muslim.uz

muslim.uz

Дуёнинг кўплаб минтақаларда одамлар қурғоқчилик, очликдан азият чекмоқда. Бу ўша минтақаларда истиқомат қилаётган одамлар саломатлигига катта таъсир этибгина қолмай, туғилиш сонининг камайиши, болаларнинг ҳам жисмонан, ҳам ақлан заиф бўлиб дунёга келишига сабаб бўлмоқда. Ҳар йили минглаб катталар ва болалар сувсизлик, очлик сабаб оламдан кўз юмади.

Бу муаммо неча йилларким Нигерияда ҳам ўз ечимини топмай келаётгани кўпчиликка яхши аён. Ўзбек эса ҳамиша меҳмондўст, бир майизни қирққа бўлиб ейиши билан бошқа миллатларга ибрат бўлган. Ана шундай ўзбекистонликлардан бири, айни дамда АҚШда истиқомат қилаётган, асли хоразмлик бўлган Суҳроб Каримов ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифаси орқали Нигериянинг сувсиз ҳудудларидан бирида замонавий қудуқ қурдириб, аҳолининг қувончига сабабчи бўлганини ёзади.

“Янги лойиҳамиз – Нигерияда замонавий қудуқлар қуриш. Бир жуфт қудуқлар аллақачон тайёр ва уларни ота-онамнинг исмлари билан номладим”, дейди Суҳроб Каримов

Суҳроб Каримов нафақат шунчаки ибратли ишга қўл урган, балки узоқ йилларга татигулик савоб қилган. Айнан ўша ҳудудда тоза ичимлик сувига муҳтож болалар кун келиб Суҳроб Каримов номини ўзгача фахр билан тилга олсалар, ажаб эмас.

Четверг, 28 Декабрь 2017 00:00

Фахриддин Розий

Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Умар ибн Ҳусайн ибн Ҳасан ибн Али Фахриддин Розий Рай шаҳрида туғилган. Отаси шу ердаги масжиднинг имом-хатиби бўлгани учун уни “Розий ибн Хатиб” ҳам дейишган.  Фахриддин Розийнинг туғилган йили хусусида баъзи тарихчилар ҳижрий 543, баъзилари 544 (милодий 1148) йилни кўрсатишади. Аллома ҳаёти ва илмий-ижодий фаолиятини чуқур ўрганган араб олими Муҳаммад Солиҳ Зарконнинг фикрича, у 544 йилда туғилган.

Ёшлигидан турли илмларга қизиққан Фахриддин Хуросон ва Ўрта Осиёнинг бир қанча  шаҳарларида бўлиб, кўплаб олим, шоир, файласуф ва давлат арбоблари билан мулоқотда бўлади. У таълим олишни Хуросоннинг Мароға шаҳрида бошлаган бўлса-да, ҳаётининг кўп қисми Бухоро, Самарқанд, Насаф, Хоразм, Банокат ва Марвда ўтади. Жумладан, Бухорода буюк мутафаккирлар Абу Али ибн Сино ва Абу Наср Форобий таълимотларидан таҳсил олади, илмий баҳсларда қатнашади.

Олим қайси шаҳарга бормасин, унга ҳурмат кўрсатилган. Хоразмда шоҳ Алоуддин Такаш иззат-икром эҳтиром билан кутиб олган. Фарзандларига устозлик қилишини сўраган. Отаси вафотидан кейин тахтга ўтирган Муҳаммад устози Фахриддин Розийга алоҳида илтифот кўрсатиб, мартабасини оширган.

Фахриддин Розийнинг вафоти ҳақида ҳам олимлар орасида турли фикрлар мавжуд. Баъзилари Хоразмда, баъзилари Рай шаҳрида, яна бошқалари Ҳиротда вафот этган дейишади. Аммо кўпчилиги унинг Хоразмда оғир касаликка чалинганини эътироф этиб, у ерда вафот қилганига гувоҳлик беради. Шунга кўра, Фахриддин Розий ҳижрий 606 (милодий 1209) йили рамазон ойининг 15 кунида боқий дунёга кўчгани айтилади. 

Тафсир, фиқҳ, калом, усул, тарих, адабиёт, фалсафа фанлари бўйича даврининг қомусий олими ҳисобланган Фахриддин Розий бой илмий-маънавий мерос қолдирган. Алломанинг биргина “Жомеъул улум” асари ақида, фиқҳ, фароиз, васият, тафсир, тарих, грамматика, тиб, табиат, ов қилиш, деҳқончилик ҳақида батафсил маълумотлар беради. Тафсир илмига оид “Мафотиҳул ғайб” асари чуқур мазмун-моҳияти ва кенгқамровли билан бошқа тафсирлардан ажралиб туради. Розий тафсирида оят ва сураларнинг ўзаро боғлиқлиги ва муносабати тўғрисида бир эмас, бир неча далил келтиради. Олим Ибн Халликон бу ҳақда: “Розий ўз тафсирида кўп ажойиб ва ноёб маълумотларни жамлаган”, дейди.

Оламлар ва бутун борлиқни илмий асосда теран англашда зарур бўладиган фикратлар ва қарашларни ёйишда алломанинг ноёб асарлари катта аҳамиятга эга. Унинг “Маҳсулул афкор ал-мутақадимин ва мутааххирин” (“Қадимгилар ва кейингилар афкорларининг маҳсули”) асари жамият ҳаётида алоҳида эътиборга лойиқ. Аллома унда ёш авлодни буюк аждодлар ҳаётидан ўрнак олиб, турмуш тарзлари учун фойдали хулоса ва сабоқлар чиқариб олишга даъват этади.

Фахриддин Розийнинг инсонларни ҳамиша имон-эътиқодли, ҳалол, адолатли, ватанпарвар, меҳнатсевар, раҳм-шафқатли, мурувватли бўлишга чорлаб келган асарлари ҳозирги кунда ҳам илм-фан ва маданиятнинг ноёб дурдоналари сифатида жамият аъзоларининг маънавий юксалишига  катта ҳисса қўшмоқда.

 

Дилбар УБАЙДУЛЛАЕВА,

Тошкент ислом университети магистранти

“Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи”, “Субҳаналлоҳил азийм”

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Икки калима борки, улар тилга енгил, тарозида оғир ва Раҳмонга маҳбубдир. Улар: “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи, субҳаналлоҳил азийм”, деб айтдилар (Маъноси: Аллоҳни ҳамд айтиш ва улуғлаш билан поклайман) (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

 

 Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Кимки: “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи”, деса, у учун жаннатда бир хурмо экилади, дедилар (Имом Термизий ривояти).

 

Абу Зарр розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: Расулуллоҳ менга: “Аллоҳ таолога энг маҳбуб бўлган каломни айтайми? Аллоҳ таоло учун каломларнинг энг яхшиси “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи”, деб айтишингдир”, дедилар.

 

Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Қайси калом афзал?” деб сўрашди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ фаришталари ёки бандалари айтишини ихтиёр қилган “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи” калимасидир, дедилар (Имом Муслим ривояти).

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким: “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи”, деб бир кунда юз марта айтса, хатолари денгиз кўпигича бўлса ҳам, кечиб юборилади”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи адада холқиҳи ва ризо нафсиҳи ва зината аршиҳи ва мидада калиматиҳи”, деб айтардилар (Имом Муслим ривояти).

  Даврон НУРМУҲАММАД

тўплади

Четверг, 28 Декабрь 2017 00:00

Ўзбекистон Ўшда мактаб қуради

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қирғизистон Республикаси Ҳукумати ўртасида Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида умумтаълим мактабини қуриш тўғрисидаги Битим 28 июлда имзоланган эди.

Ушбу ҳужжат жорий йилнинг 26 декабрида кучга кирди.

Ўзбекистон ва Қирғизистон Республикалари ўртасида имзоланган келишувга асосан Ўзбекистон маблағи ҳисобидан 630 ўринли умумтаълим мактабини қуриш ва уни Қирғизистон томонига мулк сифатида беғараз топшириши керак.

Маълумот учун, Қирғизистон Республикаси Президентт Сооранбай Жээнбеков Ўзбекистонга ташрифи олдидан “Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси ҳукуматлари ўртасида 2017 йил 28 июлда Бишкек шаҳрида имзоланган, Қирғизистон Республикасининг Ўш шаҳрида умумтаълим мактабини қуриш тўғрисидаги битимни ратификация қилиш тўғрисида”ги қонунни имзолаган эди.

ЎзА

Четверг, 28 Декабрь 2017 00:00

Ер остидаги сирли ибодатхона

Тошкент шаҳридан 70 чақирим узоқликда жойлашган  ушбу мажмуа бир неча ерости иншоотларини ўз ичига олган. Илк бор бу ерга келиб, уни ўрганган машҳур археолог М.Е.Массон ушбу жойни  “корхона”, яъни “устахона” деб атаган эди. Павел Новикнинг ёзишича, ҳозирда бу ерни кўпчилик “Қорихона”, яъни Қуръон ўқиладиган хона, деб аташни афзал кўради.

Ушбу мажмуанинг пайдо бўлиш тарихини эшон Эшмат Хўжахон, “иштон солди” жамоаси ёки ундан ҳам қадимги оқим “чироқўч”ларга (машъалаларни ўчирувчилар) боғлайдилар. Ҳатто айрим тарихчилар уни қадимги насронийлар ибодатхонаси, деган тахминларни ҳам илгари сурган.

Аммо бу қадимий макон жуда ҳам овлоқ жойда, асосий йўллардан хийла ичкариликда жойлашгани, ҳозирда ҳам бу ерга етиб келиш қийинлиги, одамни ҳайратга солади.

М.Е.Массон бу мажмуага илк бор келганини бундай таърифлайди: “Йўлак кенг  гумбаз шаклидаги “зал”га олиб кирадики, у яқин атрофдаги маҳаллий аҳоли учун жума намозларини ўқишга хизмат қилиб келган. Унинг бир тарафига минбар ўрнатилган, бошқа тарафида эса Қуръон ва бошқа диний мазмундаги китоблар уюм бўлиб ётибди”.

 

  

 

Фото Павла Новика.

 

Фото Павла Новика.

 

Фото Павла Новика.

 

Фото Павла Новика.

 

Фото Павла Новика.

Фото Павла Новика.

Фото Павла Новика.

Фото Павла Новика.

Фото Павла Новика.

Видеолавҳалар

Top