www.muslimuz

www.muslimuz

Сурхондарё вилояти Термиз тумани Дўстлик маҳалласидаги хонадонлардан биридан Қорахонийлар ва Салжуқийлар даврига оид кулолчилик буюмлари парчалари ва олтин динор топилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Туризм ва маданий мерос вазирлиги маълумотига кўра, хонадон эгаси Улкан Эралиев Термиз археология музейига ушбу топилма ҳақида хабар берган. Музей ва вилоят маданий мерос бошқармаси ходимларидан иборат гуруҳ топилма аниқланган жойга бориб, қазилма майдонида дастлабки иш жараёнини олиб борди. Унга кўра, ушбу қимматбаҳо ашёлар Қорахонийлар ва Салжуқийлар даврига оид эканлиги аниқланди.

Улкан Эралиев қимматбаҳо топилмани белгиланган тартибда Термиз археология музейига топширди, шундан сўнг унга амалдаги қоидаларда белгиланган ҳақ тўлаб берилди.

Музей директори бошчилигидаги музей мутахассислари ва нумизматлари томонидан қимматбаҳо топилма дастлабки экспертизадан ўтказилди.

– Олтин динорнинг олд томонида музей нумизмати докторанти Мансур Нормўминов «Аллоҳ» ва «Муҳаммад» сўзларини, шунингдек, араб алифбосининг айрим ҳарфларини ўқишга муваффақ бўлди. Танганинг орқа томонидаги матн деярли ўчиб кетган. Шикастланган, лекин яхши сақланиб қолган танга – олтин динорнинг оғирлиги 1,92 граммни ташкил қилган. Маълумки, мусулмон мамлакатларида тилла тангалар «динор», кумуш тангалар «дирҳам» деб аталар эди, – дейди Маданий мерос агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Турсунали Қўзиев.

Маълумот учун, бу йил Термиз археология музейи очилганига 20 йил тўлади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Бирлашган Араб Амирликларида туризм соҳасида дунёдаги энг йирик тадбир — «Arabian Travel Market – 2022» («АТМ-2022») халқаро сайёҳлик кўргазмаси иш бошлади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

«Келинг, саёҳат ва туризм келажагини биргаликда шакллантирайлик» шиори остида ўтаётган ушбу халқаро тадбирда дунёнинг 100 га яқин мамлакати, жумладан, Ўзбекистон, БАА, Саудия Арабистони, Испания, Италия, Германия, Кипр, Миср, Озарбайжон, Беларусь, Арманистон, Индонезия, Малайзия, Япония, Жанубий Корея, Мальдив ороллари, Филиппин, Таиланд, Мексика ва бошқа мамлакатлар компаниялари қатнашмоқда.

Халқаро кўргазмада Ўзбекистон Туризм ва маданий мерос вазирлиги, «Uzbekistan Airways» АЖ, «Orient Mice», «Dolores Travel», «Sanat travel experts Sogda tour», «Asia tour elite», «International caravan travel service», «Amirsoy» компаниялари, «Hyatt Regency hotel Tashkent» меҳмонхонаси ва бошқа сайёҳлик ташкилотлари томонидан тайёрланган миллий стенд намойиш этилмоқда.

Тадбир доирасида Бирлашаган Араб Амирликларида истиқомат қилиб келаётган фаол ватандошлар, блогерлар ва медиа вакиллари кўмагида Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш, сайёҳларга тақдим этилаётган имтиёзлар, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақидаги маълумотлар ижтимоий тармоқларида кенг тарғиб қилинмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Шу йил 20 май куни собиқ Қирлай боғи ҳудудига сиғими 10 минг кишига мўлжалланган жоме масжид қурилишидаги биринчи тош қўйилади. Бу ҳақда Татаристон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Васил Шайхразиевга асосланиб azon.uz хабар берди.

«20 май куни соат 13:00 да Қирлай боғи ҳудудида жоме масжиди қурилишига биринчи тош қўйилади. Биз аллақачон тайёрмиз», — деди у.

Масжид 10 000 ўринга мўлжалланган. Дизайн эскиз лойиҳалари танловининг якунлари сарҳисоб қилингандан сўнг бошланади. Шайхразиевнинг таъкидлашича, жоме масжиднинг номи вилоят аҳолисининг таклифлари асосида танланади. Ҳозирча расмийлар диний муассаса номи бўйича ҳеч қандай қарорга қабул қилмаган.

“Бундан 10-15 йил олдин ва ундан ҳам кўпроқ 50 йил олдин бу ишлар хаёлга ўхшарди. 2005-2010 йилларда бу лойиҳа ҳақиқатга айланади, десак ҳеч ким ишонмасди. Аммо президентимиз масжидни қайта тиклашга қарор қилди. Ишончим комилки, ҳаммамиз биргаликда масжиднинг ажойиб тарихий татарча версиясини қурамиз. У Қозоннинг безагига айланади ва шаҳарнинг туристик жозибадорлигини оширади”, — деган Шайхразиев.

Кирлай истироҳат боғи жойлашган ҳудудда жоме масжиди қурилиши ҳақида расмийлар 1 апрель куни эълон қилган эди. Шу билан бирга, 8 июлгача давом этадиган масжид лойиҳалари бўйича халқаро танлов бошланди. Қурилиш ишлари бошланиши 2022 йилнинг кузида эълон қилинди. Уни яратиш учун фонд ташкил этилган хайриялар ҳисобидан молиялаштириш режалаштирилган. Татаристон Республикаси Бош вазири ўринбосари Шамил Гафаровнинг айтишича, масжид қурилиши муддати хайрия маблағлари келиб тушишига боғлиқ бўлади.

Татаристон муфтийси Комил Самигуллин Қозонга камида 10 минг кишилик масжид керак, деган фикрни билдирди.

«Москвадаги жоме масжид 10 минг кишига, "Чеченистон юраги" масжиди 10 минг кишига мўлжалланган. Махачқалъа марказий масжиди 15 минг намозхонни сиғдира олади. Чеченистонда бир неча йил аввал очилган Шали масжиди 30 минг намозхонни сиғдира олади. Ҳозир Махачқалъада 50 минг кишига мўлжалланган Исо маркази қурилмоқда. 10 минг кишилик масжид қурилиши мўлжалланган Қозон мамлакатимизда Ислом дини ривожи ҳисса қўшувчи ва Исломнинг шимолий пойтахти сифатида тан олинган шаҳардир», — деган Самигуллин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Тошкент шаҳар бош имом хатиби Саййид Раҳматуллоҳ Термизий.

Шу кунларда ҳудудларда фаолият юритаётган имом-хатиблар томонидан аҳоли билан юзма-юз мулоқот қилиш, уларнинг муаммоларини жойида ҳал этиш, бемор ва кам таъминлаганлар ҳолидан хабар олиш ҳамда турли нотинч оилалар ва ёшларни тўғри йўлга бошлаш борасида сезиларли ишлар қилинмоқда.
Айни кунда Самарқанд вилояти Булунғур туманида бўлиб ўтган сайёр йиғилиш ва унинг доирасида ўтказилган маҳаллабай учрашув ва маънавий-маърифий тадбирлар ҳам шулар сирасидандир.
Шу йилнинг 11 май куни сайёр йиғилиш Булунғур туманининг бир қанча масжидларида ташкил этилди. Вилоятдаги 16 та шаҳар ва туман бош имом-хатиблари тумандаги ўндан ортиқ маҳаллаларда бўлиб, жойларда аҳолининг кам таъминланган ва нотинч оилалар хонадонига ташриф буюрди. Шунингдек, маҳалла марказларида уюшмаган ёшлар билан суҳбатлар уюштирилиб, оилаларнинг ижтимоий ҳолати ва муаммолари таҳлил қилинди. Шу билан бир қаторда вилоят ишчи гуруҳи Булунғур тумандаги ўн бешдан ортиқ масжидда пешин намозини ўқиб, йиғилган намозхонларга “Тинчлик қадри”, “Ёшлар келажагимиз”, “Оилангизни асранг”, “Ёт ғояларга алданманг” мавзуларида маърузалар қилдилар ҳамда уларнинг муаммо ва таклифларини тингладилар.
Шунингдек, 16 та МФЙда уюшмаган ёшлар билан йиғилиш ўтказилиб, уларга илмий-маърифий суҳбатлар қилиб берилди.
Ушбу тадбирлар давомида умумий ўрганилган хонадонлар ва ўтказилган учрашувлар давомида ўнта оилада муаммолар борлиги аниқланиб, уларни ҳал этиш чоралари кўрилмоқда. Шунингдек, кам таъминланган 56 оилага моддий ёрдам кўрсатилди. Бундан ташқари вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Х.Саттаров бошчилигида тумандаги 40 нафар кам таъминланган оилаларга 14 000 000 сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари эҳсон қилинди. Қолаверса, ногиронлиги бор ва касалманд 5 нафар фуқаролар ҳолидан хабар олиниб, 25 млн. сўмлик молиявий кўмак берилди.
Мазкур маҳаллабай ишлаш тизимининг муҳим жиҳати, нотинч оилалар билан мулоқот қилиб, уларни аҳил-иноқ оилага айлантиришга қаратилганлигидир. Шу мақсадда маҳаллаларда аниқланган беш нотинч оила билан суҳбатлар ўтказилиб, уларнинг келишмовчиликлари ҳал этилиб, ислоҳ қилинди. Қолаверса, оилалардаги нохўшликларда сабаб бўлаётган, ичкиликка ружу қўйган 3 нафар фуқаро билан тушунтириш ишлари олиб борилди ва ичкиликнинг ёмон оқибатлари ҳақида суҳбат ташкил этилди. Бундан мазкур фуқаролар тўғри хулоса қилганликларини билдирдилар.
Шуни таъкидлаш жоизки, гоҳида маҳаллаларда ён қўшни бўла туриб, йиллар мобайнида низолашиб юрганлар ёки ер-жой талашган оилалар ҳам учраб туради. Мазкур сайёр учрашувларда шу каби қўшниси билан низолашган 2 та оиланинг ўртаси ислоҳ қилинди. Ер ва уй-жой талашган бир оила билан суҳбат ўтказилди.Уларнинг келишмовчилигига сабаб бўлаётган масала ўрганилиб, тушунтириш ишлари натижасида оила яраштирилди.
Бу каби тадбирлар йил охирига қадар давом этади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги матбуот хизмати

Страница 82 из 637

Видеолавҳалар

Top