www.muslimuz

www.muslimuz

Самарқанд шаҳар “Лоҳутий” жоме масжиди имом-хатиби Ўткир домла Умирқулов шаҳардаги “Мармар” бозорида сотувчи ва харидорларга юқумли касаллик билан бирга унинг ваҳимаси тарқалаётган вазиятни сабр ва интизом билан босиб ўтиш, мутахассисларнинг кўрсатмларига риоя қилиш, нарх-наволарни сунъий оширмаслик, ўз навбатида ҳаридорлар ҳам ўз эҳтиёжларига яраша маҳсулот ҳарид қилиш ҳақида тушунча бердилар.

Маълумот учун, Юртимизда коронавирус пайдо бўлгандан сўнг айрим бозор ва озиқ-овқат дўконларида тирбандлик кузатила бошланди. Баъзи жойларда тадбиркорлар аҳоли ваҳимаси ва талабидан фойдаланиб, озиқ-овқат ва бирламчи истеъмол маҳсулотлари нархини ошириб сотишга уринишлар ҳам бўлди. Бу эса аҳолида маҳсулотлар тақсиллиги ёки нархлар ошиб кетишига сабаб бўлди. Ушбу ҳолатда имом-хатибларимизнинг тушунтириш-тарғибот ишлари ўз самарасини бермоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Четверг, 19 Март 2020 00:00

Тақдирдан тақдирга…

Қадрли ватандошлар, бугунги кунда бутун дунёда инсонлар юқумли касаллик бўлган Коронавирус (Covid-19) балосидан азият чекишмоқда. Афсуслар бўлсинки, бу ҳолат бизнинг ватанимизда ҳам қайд этилди.

Хўш, мусулмонлар жамоаси бундай ҳолатда ўзларини қандай тутишлари керак?

Аввало ислом тарихида юқумли касалликлар тарқаганда қандай чоралар кўрилганлигини бир ўрганиб чиқайлик.

Ибни Аббос розияллоҳу анҳудан қилинган машҳур ривоятда ҳазрати Умар мўминларни амири бўлиб турган вақтларида Шомга (ҳозирги Сурия) бир қанча саҳобаи киромлар билан сафар қиладилар. Йўлда бир манзилга етганларида Абу Убайда ал-Жарроҳ ва у кишининг шериклари билан учрашиб қоладилар. Абу Убайда ал-Жарроҳ у зотга Шомда вабо воқеъ бўлганлигининг хабарини берадилар. Шунда ҳазрати Умар ибни Аббос розияллоҳу анҳудан биринчи бўлиб ҳижрат сафарига чиққан саҳобаларни чақириб келишларини сўрайди. Улар билан маслаҳатлашадилар. Лекин уларнинг ўртасида қайтишлик ёки қайтмаслик ихтилоф бўлиб қолади. Ҳазрати Умар уларни кетказиб, ансорийларни чақиринглар дейдилар. Ансорийлар билан маслаҳатлашганларида улар ҳам турли хил фикр берадилар. Умар розияллоҳу анҳу улардан кейин қурайш шайхларини чақиришликни сўрайдилар. Қурайш шайхлари одамлар билан орқага қайтишликни, вабо чиққан жойга бормаслик маслаҳатини берадилар. Шундан кейин Ҳазрати Умар одамларга жарчи чақиртириб, қайтишни эълон қиладилар.

Абу Убайда ал-Жарроҳ розияллоҳу анҳу у зотга: “Аллоҳнинг тақдиридан қочасанми?” деганларида, ҳазрати Умар унга: “Шуни сендан бошқа айтса бўлмасмиди!? Ҳа, Аллоҳнинг тақдиридан Аллоҳнинг тақдирига қочамиз”, дедилар. Шу пайт Абдурраҳмон ибн Авф келиб қолдиларда: “Бу ҳақида менда илм бор. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Қачон унинг (вабонинг) бирор ерда борлигини эшитсангиз у томон борманг. Қачон сиз турган ерда воқеъ бўлса, у ердан чиқманг”, деганларини эшитганман”, деди. Шундан сўнг ҳазрати Умар Аллоҳ таолога ҳамд айтдилар ва ортларига қайтган эканлар.

Азизлар, бу ривоятнинг ислом оламида қанчалик муҳим эканлигини тўғри англаш керак. Замонавий тилдаги карантиннинг асл моҳияти шу ерда мужассамдир. Юқумли касалликларнинг олдини олиш чораларини кўришда ўтмишда мусулмонлар бу ва бошқа ривоятларда келган кўплаб ишларни амалга оширганлар. Шу билан бирга, Набий алайҳиссаломнинг “Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни синовга учратади”, деганларига мувофиқ бу вирус касаллигини бир синов деб билиб, унга сабр қилишлигимиз лозим бўлади. Беморликка сабр қилган мўмин-мусулмон бандага бир неча хил мукофотлар ваъда қилинган:

  • Гуноҳларнинг ювилиши;
  • Мартабасининг кўтарилиши;
  • Унга нисбатан яхшилик ирода қилинганлиги;
  • Ажр ва савобнинг кўпайиши;
  • Чекилган дард охират азоби ўрнига ўтиши;
  • Дардга сабр қилишлик бандани жаннатга киришига сабаб бўлиши.

Азизлар ўтмишда мусулмонларнинг аждодлари сабр ва матонатда зарбулмасал бўлганлар. Биз ҳам ҳамжиҳатлик ва хотиржамликни йўқотмаган ҳолда бу балога қарши инсон сифатида қўлимиздан келганини амалга ошириб, қолганини Яратганга таваккал қилайлик.  Зеро, Аллоҳ таоло Таҳрим сураси 22-оятида: “Бирор мусибатни пайдо қилмасимиздан олдин у Китобда битилган бўлур, акс ҳолда , ер юзида ва ўз шахсларингизда сизга бирор мусибат етмас. Албатта, бу иш Аллоҳ учун осондир”, деб марҳамат қилган.

Яна Аллоҳ таолога кўпдан кўп дуои истиғфорлар айтиб, бу балони тезроқ кўтаришини ва устимизга осойишталик ва саломатликни нозил қилишини сўрайлик.

Бекобод тумани “Туркман” жоме масжиди

имом-хатиби Эрали Сариев

Ўз замонасининг улуғ олимларидан бўлган тиб илмига улкан ҳисса қўшган  Абу Али Хусайин ибн Абдуллоҳ ибн Сино хазратлари айтган эди:  “Ваҳиманинг ўзи ярим касаллаикдир, Хотиржамлик ярим соғликдир, сабр эса шифонинг бошланишидир” деган эдилар.

Машҳур ривоятлардан биридан :

Бир киши сафарга кетаётиб, йўлда Вабони учратиб қолибди.

— Қаерга кетаяпсан? — сўрабди вабо.

— Зиёратга. Сен-чи?

— Сенинг юртингга, беш минг кишини олиб кетишга, — дебди вабо.

Ҳар ким ўз йўлида кетибди. Йил ўтиб, улар яна ўша жойда кўришиб қолишибди.

— Сен алдадинг, — дебди зиёратчи вабога — Беш минг кишини олиб кетаман деб, юртимдан эллик беш минг одамни олиб кетибсан!

— Йўқ, — эътироз қилди вабо, — Мен ростдан ҳам беш минг кишини олиб кетдим. Қолгани ваҳима касалидан ўлди…Қиссадан ҳисса: Одамни касалликдан кўра, ваҳимаси ўлдиради.

            Хўш бундай пайтдан мусулмон киши қандай иш тутиши лозим шариат бу ҳақда нима дейди, инсон ваҳимага тушмаслик учун нима қилишлиши лозим ва бу “Вабо” касаллиги ўзи нима?

 Вабо ва шу каби тез тарқаладиган касалликлар чиққан жойга кирилмайди ва қаттиқ зарурат бўлмаса, у ердан чиқиб кетилмайди. Тиббий соҳа вакиллари кўрсатмаларига тўла амал қилинади. Мана шу шартларга амал қилиб, вабо, ўлат ва шу каби касалликлардан вафот этган мўмин-мусулмонлар шаҳидлик мартабасини топадилар.

     Коронавирус (COVID-19) касаллиги  шиддат билан тарқалиб унинг географик ҳудуди кенгаяётган ва одамлар орасида уни  юқумли касаллик эканлиги ваҳимаси кучаяётган пайтда дунё ислом уламолари бу  касалликнинг шаръий муолажаларини эслатмоқдалар. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:“Қаерда бўлсангиз ҳам ўлим сизларни топади, ҳатто мустаҳкам қалъалар ичида бўлсангиз ҳам” (Нисо сураси 78-оят).бошқа бир ояти каримада эса: “…ўз қўлларингиз (бахиллигингиз) билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!”, — дейилган (Бақара сураси 195-оят).Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг вабо ҳақидаги сўзлари юқоридаги оятларининг тасдиғидир. У зот алайҳиссалом шундай деганлар: “Албатта, бу вабо – Аллоҳ у билан сиздан аввалги қавмларни ҳалок қилган азобдир. Ер юзида ундан бир ози қолган. Гоҳида келади, гоҳида кетади. Агар бир ерда вабо пайдо бўлса, у ердан чиқиб кетманглар. Агар бир ерда вабо борлигини эшитсангиз, у ерга борманглар” (Имом Аҳмад ривоятлари). Мадинага ҳижрат қилингандан кейин бир муддат ўтгач, Абу Бакр ва Билол разияллоҳу анҳумони иситма (безгак, вабо) тутди. Бу ҳақда Пайғамбаримизга хабар берилганда, У Зот алайҳиссалом вабонинг кўтарилиши ва Жуҳфа деган жойга кетишини сўраб дуо қилдилар. Аллоҳ таоло У Зотнинг дуоларини қабул қилди (Имом Байҳақий ривоятлари).

   Вабо ва ўлат (эпидемиялар) сабабидан вафот этган мусулмонлар ҳақида Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деганлар:яъни: “Вабо – ҳар бир мусулмон учун шаҳидликдир(Имом Бухорий ривоятлари).Инсоннинг иймон эътиқоди қанча кучли бўлса,  Қуръони Каримнинг шифоси ҳам шунча зиёда бўлади. Бу борада Аллоҳ таоло Фуссилат сурасиниг 44-оятида шундай марҳамат қилган.“У (Қуръон) иймон келтирганлар учун ҳидят ва шифо” деб айт”. Қуръони Каримнинг барчаси шифо бўлиб, хусусан Оятал Курсий, Фотиҳа, Ихлос, Фалақ ва Нас суралари билан даволанишни уламоларимиз тавсия қилишган. Хусусан  Ихлос, Фалақ ва Нас сураларини эрталаб ва кечқурун уч мартадан ўқиб юрса барча касаллик ва балоларни даф қилишга етарли бўлади Шунингдек, Пайғамбаримиз алайҳиссалом:  “Ким Бақара сурасининг охирги  икки оятини тунда ўқиса, унга етарли бўлади”, – дедилар  (Имом Бухорий ривоятлари). Яъни, бу оятларнинг баракасидан Аллоҳ бандасини турли бало-офатлардан асрайди. Ҳадиси шарифларда инсон бирор мусибат ёки касалликка йўлиққанда ўқийдиган махсус дуолар ҳам келган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом:  “Кимки: “Унинг исми туфайли еру осмонда бирор нарса зарар бера олмайдиган Аллоҳнинг номи билан паноҳ сўрайман. У ўта эшитувчи ва билувчи зотдир”, – деб уч марта айтса, унга бирор нарса зарар бермайди”, – дедилар.  (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоятлари).Юқоридагилардан келиб чиқиб шуни хулоса қиламизки  бундай вазиятда ҳар доим бўлганидек мусулмон киши сабабни ушлаш ва тадбир ўртасида бўлади. Сабабни ушлаш. яъни зоҳирда эҳтиёт чорасини кўради. Ниқоб тақиб юради, шифокор кўригидан ўтади, агар вирус аломатлари кўринса, яширмайди ва карантинга рози бўлади. Соҳа мутахассислари тавсияси ва бу тўғридаги ҳукумат қарорларини ҳурмат қилади. Тадбир, яъни, ботинида ишларнинг тадбирини қилмайди, энди нима бўлар экан деб ич-этини емайди. Тақдирда Аллоҳ нима ёзган бўлса унга рози бўлади. Ҳар бир иш Аллоҳнинг илмида эканига иймон келтириб, Унга таваккул қилади. Хотири жам бўлади, саросима ва вахимага тушмайди, ҳамда вахима қўзғамайди. Аллоҳга иймони уни ҳар қандай қийин вазиятда ўзини муносиб тутишга ундайди.  Демак мусулмон киши бошқа жойларда бўлаётганидек вахима кўтармайди ва саросимага тушмайди. Шу билан бирга эҳтиёт чораларини кўради ва сабабларни ушлайди.

 Аллоҳ юртимизни хар турлик бало – ю офатлардан омонда сақласин!

 

Х.Кенжаев

Урганч шахар бош имом-хатиби

ОДОБ – ИНСОН ЗИЙНАТИ

Аждодларимизнинг миллий қадриятлар сарчашмаси бўлган бой тарихий меросни келажак авлодга чуқур ўргатиб, ёшлар онгига сингдирмоқ керак. Чунки тарих ёшларни ҳаёт воқеа-ҳодисаларига онгли муносабатда бўлишга ундайди. Болаларнинг мурғак қалбида Ватанга меҳр туйғуларини, бугунги кун қадрига етиш ҳиссини уйғотади. Ёшларни она Ватанга садоқатли қилиб тарбиялашда, аввало, имон-эътиқод, меҳр-оқибат, диёнат, адлу инсоф, орият ва ғурур каби эзгу фазилатларни шакллантириш муҳим аҳамият касб этади.

Юртимиздан Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий каби жаҳонга донғи кетган буюк алломалар етишиб чиққан. Ёшларимиз ана шундай буюк зотларнинг авлодлари эканларини унутмаган ҳолда, боболар бошлаган қутлуғ ишларнинг давомчиси, Ватанимизга муносиб фарзандлар бўлишлари лозим. Шунингдек, ҳаётда кўпни кўрган, меҳнатда суяги қотган, ҳозир эса пиру бадавлат бўлиб яшаётган отахонлару онахонларимиздан ўрнак олишлари керак.

Одоб-ахлоқ, ҳаё-ибо, ор-номус, диёнат каби боқий  қадриятлар халқимиз бой маънавиятининг ажралмас қисмига айланиб кетган. Афсус, бугунги мураккаб шароитда “оммавий маданият” ниқоби остида ёшларимизга турли ёт ғоялар, маънавий бузуқлик ва ахлоқсизликларни тарғиб этишга уринаётган айрим ғаламислар айнан ана шу бобомерос қадриятларимизга болта уришга уринаётгани сир эмас.

Диёримиздан етишиб чиққан алломалар ҳам гўзал ахлоқнинг инсон камолотига сабаб бўлувчи юксак фазилат эканини кенг тарғиб қилишган. Жумладан, Имом Бухорийнинг “Ал-адаб ал-муфрад” ҳадислар тўплами, Абу Лайс Самарқандийнинг “Танбеҳул ғофилин”, Имом Ғаззолийнинг “Мукошафатул қулуб”, Аҳмад Югнакийнинг “Ҳибатул ҳақойиқ” асарларида юксак инсоний фазилатлар тараннум этилган. Бундан ташқари, Абу Наср Фаробий, Абу Райҳон Беруний, Нажмиддин Кубро, Муҳаммад Порсо, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий ва бошқа мутафаккир алломаларимизнинг ўнлаб асарларида одоб-ахлоқнинг гўзал намуналари бадиий-фалсафий талқин қилинган. Ҳусайн Воиз Кошифийнинг “Ахлоқи Муҳсиний” асарини ҳам ана шундай ҳикматлар бўстони сафига киритиш мумкин. Асарда чиройли ахлоқ намуналарини баён этишда ибратли ривоятлардан ҳам жуда ўринли фойдаланилган. Жумладан, бир ривоятда келтирилишича, «Миср подшоҳларидан бири одобсиз кишини сиёсат майдонига олиб бориб, адаб таёғи билан уринглар, деб буюради. Ўша беадаб калтакланиб турган вақтида тилини чиқариб, ёмон сўзлар билан подшоҳга дашном беради. Шунда подшоҳ уришни тўхтатишни буюрди. Аъёнлардан бири: “Эй шоҳим, бу беҳаё ва бешармни адаб таёғи билан кўпроқ жазолаш керак эди, кечиришингизга нима сабаб бўлди?” деб сўради. Подшоҳ: “Мен унга Худо ризоси учун адаб бераётган эдим, у менга хунук сўзларни айтганда, нафсимга тегди ва мен ғазабга миниб, унга кўпроқ жазо бериш ва ўч олишни хоҳладим, лекин мен буни ўзимга раво кўрмадим ва Ҳақ ишида ўз нафсимнинг истагини орага тиқишни хоҳламадим. Ҳақ ризосидаги ишга ўз ғаразимни қўшишим ихлосдан узоқдир, яхши ишни ғараз билан қилган одам савоб фазилатидин маҳрумдир”, деди». Асарда келтирилган бу каби ривоятлар инсонни эзгуликка, ўзаро меҳр-муҳаббатли ва самимий бўлишга ундайди.

Фарзанд тарбиясида Ислом дини белгилаб қўйган муҳим қоидалардан яна бири болани ёшлигидан жамоат орасида ўзини чиройли тутиш одобларига одатлантиришдир. Фарзанд улғайиб, инсонлар билан ўзаро муомалага киришади. Ўзаро муомала ҳамда муносабат одобларига амал қилганлар имон, тақво, ақидасида ҳамда дўстлик, меҳрибонлик, ўзидан бошқани афзал кўришда қоим бўлади.

Жамоат орасида инсонни ҳурматга сазовор қиладиган умумий одоблар қуйидагилар:

  1. Овқатланиш одоби.
  2. Саломлашиш одоби.
  3. Рухсат сўраш одоби.
  4. Мажлис одоби.
  5. Сўзлашиш одоби.
  6. Ҳазил-мутойиба одоби.
  7. Табриклаш одоби.
  8. Касал кўриш одоби.
  9. Таъзия билдириш одоби.
  10. Акса уриш ва эснаш одоби.

Санаб ўтилган одоблардан ҳар бирини имкон қадар батафсил баён қиламиз.

 

Овқатланиш одоби

Овқатланиш одобларини ҳар бир мураббий фарзандига жуда кичкиналигидан ўргатиб бориши шартдир.

 

Таомланишдан олдин ва кейин қўлни ювиш

رَوَى أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ عَنْ سَلْمَانَ الْفَارْسِي رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: “ بَرَكَةُ الطَّعَامِ الْوُضُوءُ قَبْلَهُ وَالْوُضُوءُ بَعْدَهُ

Абу Довуд ва Имом Термизий Салмон Форсийдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Таомнинг баракаси таомланишдан олдин ва кейин қўлни ювишдадир”, дедилар.

Ибн Можа ва Байҳақий Анасдан (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким яхшилигини Аллоҳ зиёда қилишини истаса, таом тайёр бўлганида ва охирида қўлини ювсин”, деганларини ривоят қилишган.

Бу одатнинг фойдали томонлари кўп. Масалан, таомланишга қадар қўл билан турли нарса-буюмларни ушлаш ва хатти-ҳаракат натижасида қўлга турли чанг-ғубор ҳамда зарарли микроблар ўрнашган бўлиши мумкин. Қўлни ювиш орқали улардан тозаланади, бу саломатлик учун жуда муҳимдир.

Таомдан олдин тасмия – “Бисмиллаҳир раҳмонир раҳим” дейиш ва сўнг ҳамд – “Алҳамдулиллаҳ” дейиш суннатдир.

رَوَى أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: إِذَا أَكَلَ أَحَدُكُمْ فَلْيَذْكُرِ اسْمَ اللهِ تَعَالَى  فَإِنْ نَسِيَ أَنْ يُذْكَرَ اسْمَ اللهِ تَعَالَى فِي أَوَّلِهِ فَلْيَقُلْ بِاسْمِ اللهِ أَوَّلَهُ  وَآخِرَهُ

Абу Довуд ва Термизий Ойшадан (розияллоҳу анҳо) ривоят қилади:  Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Кимки таомланса, Аллоҳнинг исмини зикр қилсин. Агар овқатланиш олдидан Аллоҳнинг исмини зикр қилишни унутса, “Бисмиллаҳи аввалаҳу ва ахироҳу” десин», дедилар.

رَوَى الْإِمَامُ أَحْمَدُ وَغَيْرُهُ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ كَانَ إِذَا أَكَلَ وَ شَرِبَ قَالَ: الْحَمْدُ لِلهِ الَّذِي أَطْعَمَنَا وَسَقَانَا وَجَعَلَنَا مِنَ الْمُسْلِمِينَ

Имом Аҳмад ва баъзи муҳаддислар бундай ривоят қилади: Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) таом­лан­ганда ва чанқоқ қондирганларида “Бизни таомлантирган, ризқлантирган ва мусулмон қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин”, дердилар.

 

Таомни айбламаслик

رَوَى الشَّيْخَانُ عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: مَا عَابَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ طَعَامًا قَطُّ: إِنِ اشْتَهَاهُ أَكَلَهُ وَإِنْ كَرِهَهُ تَرَكَهُ

Имом Бухорий ва Имом Муслим Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) таомни айбламасдилар, агар иштаҳалари тортса, ердилар, кўнгиллари тусамаса, тарк қилар эдилар”.

 

Ўнг қўл билан ва ўзига яқин жойдан ейиш

رَوَى مُسْلِمٌ عَنْ عُمَرَ بْنِ أبِي سَلَمَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: كُنْتُ غُلَامًا فِي حِجْرِ رَسُولِ اﷲِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَكَانَتْ يَدِي تَطِيشُ فِي الصُّحْفَةِ (تَتَحَرَّكُ فِي الْإِنَاءِ) فَقَالَ لِي رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: يَا غُلاَمُ سَمِّ اللهَ وَكُلْ بِيَمِينِكَ وَكُلْ مِمَّا يَلِيكَ

Имом Муслим Умар ибн Абу Саламадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. «Ёш бола эдим ва Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) пинжларида ўтирган эдим. Қўлим лаганда айланарди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) менга: “Эй ғулом, Аллоҳнинг исмини айт ва ўнг қўлинг билан ўзингга яқиндан егин”, дедилар».

 

Ёнбошлаб овқатланмаслик

Ёнбошлаган ҳолда овқат ейиш соғлик учун катта зарар ва кибрнинг бир кўринишидир.

رَوَى الْبُخَارِيُّ عَنْ أَبِي جُحَيْفَةَ وَهْب بن عَبْد اللهِ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: لاَ آكُلُ مُتَّكِئًا

Имом Бухорий Абу Жуҳайфа Ваҳб ибн Абдуллоҳдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Суяниб таом емайман”, дедилар.

 

Таомланиш пайтида сўзлашиш мустаҳабдир

رَوَى مُسْلِمٌ عَنْ جَابِرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ سَأَلَ أَهْلَهُ فَقَالُوا: مَا عِنْدَنَا إلاَّ خَلٌّ فَدَعَا بِهِ فَجَعَلَ يَأْكُلُ مِنْهُ وَيَقُولُ: نِعْمَ الأُدْمُ الْخَلُّ نِعْمَ الأُدْمُ الْخَلُّ

Имом Муслим Жобирдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. «Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўз аҳлларидан хуруш сўрадилар. “Бизда сиркадан бошқа ҳеч нарса йўқ”, дейишди. У зот уни олиб келишни сўрадилар ва ундан тановул қилиб: “Сирка қандай яхши нонхуруш, сирка қандай яхши нонхуруш”, дедилар».

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дастурхон устида саҳобаларга кўп маротаба гапирганлар.

 

Мезбонни дуо қилиш мустаҳабдир

رَوَى أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ عَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ جَاءَ إلَى سَعْدِ بْنِ عُبَادَةَ،  فَجَاءَ بِخُبْزٍ وَزَيْتٍ فَأَكَلَ، ثُمَّ قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: أَفْطَرَ عِنْدَكُمُ الصَّائِمُونَ وَأَكَلَ طَعَامَكُمْ الْأَبْرَارُ وَصَلَّتْ عَلَيْكُمُ الْمَلاَئِكَةُ

Абу Довуд ва Имом Термизий Анасдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Саид ибн Уббода олдига келдилар. Саид нон ва зайтун ёғини олиб келди. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) улардан тановул қилдилар, сўнг: “Сизларнинг ҳузурингизда рўзадорлар ифтор қилсин, таомин­гиздан яхшилар тановул қилсин ва фаришталар сизларга салавот айтсин”, дедилар.

 

Ёши улуғлардан кейин таомга қўл узатиш

رَوَى مُسْلِمٌ فِي صَحِيحِهِ عَنْ حُذَيْفَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: كُنَّا إذَا حَضَرْنَا مَعَ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ طَعَامًا لَمْ نَضَعْ أَيْدِينَا حَتَّى يَبْدَأَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَيَضَعَ يَدَهُ

Имом Муслим “Саҳиҳ” асарида Ҳузайфадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. “Биз Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан бирга таомланганимизда, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қўлларини таомга узатмагунларича, биз қўлимизни узатмасдик”.

 

Неъматни исроф қилмаслик

رَوَى مُسْلِمٌ عَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ  قَالَ: كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إذَا أَكَلَ طَعَامًا لَعِقَ أَصَابِعَهُ الثَّلاَثَ وَقَالَ: إذَا سَقَطَتْ لُقْمَةُ أَحَدِكُمْ فَلْيَأْخُذْهَا وَلْيُمِطْ عَنْهَا الْأَذَى وَلْيَأْكُلْهَا وَلاَ يَدَعْهَا لِلشَّيْطاَنِ وَأَمَرَنَا أَنْ نَسْلُتَ الْقَصْعَةَ وَقَالَ: إنَّكُمْ لاَ تَدْرُونَ فِي أَيِّ طَعَامِكُمُ الْبَرَكَةُ

Имом Муслим Анасдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) таом тановул қилсалар, учта бармоқларини ялардилар ва: “Қачон, бирортангиздан луқма тушса, уни олсин ва ундаги нопок нарсани кетказиб, уни есин. Уни шайтонга ташламасин”, дедилар. Шунингдек, лаганни бармоқлар билан сидириб ялашга амр қилдилар. “Албатта, сизлар таомингизнинг қаерида барака бўлишини билмайсиз”, дедилар.

 

Чанқоқ босиш одоблари

Дастлаб тасмия айтиш ва симириб уч марта бўлиб-бўлиб ичиш ҳамда ҳамд айтиш мустаҳабдир.

رَوَى التِّرْمِذِيُّ عَنْ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: لاَ تَشْرَبُوا وَاحِدًا كَشُرْبِ بَعِيرٍ وَلَكِنِ اشْرَبُوا مَثْنَى وَثُلاَثَ وسَمُّوا إذَا شَرِبْتُمْ وَاحْمِدُوا إذَا أَنْتُمْ رَفَعْتُمْ (أَيْ إِنْتَهَيْتُمْ مِنَ الشُّرْبِ)

Имом Термизий  Ибн Аббосдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Туянинг ичишига ўхшаб бир мартада ичманглар, икки, уч мартада ичинглар. Ичишдан олдин  тасмия айтинг, ичиб бўлганингиздан кейин ҳамд айтинг”, дедилар.

 

Идишнинг оғзидан ичиш макруҳдир

رَوَى الشَّيْخَانُ عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: نَهَى رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنْ يَشْرَبَ مِنْ فيِ السَّقَاءِ أَوِ الْقِرْبَةِ (فَمِهَا)

Имом Бухорий ва Имом Муслим Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) идиш ёки мешнинг оғзидан ичишдан қайтардилар”.

Бундай ичиш одобсизлик бўлиб, сувга соғлиққа зарар етказувчи нарсалар тушиши мумкин, улардан сақланиш лозим. Чунки инсон оғзида ўзи билмаган ҳолда кўп зарарли моддалар ва касаллик микроблари бўлади. Улар бошқаларга ҳам юқишидан сақланиш керак.

 

Ичимликка пуфлаш макруҳдир

رَوَى التِّرْمِذِيُّ عَنْ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا: “ أَنَّ النَّبِىَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ نَهَى أَنْ يَتَنَفَّسَ فِي الْإِنَاءِ أَوْ يُنْفَخَ فِيهِ”

Имом Термизий Ибн Аббосдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) идишдан нафас олиш ёки унга пуфлашдан қайтардилар”.

 

Ўтирган ҳолда ичиш ва ейиш мустаҳабдир

رَوَى مُسْلِمٌ عَنْ أنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنَّهُ  نَهَى أَنْ يَشْرَبَ الرَّجُلُ قَائِمًا قَالَ قَتَادَةُ: فَقُلْنَا لِأَنَسٍ: فَالْأَكْلُ؟ قَالَ: ذَلِكَ أَشَرُّ”

Имом Муслим Анасдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тик туриб ичишдан қайтардилар. Қатода (розияллоҳу анҳу) “Таом ейишни-чи?”деди. “У жуда ҳам ёмон”, деди.

رَوَى مُسْلِمٌ عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: لاَ يَشْرَبَنَّ أَحَدٌ مِنْكُمْ قَائِمًا، فَمَنْ نَسِيَ فَلْيَسْتَقِئ”

Имом Муслим Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сизларнинг биронтангиз тик турган ҳолда ичмасин, ким унутиб ичган бўлса, бас, қайт қилсин”, дедилар.

Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тик турган ҳолда ичганлари ҳақида ҳадислар бор. Ўтириб ичишга монелик қиладиган сабаблар бўлса, тик туриб ичиш жоиз. Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Замзам сувини тик туриб ичганлари боис, Замзам суви турган ҳолда ичилади.

 

Тилла ва кумуш идишда ичишдан қайтариш

وَفِي رِوَايَةِ مُسْلِمٍ: “ مَنْ شَرِبَ فِي إِنَاءٍ مِنْ ذَهَبٍ أَوْ فِضَّةٍ فَإنَّمَا يُجَرْجِرُ فِي بَطْنِهِ نَار جَهَنَّمَ”

Имом Муслим ривоятида: “Ким тилла ёки кумуш идишда ичса, албатта, жаҳаннам олови унинг қорнида қайнайди”, дейилган.

Кибр ва ўзини юқори тутиш кўриниши бўлгани ва фақирларга нисбатан ҳурматсизлик келтириб чиқара­диган сабаб бўлгани боис бу идишлардан фойдаланишдан қайтарилди.

 

Ҳаддан зиёд тўйиб овқат емаслик

Имом Аҳмад ва Имом Термизий Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ривоят қилади: “Инсон қорнидан ёмонроқ идишни тўлдирмайди, одам боласига белини қоим қиладиган кичик луқма кифоядир. Бас, қориннинг учдан бири таом, бири сув ва қолгани нафас учундир”, дедилар.

Ушбу ҳадиси муборакларни ўрганиш жараёнида динимиз кўрсатмалари қадриятларимиз ва урф-одатларимизга нечоғли уйғунлашиб кетганига амин бўламиз. Чунки аждодларимиз фарзандларига мурғаклигиданоқ бу тарбияларни сингдириб борганлар. Зеро, саодатга бошлайдиган бу сифатларни фарзандлар қалбига нозик йўллар билан жо қилмоқ учун тарбияни жуда барвақт, яъни фарзанд дунёга келган кундан бошламоқ зарур. Мирзо Бедил ҳазратлари айтганлар:

Биринчи ғиштни қийшиқ қўяркан меъмор,

Юлдузга етса ҳам, қийшиқдир девор.

Шунингдек, халқимиз орасида эътироф этилган дастурхон атрофида ўзини тутишга доир қуйидаги қоидаларни ҳам билиш муҳимдир:

 чақирилмаган жойга борманг;

 таклиф этилган жойга кечикманг;

 мезбонлар таклиф этмагунча, дастурхон атрофига ўтирманг;

 дастурхонга узоқ ҳам, яқин ҳам ўтирманг;

 сочиқча билан олдингизни тўсманг;

 овқатланаётганингизда таомни одоб билан тановул қилинг;

 нонни бўлакларга бўлиб енг;

 оғизни тўлдириб овқатланманг;

 шошмасдан овқатланинг;

 тирсакларингизга таянманг ва кенг қўйманг;

 ким биландир сўзлашмоқчи бўлсангиз ҳам, ёнингиздаги меҳмонга орқа ўгирманг;

 оғизда овқат билан гаплашманг;

 катталар ўрнидан турганида, дастурхон ёнидан четланиб, улар хонадан чиқиб кетганидан кейингина ўрнингизга ўтиринг;

 стулда ястаниб, ялпайиб ўтирманг;

 дастурхон атрофида ўз хасталикларингизни сўзламанг;

 мезбон овқатланишни меҳмонлардан сўнг тугатиши лозим;

 дастурхон атрофида баланд овоз билан гаплашманг;

 ҳамма овқатланиб бўлмасидан ўрнингиздан туриб кетманг.

Муҳтарам ота-оналар ва азиз мураббийлар бу одобларни тарбиянинг пойдевори деб билишлари ва фарзандларга ҳар куни сабр билан ўргатишлари, ўзлари ибрат кўрсатишлари лозим бўлади. Зеро, бу фазилатли амаллар инсонни азиз қилади, улар одамлар билан ўзаро муомала-муносабатда жуда муҳимдир.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

САЛОМАЛШИШ ОДОБИ:

Салом беришни ўргатиш;

Салом бериш тартиби;

Салом бериш одоби;

Мусулмон бўлмаганларга ўхшаб салом беришдан қайтариш;

Биринчи бўлиб салом бериш;

Мусулмон бўлмаганнинг саломига ҳам “ва алайкум” деб жавоб бериш;

Салом бериш суннат ва унга алик олиш вожиб;

Салом бериш жоиз бўлмаган ўринлар.

РУХСАТ СЎРАШ:

Аввал салом бериб, сўнг изн сўраш;

Исмини, сифатини ёки кимлигини билдириш;

Уч марта изн сўраш;

Эшикни оҳиста тақиллатиш;

Изн сўраш пайтида эшикка терс туриш;

Уй эгаси “қайт” деса, қайтиш;

Шу кунларда юртимиздаги масжидларда жамоат намозлари вақтинча ўқилмай тургани сабабли дезинфексия ишлари олиб борилмоқда.
Ана шундай тадбирлардан бири Наманган шаҳридаги “Имом Бухорий” жоме масжидида ҳам ташкил этилиб, унда соҳа мутахасислари масжид хонақоҳи, ҳовлиси, масжиддаги мебелларни, шунингдек, тахоратхоналарни дезинфексия қилишди. Масжид айвонига каронавирусдан сақланиш бўйича тавиялар тахтачаси осиб қўйилди.

 

 

 

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Видеолавҳалар

Top