muslim.uz

muslim.uz

Инсон бу дунёда жисмонан соғлом бўлиб яшаши учун сув ва ҳавога қанчалик муҳтож бўлсамаънан миллий қадриятларгамаърифатга шунчалик эҳтиёж сезади.

 

Бу қадриятларнинг, маърифатнинг илдизи Ислом таълимоти билан суғорилган бўлса, икки карра саодатдир! Аксинча бўлса, қашшоқликдан бошқа нарса эмас.

Сўнгги пайтларда интернет сайтларида, ижтимоий тармоқларда, босма нашрларда тарқатилаётган хабарлар, мақолаларни ўқиб, кишининг ҳайрати ошади. «Ўргимчак тўри» шунчалар ривожландики, фикрингиз бўғзингиздан товуш бўлиб чиқар-чиқмас, бутун дунёга тарқалиб кетяпти. Бу – яхши, албатта: мақолани кўрасиз, кузатасиз, ўқийсиз, уқасиз ва хулоса чиқарасиз.

Бугун мамлакатимизда оммавий ахборот воситалари эркинлиги ва ҳақ-ҳуқуқлари таъминланиб, халқнинг чинакам минбарига айлантирилаётган бир пайтда, асоссиз «шов-шувлар» кетидан қувиб, ўқувчиларни чалғитиш, муқаддас динимизнинг софлигига путур етказишни касб қилиб олаётганлар ҳалиям борлиги кишини ўйга толдиради.

Минг афсуски, сўнгги вақтларда айрим нохушликларни Ислом шиорлари билан боғлаб ёритиш – «масжид бундай бўлди», «имом бундай қилди» дейиш ҳолатлари учраётгани кишини ташвишга солади. Булардан мақсад нима? Шундай нобакор йўл орқали, яъни диний қадриятлар шаънига путур етказиш эвазига арзонфуруш мақола билан омманинг эътиборини жалб қилишдан кимга нима наф?...

Хўш, аслида танқид қандай бўлиши керак?

Келинг, маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг ёзганларига қулоқ тутайлик: “Мажалла (ойнома) ва жаридалар (рўзнома)нинг катта бир хосияти танқид, яъни сараламоқдур. Саррофлар ақчани, тужжорлар матўни саралаганидек, муҳаррирлар ҳам умумий ҳол ва маишатға тааллуқ нимарсаларни саралайдурки, бошқа сўз ила «танқид» аталур”. («Ойна» журнали, 1914 йил 32-сон).

Танқид ўринли, асосли, жамиятда урчиган иллатларга муросасиз бўлиш, инсон манфаатларини таъминлаш, муқаддас динимиз софлигини асраш ниятида ёзилган бўлса, халқнинг таҳсинига сазовор бўлиши тайин. Бироқ миллий қадриятларимизга тош отиш, муқаддас динимиз шиорларини обрўсизлантиришга бўлган ҳар қандай уриниш оқибати ҳалокатлидир.

Кўнглидан ўтган фикрни ақл тарозисига солмай, мулоҳаза қилиб пишитмай, динимиз мезонларига риоя қилмай, тайёр хом ашё сифатида сохта обрў орттириш илинжида мақолага кўр-кўрона киритиб юбориш танқид эмас. Ахборот тезлиги асрида айтилган гап – отилган ўқ. Бориб теккан, ўрнашган жойини куйдириб юборганидан сўнггина ҳушимизга келамиз.

Айрим мақолаларда келтирилган фактлар масжиддан анча олисда содир бўлган эсада, сарлавҳага «масжид» сўзи олиб чиқилган. Халқимиз «Аллоҳнинг уйи» дея меҳр ила улуғлаб, эъзозлайдиган, азизу муқаддас ва табаррук жойни инсон айтишга ҳам уяладиган сўзлар билан ёнма-ён ишлатишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ!!!

Қандай вазифада ишлаши ёки ижтимоий мавқеидан қатъи назар, Ислом шиорларини ёмонотлиқ қилишга уриниш халқ мутлақо кечирмайдиган қинғир иш ва асрлар давомида эсидан чиқармайдиган нарса! Айрим кишилар матбуот соҳасидаги эркинликни суистеъмол қилиб, ҳурмат-эҳтиром каби инсоний туйғулар, шарқона одоб-аҳлоқ, миллий-диний анъаналар, ўлмас қадриятлар ва умумбашарий қонун-қоидалар каби олий мезонларга риоя қилмаётгани – хавотирли ҳолатдир.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «У (инсон) бирон сўзни талаффуз қилмас, магар (талаффуз қилса) унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (фаришта у сўзни ёзиб олур)» (Қоф сураси, 18-оят), деб баён қилган.

Бошқа бир ояти каримада эса: «Эй мўминлар! Агар сизларга бирор фосиқ кимса хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирор қавмга азият етказиб қўйиб, (кейин) қилган ишларингизга пушаймон бўлмаслигингиз учун (у хабарни) аниқлаб (текшириб) кўрингиз!» (Ҳужурот сураси, 6-оят), деб марҳамат қилинади.

Ушбу ояти карималардан журналистнинг айтганлари ва ёзганларини кузатувчи фаришталар борлиги, вақт-соати етиб «дафтар кўтарилганда», бугун ёзганлари эртага ўзларининг фойда ёки зарарларига ҳужжат бўлишини тушуниш учун Ислом таълимоти шарт эмас, балки ота-онасидан олган тарбияси (агар олган бўлса) етиб ортади. Шундай экан, ҳар қандай нохуш ва бемаъни материалларни одамларни ҳайратга соладиган қилиш учун Ислом шиорларига қасддан боғлашдан сақланиш керак!

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам муборак ҳадиси шарифларида: «Эшитган нарсасини гапиравериши кишининг гуноҳкор бўлишига кифоя» дейилган.

Имом Муслим ривояти.

Демак, эшитган нарсани ёзавериш, билиб-билмай динимизни маломат қилавериш кечирилмас гуноҳ.

Ҳаммани лол қолдирадиган ё кенг оммани жалб этадиган материал ёзаман дея, арзон шуҳратга учиб, Ислом шиорларига зарар етказиш – журналистика этикасига ҳам, миллатимиз ахлоқига ҳам, муборак динимиз таълимотига ҳам мутлақо тўғри келмайди!

Ҳар бир сўзимизни ёзишга чоғланар эканмиз, онгимизда Аллоҳ таоло ва Унинг Расулининг бизни огоҳлантирган каломлари, аждодларимиз ибрати, Ислом дини қадр-қиммати шаклланса, сўз айтиш масъулиятини янада теранроқ англаган бўлар эдик. Зотан, қалам аҳлларининг шарафли касбида қўлга киритадиган ютуқларини таъминловчи муҳим омил шу аслида.

Шу ўринда яна бир жиҳатни таъкидлаш керак. Оммавий ахборот воситаларига оид қонун ҳужжатларида ҳам бирор-бир ташкилот ёки шахс фаолиятига оид хабарни тарқатишдан аввал, унинг тўғрилиги ва ҳаққонийлигини текшириш қайд этилган. Ўзбекистон Республикасининг «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги Қонунининг (янги таҳрири) 5-моддасида: «Оммавий ахборот воситалари қонун ҳужжатларига мувофиқ ахборотни излаш, олиш, тадқиқ этиш, тарқатиш, ундан фойдаланиш, уни сақлаш ҳуқуқига эга ҳамда тарқатилаётган ахборотнинг холислиги ва ишончлилиги учун белгиланган тартибда жавобгар бўлади», деб алоҳида кўрсатиб қўйилган.

Халқимиз ардоқлайдиган мўътабар масканларга шундай муносабатда бўлиш – юртимиз тинчлигига рахна солиш, халқ орасида фитна қўзғатиш ёки «кўринмас кучлар»нинг найрангига учишдан бошқа нарса эмас. Бундай хатолар такрорланмаслиги учун муқаддас динимиз шаънига путур етказаётган кимсаларга етти ўлчаб, бир кесмаса, ишини Худонинг Ўзи «тўғрилаб» қўйиши мумкинлигини эсларидан чиқармасликларини таъкидлаймиз.

Бугунги «шуҳрат»чанинг кетидан қувиб, «миш-мишлар»га учиб, уйдирма ахборот тарқатаётган, асоссиз мақолалар ёзиб, динимизни ҳақоратлаётган муаллифлар тутумида, фикру зикрида шайтоний «мен!» устувор. Улар «мен»ини кибр билан йўргаклаб олишган. Бундайларни, аввало, огоҳлантириш зарур.

Халқимиз ардоқлайдиган мўътабар масканларга, мўмин-мусулмонларимизга пешво бўлиб турган устозларимизга шу каби муносабат билан ёндашиш – юртимиз тинчлигига рахна солиш, халқ орасида фитна қўзғатиш ёки «кўринмас кучлар»нинг найрангига учиш, деб ҳисоблаймиз.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, жаннатмакон юртимизда туғилиб ҳам, муқаддас Ватанимиз тупроғида яшаб ҳам, доно халқимиз чин ихлос билан эътиқод қилаётган динда бўлиб ҳам, Ислом дини қадриятлари, шаъни ва қадр-қимматини таратаётган уламоларимизни обрўсизлантиришга қаратилган қилиқлар кимга бўлса ҳам умуман ярашмайди!

Иброҳимжон Иномов,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

Понедельник, 26 Декабрь 2022 00:00

Исломда миллатчилик йўқ

«Ҳазрати Али» жоме масжиди имом хатиби фазилатли устоз

Салоҳиддин домла Абдулғаффор ўғли

Аввал хабар берганимиздек, айни пайтда Марокаш подшоҳлигининг Работ шаҳрида Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Ислом ташкилоти (ИCEСCО)нинг халқаро конференцияси бўлиб ўтмоқда.

Мазкур нуфузли анжуманда Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов ҳам иштирок этмоқда.

Маслаҳат учрашувининг иккинчи кунида аъзо мамлакатлар вакиллари бўлган иштирокчилар гуруҳларга бўлинган ҳолда, таълимни ривожлантириш бўйича ўз фикрларини билдиришди. Хусусан, муҳокамалар олий таълимдан олдинги босқич ва олий таълим босқичларини ривожлантириш хусусида бўлди.

Ўзбекистон делегацияси томонидан республикамизнинг бу борадаги тажрибаси акс этган тақдимот ўтказилди. Унда умуммтаълим мактабларида илм-фаннинг турли соҳаларига оид чуқурлаштирилган таълим берувчи Президент мактабларини таъсис этишда Ўзбекистон тажрибаси, ҳар бир мамлакатда уларнинг турли минтақаларида аниқ фанларга жумладан кимё, биология, физика, ахборот технологияларига ихтисослашган мактабларни ташкил этиш (Ўзбекистон тажрибаси) ҳақида таклифлар берилди. Шунингдек, жамиятда хотин-қизларни фаоллигини ва аҳамиятини янада ошириш мақсадида уларнинг олий маълумотга эга бўлишлари учун турли давлат грантларини жорий этиш борасида сўз юритилди. Бу борада юртимиздаги магистратура босқичидаги талаба қизларнинг контракт суммаларини Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қоплаб берилиши тажрибаси йиғилганларнинг эътирофига сазовор бўлди.

Таъкидлаш жоизки, берилган таклифлар иштирокчи ва ташкилотчилар томонидан юқори қизиқиш ва эътироф билан қабул қилинди.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси

Матбуот хизмати

Ўзини қасдан ўлдирганни ҳукми:

 

Инсон ўзини қайси йўл билан ўлдириши ҳаромдир. Ким ўзини ўлдирса абадий дўзахийдир. Ўз жонига қасд қилишнинг охиратдаги оқибатлари яна ҳам ёмонроқдир. Динимиз таълимотида инсоннинг ўз жонига қасд қилиши катта гуноҳ ҳисобланади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди:

 

“...Ўзларингизни ўлдирмангиз! Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм-шафқатлидир” (Нисо сураси, 29-оят).

 

 الَّذِي يَخْنُقُ نَفْسَهُ يَخْنُقُها فيِ النَّارِ وَالَّذِي يَطْعَنُ نَفْسَهُ يَطْعَنُها فيِ النَّارِ (ﺭَﻭﺍﻩ الامَامُ ﺍﻟﺒُﺨَﺎﺭِﻱ عن ابي هريرة رضي الله عنه)

 

“Ким ўзини-ўзи бўғиб ўлдирса, дўзахда ҳам шу хил азобга қолади ва ким ўзини тиғ билан ўлдирса, дўзах оловида ҳам худди шундай азобга қолади” (Имом Бухорий ривояти).

 

Жундаб ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Сизлардан илгари ўтганлардан бир киши жароҳатланди. Бесабрлик қилиб пичоқ олди-да, қўл(томири)ни кесиб ташлади ва кўп ўтмай, қон йўқотиб вафот этди. Аллоҳ: «Бандам жонига қасд этди, унга жаннатни ҳаром қилдим», деди» (Муттафақун алайҳ).

 

عن أبي هريرة رضي الله عنه عن النبي- صلى الله عليه وسلم- قال: «مَنْ تَرَدَّى مِنْ جَبَلٍ فَقَتَلَ نَفْسَهُ، فَهُوَ فِي نَارِ جَهَنَّمَ يَتَرَدَّى فِيهِ خَالِداً مُخَلَّداً فِيهَا أَبَداً، وَمَنْ تَحَسَّى سُمّاً فَقَتَلَ نَفْسَهُ، فَسُمُّهُ فِي يَدِهِ يَتَحَسَّاهُ فِي نَارِ جَهَنَّمَ خَالِداً مُخَلَّداً فِيهَا أَبَداً، وَمَنْ قَتَلَ نَفْسَهُ بِحَدِيدَةٍ، فَحَدِيدَتُهُ فِي يَدِهِ يَجَأُ بِهَا فِي بَطْنِهِ فِي نَارِ جَهَنَّمَ خَالِداً مُخَلَّداً فِيهَا أَبَداً». متفق عليه.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Кимки тоғдан ўзини ташлаб, жонига қасд қилса, у жаҳаннам оловида абадул-абад ўзини пастга ташлайди. Кимки заҳар ичиб жонига қасд қилса, у қўлида заҳарини тутиб, жаҳаннам оловида абадул-абад ўзини заҳарлайди. Кимки ўзини темир билан ўлдирса, у қўлида темирини тутиб, жаҳаннам оловида абадул-абад у билан ўзини уради» (Бухорий, Муслим ва Муслим ривоятлари).

 

Баьзи тоифалар ўзини ўзи ўлдиришликни (портлатишни) ҳалол деб билади. Бизни динимиз бундай ишлардан қайтаради. Аллоҳ таолодан бизларни доимо тўғри йўлга ҳидоят қилишини, нафсларимиз ёвузлиги ва амалларимиз ёмонлигидан сақлашини сўраймиз.

 

Муҳаммадхон Нуриддинов

Видеолавҳалар

Top