muslim.uz
Қозоғистон муфтийси: "Дин уруш билан тарқатилмайди»
Олий муфтий Науризбай ҳожи Тағанули маънавий уйғунлик куни муносабати билан "Жусан" операцияси доирасида мамлакатга қайтган Ўтиров аҳолиси билан учрашди.
Учрашув чоғида Олий муфтий Науризбай ҳожи Тағанули уйга соғ-саломат ва омонликда қайтиш Аллоҳнинг буюк раҳмати ва давлатнинг ғамхўрлиги эканини таъкидлади.
"Қозоқлар - етим ва бева-бечораларни ҳеч балога қолдирмаган халқ. "Жусан" (шувоқ) номининг ўзи кўп нарсани билдиради. Бир пайтлар Ислом давлатини бошқарган аждодимиз Султон Байбарс ҳам шувоқнинг исини соғинган. Шувоқ-она юрт, Ватанимиз рамзи. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам агар душманлари уни ҳайдаб юбормаганларида Маккани тарк етмас эдилар. Афсуски, кўп биродарларимиз ва опа-сингилларимиз жанг майдонига бориб ўлдилар. Болалар яраланди. Аслида дин уруш билан тарқатилмайди. Дин даъватда яшнайди", - дейди Олий муфтий.
Kazislam.kz маълумотларига кўра,, ўз навбатида, "Жусан-2" операцияси туфайли мамлакатга Суриядан қайтганлар мамлакат раҳбариятига, янги ҳаёт ва янги имкониятлар берган ушбу тадбир ташкилотчиларига миннатдорчилик билдирдилар.
"Қозоғистонга қайтганимиз учун Худога шукр қиламиз. Аввал бизда мамлакатимизга бошқа қараш бор эди. Эди Ватанга ҳурматимиз ошди. Аллоҳ сиздан рози бўлсин, - деди Перизат Жаксилик қизи.
Таъкидлаш керакки, "Жусан" операцияси доирасида 21 нафар аёл ва 75 нафар бола Ўтиров вилоятига қайтди. Учрашув Ўтиров вилоятидаги Имангали масжидида бўлиб ўтди. Учрашув якунида олий муфтий Науризбай ҳожи Тағанули "Жусан" операцияси бўйича қайтганларга озиқ-овқат пакетларини ва китобларни топширди, хабар қилади Azan.kz.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Инсониятнинг энг шарафлиси ва улуғи
Он ҳазрат соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам инсониятнинг энг шарафлиси, саййиди ва улуғи эканликларини таъкидлайдилар.
انا سيد ولد آدم القيمة و لا فحر (داموز الاحاديث: 2/102)
Ана саййиди валади одама явмал қиямаҳ вала фахра – Мен бани Одам, бани башарнинг саййиди, пешвоси, улуғиман, лекин бу билан ифтихор қилмайман. Бу Аллоҳнинг амри!..
Илк Пайғамбар – Одам алайҳиссаломдан то менгача келган сулоланинг ҳаммаси асл оилалардан, бирорта ҳам зино фарзанд туғилмаган; (вала фахро) лекин бу Аллоҳнинг инояти, бундан фахрланиш йўқ!
Охиратда менга шу-шу нарсалар берилади; Бундан ҳам фахрланиш йўқ... – дея марҳамат қилганлар. Зеро, инсонда баъзи нарсалар учун мақтаниш, фахрланиш ҳисси бўлади. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу нарсадан йироқ, жуда камтарин инсон бўлганлар. Камтарона ҳаётда яшаганлар. Буларга ҳам мисоллар келтираман:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жуда оддий кийимлар, юнг матодан либослар киярдилар... Оёқ кийимларини ўзлари ямар эдилар. Туя, от турган жойда эшакка ҳам миниб кетаверардилар.
Орқаларига бирор кишини мингаштириб ҳам олардилар. Абдуллоҳ ибни Аббос каби кишиларни мингаштириб юрганларини ривоятлардан биламиз. Қўй соғардилар. Хизматкор қуллар билан бирга ўтириб овқатланар, уларга яхши қараб, яхши муносабатда бўлардилар. Қуллар билан бирга овқат ейиш, уларни озод қилиш хусусида улуғ тавсиялари бор...
Бой, камбағал ҳаммага бир хил муомалада бўлар, ҳаммаси билан қўл бериб саломлашар эдилар. Одамларга биринчи бўлиб салом берардилар. Бирор ерга чақирилсалар, албатта у ерга борардилар. Ҳатто бу хусусда ўзлари шундай деганлар:
«Бир туя почасига чақирилсам ҳам, бораман». Биламизки, у пайтда туя почасига ҳамманинг ҳам қурби етган ва оддий, тайёрланиши осон, тез пишадиган овқат бўлган. Шу овқатга ҳам чақирсалар рад этмасдан борар эканлар.
Бир маротаба меҳмонга чақирилганларида олдиларига сирка билан нон қўйилди. Шунда нонни сиркага ботириб (қўшиб) ейдилар ва «сирка қандай ажойиб озиқ»,– деб мақтайдилар. Ҳеч қайси овқатни «ёқтирмайман» демасдилар ва мақтаб, ёқтириб ердилар.
Қаҳқаҳа уриб, қаттиқ овозда кулмаганлар, фақат табассум билан кулардилар. Бизнинг Бомдоддан кейин ўқийдиган аврод (дуолар, зикрлар, вирдлар) китобимизда ёзилган:
Мин маъдина мантиқин ва муктасабин. Яъни:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, гўзал (хуш) суҳбат ва табассум соҳиби (маъдани) эдилар», – дейилган. Чеҳраларидан табассум балқиб турадиган, кўнгли очиқ ва сахий инсон бўлганлар. Сахийликлари шу даражада эдики, таърифига сўз ожиз... Ўзларига келган совға, ҳадя ва бошқа нарсаларнинг ҳаммасини келиши билан кечгача тарқатиб юборардилар.
Агар кечқурун келса, эрталабгача қолдирмай, тарқатиб юборардилар.
Вафотлари яқинлашганда, уйларида уч дирҳам борлиги эсларига тушиб, дарров ўша уч дирҳамни садақа қилиб юборишни буюрдилар. «Пайғамбарлар мерос қолдирмайди», – дер эдилар. Яъни мол-дунё тўплашни, бойлик асрашни ёки кўпайтиришни хоҳламаганлар, ёқтирмаганлар ва ўзлари бу ишга қўл урмаганлар.
Бир куни хизматкорлари бир кун олдинги овқатни олиб келганида: «Нега бу овқатни кеча фақирларга улашмасдан, бир кун асрадинглар, олиб ўтирдинглар? Аллоҳ ҳар кун янги ризқ беради-ку?», – деганлар. Ҳатто овқатни сақлаб қўйишни, жамғариб қўйишни ҳам хуш кўрмаганлар, маъқул демаганлар.
Бирор нарсадан хафа бўлган вақтларида қовоқ солмасдилар. Кўп гапирмасдан фикр юритардилар, ўйга толардилар.
Бир маротаба бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нинг ёнларида ўтлаб юрган қўйларни кўриб, ҳавас билан:
– Бунча чиройли сурув экан, ё, Расулуллоҳ! – дейди.
– Жуда ёқтирдингми? – дея сўрадилар.
– Жудаям ёқтирдим, жуда чиройли қўйлар экан! – деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
– Ол, ундай бўлса, сенга бердим! – дейдилар.
– Ҳаммасиними, ё Расулуллоҳ?!
– Ҳа, ҳаммаси сенга! – деб жавоб бердилар. Ва у киши сурувни ҳайдаб, қалби севинчга тўлиб, қабиласига қайтди. Йўлда кўрганлар:
– Ё тавба, сен бу сурувни бирон ердан ўғирладингми?.. Эрталаб ҳеч нарсанг йўқ ҳолда чиқиб кетган эдинг, кечқурун шунча қўй билан қайтаяпсан. Нима гап ўзи? – дейишади.
Шунда у одам:
– Буни менга Ҳазрат Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадя қилдилар, таваккулчи, фақирликдан қўрқмайдиган олижаноб бир ҳиммат билан совға қилдилар, – деб жавоб берди.
Эртанги кун учун бирор нарса сақламасдилар. Баъзан бир неча кунлар уйларида қозон қайнамасди.
– Ё Расулуллоҳ! Фақат хурмо еявериб, ичимиз куйди. Ҳар доим мева еймиз, еганимиз қуруқ хурмо... – дейишади фақирлар.
– Мен ҳам сиздек, икки ойдир фақат мева ейман. Уйда ейишга бошқа нарса йўқ, – деб жавоб бердилар.
Бир киши очликдан қорнига тош боғлаб олади. Иссиқ тошни қорнига боғлаганда, озгина (ошқозонидан) очликнинг таъсири йўқолади, шекилли... Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга қорнидаги тошни кўрсатиб, шикоят қилганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам муборак қоринларини очиб, боғлаб қўйган тошларини кўрсатдилар. Яъни яшаш тарзлари жиҳатидан инсонларнинг ҳаётларидан фарқ қилмас экан... Бу нарса бой ёки камбағал бўлганликларидан эмас, балки дунёга, бойликка аҳамият бермаганликларидан. Агар у киши Аллоҳу Таолодан мол-дунё истаганларида беҳисоб берар эди.
Зеро, Аллоҳу Таоло Жаброил алайҳиссалом орқали расулига: “Агар расулим бойликни хоҳласа, Макка атрофидаги тоғларни олтинга айлантириб бераман”, – деб билдирганида, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эса, бу таклифни қабул қилмаганлар. Фоний дунёдан кўра боқий охиратни, умматлар ғамини афзал кўрганлар.
Бир марта бир киши Пайғамбаримизга юмшоқ тўшак ҳадя қилганда, ўша кеча қаттиқ уйқуга кетиб, таҳажжуд намозига туролмайдилар. Бошқа бу тўшакка ётмайман, кеча мени таҳажжуд намозидан қолдирди, – деб эгасига мулойимлик билан тушунтириб, ташаккур айтиб, қайтариб берадилар. Роҳат-фароғат эмас, камтарона ҳаёт кечиришни ёқтирардилар.
Тул, бева аёлларга, етимларга нисбатан жуда сахий, марҳаматли эдилар. Ўз нафслари учун жаҳли чиқмас, кечиримли ва ўч олмас эдилар, лекин Аллоҳнинг буйруғи бажарилмаганидан қаттиқ ғазабланардилар. Макка фатҳ қилинганида, интиқом олиш мумкин бўлганда ҳам ҳаммасини кечирган эдилар. Ислом қўшинидаги баъзи саркардалар: “Агар душман устидан ғолиб келиб, қўлга туширсак, қийма-қийма қилиб ташлаймиз!”, – дейишганди. Фахри олам соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай ғазабга минганларни ёмон ҳаракатлар содир қилишмасин, деб қўмондонликдан олиб, қўшин ортидаги хизматларга жўнатганлар.
Макка фатҳ бўлгач, қаршиларида дир-дир титраган кишиларни ўлдирмадилар, кечирдилар, авф этдилар. Уларга исломни таълим бериб, тўғри йўл кўрсатдилар. Доимий ҳаётий фаолиятлари ана шундай шафқат, марҳамат ва маърифий асосда эди...
"Ислом ва ахлоқ" китобидан олинди
МУБАЙЯН ВА НАСРИЙ БАЁНИ: ИЙМОН-ЭЪТИҚОД КИТОБИ (Саккизинчи мавзу)
НАЗМ
Олти муъман биҳнинг зикри
Олтидур муъманун биҳ, эй мўъмин,
Айтайин барчасин, эшит мендин.
Аввал иймон Худоға келтургил,
ширк черигин замирдин сургил.
Доғи билким, малак эрур мавжуд,
Борчаси абд-у, Тенгридур маъбуд.
Бор учунчи Китоби иқрори,
Тенгри тавфиқ берса, дей бори.
Яна бил анбиёсини барҳақ,
Рўзи охирни доғи бил мундоқ.
Яна билгил Худодин, эй ҳамдам,
Яхшилиқ бўлса, гар ямонлиқ ҳам.
Ушбуларким, борин деди Бобур,
Билгасенким, муфассали иймондур.
Бу муфассалки, мен дедим ҳолий,
Лек филжумла бордур ижмоли,
шарҳи бирла барин баён қилайин,
Билмаган бўлсангиз, аён қилайин.
НАСРИЙ БАЁН
* * *
Иймон келтириш шарт бўлган олти нарсанинг баёни (Иймоннинг олти шарти)
Эй мўъмин! (Эй Аллоҳга ва Унинг Расулига ишонган киши!) Ишониш – иймон келтириш шарт бўлган нарса олтитадир. Мен барчасини айтайин, сен эшит (уқиб ол).
Аввал Аллоҳга иймон келтиргин ва ширк лашкарини (Аллоҳга бирор нарсани шерик қилиш фикрларини) замирингдан сидириб ташлагин.
Иккинчи, билгинки, фаришталар бордир (ва бу ҳақиқатдир), ҳаммаси бандадир, Аллоҳ эса маъбуд – ягона ибодат қилинадиган Зотдир.
Учинчи, илоҳий Китобларни иқрор қилмоқ, яъни уларга ишонмоқ шартдир, Аллоҳ ёрдам берса, барчасини батафсил айтайин.
Тўртинчи, Аллоҳнинг пайғамбарларини барҳақ деб (ҳеч бирининг орасини ажратмасдан) иймон келтир, яна (бешинчи) охират кунини ҳам шундай ҳақ деб ишон.
(Олтинчи), эй ҳамдамим, дўстим, яна, ҳар қандай яхшилик ва ёмонлик бўлса, Аллоҳдан деб билгин ва ишонгин. Бобур айтган бу нарсалар (иймони муфассал) иймоннинг муфассали – тафсили, кенг баёнидир.
Лекин мен ҳозир айтган бу муфассалнинг – кенг тафсилнинг, умуман, ижмоли – қисқа ифодаси бордир.
Мен барчасини шарҳи билан баён қилайин ва билмаган бўлсангиз, аён қилайин, равшан билдирайин.
ИЛОВА. Энг қисқа ифодаси – иймоннинг шартлари олтитадир: Аллоҳга, фаришталарига, китобларига, Пайғамбарларига, охират кунига, қазо ва қадарга – яхшилик ва ёмонлик Аллоҳдан эканлигига ишонмоқдир («Ал-фиқҳул акбар»).
Насрий баён ва шарҳ муаллифи:
Мирзо КЕНЖАБЕК
Ғафлатда қолманг! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллуд топган муборак ой кириб келди
“... Ҳақиқатан, сизларга ўзларингиздан (чиққан), қийинчиликларингиздан алам чекадиган, сизлар билан (ҳидоят топишингиз билан) қизиқувчи, мўминларга мушфиқ ва раҳмдил Расул келди” (Тавба сураси, 128-оят) деб марҳамат қилган ҳамда Ўзининг ҳидоятига бошлаган, уммати Муҳаммад қилган Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар бўлсин!
“Аввалги пайғамбарлар ўз қавмларигагина юборилар эдилар. Мен эса ҳаммага баробар пайғамбар қилиб юборилганман”, деган ҳабибимиз ва шафоатчимиз Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга батамом салавоту саломлар бўлсин!
Севикли Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафао соллаллоҳу алайҳи васаллам Фил йилида Робиъул аввал ойининг ўн иккинчиси (баъзи манбаларда 8, 9 ёки 10-кунлари), душанба куни (милодий 571 йил, апрель ойида) дунёга келдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам душанба куни рўза тутиб: “Бу мен туғилган кун”, деб айтардилар (Имом Муслим ривояти).
Робиъул аввал ойи қандай ой? Ҳижрий-қамарий тақвим бўйича йилнинг (Муҳаррам ва сафар ойларидан кейинги) учинчи ойи. Бу ой Ислом уммати учун энг севимли ойлардан бири саналади. Чунки бу ойда Аллоҳнинг сўнгги пайғамбари ва ҳабиби, Сарвари коинот Муҳаммад алайҳиссалом таваллуд топганлар. Шу боис бу ой “Мавлуд ойи” деб ҳам номланади.
Мавлуд нима дегани? Мавлуд луғатда “туғилиш” деган маънони англатади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллуд топган ой Рабиъул аввал ойи муносабати ўтказиладиган маросим ва тадбирлар “Мавлуди Набий” дейилади.
Мавлуд ойи Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни янада қаттиқроқ севишга интилиш, сийратларини ўрганиш, у зотга ҳар бир ишда эргашиш, янада кўпроқ салавоту дурудлар йўллаш ойидир.
Бу ойни қандай ўтказиш керак? Бу ойни Пайғамбар алайҳиссаломни янада кучлироқ севишга интилиш, сийратларини ўрганиш, у зотга ҳар бир ишда эргашиш, кўпроқ салавоту дурудлар йўллаш билан ўтказиш лозим.
Салавот нима дегани? “Салавот” сўзи араб тилидаги “салот” сўзининг жами бўлиб, “дуо” деган маънони англатади.
Салавот қандай айтилади? Саҳобалар розияллоҳу анҳум Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан “Ё Расулуллоҳ сизга салавот айтиш қандай бўлади?” деб сўраганларида У зот алайҳиссалом: “Аллоҳумма солли ала Муҳаммадин ва аъла оли Муҳаммадин, кама соллайта аъла Иброҳийма ва аъла оли Иброҳийм. Иннака ҳамийдуммажийд. Аллоҳумма барик аъла Муҳаммадин ва аъла оли Муҳаммадин, кама барокта аъла Иброҳийма ва аъла оли Иброҳийм. Иннака ҳамийдум мажийд”, деб айтинглар, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Салавот айтишнинг қандай фазилатлари бор?
Салавот айтиш бахилликдан узоқ қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳузурида зикр қилинсам, менга салавот йўлламаган киши бахилдир”, дедилар (Имом Термизий, Имом Аҳмад ривояти).
* * *
Салавот айтиш дуо қабул бўлишининг омилидир. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир дуо Пайғамбарга салавот айтилмагунча, осмон ўртасидаги парда туфайли ерда тўхтаб туради, салавот айтилса, ўша парда кўтарилади”,дедилар.
* * *
Салавот айтиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларига ноил этади. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Менга жума кунида ва жума кечасида кўп салавот айтинглар, бас ким шундай қилса, мен унга қиёмат куни гувоҳ ва шафоатчи бўламан”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
* * *
Салавот айтиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яқин қилади.Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат куни менга энг яқин кишилар, албатта, менга кўп салавот айтганлардир”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
* * *
Аллоҳ таоло салавот айтувчиларнинг гуноҳини мағфират этади, даражасини кўтаради. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким менга бир марта салавот айтса, Аллоҳ унга ўн марта салавот айтади. Унинг ўнта гуноҳи ўчирилади. Ўн даража юксалтирилади”, дедилар (Имом Насоий ривояти).
* * *
Салавот айтувчиларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эшитадилар. Абдуллоҳ ибн Абу Вафо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жума куни менга салавотни кўпайтиринглар. Албатта, менга етказилади ва мен эшитаман”,дедилар (Имом Ибн Можа ривояти).
* * *
- Салавот айтинг! Ҳар дуонинг аввали ва охирида.
- Салавот айтинг! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмларини айтганда ва эшитганда.
- Салавот айтинг! Таҳорат олгандан сўнг.
- Салавот айтинг! Жаноза намозининг иккинчи такбиридан кейин.
- Салавот айтинг! Масжидга кираётганда ва чиқаётганда.
- Салавот айтинг! Бошга мушкул тушганда ва хурсандчиликда
- Салавот айтинг! Ҳар намоздан сўнг.
- Салавот айтинг! Уйқудан турганда ва уйқуга ётишдан олдин.
- Салавот айтинг! Қуръони каримни хатм қилгандан кейин.
- Салавот айтинг! Тонг отганда ва қуёш ботганда.
- Салавот айтинг! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни соғинганингизда... Демак, ҳар кун, ҳар сония, ҳар нафасда салавот айтинг!
АЛЛОҲУММА СОЛЛИ ВА САЛЛИМ ЪАЛА МУҲАММАДИН ВА ЪАЛА ОЛИ МУҲАММАД
Даврон НУРМУҲАММАД
Теҳрон ҳалол озиқ-овқат стандартини ишлаб чиқиш учун 120 та таклиф киритди
Эрон миллий стандартлар ташкилоти раҳбари Нире Пирузбахт глобал ва халқаро даражадаги ҳалол озиқ-овқат стандартини ишлаб чиқиш учун 120 дан ортиқ таклиф киритилганини маълум қилди, дея хабар бермоқда "Trend" IRNA га таянган ҳолда.
"Бугунги кунда кўплаб мамлакатларда, жумладан, Россия ва Ўзбекистонда мамлакатимиздаги иқтисодий фаоллар ва ишлаб чиқарувчилардан ҳалол сертификатлар талаб этилади", - дейди у.
"Ўз вазифаларини бажариш учун Эроннинг стандартлаштириш миллий ташкилоти ҳалол стандартларни ишлаб чиқиш ва миллий даражада, айниқса, 2000-йиллар охиридан бошлаб ИҲТга аъзо мамлакатлар даражасида мувофиқлик тузилмаларини тузишда фаол иштирок этмоқда", - дея қўшимча қилди у.
Ислом ҳамкорлик ташкилоти - халқаро Ислом мамлакатлари ташкилоти (2011 йилгача Ислом конференцияси ташкилоти (ИҲТ) деб аталган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати