muslim.uz

muslim.uz

Ниқоб (маска) тақиш қачондан бошланган?

Қадимда, ун сотувчилар ва нонвойлар бозорига ниқоб тақиб кириш шарт бўлган. Бу иш соғлиқни сақлаш мақсадида амалга оширилган бўлиб, муҳтасибнинг назорати остида олиб борилган. Бу иш дастлаб, Андалусия давлатига хос бўлган.

Ибн Абидийн Тужайбий Андалусий ўша вақтда ун ва нон сотувчиларини назорат этувчи муҳтасибнинг сўзларини келтириб, шундай дейди: «Бирортангиз хамир қораётган вақтида акса ургани ёки гапирганида оғзидан бирор нарса учиб ун ёки хамирга аралашиб кетмаслиги учун оғиз-бурнини ёпган ҳолда ниқоб тақиб олсин. Шунингдек, юзидан оққан тер хамир устига оқмаслиги учун пешонасига оқ дурра, латта танғиб олсин».

Ибн Абдун қаламига мансуб «Рисалатун фил ҳисба» асаридан (16- аср).

Изоҳ: Муҳтасиб арабчада - назорат қилувчи деган маънони англатади. Ўрта аср мусулмон давлатларида Ислом маросимлари, урф-одатлар ва қонунларнинг бажарилиши, одамларнинг жамоат жойларида юриш-туриши устидан назорат қилувчи амалдор. Ўрта Осиёда улар раис деб аталган.

Биз мусулмонлар доимо асл ҳақиқатни Исломдан қидирамиз. Акса уриш ҳақида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта Аллоҳ таоло акса урганни яхши кўради. Эснашни эса кариҳ кўради. Сизлардан бирингиз акса уриб, «Алҳамдулиллаҳ», деб Аллоҳга ҳамд айтса, ҳар бир эшитган мусулмон кишига «Ярҳамукаллоҳ», яъни «Аллоҳ сенга раҳм қилсин», деб айтмоғи шарт бўлади. Аммо эснаш шайтондандир. Агар сизлардан бирингиз эснайдиган бўлса, қодир бўлганича уни қайтарсин. Чунки эснаган кишига шайтон кулади», дедилар.

Имом Бухорий ривоятлари.

Бугун яна телевидение, радиода, ижтимоий тармоқларда инсонларни кайфиятини туширадиган, бутун дунё азият чекаётган коронавирус ҳақида турли нохуш хабарлар урчишни бошлади. Агар биз мўмин мусулмонлар ўзимизга тасалли истасак, энг яхши давони, қалбларга хотиржамлик берувчи, руҳиятимизга сокин туйғуни Аллоҳ таолонинг каломи, Қуръони каримдан оламиз...

Барча ташвишларни бир четга суриб, Қуръони Каримни очсангиз, у сизга шундай тасалли бера бошлайди:

– «Аллоҳ танглик-камбағалликдан кейин енгиллик-бойликни ҳам (пайдо) қилур», (Талоқ сураси, 7-оят).

– «Айтинг: Сизларга у (бало)лардан ҳам, барча ғамлардан ҳам Аллоҳнинг ўзи нажот берур. Сўнгра сизлар яна ширк келтирурсиз!» (Анъом сураси, 64-оят).

– «Ёки музтар-ночор одам дуо-илтижо қилган вақтида (дуосини) ижобат қиладиган ва (унинг) мушкулини осон қиладиган Зотми?!» (Намл сураси, 62-оят).

– «Ва осмонда ризқингиз ҳамда сизга ваъда қилинаётган нарсалар (бор)», (Зарият сураси, 22-оят).

Тафаккур қилар эканмиз, қуйидаги оят маъносини янада чуқурроқ ҳис қиламиз: «Огоҳ бўлингизким, Аллоҳни зикр қилиш билан қалблар ором олур», (Раъд сураси, 28-оят).

Бобур Аҳмад
тайёрлади

Конья шаҳридаги Салжуқийлар университети илмий тадқиқотчиси Иқболжон Усмонов ва унинг устози Шамсиддин Камолиддин ҳаммуаллифлигидаги «Фазоил-и Балх – Балх шаҳрининг фазилатлари» асарининг илмий нашри «Generıs» нашриёти томонидан чоп этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Асар 3 фаслдан ташкил топган бўлиб, 1-фасли Балх фазилатлари ҳақида айтилган ривоятларни, 2-фасли Балх шаҳрининг таърифини ўз ичига олган. 3-фаслда эса Балх ва унинг атрофидаги қишлоқларда яшаб ижод қилган шайхлар ва олимлар, шунингдек, турли даврларда бошқа шаҳарлардан Балхга келиб, бу ерда фаолият олиб борган жами 70 та машҳур шахс ҳақида қимматли биографик маълумотлар келтирилган.

Европа мамлакатлари, Эрон, Афғонистон ва Ўзбекистон олимлари «Фазоил-и Балх – Балх шаҳрининг фазилатлари» китоби бўйича илмий изланишлар олиб борган. Жумладан, Иқболжон Усмонов ҳам ушбу асарни ўрганиб, иккита илмий мақола эълон қилди ва 2011 йилда Салжуқийлар университетида “Фазоил-и Балх” асари Марказий Осиё халқлари тарихига оид муҳим манба” мавзусида магистрлик диссертациясини ёқлади.

Ўқувчилар диққатига ҳавола этилаётган ушбу китоб “Фазоил-и Балх” асарининг 1- ва 2-фаслларининг таржимаси, илмий изоҳлар ва шарҳларни ўз ичига олган. Таржима «Фазоил-и Балх» асарининг танқидий матнини ўз ичига олган Абдулҳай Ҳабибий нашри (Теҳрон, 1350/1971) асосида амалга оширилди. Асар матнининг таржимаси Балх шаҳрининг тарихи ва унинг тарихий топографиясига оид маълумотлардан иборат.

Сўз боши, илмий изоҳлар ва шарҳларни Ш.Камолиддин, асар ва унинг муаллифи ҳақидаги маълумот ва форс тилидан таржимани И.Усмонов амалга оширган.

Маълумот учун, Балх шаҳрида яшаб ижод қилган Сафий ад-Дин Абу Бакр Абдуллоҳ ибн Умар ибн Муҳаммад ибн Довуд ал-Воъиз ал-Балхий ҳижрий 610 (милодий 1213-14 йй.) йилда араб тилида «Фазоил-и Балх» номли асарини ёзиб тугаллаган. Ушбу асарнинг араб тилидаги нусхаси бизгача етиб келмаган. Лекин ўша даврда асар ўзининг қимматли маълумотлари билан илм аҳлининг катта қизиқишига сабаб бўлган. Шу сабабли ушбу китоб ҳижрий 676 (милодий 1277-78 йй.) йилда Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн ал-Қосим ал-Ҳусайний ибн ал-Ҳусайний томонидан форс тилига таржима қилинган. Кейинчалик асарнинг форсча матн бир нечта хаттотлар томонидан тўлдирилган. Шу ҳолда 3 нусхада бизгача етиб келган.

Мазкур китоб 2021 йилнинг илк ойларида ўзбекистонлик ёш тадқиқотчилар томонидан Туркияда нашрдан чиқарилган иккинчи китоб бўлди.

Аввал хабар қилганимиздек, жорий йил февраль ойида Ўзбекистон Халқаро ислом академияси ва Анқара университи битирувчиси, фалсафа доктори (PhD) Абдулмалик Туйчибоев томонидан тайёрланган “Мухтасар Фавойид ар-Рустуфағний” асарининг илмий-танқидий нашри Истанбулдаги “Haşimî Yayınları” нашриётида чоп этилганди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Ҳиндистоннинг етакчи сайёҳлик нашрларидан бири «Travel Jingles» журнали томонидан Деҳли шаҳрида ташкил этилган «Travel in New Normal» номли семинарда республикамиз туризм салоҳияти хусусида сўз юритилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Мамлакатимиз элчихонаси маълумотига кўра, тадбирда Деҳли шаҳрида аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакиллари, Ҳиндистоннинг етакчи сайёҳлик компаниялари ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчиси Дилшод Ахатов тадбир қатнашчиларига мамлакатимизнинг туризм салоҳияти, пандемия даврида соҳани қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган чора-тадбирлар, хавфсиз туризмни таъминлаш доирасида йўлга қўйилган ишлар ва эришилган ютуқлар бўйича батафсил маълумот берди.

Жорий йил 5 март кунидан бошлаб «Тошкент-Деҳли-Тошкент» йўналишидаги авиақатновларнинг ҳафтасига икки маротаба ташкил этилаётгани алоҳида эътироф этилди ва бу мамлакатлар ўртасида сайёҳлар оқимининг ошишига хизмат қилиши таъкидланди.

Тадбир давомида Ўзбекистондаги туризм соҳаси йўналишлари, ҳудудлар кесимидаги туризм салоҳияти кенг ёритилган инглиз тилидаги брошюра ва журналлар иштирокчиларга тақдим этилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Тасаввуфий тарбия услубларидан бири зикрдир. Зикр қандайин бир услуб бўлади?..

Қуръондан бўлгани учун... Тасаввуфий тарбия моҳиятини чуқурроқ англатиш учун зикр услубларининг қаердан чиққани ҳақида тўхталаман.

Тасаввуфда муриднинг мақсадга етишиш учун амал қилиши шарт бўлган ишлардан бири ЗИКРдир. Қўлига тасбиҳ олади ва зикр қилади...

Нима учун? Аллоҳнинг каломи бўлган Қуръони Каримнинг икки юздан ортиқ ерида зикр сўзи келади. Саксондан ортиқ жойида зикр қилиш амр этилади. Эй, мўъмин биродарлар, Аллоҳнинг амрига амал қилмаймизми?.. Аллоҳ «зикр қилинг»,– дейди. Зикр қилишимиз керак. Аллоҳ амр этгани жиҳатдан ҳам ҳаммада зикр қилиш мажбурияти бор... «Намоз ўқинг» дегани учун намоз ўқиймиз. «Рўза тутинг», дегани учун рўза тутамиз. «Ҳажга боринг», дегани учун қанча машаққатлар чекиб, харажатлар қилиб, Ҳажга борамиз. « Зикр қилинг!» деган вақтида зикр қилишингиз керак. Аллоҳнинг Қуръони Каримда «Зикр қилинг!» дея амр этган бир  қанча оятларини келтираман:

 

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اذْكُرُوا اللَّهَ ذِكْرًا كَثِيرًا (سورة الاحزاب:41)

Ё айюҳаллазина оманузкуруллоҳа зикран касиран (Ал-аҳзоб,41)– «Эй мўъминлар, Аллоҳни кўп зикр қилинглар!» Аллоҳ буюраяптими, демак, уни бажаришингиздан ўзга илож йўқ.

 

وَاذْكُرِ اسْمَ رَبِّكَ بُكْرَةً وَأَصِيلًا (سورة الانسان: 25)

Вазкурисма раббука букратан ва асилан. ( «Ал-инсон»,25)– «Ва эртаю кеч Парвардигорингизнинг номини зикр қилинг!» Аллоҳ нега амр этади?.. Албатта Аллоҳдан «Нега?» деб сўраладими?! Аллоҳ қандай истаса,  шундай қилади. Аммо сабабини билмоқчи бўлсак, Аллоҳ нима учун, ажабо, буюради?:

 

فَاذْكُرُونِي أَذْكُرْكُمْ وَاشْكُرُواْ لِي وَلاَ تَكْفُرُونِ (سورة البقرة:152)

Фазкуруни азкурукум вашкуру ли вало такфурун / «Ал-бақара», 152/– «Бас, Мени эслангиз, мен ҳам сизларни эслайман ва Менга шукр қилингиз ва Мени инкор қилмангиз!»

Мен Аллоҳни эслайман, Аллоҳ ҳам мени эслайди. Амалнинг гўзаллигига қаранг, зикр айтишнинг нақадар улуғлигига қаранг! Зикр айтаайта қулнинг кўнглидан занглар,  кирлар арийди, йўқолади. Чунки:

 

...أَلاَ بِذِكْرِ اللّهِ تَطْمَئِنُّ الْقُلُوبُ (سورة الرعد:28)

Ало бизикриллоҳи татмаиннул қулуб /«Ар-раъд», 28/– «Улар иймон келтирган қалблари Аллоҳни зикр қилиш-эслаш билан ором оладиган зотлардир». Огоҳ бўлингким, Аллоҳнинг зикри билан қалблар ором топади! Чунки зикр қалбдан ёмон туйғуларни ситиб чиқаради, аста-секин поклайди. Инсоннинг қалби тип-тиниқ, порлоқ, мусаффо бир ойнага айланади. Бу пайтда инсон Аллоҳнинг муҳаббатига пешвоз боради... Аллоҳ севган бир бандага айланади... Аллоҳ севгиси унинг ботинида намоён бўлади...

Инсонда Аллоҳга нисбатан муҳаббат уйғонганида Аллоҳнинг ҳам инсонларнинг севиши,  Аллоҳга нисбатан инсоннинг шу туйғулари билан алоқадор бўлганлигидан зикр қилинади.

Аллоҳ мени севадими, севмайдими, дея қизиққанингда бунинг ўлчови нима?.. Сен қалбингдан Аллоҳга нақадар боғлиқсан, Аллоҳга бўлган ишқинг қай даражада– ўлчов мана шу... Яъни, сенинг Аллоҳга бўлган муҳаббатинг Аллоҳнинг сенга бўлган муҳаббатидир. Бу инсоннинг ботинидаги туйғуларга боғлиқ...

Ана шу туйғулар майдонга келсин. Қалб нурлансин, дея зикр амр этилади. Тариқатнинг, тасаввуфнинг бошқа ишларига амал қилинади... Алал оқибат киши ўз нафсини енгган бир инсон ҳолига келади. Нафсига ҳоким бўлган, нафсини йўлга солган, нафснинг қутқуларини эшитмайдиган ҳолга келади.

Ана шу пайтда Аллоҳга ҳақиқий итоат бўлади. Исён бўлмайди. Аллоҳ ҳидоят қилади, жаннатининг калитини беради. Киши Аллоҳнинг севгили бандаси бўлади, жаннатига киради. Ишнинг асл илдизи мана шу...

 

"Ислом ва ахлоқ" китобидан олинди

Ватанимиз тарихидаги 15 март санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.

1370 йил (бундан 651 йил олдин) – академик Бўрибой Аҳмедовнинг қайд этишича, Амир Темур шу куни рақиби Амир Ҳусайнга қарши Балх устига юриш бошлади. Орадан бир неча кун ўтгандан сўнг Термизга яқинлашганларида, ундан уч фарсах (18–21 километр) берида жойлашган Биё қишлоғида Андхуд саййидзодаларидан саййид Барака ҳазрат соҳибқиронга пешвоз чиқди. У Амир Темурга катта ноғора (табл) ва байроқ тутқизди. Байроқ билан ноғора, мусулмонлар одатига кўра, тож-тахт рамзи бўлиб, уни олиш тез орада унинг тож-тахт ва салтанат эгаси бўлишига ишора эди.

Тарихчи Ҳофизи Абрў берган маълумотга кўра, аввал Саййид Барака Амир Ҳусайн олдига бориб, икки муқаддас шаҳар бўлмиш Маккайи мукаррама ва Мадинаи мунавваранинг вақфи учун маблағ ажратишни сўраган. Амир Ҳусайн вақф маблағинииг кўплигини эшитиб, унинг илтимосини рад этган ва унга саййидларга муносиб илтифот кўрсатмаган. Саййид Барака унинг бу ҳаракатидан ранжиб, кетишга ижозат беришини талаб қилган ва бориб Амир Соҳибқиронга қўшилган.

Унинг ҳузурига етгач, Аллоҳ таолодан илтижо қилиб, Амир Соҳибқиронга мадад беришини сўраган. Амир Темур унинг дами ва қадамини қутли билиб, унга икки муқаддас шаҳар (ҳарамайн) вақфи учун маблағ ажратишларини тайинлаган. Саййид Баракага олам аҳлига овоза бўлгудек иззат-икромлар кўрсатган.

1917 йил (бундан 104 йил олдин) – Наманганда таниқли татар матбуотчиси Хусайн Макаев томонидан ўзбек тилида “Фарғона саҳифаси” газетаси нашр этила бошланди. Газетанинг 19 та сони чоп этилган, холос.

1996 йил (бундан 25 йил олдин) – Парижда “Амир Темур ва темурийлар тўғрисида илмий асарлар библиографияси” китоби чоп этилди.

1999 йил (бундан 22 йил олдин) – Ибн Сино халқаро жамғармаси рўйхатдан ўтказилди.

 

Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ
тайёрлади

Видеолавҳалар

Top