muslim.uz

muslim.uz

"Ҳидоят сари" кўрсатуви

Сўнгги пайтларда дунёда селфи эпидемияси кенг тарқалиб, бу севимли машғулот шу даражасига етдики, селфи олишни ўргатадиган махсус сайтлар, пойабзаллар, мактабларда эса хавфсиз суратга олиш дарслари жорий этилди.

Хўш, биз камерада ўзимизни суратга олишни исташимиз худбин бўлиб қолишимизни англатадими?

Инсонлар яқин-яқингача шахсий ҳаётини ўзгалардан яширар, бу масалада эҳтиёткорроқ муносабатда бўларди. Афсуски, бугунги кунда бу манзара ўзгарди. Технологиялар ривожи инсониятнинг неча асрлар оша яшаб келган қадрияту маданиятларига ўз таъсирини ўтказди. Эндиликда кишилик жамияти нафақат ўз-ўзини ҳурмат қилишни ҳатто шахсий ҳаётнинг қадр-қимматини ҳам унутмоқда. Манманлик, худбинлик авж олиб ҳамма ўзи ҳақида бутун дунёга жар солишга тайёр. Нима қилса ҳам тезроқ машҳур бўлиш, ҳамма у ҳақида гапиришини истайди. Бу борада эса селфимания асосий қуролга айланган.

Қизиғи шундаки, селфи қанчалик гўзал бўлса, шунчалик кўп “лайк”ларни йиғади. Бу бир қараганда зарарсиз бўлиб туюлиши мумкин, лекин агар фотосурат кам лайкларни йиғса-чи? Бу кишида ўзи ҳақида салбий фикрларни пайдо қилади. Шунинг учун ҳам баъзи одамлар телефон камерасидан ажралмайдилар ва Твиттер, Instagram ёки Facebookдаги издошлари учун истеъмол маҳсулоти каби яшайди. Бундай севимли машғулот аллақачон касалликка айланиб улгурган.

Бу борада тадқиқот ўтказган мутахасиссислар фикрича, кўплаб ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ва селфи ихлосмандлари руҳий касалликдан азият чекаётганларини ўзлари ҳам тушунмайдилар. Унга берилиш хулқ-атворга салбий таъсир этиши мумкинлигини тадқиқотчилар алоҳида таъкидлашмоқда.

Хўш, Ислом оламида селфига бўлган муносабат қандай?

Умра ва ҳаж зиёратига борганларнинг аксарияти зиёратдан хотира сифатида қолиш учун Каъба фонида ўзларини суратга олади. Бунда бир қараганда ҳеч қандай салбий иллат йўқдек. Аммо инсон ўзини қанчалик ишонтирмасин,  унинг оқибатларида оз бўлса-да беъманилик бор.

Мисол учун, сиз Мадинаю Маккада ибодатларни амалга ошираётганингизда ёки Аллоҳга астойдил дуо қилаётганингизда ёнингизга бир киши келиб селфи олиш билан овора бўлади. Бу сизга оғир ботиши тайин. Агар бу ишни сиз қилган бўлсангиз билингки, сиз кимларнингдир ғашига текиб, унинг ибодатига ҳалақит берган бўлишингиз мумкин.

Айниқса, Маккада Каъба атрофида тавоф амалининг ўртасида селфи олиш учун одамлар тўхтаб қолса, бу тиқилинчлик ҳосил бўлишига олиб келади ва кўплаб одамларга муаммо туғдиради. Бу ҳақда Масжидул Ҳаромда хизмат қилувчи ходимлардан бир бундай дейди:

"Кейинги йилларда зиёратчилар орасида селфига тушиш одам тусига кириб бормоқда. Бу албатта, кимлар учундир маъқул ишдир. Аммо ёнидаги кишилар озор бермаган ҳолда суратга олса зарари йўқ. Бироқ бугун айрим инсонлар жума кунлари жума намози пайтида имомни тинглаш ўрнига, ибодат қилувчиларни суратга олишни ёки селфи қилишни афзал кўради. Улар бу ҳаракати билан ўзгаларнинг ғашига тегаётганини ёки ибодатларига озор бераётганини тушунмайдилар”.

Бу борада зиёратчиларнинг ўзи нима дейди?:

 "Мен Каъбани кўриш ва умра амалини адо этишни узоқ йиллар давомида кутдим", – деди покистонлик Абдул Раҳмон Ясин. – Шунинг учун бу сафарим абадий ёдимда қолишини истайман. Селфига тушишимнинг сабаби ҳам шу. Бу менинг мобиль телефонимдаги энг яхши фотосурат бўлади."

Қувайтлик яна бир зиёратчи Холид Ал-Шимран: “Каъбанинг кўриниши ҳақиқатан ҳам ажойиб ва ҳаяжонли. Мен буни  дўстларим ва издошларим билан ижтимоий тармоқларда баҳам кўрмоқчиман.”

Зиёратчиларнинг селфига тушишининг сабаби тушунарли, лекин ҳар бир инсоннинг қалбида қолиши керак бўлган ҳаяжонли дақиқаларнинг ўзи улар учун етарли эмасми? Селфи бахт ва қувонч туйғусини етказа олмайди, у фақат юздаги ҳиссиётни акс эттириши мумкин, холос. Макка каби муқаддас жойда бебаҳо онларни шу каби ишлар  билан ўтказишга арзийдими? Ёки Каъба селфи олиш учун кўнгилочар марказга ўхшайдими? Ё селфи алоҳида дунёга чўмиб, Аллоҳга яқинлашганингизда ўша ноёб дақиқани қайта тиклашга ёрдам берадими? Бу ҳаракатимиз билан ибодатимизни риёга алмаштириб қўймаяпмизми?

Эътибор қаратсак, ҳаётимизнинг ҳар бир соҳасига ижтимоий тармоқларнинг кириб бориши,  энг нозик дақиқаларнинг яратувчиси – Аллоҳ билан ёлғиз қолишдек муборак ибодатимизни барчага фош этиб, ибодатларимизга ҳам таъсир этмоқда.

Бугун ҳаж ва умра ибодатларини бажариш пайтида ҳар қадамда телефонидан қўрслик билан суратга тушаётган одамларни кўрасиз. Афтидан, агар улар суратга тушмасалар, ҳеч ким уларга ишонмайди.

Агар фотосуратларимиздан бирини тармоққа жойлаш биз учун ибодат қилишдан кўра муҳимроқ бўлса, қандай қилиб ҳаж ё умра қилганимиз учун мукофот олишимиз мумкин? Агар сиз Facebookдаги Каъба фонида сизнинг суратингиз остидаги "лайклар" сонини доимий равишда текшириб турсангиз, ҳаж руҳини ҳис қилиш мумкинми?

 Бир мулоҳаза қилинг, биз ибодатнинг энг қизғин лаҳзаларида фикру-хаёлимиз фақат Аллоҳ таолога қаратилган бўлса, нега селфи олиш орқали хушумизни йўқ қилишимиз керак?!

Қисқасини айтганда,  ҳар бир инсонда тан олиниш ва қадрланиш истаги бор. Аммо бунга фотосуратлар ёки селфи орқали эришилмайди. Чин мўмин учун Яратувчининг розилиги қизиқтиради, ўзгаларнинг нечта лайк босгани эмас.

Абдулла Муслимов

"Маърифий суҳбатлар" кўрсатуви

Жорий йил 14 февраль куни навбатдаги сайёр йиғилиши Пастдарғом туманида ташкил қилинди. Тумандаги мавжуд 24 та масжид имом-хатиб, имом-ноиб ҳамда масжид ходимлари ҳамроҳлигида вилоятдаги 16 та шаҳар ва туман бош имом хатиблариҳамда иқтидорли имом-хатиблар тумандаги 24та масжид ва уларнинг ҳудудларидагимаҳаллаларга тарқалиб, жойларда аҳолининг кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бор вашу каби тоифадаги оилалар хонадонига ташриф буюрдилар. Шунингдек, маҳалла марказларида уюшмаган ёшлар билан суҳбатлар ташкил қилинди. Ҳар бир маҳалладаги фуқаролар сони, ижтимоий ҳолати ва муаммолари таҳлил қилинди. Шу билан бир қаторда вилоят ишчи гуруҳи Пастдарғом туманидаги 24 та масжидда Пешин намозини ўқиб, йиғилган намозхонларга “Миссионерлар хатаридан огоҳ бўлиш ва асло муборак ислом динидан воз кечмаслик”“Шукроналик”,“Ота-онага ҳурмат”, “Исрофгарчиликка йўл қўймайлик”,“Исро ва Меърож”, “ОАВдан тўғри фойдаланиш”, “Бировнинг ҳаққидан қўрқайлик”,“Фарзандлар тарбиясига эътиборли бўлайлик”,“Тинчлик-энг олий неьмат”, “Қўшничилик ҳақлари”, “Неъматларга шукроналик”, “Оилангизни асранг”, “Ёт ғояларга алданманг” ва шу каби бугунги кундаги долзарб мавзулар юзасидан маърузалар қилдилар ҳамда уларнинг муаммо ва таклифларини тингладилар.Иш жараёнидаги ҳолатлар ишчи гуруҳ томонидан далолатнома асосида хатланди.

Ушбу тадбир давомида умумий ўрганилган хонадонлар ва ўтказилган учрашувлар сони қуйидагини ташкил қилди:

  • Имом-хатиблар ташриф буюрган маҳаллалар сони: 24 та. Шундан 11 тасида муаммолар борлиги аниқланди ва барчаси ижрога йўналтирилди;
  • Кам таъминланган оилаларга ташриф: 119 та. Барчасига моддий ёрдам кўрсатилди ҳамда бошқа йўналишдаги муаммолари ҳамкор ташкилот масьуллари билан биргаликда ижрога йўналтирилди.
  • Ногиронлиги бор ва касалманд 6 нафар фуқаролар ҳолидан хабар олинди. Шундан барчасига моддий ёрдам кўрсатилди.
  • Нотинч оилаларга ташриф: 2 та. Уларнинг 1 тасининг оиласидаги келишмовчилик ислоҳ қилинди, 1 таси назоратга олинди;
  • Ичкиликка ружу қўйган 1 нафар фуқаро билан суҳбат ўтказилди. Тушунтириш ишлари давомида ушбу фуқаро қилаётган ишининг оқибатларини тўғри тушуниб етганлигини айтиб ўтди;
  • Узоқ муддатга хорижга бориб келган 6 нафар шахслар билан ҳамда хозирда хорижда юрганларнинг 4 нафарининг оила аъзолари билан учрашиб, уларга зарур кўрсатма ва маслаҳатлар берилди. Шуларнинг барчаси мутаассиб фикрда эмаслиги маълум бўлди.
  • Уюшмаган ёшлар билан 13 та МФЙда йиғилиш ўтказилди. Унда 100 нафарга яқин уюшмаган ёшларнинг иштироки таъминланди.
  • Тумандаги 24 та масжидда Пешин намозини ўқилиб, йиғилган намозхонларга долзарб мавзуларда маъруза қилинди. Унда 3500 нафардан зиёднамозхонлар иштирок этишди.
  • Юқорида айтиб ўтилган хонадонларга кўрсатилган жами моддий ёрдам миқдори: 66 350 000сўмни ташкил қилди.
  • Вилоят бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқулов Пастдарғом туманидаги“Нурул Ислом” жоме масжидида туманда расмий фаолият олиб бораётган маҳалла муллолари ва отинойиларбилан фаолиятларини янада жадаллаштириш, аҳоли орасида кенг тарқалаётган бидъат хурофотларни тўхтатишда қилиниши керак бўлган амалий ишлар, аҳоли билан яқиндан ишлаш, фаолиятларига масъулият билан ёндашиш ва шу каби масалалар юзасидан давра суҳбати ўтказди. Шундан сўнг, мазкур масжид ҳудудидаги кам таъминланган ва ИҲМ оилалар ҳолидан хабар олди ҳамда уларга эҳсонлар тарқатди. Мазкур тадбирлардан сўнг, Зайниддин домла “Нурул Ислом” жомесида жамоат билан бирга Пешин намозини адо этди. Намоздан сўнг жамоатга “Миссионерлар хатаридан огоҳ бўлиш ва асло муборак ислом динидан воз кечмаслик” мавзусида мазмунли маъруза қилиб бердилар.
  • Шундан сўнг, ушбу сайёр учрашувда иштирок этган диний соҳа ходимлари билан таҳлилий йиғилиш ташкил қилинди. Унда Пастдарғом туманидаги маҳаллаларда ўрганилган муаммолар, диний соҳадаги ютуқ ҳамда камчиликлар муҳокама қилиниб, ижрога йўналтирилди. Мазкур йиғилишга вилоят бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқулов, ўринбосарлари Хайрулло домла Саттаров ва Ёқубжон домла Мансуровлар бевосита бош бўлдилар.  Ўтказилган таҳлилий йиғилишда масжиднинг ҳужжат юритиш ва ободончилик бўйича ва аҳолининг турли қатламларидан ўрганилган камчилик ҳамда муаммолар ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ижрога йўналтириш чоралари муҳокама қилинди. Шунинг билан бир қаторда, диний соҳа ходимларига раҳбарлар томонидан аҳоли билан янада яқинроқ ишлаш, соҳанинг ривожини янада такомиллаштириш ҳамда жойларда диний вазиятни янада соғломлаштириш бўйича керакли кўрсатма ва топшириқлар берилди.
  • Мазкур тадбирлардан сўнг, Аллоҳдан юртимиз тинчлиги, осмонимиз мусаффолиги, юртбошимизнинг олиб бораётган ишларига зафарлар сўраган ҳолда хайрли дуолар қилинди.

ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги матбуот хизмати

Видеолавҳалар

Top