muslim.uz

muslim.uz

Шу йил, 24 октябрь куни Фарғона вилояти вакиллигида шаҳар-туман бош имом-хатиблари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, диний бағрикенглик ҳамда миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш борасида имом-хатиблар томонидан амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди. ЎМИнинг 2685-сонли хатида келтирилган топшириқлар кўриб чиқилди.

Жойларда меҳнат ва ижро интизоми борасида йўл қўйилаётган хато-камчиликлар, “Одоб-ахлоқ комиссияси” фаолияти самарадорлигини ошириш, масжидларда куз-қиш мавсумига жиддий тайёргарлик кўриш, иситиш ва бошқа мақсадларда техник хавфсизлик талабларига мос бўлмаган асбоб-анжомлардан фойдаланмаслик бўйича зарур кўрсатмалар берилди.

Маълумки, вилоятда ҳафтанинг ҳар чоршанба кунлари “Маънавият-маърифат” машғулотлари ўтказилар эди. Чоршанба “Фуқароларни қабул қилиш” куни сифатида белгиланиши ҳамда ЎМИнинг юқорида қайд этилган хатидаги кўрсатмага биноан эндиликда “Маънавият-маърифат” машғулотлари ҳафтанинг пайшанба кунлари ўтказилиши белгиланди.

Шунингдек, диний таълим муассасалари битирувчиларининг иш тақсимоти бўйича жараёнлари ўрганилди. Вилоят бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев, вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Алишер домла Наимов ҳамда Фиқҳ мактаби устози Аҳмадхон домла Низомовлар ёш имомлар билан учрашиб, улар билан самимий суҳбат қилдилар. Дин хизматига қадам қўяётган ёш кадрлар имом-хатиблар, уламолар ёнига кириб, гўзал хулқ ва ихлос билан хизмат қилишлари, аҳолига ислом маърифати ва моҳиятини етказиш, ёшларни ватанга муҳаббат ҳамда аждодларга муносиб равишда тарбиялашда дин ходимлари ибрат бўлмоғи, бир сўз билан айтганда, пешволикка муносиб бўлиш лозимлиги таъкидланди. Устозлар йўли, уларнинг ибратли ҳаётидан намуналар келтирилиб, дин хизматига бел боғлаётган ёшлар ҳаққига дуо қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Фанлар акадамемияси Астрономия институти хабарига кўра, бугун, 25 октярбь куни Ўзбекистонда қисман Қуёш тутилиши кузатилади. Қуёш тутилиши Тошкент вақти билан 15:23да бошланади, максимум фазаси эса 16:34да кузатилади. Шу пайтда Ой Қуёш юзасининг 68 фоизини тўсади ва бу вақтда Қуёшнинг горизонтдан баландлиги 68 даражани ташкил қилади. Қуёш тутилиши соат 17:38да якунига етади.
Бу жараёнда динимизда қандай амаллар қилиш кераклиги баён қилинган.
Қуёш тутилганда жуманинг имоми одамлар билан икки ракат нафл намоз ўқийди. Иккисида қироатни махфий ва узоқ қилади. Сўнгра то қуёш очилиб кетгунча дуо қилади. Агар имом ҳозир бўлмаса, якка-якка ўқийдилар.
Бу намозни сафарда ҳам, ҳазарда ҳам, эркак ҳам, аёл ҳам ўқийди. Қари кампирлар, ёш болалар ҳам жамоат билан ўқиса, яхши. Жума фарз бўладиган шахсларга бу намоз амр қилинган.
Бу намозда азон ва иқома йўқ. Жамоат «Намозга!» деб чақирилади. Жамоат бўлиб ёки ёлғиз ўқиса ҳам бўлади. Яхшиси – масжидда ўқиш.
Бу намозда жумадаги каби хутба қилинмайди. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқишга амр қилганлар. Хутба қилишга амр қилмаганлар.
Намоз ўқилиш тартиби:
2 ракат намоз ўқилади.
Қироат махфий ва узоқ қилинади.
Бу намозда азон ва иқома йўқ. Жамоат «Намозга!» деб чақирилади. Жамоат бўлиб ёки ёлғиз ўқиса ҳам бўлади.
Сўнгра то қуёш очилиб кетгунча дуо қилади.
Қобийса ибн Мухориқ ал-Ҳилолий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида қуёш тутилди. Бас, у зот дахшатга тушган ҳолда кийимларини судраб, (шошилиб) чиқдилар. Мен ҳам ўша куни у зот билан Мадинада эдим. Бас, икки ракат намоз ўқидилар. Иккисида қиёмни узоқ қилдилар. Сўнг қуёш очилганда қайтдилар ва:
«Албатта, булар оят-белгилардир. Аллоҳ таоло улар билан бандаларини қўрқитади. Қачон уларни кўрсангиз, энг яқиндаги ўқиган фарз намозингиз каби намоз ўқинг», дедилар».
Имом Абу Довуд ва Насоий ривоят қилишган
Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қуёш тутилганда бизга имом бўлиб намоз ўқидилар. Биз у зотнинг овозларини эшитмадик».
«Сунан» эгалари ривоят қилишган.
Чунки қуёш кундузи тутилади. Кундузги жамоат намозларида қироат махфий бўлади.
Оиша розияллоҳу анҳо:
«Кусуф намозида эдик. У зотнинг қироатларини биринчи ракъатда Бақара сурасига, иккинчисида эса Оли Имронга тахмин қилдим», деганлар.
Абу Довуд ривоят қилган.
Сўнгра то қуёш очилиб кетгунча дуо қилади.
Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шунга амр қилганлар.
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, Аллоҳ юборадиган ушбу оятлар бировнинг ўлими ёки ҳаёти учун бўлмайди. Лекин Аллоҳ уларни бандаларини қўрқитиш учун юборади. Бас, улардан бир нарсани кўрсангиз, Аллоҳга зикр ва дуо қилишга, истиғфор айтишга шошилинг», дедилар».
Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
"Кифоя" китобидан олинди.

Вторник, 25 Октябрь 2022 00:00

Барчамиз масъулмиз!

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло инсонни барча яратиқлардан мукаррам қилиб яратди ва уни бошқа ҳеч бир махлуқотга берилмаган улкан тил неъмати билан шарафлади. Тил кишилар учун тафаккурида кечаётган фикрларни баён этиш, ўзаро алоқа қилиш воситаси ҳамда ҳар бир миллатнинг ўзига хос маданияти ва маънавиятини ўзида акс эттириб турувчи энг улуғ қадриятдир. Шуни унутмаслик керакки, тил халқни бирлаштиради, уни ватанга муҳаббат, юксак инсоний фазилатлар руҳида тарбиялайди, муайян тил эгаларига таълим беради, миллий урф-одат ва анъаналарини ўзида сақлаб авлоддан авлодга етказади. Шу боис она тилини севиб-ардоқлаш, асраб-авайлаш, ҳурмат-эҳтиром билан муносабатда бўлиш, ҳар бир миллатнинг дунё халқлари орасидаги тараққиёти ва келажакдаги ўрнини белгилайди. Буни чуқур англаб етган ҳар бир киши, энг аввало, ўз она тилини улуғлаши ва шарафлаши лозим.

Ҳазрат Алишер Навоий ўзининг “Муҳокамат ул-луғатайн” (“Икки тил муҳокамаси”) асарида тил ва унинг моҳияти ҳақида шундай деб ёзади:

Эй сўз била қилғон офариниш оғоз,

Инсонни арода айлагон маҳрами роз

Чун «кун фаякун» сафҳасига бўлди тироз

Қилғон они нутқ ила боридин мумтоз.

Дарҳақиқат, биз яшаб турган бу фоний дунёнинг яралиши Аллоҳ таборак ва таолонинг биргина “Бўл” деган амри билан амалга ошди. Ўз яратиқлари орасида инсонни нутқ (тил) билан барчасидан мумтоз (улуғ) қилиб қўйди. Шунинг учун биз бандалар бу улуғ неъматнинг шукрини адо этмоғимиз лозим бўлади. Тил неъматининг шукрини адо этиш эса, ширинсўзлик, ростгўйлик, нутқдаги фасоҳат ва балоғат билан амалга ошади. Тилни ҳар хил ёт сўзлар, фаҳш, фисқу фасод, иғво, ғийбату бўҳтон ва ёлғонлардан сақлаш керак бўлади. Бутун инсониятнинг энг хайрлиси бўлган Зот – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам умматларни бундан сақланишга чақирганлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилишларича: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса (фақат) яхши сўзларни сўзласин ёки сукут сақласин” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти). Бу ҳадисга амал қилувчилар ўзлари учун ҳам, жамият учун ҳам манфаат келтирувчилардир.

Бундан 33 йил муқаддам – 1989 йилнинг 21 октябрида Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинди. Бу халқимиз тарихидаги оламшумул воқеа бўлди. “Давлат тили ҳақида”ги Қонун Ўзбекистон халқининг истиқлолга эришиш йўлида қўйилган дастлабки қадами бўлди. Мазкур Қонуннинг 1-моддаси ва Конституциямизнинг 4-моддасида “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тили” эканлиги ва Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминланиши ҳам белгилаб қўйилган.

Ўзбекистон Республикаси “Давлат тили тўғрисида”ги Қонун қабул қилингандан бери ўтган давр мобайнида юртимизда ўзбек тилининг мавқеи тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Ҳар бир соҳада Давлат тилини ривожлантиришга анча катта эътибор қаратилаётганини ҳам эътироф этиш лозим. 2020 йил 10 апрелда Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилиниши ана шундай эътиборнинг натижаси десак, янглишмаймиз. Мазкур қонунда ҳар йили 21 октябрь “Ўзбек тили байрами куни” этиб нишонлаш белгилаб қўйилди ва ҳар йили 21 октябрь бутун мамлакатимиз бўйлаб катта байрам сифатида нишонланмоқда. Бу, албатта, она тилимизга бўлган эътиборимиз, уни қай даражада ардоқлашимиз ва ҳурмат қилишимизни англатади.

Дунёда халқлар, элатлар ва улар ишлатадиган тиллар ҳам жуда кўп. Улар орасида ўзбек тили ҳар жиҳатдан ўз ўрни ва мавқеига эга. Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек: “Дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилик тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, буюк қадриятдир”.

Шуни унутмайликки, Давлат тилининг ривожи қайсидир идора, қайсидир ташкилот зиммасигагина юкланган вазифа эмас, балки шу тилда сўзловчи, шу юртда яшовчи ҳар бир кишининг зиммасидаги улкан масъулиятдир. Демак, бизнинг энг асосий вазифамиз ана шу бебаҳо маънавий бойлик, буюк қадриятни ҳамиша асраб-авайлаб, бутун нафосати билан дунёга танитишдир. Шундагина биз ўзимизга ато этилган тил неъматининг шукрини адо қилган бўламиз. Бу улкан вазифани бажаришга эса барчамиз бирдек масъулмиз.

Бугун нишонланаётган улуғ байрам – Ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилган кун барчамиз учун муборак бўлсин!

А.НАИМОВ,

Фарғона вилояти бош имом-хатиби ўринбосари

Вторник, 25 Октябрь 2022 00:00

Хатмонага марҳабо!

Аллоҳ таоло зикрини баланд, қадрини олий қилган, йўл кўрсатувчи нурли чироқ бўлган зот ‒ Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларини ўрганишга бағишлаб, "Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф" жоме масжидида "Дунё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ёруғдир" шиори остида олиб борилаётган маърифий суҳбатлар якунига етмоқда.

Шу муносабат билан масжидда жорий йил 26 октябрь куни шом намозидан сўнг мазкур анъанавий суҳбатлар хатмонаси бўлиб ўтади. Унга юртимиздаги мўътабар уламолар, аҳли илмлар, имом‑хатиблар таклиф қилинган. Жанобимиз ҳақларида янграйдиган гўзал маъруза ва дил изҳорларидан баҳраманд бўлинг.

Шунингдек, тадбирда сийратга оид "Нурул яқин" китобининг 1‑жузи асосида савол-жавоб бўлиб ўтади. Унда қатнашишни истаган кишилар мазкур китобни ўқиб, тайёрланиб келишлари сўралади. Тўғри жавоб соҳибларига совғалар ҳозирланган.

Мавлид байрами islom.uz порталининг барча ижтимоий тармоқлари орқали жонли узатилади.

Барча диндош ака-ука, опа-сингилларимизни ушбу файзли мажлисга таклиф этамиз!

 

Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов бошчилигидаги делегация Индонезияга ташрифи давомида дунёдаги энг йирик мусулмонлар ташкилотларидан бири — «Нахдатул уламо» раисининг ўринбосари Надхлатул Уламо Зулфа Мустафо билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.
«Наҳдатул Уламо» ташкилоти 1926 йилда ташкил этилган. 2022 йил ҳолатига кўра, ташкилотнинг умумий аъзолар сони 130 миллионга яқин. Учрашувда Зулфа Мустафо Ўзбекистоннинг ислом цивилизацияси шаклланишидаги ўрни ва аҳамиятини алоҳида таъкидлади. У Ўзбекистоннинг бой тарихий ва маданий мероси Индонезия аҳолиси орасида катта ҳурмат ва қизиқишга эгалигини эътироф этди.
«Наҳдатул Уламо»нинг зиёрат туризмини тарғиб қилишдаги ўрни ва ташкилотга тегишли сайёҳлик агентликлари орасида ушбу йўналишда фаолият юритаётганлари мавжудлигини ҳисобга олиниб, «Ўзбекистон+зиёрат» ва «Ўзбекистон+Умра» қўшма турпакетларини ишлаб чиқишда ҳамкорликни фаоллаштириш бўйича келишувга эришилди.
Бундан ташқари, томонлар «Наҳдатул Уламо» ташкилоти делегациясининг Ўзбекистонга сафарини ташкил этиш бўйича бир тўхтамга келди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Видеолавҳалар

Top