www.muslimuz

www.muslimuz

Мамлакатимизда олиб борилаётган оқилона сиёсат – юртимизда ҳукм сураётган тинчлик, осойишталик, барқарор ривожланиш омилидир. Бу эса ўз навбатида динлар ва миллатлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга ва ўз навбатида эртамиз эгалари бўлган ёшларни илм-маърифатли , касб-ҳунарли, ватанпарвар инсонлар қилиб тарбиялашга беқиёс хизмат килмокда. Айнан шу жиҳатлар давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бирига айланган.
Аммо, минг афсуслар бўлсинким, ҳозирги таҳликали замонда баъзи бир ёвуз кучлар кутилмаганда дунёнинг қайсидир бурчакларида бош кўтариб, ўзларининг пуч ва бузғунчи ғояларини сочишга уринмокдалар. Уларнинг бош мақсадлари ҳали онги, эътиқоди тўла шаклланмаган, ёшларни алдаб ўз ғояларига тортишдир. Уларнинг бу бадкирдор тарғиботлари самараси ўлароқ диний экстремистик оқимлар тарқатаётган вайронкор ғояларга алданиб қолаётган ёшлар ҳам борлиги ҳеч кимга сир эмас.
Юртимизда ҳукмрон тинчлик ва осойишталикни сақлаш учун ҳар биримиз масъулмиз. Бу ўз навбатида барчамизни ҳушёрликка ва огоҳликка чақиради. Айни пайтда ёшларимизда диний экстремистик ғояларга нисбатан иммунитетни шакллантириш ғоят муҳимдир.
Шу мақсадларда Хоразм вилоят ҳокимлиги, хотин- қизлар қўмитаси, вилоят маънавият-тарғибот маркази, ички ишлар бошқармаси, “Адолат” СДП, ЎзЛиДеП тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати, ҳамда Ўз ХДП вилоят ташкилотлари билан ҳамкорликда ўқув муассасаларида, маҳаллаларда, корхона ва ташкилотларда тизимли равишда давра суҳбатлари ўтказяпмиз. Бу давра суҳбатлари: “Биз вайронкор ғояларга қаршимиз!”, “Юртимизда тинчлик ва осойишталикни сақлашга ҳар биримиз масъулмиз!”, шиори остида бўлиб, уларда ҳамкор ташкилотлар вакиллари ҳамда жойлардаги имом-хатибларимиз ўз маърузалари билан чиқишяпти. Бу маърузаларда хорижий давлатларда рўй бераётган қонли фожеалар, сиёсий ва диний низоларнинг пайдо бўлиши, экстремистик гуруҳларнинг кўзлаган ёвуз мақсадлари нимадан иборатлиги ҳақида иштирокчиларга, айниқса касб-ҳунар коллежи ўқувчиларига тўлиқ маълумотлар бериляпти.
Сохта маълумотлар, тўқима хабарлар билан ёшларимиз онгини заҳарлашга, уларни алдаб ўз ғояларига эргаштиришни ният қилган ёвуз кучлар айнан ўзларининг пуч, сохта ғоя-мафкураларини интернет орқали тарқатишмоқда. Бу ёвуз мақсадли даъватларда мутаассиб оқимлар “раҳнамо”лари Ислом динимиз аҳкомларини бузиб талқин қилиб, “ҳижрат”, “жиҳод” каби тушунчаларга тамомила бошқача тўн кийдиришга уринишмоқда. Ўзларининг бузуқ фатволарини ана шундай сохта ёлғонларга қуришмоқда.
Бўлиб ўтаётган давра суҳбатларида диний уламолар, имом-хатиблар динимиз мазмун моҳияти ҳақида иштирокчиларга тушунчалар беришяпти. Айни пайтда ҳуқуқ-тартибот ва бошқа жамоат ташкилотлари вакиллари ёшларнинг сиёсий-ҳуқуқий онгини ўстириш, уларга экстремистик даъватларга учиб, ўз она юртидан ташқарига кетиш оғир жиноят экани, бундай адашган бандаларнинг оила аъзолари ҳам кенг жамоатчилик олдида мулзам-у уятга қолаётгани, унданам ўтиб бир умр виждон азобига гирифтор экани жонли мисоллар орқали ёшларга етказиляпти.
Давра суҳбатлари доирасида “Қиёматга қолган қарз” ҳужжатли фильми намойиш қилиниши – алданганлар фожиаси ва экстремистик гуруҳларнинг асл қиёфасини очишда ёрдам беряпти. Худди шундай тарғибот – ташвиқот тадбирлари – давра суҳбатларини узлуксиз равишда, таъсирчан ҳолда барча ўқув муассасалари, маҳаллаларда ўтказишни режалаштириб олганмиз.

Ҳасан Кенжаев

Урганч шаҳар «Охун бобо» жоме масжиди имом-хатиби

Жорий йилнинг 14 август куни Венгрия, Австрия, Италия мамлакатларидан келган саккиз нафар эшитиш ва гапириш имконияти чекланган сайёҳлар пойтахтимиздаги “Шайх Зайниддин” жоме масжидига ташриф буюрди.

Мамлакатимизга илк марта ташриф буюрган меҳмонлар шу пайтгача дунёнинг 174 та мамлакатида, шу жумладан, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Туркияда ҳам бўлишган.

  Чет эллик меҳмонлар ўзлари каби эшитиш ва гапириш имконияти чекланган ўзбекистонлик фуқароларга кўрсатилаётган эътибордан мамнун эканликларини билдиришди. Айниқса, меҳмонлар масжидларда ўтказилаётган тадбирларда жисмоний имконияти чекланган инсонлар учун сурдо таржимонлари хизмат кўрсатаётгани таҳсинга лойиқлигини алоҳида таъкидлашди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси Мунира Абубакирова меҳмонларга Ўзбекистон бўйлаб саёҳатлари давомида сурдо таржимон-гидлар хизматини таклиф этди.

  Тадбирда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ходимаси Дилбар Аҳмедова, сурдо таржимонлар Ойдин Худойберганова, Рустам Бердиев ва Зулфия Алиева ҳамда 80 нафардан зиёд имконияти чекланган фуқаролар иштирок этди.

*  *  *

Шу куннинг ўзида эшитиш ва гапириш имконияти чекланган фуқароларга пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур тумани “Зангиота” жоме масжиди имом ноиби Абдуллоҳ Жуманов “Сабр ва шукрнинг фазилати” мавъиза қилиб берди. Мавъиза тўғридан-тўғри сурдо тилига таржима қилиб борилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 
 

Кеча эрталаб Подмосковьеда двигателига қуш келиб урилган А321 самолёти кутилмаган қўнишни амалга оширди. Бу ҳақда Азон.уз интернет нашри хабар бермоқда. Таъкидланишича ''Урал авиалинияси'' учувчиси Дамир Юсуповнинг тўғри ҳаракати ва фантастик матонати туфайли 233 одамнинг ҳаёти қутқариб қолинди – бортда экипажнинг 7 аъзоси ва 226 йўловчи бор бўлган.

Юсупов Москвадан Симферополь шаҳрига парвоз қилётган ҳаво лайнери бошқарувини ўз қўлига олди, двигателларни ўчириб, шассини йиғиштирди ва самолётни жўхоризорга қўндирди.

Шундан сўнг Дамир биринчилардан бўлиб йўловчиларни эвакуация қилишни бошлаб юборди. Шошилинч эвакуация оқибатида 10 киши енгил жароҳат олди.

Ушбу воқеа ортидан кўплаб россияликлар қаҳрамон учувчининг шахсиятига қизиқа бошлади.

Дамир Юсупов юридик йўналишда таълим олган, ушбу соҳа бўйича бир неча йил Сизранда ишлаган. Мусулмонларнинг ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этиб келади, Татаристон мухторияти аъзоси бўлган.

Муваффақиятли юридик карьерасига қарамасдан, Дамир Юсупов болаликдаги учувчи бўлиш орзусини рўёбга чиқаришни ҳам унутмаган.

У Бугуруслан ҳаво мактабини тугатган, кейин Ульянов авиация институтида таълим олган. 36 ёшида учувчи бўлган.

Ҳозирги кунда Екатеринбургда истиқомат қилади.

42 ёшли Дамир Юсупов уч фарзанднинг отаси. Эндиликда миллий қаҳрамонга айланди.

Ижтимоий тармоқларда Дамир Юсупов саҳифасига россиялик интернет фойдаланувчилари томонидан кўплаб ташаккурлар ёғилмоқда, дейилади хабарда.

ЎМИ матбуот хизмати

Четверг, 15 Август 2019 00:00

МЎМИНЛАРГА ЁРДАМ БЕРГАН КИШИ

"Мусулмон мусулмонга биродардир. Мусулмон ўз биродарига зулм қилмайди, бошига мусибат тушганда уни ёлғиз ташлаб қўймайди. Кимки ўз биродарининг ҳожатини раво қилса, Аллоҳ таоло унинг ҳожатини раво қилгайдир. Кимки мусулмон кишидан бир ғам-ташвишни кетказса, Аллоҳ таоло бунинг сабаби билан Қиёмат куни унинг ғам-ташвишини кетказгай. Кимки мусулмон кишининг айбини ёпса, Аллоҳ таоло Қиёмат куни унинг айбини ёпгай".

"Зубдат ул-Бухорий" асарида ўрин олган (№ 1083) мазкур ҳадиси шарифни ўқиган ҳар бир муслим дунёдаги барча мусулмонлар билан биродар эканини яхши англаб олади. Агар бу биродарликни англамаса, жиддий хато қилган бўлади. Билса-да, лоқайдлик, сустлик килаётган бўлса, бу ундан ҳам катта хатодир. Билиб туриб қилмаслик билмасликдан ҳам ёмон. Ҳолбуки, бу биродарлик диний бўлгани учун туғишган биродарликдан ҳам муҳимроқ, устунрокдир. Зеро, бундай биродарлик абадий бўлиб, Аллоҳнинг розилигини қозонмоқ учун қилинган фидокорлиқдир. Туғишган биродарлик оилавий манфаатларга, наслга суянади. Аммо диний биродарлик фақатгина холис Аллоҳ учундир. Бир-биридан манфаат кутмайди. Натижани охиратда Аллоҳдан кутишади. Шу боис, исломий биродарлик эътиборли ва афзалдир.

 

Шайх Муҳаммад Зоҳид Қўтқунинг 

“Мўминнинг сифатлари” китобидан                                  

 

Ўзбекистонда сайёҳларга янада қулайлик яратиш мақсадида меҳмонхона, аэропорт, темир йўллари ва автовокзаллар ҳудудида интернет тезлиги сониясига 4 мегабайтдан кам бўлмаган Wi-Fi тармоғи ўрнатилади.

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан меҳмонхоналарни бутунжаҳон Интернет тармоғига кириш, жумладан, 4 мб/с’дан кам бўлмаган тезликдаги симсиз Wi-Fi билан таъминлашга доир талабларни киритиш кўзда тутилмоқда.

 

Шунингдек, ҳужжатга мувофиқ аэропортлар, темир йўллари ва автовокзаллар ҳудуди ҳам сониясига 4 мегабайтдан кам бўлмаган тезликдаги симсиз Wi-Fi билан таъминланади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Видеолавҳалар

Top