Рамазон

Рамазон саховат ойи

Бошқаларга қилинган хайр саховатнинг ажри қандай ҳам улуғ. Хусусан хайр, саховат ойи бўлмиш рамазон ойида бўлсачи? Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилади:

مَثَلُ الَّذِينَ يُنْفِقُونَ أَمْوَالَهُمْ فِي سَبِيلِ اللَّهِ كَمَثَلِ حَبَّةٍ أَنْبَتَتْ سَبْعَ سَنَابِلَ فِي كُلِّ سُنْبُلَةٍ مِئَةُحَبَّةٍ وَاللَّهُ يُضَاعِفُ لِمَنْ يَشَاءُ وَاللَّهُ وَاسِعٌ عَلِيمٌ

Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчилар (савобининг) мисоли гўё бир донга ўхшайдики, у ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқаради. Аллоҳ хоҳлаган кишиларга (савобини) янада кўпайтириб  беради. Аллоҳ (карами) кенг ва билимдон зотдир.
Қуръони каримда хайр саховат фазилати борасида жуда кўп оятлар мавжуд. Ушбу рамазон ойини ғанимат билиб, иложи борича кўпроқ хайр саховат қилиш, бева-бечоралар кўнглига хурсандчилик улашиш ва бунинг сабабидан кўплаб ажру мукофотларга сазовор бўлишимиз даркор.
Ундан ташқари қилинган садақалар касалликка шифо бўлиши ҳадисларда ворид бўлган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Касалларингизни садақа билан даволанглар”, деб айтганлар. Ҳақиқатдан ҳам, сиз кўнгли синиқ, бироз  иқтисодий жиҳати оқсаган инсонга меҳр-оқибат кўрсатсангиз у Роббисига чин кўнгилдан дуо қилади ва натижада Аллоҳ таоло садақа қилувчи инсоннинг қалбидаги ўйлаган мақсадини ато қилади.

 ففى الحديث الصحيح أن رسول الله - صلى الله عليه وسلم - قال :" أتاني جبريل فقال: يا محمد، عش ما شئت فإنك ميت، وأحبب من شئت فإنك مفارقه، واعمل ما شئت فإنك مجزي به، واعلم أن شرف المؤمن قيامه بالليل، وعزه استغناؤه عن الناس"... أخرجه الحاكم

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: Менинг олдимга Жаброил келди ва эй Муҳаммад, алайҳиссалом ҳоҳлаганингизча яшанг, албатта бир кун вафот этасиз, ҳоҳлаган инсонингизни яхши кўринг, албатта, бир кун ундан ажраласиз, ҳоҳлаган амалингизни қилинг албатта, бир кун унинг эвазиги жазо ёки мукофот оласиз. Шуни билинки, мўминни шарафи кечалари қоим бўлишлигидадир. Ва унинг азизлиги инсонлардан беҳожат бўлишлигидадир”-дедилар (Имом Ҳоким ривояти). Рамазон ойида инсонларнинг қалбига ҳурсандчилик улашишга интилайлик.

أن النبى - صلى الله عليه وسلم - قال : " أفضل الأعمال أن تدخل على أخيك المؤمن سرورا، أو تقضي عنه دينا، أو تطعمه خبزا "..... أخرجه  ابن أبي الدنيا في قضاء الحوائج

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: Амалларнинг энг яхшиси мўмин биродаринг қалбига ҳурсандчилик киргизиш  ёки унинг  қарзини узишда кўмаклашиш, унга бирор яхши таом беришлигингдир. Бошимизга соябон бўлиб турган Рамазон ойини шу ва бошқа солиҳ амаллар  билан зийнатлайлик. Зеро,  бу ой бизлар учун меҳмон, меҳмон эса қадрламоқ олий фазилатдир.

Эл-юртимиз учун азалдан эзгулик, саховат, меҳр-шафқат рамзи бўлиб келаётган муборак Рамазон ойининг маънавий-руҳий ҳаётимиздаги алоҳида ўрни ва аҳамиятини инобатга олган ҳолда, жамиятимизда меҳр-оқибат, ўзаро аҳиллик ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, халқимизга мансуб олижаноб фазилатларни, диний-маърифий қадриятларимизни асраб-авайлаш ва улуғлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори  қабул қилинди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари “Нуроний” жамғармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва бошқа жамоат ташкилотлари билан биргаликда Рамазон ойини жойларда миллий анъана ва қадриятлар, урф-одатларимизга мос ва уйғун тарзда ўтказиш билан боғлиқ чора-тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган эди. Мазкур тадбирларни ўтказишда Рамазон ойининг мазмун-моҳиятида мужассам бўлган инсонийлик, маънавий поклик, шукроналик фазилатларини, муқаддас динимиз арконларини эъзозлаш, бугунги тинч ва осуда ҳаётимизнинг қадрига етиш, одамларни бир-бирига яхшилик қилишга, тотув ва баҳамжиҳат бўлиб яшашга даъват этадиган савобли амаллар ва тарғибот ишлари ташкил этиш белгиланган. Ушбу қутлуғ ойда эҳтиёжманд кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оилалар ва маҳаллаларда меҳр-оқибат ва ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаш, буюк алломалар, азиз-авлиёларимизнинг муқаддас зиёратгоҳларини ободонлаштириш бўйича олиб бориладиган тадбирларни янада кучайтиришга алоҳида аҳамият бериш тавсия қилиган эди. Мазкур олижаноб, эзгу ишларга амалиётга тадбиқ этиб келинмоқда. Куни кеча Тошкент шаҳрида жойлашган “Новза” масжиди аъзоларининг ташаббуси ва ҳомийларни жалб этган ҳолда Чилонзор тумани Чўпон ота кўзи ожизлар жамиятида ифторлик зиёфати ташкил этилди.

 

Жалолиддин ҲАМРОҚУЛОВ

"Новза" жомеъ масжиди имом хатиби

 

92639 марта ўқилди

Видеолавҳалар

Top