www.muslimuz

www.muslimuz

Сирдарё вилояти сафари давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков Янгиер шаҳридаги “Муҳаммад Бобур” масжидига (пешинга), Ховос туманидаги “Абу Ҳурайра” масжидига (асрга) ташриф буюрдилар.

Ҳомиджон домла жамоат билан намозларни адо этгандан сўнг йиғилганларга мамлакатимиздаги хайрли ислоҳотлар, диний-маърифий соҳадаги сўнги янгиликлар тўғрисида маълумот бердилар.

Маърифий суҳбат давомида “Шукроналик неъмати” мавзусида таъсирли мавъиза қилиб берди.

Дарҳақиқат, ўзимиздаги неъматларнинг қадрига етиб, шукрда бардавом бўлиш билан бирга, аҳли оила, фарзанд ва биродарларга ҳам неъматлар ҳақида тез-тез эслатиб турайлик. Зеро, неъматларни эслаш ҳам шукрдир.

Ояти каримада: «Эслатинг! Зеро, эслатма мўминларга манфаат етказур» (Зориёт сураси, 55- оят), дейилган. Бошқа ояти каримада: «Раббингизнинг (Сизга ато этган барча) неъмати ҳақида эса (одамларга) сўзланг!» (Зуҳо сураси, 11-оят) деб буюрилган.

Маърифий суҳбат жавол-жавобларга уланиб кетди. Охирда хайрли дуолар қилинди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Тошкент шаҳар “Убай ибн Каъб” жоме масжиди имом-хатиби устоз Абдулҳаким қори Маткулов Гулистон шаҳар “Ат-Термизий” масжидига (пешинга) ва Боёвут туманидаги “Абу Бакр Сиддиқ” масжидига (асрга) ташриф буюриб, жамоат билан кундалик намозларни адо этди.

Сўнг масжид жамоасини юртимизда диний-маърфий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳияти, соҳага доир сўнги янгиликлардан хабардор қилиш асносида “Шукроналик ҳисси” ҳақида маърифий суҳбат қилиб берди.

Қуръони каримда: «Агар шукр қилсангиз (ва имон келтирсангиз) У сизлар учун рози бўлур» (Зумар сураси, 7-оят), деб марҳамат қилинади. Демак, Ҳақ таолонинг розилиги бизга берган неъматларига шукр қилишимизга боғлиқ.
Шайх Саъдий раҳматуллоҳи алайҳ “Гулистон” китобида: “Бизга шунча неъматларни ато этган Ҳақ таоло бандаларига шукрни вожиб қилган”, деган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Сирдарё вилояти сафари давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов Ховос туманидаги “Аҳмадхўжа” масжидига ташриф буюрди. Пешин намозидан сўнг устоз “Шукр қилиш фазилати” мавзусида йиғилганларга маъруза қилиб бердилар.

Аллоҳ таолонинг марҳамати билан ҳукуматимиз томонидан муқаддас динимиз Ислом дини равнақи, масжидларимиз ободлиги ва ҳар бир мўмин-мусулмоннинг ибодати учун яратиб берилаётган бундай шароитларга қанча шукр қилинса, шунча оз бўлади! Зеро, Жаноб Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қилганлар:
«Одамлардан бўлган яхшиликка миннатдорчилик изҳор қила олмаган одам, билингки, Ҳудога ҳам шукр қилмайди».

Уламоларнинг мазкур вилоятга ташрифи давомида эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиш, унда ҳудуд аҳлини юртимизда бўлаётган ўзгаришлар мазмун-моҳияти ҳақида хабардор қилиш, уларнинг дарду ташвишларига кўмаклашиш, фикр-мулоҳазаларини тинглаш ва диний соҳага тегишли муаммоларини жойида ўрганиб, бартараф этиш каби хайрли ишларни амалга ошириш ҳам кўзда тутилган.

Айни шу мақсадда Иброҳимжон домла мутасадди вакиллар билан бирга ҳудуддаги эҳтиёжманд оилалар ва бемори бор хонадонлар ҳолидан хабар олиб, “Вақф” фондининг моддий ёрдамларини топширдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Бухоро вилоятида қатор масжидлар мўмин-мусулмонлар ихтиёрига топшириляпти. Жумладан, бугун Ғиждувон туманидаги “Имом Бухорий” жоме масжиди очилганидан кўплаб мўмин-мусулмонлар беҳад шод.

Сўнгги йилларда масжидда ҳам намозхонлар сони ошиб, эски услубда қурилган масжид торлик қилиб қолаётган эди. Шу боис мазкур масжидни ҳомий ва саховатпеша тадбиркорлар кўмагида қайта қурилди. Бу жоме кўп йиллар мўмин-мусулмонларга хизмат қилади, иншоаллоҳ.

Масжид очилишида Бухоро вилояти ҳокимининг ўринбосари Э.Мажидов, Ғиждувон туман бош имом-хатиби Ориф домла Амонов, Мир Араб олий мадрасаси ректори устоз Ҳайдархон домла Йўлдошхўжаев ва масжид имом-хатиби О.Рузиев қатнашди.

Маълумот учун, масжиднинг эски биноси 150 кишига мўлжалланган эди. Ёмғирли, қорли-қировли кунларга тўғри келадиган жума ва икки ҳайит байрамида намозхонлар ибодат қилиш учун қийналиб қолишаётган эди. Янги жоме ўз бағрига 1 000 кишидан зиёд намозхонни сиғдиради.

Жоме масжиднинг янги биносига иссиқ пол ётқизилди. Эндиликда совуқ кунларда намозхонлар эмин-эркин, хотиржам ибодатларни адо этади.

Аллоҳ таоло бу масжидни доимо обод байтлардан қилсин. Унинг қурилишига ҳисса қўшган барчага улуғ ажрлар ато этсин, бундай хайрли ишлар юртимизда бардавом бўлсин.

Анвар Нуруллаев,
УМИ Бухоро вилояти вакиллиги мутахассиси.

Паркент тумани “Сирли” жоме масжидида марҳум муфтий Усмонхон Алимов, Тошкент вилоятининг собиқ бош имом-хатиби Хайруллоҳ домла Турматов, Паркент туманида яшаб, динимизга хизмат қилиб ўтган имом домлаларни хотирлаш мақсадида эҳсон дастурхони ёзилди.

 

Қуръони карим тиловати билан бошланган хотира тадбирида марҳум имомларимизнинг хайрли ишлари, динимиз равнақи йўлида қилган хизматлари эсланиб, уларнинг ҳақларига хайрли дуолар қилинди.

 

Йиғилишда ҳудуддаги масжидлар қурилишида фаол, ташаббускор ва жонкуяр бўлган имомлар Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги томонидан ташаккурномалар билан тақдирланди.

 

Тадбирда иштирок этган Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими мудири Муҳаммадназар домла Қаюмов, Тошкент вилояти бош имом-хатиби ўринбосари Миродил домла Миржалилов, Тошкент тумани бош имом-хатиби Ғуломиддин домла Эргашев, Зангиота тумани “Абу Бакр Сиддиқ” жоме масжиди имом-хатиби Нурали домла Мавлонов ўз маърузалари ҳамда дуолари билан йиғилишни чиройли якунлаб бердилар.

 

Тадбир сўнгида Қуръони карим хатми марҳум домлалар руҳларига бағишланди. 

Видеолавҳалар

Top