киши ҳар бир ҳалол таомини тановул қилишда шифо тилаб “Бисмиллаҳ” ни айтиши.
  • Агар дардни даволаш учун ҳалол нарсалардан шифо топилмаса ва ҳаром нарса даво бўлиши аниқ бўлса, у билан даволанишга истисно тариқасида рухсат борлигини билиш.
  • Эркаклар учун ҳаром қилинган ипак, тилло ва кумушларни даво учун ишлатиш жоиз эканлигини билиш.
  • Эркаклар қичима дардига йўлиққанларида тиббий мақсадларда ипак кийим кийсалар жоизлигига барча фуқаҳолар иттифоқ қилганлар.
  • Фуқаҳолар эркак киши тилло ёки кумушдан тиш қўйдириши жоизлигига иттифоқ қилганлар. Агар бир нечта бўлса ҳам майли, деганлар. Шунингдек, тишга тилло ёки кумуш қоплаш ҳам мумкин деганлар.

Ҳар бир жамият ўзларига етарли даражада табобат илмини ўрганувчи шифокорларни етиштириши шарт. Акс ҳолда, у жамиятдаги кишиларнинг барчаси гуноҳкор бўлади.

Суббота, 02 Декабрь 2017 00:00

Расулуллоҳга (с.а.в) мактуб

 (Танловга эмас)

Ассалому алайкум, ё меҳрибонимиз, мушфиғимиз!

Биз ожиз бандаларини бир юз йигирма тўрт минг пайғамбари ичидан айнан Сизга уммат бўлиш шарафига муяссар айлаган Аллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз, Сизнинг ўзингизга дуруду салавотларимиз, аҳли байтингизга, асҳобларингизга дуо саломларимиз бўлсин!

Жоним Сизга фидо бўлсин, ё Расулуллоҳ! Сиз таваллуд топган фазилатли ойда барча умматларингиз, муборак суратингиз, сийратингиз, ахлоқингиз ва жамики хислатларингизни таърифлаб, бир-бирига таълим бериб, мавлудлар ўқиб, шоирлар ашъорлар битиб турган фараҳли паллада мен ўз муаммоим ҳақида ёзишга журъат қилдим. Бу густоҳлигим учун минг бор узр сўрайман. Аммо ёзмасам бўлмас эди.

Ҳосили калом, кеча синфдош дўстимнинг қиблагоҳи вафот этди. Ишга бораётганимда қўнғироқ қилди. Элликка кирган одам худди кичкина боладек ҳўнграб йиғлайди. Менинг ҳам ўпкам тўлиб кетди. Аммо ёнимда ўтирган ўғлимдан уялиб кўз ёшимни яширдим. Дўстларни хабардор қилиб қўйишни тайинлади. Ҳаммага айтдим. Кечқурун йўлга чиқмоқчи бўлдик.

Аммо кечга бориб ҳаммасининг иши кўпайиб қолди. Уларнинг мужмалликлари, тезда бир қарорга кела олмагани оқибатида алламаҳал бўлиб кетди. Икки киши қолдик. Эрталаб йўлга чиқадиган бўлдик. Хуфтонда, бомдодда марҳумнинг руҳи шод бўлсин деб дуолар қилдим.

Эрталаб йўлга ҳозирланиб турганимда кийиниб, мактабга чиқаётган қизимнинг этигининг боғи узилди (замоги бузилди), ўзи эскироқ эди. Аксига олиб мактабида қандайдир тадбири бор экан...

Шунда “Барибир жанозага етиб бора олмаймиз, Тошкентга қайтганида кўнгил сўрагани уйига бора қоламиз, боришга-қайтишга таксига берадиган пулни унга ёрдам қилиб бера қолармиз, бугун эса қизимга этик олиб бера қолай”, деб ўйладим.

Бу таклифим шеригимга ҳам маъқул бўлди. Қишлоқдаги ҳожи дўстимизга қўнғироқ қилиб, бизнинг узримизни айтиб, ҳамдардлигимизни етказиб қўйишни илтимос қилдик.

Ўзимнинг онам ўтганида ҳам, отам ўтганида ҳам Тошкентдаги дўстларга хабар қилиб, “Жонларингни хатарга қўйманглар, узоқ йўл”, деб уларни огоҳлантирган эдим ва уларни кутмаган эдим. Аммо уларнинг баъзилари барибир борган эди.

Энди, ҳаво бир оз ёришса, қизимга этик олиш учун бозорга бораман, шунгача ишларимни қилиб олай, деб компьютер қаршисида ўтирибман. Аммо хотиржам эмасман, юрагимни биров ғижимлаб турганга ўхшаяпти. Ахир вафот этган киши бошланғич синфда дарс берган устозимиз, синфдош дўстимнинг отаси.

Бир оздан сўнг жаноза ўқилади. Мен хато қилдимми, ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам!..

Дамин ЖУМАҚУЛ

2017 йил 30 ноябрь куни Самарқанд шаҳрида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси ва Самарқанд вилояти ҳокимлиги томонидан туркиялик ва маҳаллий журналистлар учун матбуот анжумани ўтказилди.

Тадбирда мамлакатимиздаги ҳамда 28-30 ноябрь кунлари юртимизда меҳмон бўлган Туркия республикасидаги оммавий ахборот воситалари вакиллари, Самарқанддаги сайёҳлик фирмалари ва меҳмонхоналар раҳбарлари, шунингдек Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилояти вакили З.Эшонқулов иштирок этди. 

Йиғинда мамлакатимизнинг туристик салоҳияти, соҳа ишини халқаро талаблар даражасида такомиллаштириш ва ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Кейинги бир йил давомида амалга оширилган изчил ислоҳотлар, қонунчиликка киритилган ўзгаришлар ва соҳа субъектлари учун яратилган қулайлик ва имкониятлар республикамизнинг халқаро миқёсда сайёҳлик салоҳиятини оширишга хизмат қилаётгани таъкидланди. 

Рақамларга мурожаат қилиниб, жорий йилнинг 10 ойи давомида юртимиздан Туркияга 180 минг нафар киши саёҳат мақсадида борган бўлса, Туркиядан Ўзбекистонга 20 минг нафар сайёҳ ташриф буюргани маълум қилинди ва туризм бўйича дунёда олтинчи ўринда турувчи Туркия давлати билан тажриба алмашиш яхши натижалар бериши таъкидланди. 

Матбуот анжуманида меҳмонлар юртимизга саёҳати таассуротларга бой бўлганини таъкидлаб, бунинг учун Ўзбекистон ва Туркия республикалари раҳбариятига миннатдорлик билдирган. Икки мамлакатнинг сайёҳлик борасида ҳали фойдаланилмаган имкониятлар жуда кўплиги ва буни тарғиб этишда оммавий ахборот воситалари фаол иш олиб бориши зарурлиги қайд этилган.   

Фикр-мулоҳазаларга бой бўлган анжуман давомида сўз олган З.Эшонқулов юртимизда зиёрат турзми имкониятлари ҳақида сўзлаб, дунёга устоз бўлган боболаримиз, уларнинг бой мероси юртимизда кундан кунга қадр топиб бораётганини таъкидлади. Хусусан, Имом Бухорий, Имом Мотрудий ва Хўжа Аҳрори Вали ҳазратлари тўғрисида тўхталиб, турк журналистларини ватанларидаги тасаввуф аҳлини ушбу зотлар қабрининг зиёратига тарғиб этишга чақирган. 

Ўз навбатида ушбу чорлов Туркия оммавий ахборот воситалари вакилларида катта қизиқиш уйғотди ва сафарлари давомида ўзлари гувоҳ бўлган Ўзбекистоннинг зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича кенг имкониятга эгалигидан ҳайратга тушганларини истисно этмаган. 

ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги

Видеолавҳалар

Top