muslim.uz

muslim.uz

Бугун, 1 июн куни юртимизнинг бир гуруҳ таниқли ва воиз уламолари Тошкент вилоятининг Паркент туманидаги масжидларга ташриф буюриб, пешин ва хуфтон намозидан сўнг мўмин-мусулмонларга маърифий суҳбатлар қилиб беришади.

Қуйида уламолар ва намозларга бориладиган масжидлар рўйхати билан танишишингиз мумкин:

“Беш каппа” масжидига:
пешинга Ҳомиджон домла Ишматбеков;
хуфтонга Мансур домла Мансуров;

“Сирли” масжидига:
пешинга Абдулҳамид домла Жуманов;
хуфтонга Мирзоҳид домла Мирғоппаров;

“Невич” масжидига:
пешинга Муҳаммадраҳим домла Абдуқодиров;
хуфтонга Имомбой домла Ҳусниддинов;

“Бойқозон” масжидига:
пешинга Илҳомжон домла Мадалиев;
хуфтонга Рашид домла Рустамов;

“Кунгай” масжидига:
пешинга Раббимқул домла Муҳамадиев;
хуфтонга Миршавкат домла Тўйчиев;

“Новдак” масжидига:
пешинга Собиржон домла Рустамов;
хуфтонга Яҳёхон домла Бобохонов;

Аллоҳ таоло уламоларимизнинг суҳбатларини манфаатли ва давомли қилсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Жидда шаҳрида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди.

ЎзА хабарига кўра, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг матбуот хизмати маълумотига кўра, меморандум имзолаш маросими “Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатларда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантиришда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг роли” мавзусидаги халқаро семинар якунида бўлиб ўтди. Мазкур семинар 22-26 май кунлари Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси 19-доимий сессияси доирасида ташкил этилди.

Сессия ишида Ўзбекистон делегацияси раҳбари Мирзатилло Тиллабоев ва мамлакатимизнинг Ислом ҳамкорлик ташкилотидаги доимий вакили иштирок этди.

Меморандум Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари М.Тиллабоев ва Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси раиси Хаджи Али Ачикгюл томонидан имзоланди.
Томонлар ушбу меморандум доирасида умумий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда ўзаро ҳамкорликка тааллуқли масалаларни муҳокама қилиш учун мунтазам равишда маслаҳатлашувлар ўтказиш ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида қўшма тадбирлар, дастур ва лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олдилар.

Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси раиси Хаджи Али Ачикгюл Меморандум инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида узоқ йиллар хизмат қилишини ва биргаликда фаолият юритиш учун энг мақбул механизм вазифасини бажаришини қайд этди. Ушбу ҳужжат Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлари учун муносиб намуна эканини алоҳида таъкидлади.

Ислом ҳамкорлик ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг 19-халқаро сессиясида Ўзбекистон делегацияси томонидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот тақдим этилди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг бу борадаги тизимли фаолияти, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, жумладан, инсон ҳуқуқлари соҳасида қабул қилинган янги қонунлар, инсон ҳуқуқлари таълими йўналишидаги Ўзбекистон тажрибаси ҳақида атрофлича сўзлаб берилди ҳамда тадбир мавзусидан келиб чиққан ҳолда бир қатор таклифлар билдирилди.

Сессия иштирокчиларига 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида белгиланган инсон ҳуқуқлари бўйича мақсад ва вазифалари ҳақида ҳам батафсил ахборот берилди.

Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, жорий йил октябрь ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича Глобал форумга Ислом ҳамкорлик ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси аъзолари томонидан катта қизиқиш билдирилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Бу дунёда инсон яшар экан доимо юзи ёруғ бўлишига интилади. Айниқса, инсоннинг юзи қиёмат куни Аллоҳнинг ҳузурида ёруғ бўлиши жуда ҳам муҳим. Мўмин-мусулмон ҳар доим дуосида “Эй Аллоҳ, икки дунёда юзимни ёруғ қил” деб дуо қилади ва шунга мувофиқ ҳаракат қилади.

Инсоннинг динда бидъат ишларни қилиши уни залолатга етаклайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Сизлар менинг ва тўғри йўлда юрувчи, ҳидоят топган хулафоларимнинг йўлини тутиб, уни озиқ тишларингиз билан тишлагандек маҳкам ушланглар. Динга янгиликлар киритишдан сақланинглар, албатта, ҳар қандай бидъат – залолатдир" – деганлар (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).

Ислом динида тафриқаларни юзага келтириш, турли хил оқимларга бўлиниш, тарафкашлик қилиш каби ишлар залолатга олиб борувчи бидъатлардир.

Залолат эса қиёмат куни инсоннинг юзини қора бўлишига сабабчи бўлади.  Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Баъзи юзлар ёруғ ва баъзи юзлар қораядиган Кун (қиёмат)ни эсланг..." (Оли Имрон сураси, 106-оят), деган оятни: "Аҳли сунна вал-жамоат"нинг юзи ёруғ бўлади, аҳли бидъат ва залолатнинг юзи қораяди" - деб тафсир қилганлар (Имом Молик, Имом Дайламий ривояти).

Аллоҳ таоло барчамизни турли хил залолатлардан асраб, Ўзининг ҳақ йўлида бардавом қилсин!

 

Р. Акбаров,

Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими

Қоҳира шаҳрида Ўзбекистон ва Миср ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг 10-давраси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Делегацияларга Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Фурқат Сидиқов ва Миср ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Айман Комил бошчилик қилди.

Томонлар Ўзбекистон ва Миср ўртасидаги дипломатик алоқалар ўрнатилганлигининг 30 йиллиги билан бир-бирларини қутлар экан, икки давлатда сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестицион, туризм, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада жадаллаштириш учун кенг имкониятлар мавжудлигини тасдиқлади.
2018 йил 4-5 сентябрь кунлари Тошкентда, 2022 йил 5 февраль куни Пекинда Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Абдулфаттоҳ ас-Сиси ўртасида бўлиб ўтган олий даражадаги музокаралар икки томонлама муносабатларни сифат ва мазмун жиҳатдан янги босқичга олиб чиққани қайд этилди.

Халқларимизга хос бўлган тарихий ва маданий муштараклик ҳамда урф-одатларнинг яқинлиги ва ўхшашлиги Ўзбекистон-Миср муносабатларининг мустаҳкам пойдевори сифатида хизмат қилаётгани алоҳида кўрсатиб ўтилди.

Учрашув давомида, шунингдек, икки давлат ишбилармонлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни қўллаб қувватлаш, ўзаро сайёҳлар оқимини ошириш, таълим, диний-маърифий, инновация, соғлиқни сақлаш, хавфсизлик ва ҳарбий-техникавий ҳамкорлик каби устувор соҳаларда алоқаларни кенгайтириш, буюк алломаларимиз меросини тадқиқ этиш, музейшунослик ва археологик ёдгорликлар йўналишларида қўшма лойиҳаларни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.

Халқаро ташкилотлар доирасидаги алоқалар ва минтақавий долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

1 июнни Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни деб номлаш тўғрисидаги қарор 1949 йил Парижда Халқаро аёллар демократик конфедерацияси конгрессида қабул қилинган эди. 1950 йилдан эса болалар байрами сифатида нишонлана бошланди. Бизнинг болажон халқимиз ҳам бу байрамни зўр шодиёна билан кутиб олади, боғларда болалар учун байрам ва концертлар уюштирилади. Болажонларга шоду хуррамлик тилаб улар ҳақидаги оят ва ҳадислардан намуналар келтирамиз.


Боланинг ҳақлари

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Фарзанднинг ота олдидаги ҳақларидан бири ота фарзандининг онасини тўғри танлашидир”, деганлар.

* * *

"Оналар болаларини тўла икки йил эмизадилар. (Бу муддат) эмизишни камолига этказишни истовчилар учундир. Уларни (оналарни) меъёрида озиқлантириш ва кийинтириш отанинг (эрнинг) зиммасидадир... Болалари туфайли ота ҳам, она ҳам зарар кўрмасин!" (Бақара сурасининг 233-ояти).

* * *

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳасан номидан бир қўй сўйдилар ва: “Эй Фотима, унинг сочини ол ва сочининг оғирлиги миқдорида кумуш садақа қил”, дедилар. Мен уни тортиб кўргандим, оғирлиги бир дирҳам ёки ундан камроқ чиқди” (Термизий ва Ҳоким ривояти. Ривоят санади ҳасан).

* * *

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: "Ҳинд бинти Утба: Ё Расулаллоҳ!, Абу Суфён ўта бахил одам, менга ва боламга кифоя киладиган нарсани бермайди. Унга билдирмай олсам бўлурми", деди. "Ўзингга ва болангга етарлисини ол", дедилар у зот» (Бухорий ривояти).


Боланинг тарбияси

"Ҳар бир туғилган чақалоқ соф фитратда туғилади. Ота-онаси уни яҳудий ёки насроний ёки мажусий қилиб тарбиялайди. Шу тариқа боланинг тили ёки шукр килувчи ёки куфр қилувчи бўлади".

* * *

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: "Сизларнинг бирортангиз боласига гўзал одоб бера олиши, ҳар куни ярим соъ (тўрт юз гр) садақа беришидан афзалдир".

 

Боланинг сифатлари

"Мол ва фарзандлар дунё ҳаётининг зийнатидир" (Каҳф" сураси 46-оят).

***

"Эй мўминлар, сизлар ўзларингизни ва аҳли оилаларингизни ўтини одамлар ва тошлар бўлган дўзахдан сақлангиз" (Таҳрим сураси 6-оят).

***

"Болалар жаннатнинг гўзал капалакларидир" (Муслим ривояти).

***

“Солиҳ фарзанд жаннат райҳонларидан бир райҳондир" (Ибн Можа).

***

"Солиҳ фарзанд солиҳ оиланинг мевасидир" (Термизий ривояти).


Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.

Видеолавҳалар

Top